КЎПРИК

К.Н. Тўлаганов

Козим Носирович Тўлаганов Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Тошкент шаҳар ҳокими, Тошкент вилоят ҳокими лавозимларида ишлаган. Ҳозирда Ўзбекистон Қурилиш вазири ўринбосари.

Шаҳарнинг Қўйлиқ даҳаси томонига йўлим тушганида Шимолий темир йўл вокзали билан Қўйлиқни туташтирувчи автомобиль кўпригининг очилиш маросимини эслайман.
Воҳид Охунович Козимов: «Бу кўприкнинг қурилишда, Москвадан рухсат олишга, режалаштиришга бир ярим йил, уни молиялаштириб қурилишига яна бир ярим йил, жами уч йил умрим кетган эди», – дегандилар. Маълум сабабларга кўра бу кўприк бузилганида мен қурувчи сифатида кўпчиликнинг кўнглидан нималар ўтганини ёлғиз ўзим биламан. Устознику, қўяверинг…
Ниҳоят, бу кўприк Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари билан янада салобатли тарзда қайта тикланганида хурсанд бўлиб, устозимнинг руҳи олдида айбимизни ювгандек бўлдик. Бу кўприк одамларни бир бирига боғловчи, ҳамиша юрт машақатини, аҳоли оғирини енгил, узоғини яқин қилишга интилган заҳматкаш, оқил раҳбар, фидойи инсон умр кўпригининг тикланишидир. Бу кўприк Мустақиллигимиз пойдеворини қуришга ҳисса қўшган одамнинг келажакка ишонч кўпригидир, унинг ҳаёт
кўпригидир.


Тошкент шаҳар ҳокими К.Н. Тўлаганов В.О. Козимовни 70 ёш билан
қутламоқда. Тошкент, 1997 йил.

Устозимнинг самимий кулиб турган сиймоси мен каби шогирдлар қалбида барҳаёт. Эзгу ишлари билан улар ўзларига қалбимизда чинакам ҳайкал ўрнатиб кетдилар.
Шароф Рашидович Рашидов ташаб­буслари билан қурилган, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан тикланган «Халқлар Дўстлиги» майдонидаги уруш йиллари 14 нафар етимни боқиб олган темирчи Шомаҳмудовлар оиласи шарафига ўрнатилган ҳайкалнинг пойига ҳозирда тўшалаётган гуллардан пояндоз, уни қурдирган, Ватан ишқида, миллат дарди билан ёниб яшаган устозларимизга ҳам тўшалмоқда, анвойи гуллар ифори уларнинг руҳларини ҳам шод қилмоқда, яйратмоқда.
Яхши инсонлар қадрланса, улар руҳи шод этилса шу юртдан барака, шодлик ҳамиша аримайди. Оқсоқолларимизнинг қўл очиб қилган дуолари, албатта, ижобат бўлади: юртимиз обод, халқимизнинг келажаги порлоқ бўлади. Мустақиллигимиз тамал тошини қўйган раҳбар устозларимизнинг охиратлари обод бўлсин!

Жавоб қолдиринг