ҲАЛОЛЛИК ТИМСОЛИ

С.А. ХЎЖАЕВА

Санобар Аҳраловна ХЎЖАЕВА Ўзбекистон Республикаси Социал таминот вазири, Тошкент шаҳар Фрунзе тумани (ҳозирда Яккасарой тумани) партия қўмитасини биринчи котиби, Сергели тумани ижроия қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган.
Санобар Аҳраловна Хўжаева Республика социал таминоти вазири, Тошкент шаҳар Фрунзе тумани (ҳозирда Яккасарой тумани) партия қўмитасини биринчи котиби, Сирғали тумани ижроия қўмитаси раиси лавозимларида ишлаган.

Мен у вақтларда Тошкент шаҳар Фрунзе (ҳозирги Яккасарой) тумани партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлардим. Кунлардан бир куни, Воҳид Охунович менга қўнғироқ килиб, туман ижроия қўмитаси раиси Б.И. Бекмирзаев билан пойафзал фабрикаси яқинида, аниқроғи, пединститут биносининг ёнида кутиб туришимни сўрадилар. Нима гап экан, деб безовта бўлдик.
Пойафзал фабрикасига етиб келганда ўз автомашиналарини жўнатиб юбордилар. Фабрикадан аэропортгача пиёда юриб бордик. Бизга танбеҳлар бермадилар. Ўзимиз камчиликларимизни кўзимиз билан кўрган эдик. Атрофда қурилиш ва маиший чиқиндилар, қуриган дарахтлар, тозаланмаган ариқлар, чиқинди ташланадиган идишлар йўқлиги, ўрилмаган ўтлоқлар, пиёдалар йўлаклари бузилиб кетганлиги ишимиздаги камчиликлардан нишона эди. Аэропортга етиб келганимизда: «Пиёда юришимизнинг фойдали бўлганидан умид қиламан»,– дедилар холос. Ҳайрлашув чоғи бизни бундай сайримиз яна кайтарилиши ҳақида огоҳ килиб, аэропорт биноси олдида кутиб турган ўз хизмат автомашиналарига ўтириб кетиб юбордилар. Бу биз учун катта сабоқ бўлди.
Воҳид Охунович Козимов сингари раҳбар билан бирга ишлаш насиб этганидан ғоят бахтлиман. Ҳаётини ўз халқига, Ватанига хизмат қилишга бағишлаган, обрўли, улуғ инсон, катта шахс эдилар. Ҳаёти ва иш фаолияти тарихи буни ҳануз тасдиқлаб туради. Ибратли фазилатларни мужассам эта олган, фавқулодда камтарлик, меҳнатсеварлик ва катъият Воҳид Охуновичнинг ажралиб турувчи фазилатларидан бири эди. Энг аввало, у кишининг зиёлилиги, ўта маданиятлилигини таъкидламай илож йўқ.
Воҳид Охунович ҳеч қачон қуюшқондан чиқиб кетмас, қўл остида ишлаётганларга овозини баландлатмас, кишининг қадр-қимматини камситадиган қўпол сўзларни асло ишлатмасдилар. Танбеҳлар кўнгилга ботмайдиган шаклда, хушмуомилалик, мулойимлик билан айтиларди. Бирор камчиликка йўл қўйган ходимга ўз хатосини тузатишга имкон берардилар, тегишли масалани ўз шахсий назоратларига олардилар. Такрорий текширув бўлишини билганимиз боис тезроқ вазиятни ўнглашга тиришардик, шу туфайли қайта танбеҳ эшитмасликка уринардик. Улар яхши раҳбаргина эмас, ажойиб устоз ва мураб­бий ҳам эдилар.
У кишининг раҳнамолигида кўплаб таж­рибали раҳбарлар етишиб чиқди. Зеро Воҳид ака биз учун ибрат олса бўладиган олижаноб инсон эдилар. Барчамиз у кишига ўхшашга интилардик.
Кейинчалик раҳбарлик фаолиятимда у кишининг иш услубларини қўллаб, талай муваффақиятларга эришдим. Воҳид ака менга қандай устозлик қилганини қуйидаги икки мисолда баён қиламан.
КПСС МҚ қошидаги Ижтимоий фанлар академиясини тугатганимдан сўнг, мени Тошкент шаҳри Сергели туман ижроия қўмитаси раислигига та­йинлашди. Академиягача мен партия ташкилотларида ишлаб келгандим. Бу ерда хўжалик ишлари билан машғул бўлмоғим лозим эди.
Каловланиб ўтиришимга йўл қўймай, Воҳид Охунович менинг тезда туман ишларига киришиб кетишимга кўмаклашдилар. Иш бошлаганимга икки ой бўлгач, шаҳар ижроқўми мажлисида мендан қуйидаги саволларга жавоб беришимни сўрадилар:
«Сизлар хизмат қилаётган туман марказий кўчасидаги нечта симёғочда чироқ ёнмаяпти? Сергели-1 массивининг кўп қаватли уйларидаги қанча подъездларда электр ёритгич етарли даражада мавжуд эмас? Неч­та уйнинг ертўласи ҳолатини кўздан кечиргансиз? Қаерларга қанча манзарали кўчат ва гуллар экдингиз?».
Албатта, мен бу саволларга ўшанда жавоб беролмадим. Бу мен учун биринчи синов ва дарс бўлган эди.
Иккинчи воқеа: Ҳар чоракда икки марта Воҳид Охунович барча туманлар ижроқўмлари раислари билан туманларни айланиб чиқар, камчиликларимизни кўрсатардилар. Бизнинг туманга ташрифлари чоғида мендан ишчилар учун қанча ташкилотларда ярим тайёр маҳсулотлар дўкони очилгани, нечта уйда, уй тартиб рақами ва кўчалар номи ёзилган лавҳалар йўқлиги каби саволларни сўраб қолдилар. Бизнинг вазифамиз фақат улар берган саволлар бўйича билдирилган танбеҳларни бартараф этиш лозим эканлигини англатмас эди. Аксинча улар бизга шундай фикрни сингдирардиларки, район ҳаётига таълуқли, биз учун, майда масала бўлиб кўринганларини ҳам синчковлик билан ўрганиб, ҳал этилиши зарурлигини таъкидлардилар.
Бу менга иккинчи сабоқ бўлган эди. Бундай оқилона ва дўстона ҳайриҳоҳ муносабат менга туман ҳаёти ишларини тезроқ тушунишим ва уларни ҳал этишга тезроқ киришишимга ёрдам берди. Мен туман ижроқўми раиси ишида кичик масалаларнинг ўзи йўқлигини аглаб етдим.
Тошкент шаҳрининг 2000 йиллиги шарафига бир гуруҳ меҳнаткашлар Францияга саёҳатга юбориладиган бўлди. Қанчалик банд бўлмасин, Воҳид Охунович мени гуруҳ раҳбари сифатида суҳбатга таклиф килдилар. Мен ҳорижга чиқадиган делегацияга биринчи бор раҳбар бўлаётганим учун улар ўзларининг тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Сафарда нималарга алоҳида эътибор беришимни уқтирдилар. У пайт­ларда чет элга чиқадиганлар учун қатъий қоидалар мавжуд эди. Бу ҳам мен учун бир тарбия мактаби бўлиб қолди.
Воҳид аканинг тўғри сўз, ҳалол одам бўлганини таъкидламасдан ўтолмайман. У киши ўз ишига чин юракдан, масъулият билан ёндошадиган, вазифаларни уддалай оладиган кишиларни қўллаб-қуватлардилар. Уларда кибрни сезмаганмиз, шаҳар аҳлига ҳам, шаҳарда яшовчи оддий одамларга ҳам, ўз қўл остида ишлаётган ходимларига ҳам мудом очиқ ва ҳайриҳоҳ бўлар эдилар. Барчага бир кўз билан қараб, ҳамманинг ҳурматини жойига қўярдилар. Иш жараёнида ҳам, хизматдан ташқари пайтда ҳам, улар бетакаллуф муносабат, улфатчилик, маишатга асло йўл қўймасдилар ва бу ишларга қарши бўлганлар. Қўл остидагилардан шуни қатъий бажарилишини талаб қилардилар. Ҳатто ўзларининг туғилган кунларида, байрамларда ҳам гул ёки бир қути конфет совға қилинишига йўл қўймасдилар. Бу мутлақо таъқиқланган эди. Мендан агар, у киши бойлик тўплашга берилганмиди, ўз мавқеидан фойдаланганмиди, деб сўрасалар, виждонимни ўртага қўйиб, бу ишлар бўлмаган, дея баралла айта оламан. Зеро, у киши мен учун ҳалолликнинг ҳақиқий беназир тимсоли эдилар.
Воҳид Охунович бирор оила аъзолари ёки танишининг масъул лавозимларга кўтаришга ҳаракат қилганларини билмайман. Масалан, у кишининг рафиқалари Кимёхон нафақага чиққунларича темирйўлчилар касалхонасида ишлаб келдилар. Ўша кезлар Респуб­ликамизни таниш-билишчиликка йўл қўйи­лади, деб танқид ҳам қилишган эди. Бу каби туҳмат гапларни Воҳид Охунович ўзининг фаолияти, ибрати билан инкор қила олади.
Воҳид Охунович раҳбарлигининг ижобий жиҳатларидан бири, бу ҳам юқори раҳбарият, ҳам қўл остидагилар билан бирдек самарали ишлай олиш маҳоратидир. Азим Тошкентимиз хўжалик ва партия ишлари бир-биридан ажрамайдиган ягона организмга ўхшар эди. Биз пойтахтимиз ўз номига муносиб бўлиши учун қўлимиздан келган барча ишларни қилдик. Шаҳар партия қўмитаси ҳам, шаҳар ижроқўми ҳам, уларнинг жойлардаги тизимлари ҳам бир-бирларига панд бермай, дўстона меҳнат қилишган. Биз, туман раҳбарлари, бу икки орган бир-бирларига нодўстона ҳаракат қилганларини сезмаганмиз. Бирор марта келишмовчилик ҳам бўлгани йўқ. Бундай дўстона вазият кўплаб муваффақиятларга сабаб бўлган. Нечун мен бунга урғу бера­япман. Гап шундаки, шаҳар раҳбарлигида катта таж­рибага эга бўлган ва Республика ҳукуматида ҳам ҳурмат-эътибор қозонган инсонлар (А.А. Хўжаев, У.У. Умаров, К.П. Дудин,
Г. М. Саркисов каби) ишлашган эдилар. Баъзида бир нечта кучли раҳбар бирга ишласа, улар орасида иҳтилоф пайдо бўлади, келишмовчиликлар юзага келади. Бу нарса умумий ишга салбий таъсир этади.. Аммо биз ишлаган даврда асло бундай бўлмаган, уларнинг барчалари ўзларига юклатилган вазифани муносиб адо этишган.

В.О.Козимов, Г.М.Саркисов ТошДУ муаммоларини ҳал қилиш мажлисида. Чап томонда ТошДу ректори, академик Т.А. Саримсоков. Тошкент 1979 йил.

Шу ўринда мана шундай жамоани шакллантирган, уларга бош бўлган Воҳид Охунович Козимовнинг хизматларини таъкидламай илож йўқ. Бу каби инсонлар билан ишлашнинг ўзи саодат эди мен учун. Улуғлар билан ишлаш бизларни бир-биримизга дўст, биродар қилди, жипслаштирди. Ҳозир ҳам бирга ишлаган сафдошларимиз билан қариндошлардек кўришамиз. Ўшанда бирга ишлаган одамларни, албатта, раҳбарларимизни ҳам яхши гаплар билан эслаймиз. Ўша мураккаб давр оғир, аммо бахтиёр даврларимиз эди. Қанчалик мураккаб бўлмасин, ўз ишимизни севар, берилиб меҳнат қилган эдик.
Воҳид Охунович шаҳар қурилишига, ижтимоий соҳа ривожига алоҳида аҳамият берар эди. У раҳбар бўлган йиллари корхоналар яқинида уй қуришнинг катта дас­тури амалга оширилган бўлиб, бу ишчиларнинг йўлга вақт сарфламасдан осонгина ишга етиб келишига шароит яратарди. Мана шундай дастур туфайли ўз мактаби, болалар боғчалари, дўконлари, шифохонаси, полик­линикаларига эга бўлган «Бошлиқ», «Иваново тўқимачилари» каби бутун-бутун мавзелар қад ростлади. Мавзелар тўқимачилик комбинати ёнида қурилгани учун ишчиларни уй билан таъминлаш имконии яратилди. Ишчиларга қулай бўлиши учун у ерлардан бир неча қўшимча ўтиш йўлаклари барпо этилди. «Тоштекстилмаш» заводи, Абразив комбинати, Ёғочни қайта ишлаш заводи ишчилари учун ҳам шу каби мавзелар яратилган эди. Бу мавзелар Тошкент шаҳри кираверишида бўлганлиги сабабли бунга алоҳида лойиҳа сифатида қаралган эди. Улар гўзал ва қулай бўлиши лозим эди. Бунинг учун ўзига хос безак ўйлаб топиларди.
Шу туфайли собиқ Богдан Хмельницкий ( ҳозирги Бобур) кўчаси янгича қиёфа касб этди. Тўқимачилик ва педагогика институтлари талаба ва ўқитувчилари учун ҳам бутун бошли шаҳарчалар қурилди.
Нега шаҳарга киришга бунча аҳамият қаратилди? Чунки шаҳар ҳақидаги таассурот унга киришдан бошланади. Шаҳар Совети ижроя қўмитаси раисининг биринчи уринбосари Георгий Минасович Саркисов айтиб берган бир воқеани ҳикоя қилиб берай. Тошкентга Париж шаҳри мэри келганида уни Георгий Минасович кутиб олади. Улар бизнинг Сергели туманига кириб келишаётганида Париж мэри ундан: «Жаноб Саркисов, бу Тошкент шаҳрими ёки Тошкент шаҳри атрофими?» – деб сўрайди. У бу саволга жавоб қайтармай, мавзудан чалғитиб юборади.
Бу ҳолат Георгий Минасовични ғоят ҳафа қилган эди. «Бу саволни бергунча юзимга шапалоқ тортса бўларди», деганди Георгий Минасович. Мана шу ҳодиса ҳам Тошкентга кириш жойларини янгидан барпо этишга туртки бўлган.
Ўрни келганда, ҳар йили янги мактаб­лар, болалар боғчалари фойдаланишга топширилганини, уларнинг қурилиши Рес­публика ва шаҳар раҳбариятининг шахсий назоратида бўлганини таъкидлаш лозим.
Воҳид Охунович шаҳарнинг тозалигига ҳам алоҳида аҳамият қаратар, чиқиндилар ҳар куни олиб чиқиб кетилишини, шунинг­дек, ерларда чиқинди учун қутилар қўйилишини талаб қилар эди. Бу масалани назорат қилиш учун туманларга доимий ташрифларни уюштирардилар. У киши нафақат марказий, балки иккинчи даражали йўлларни ҳам текшириб чиқардилар. Бу ташрифлар юзасидан якуний хулосалар чиқарилар, ижроқўм раислари «хизматларига яраша» баҳоларини олардилар. Маълум вақт ўтгач шу камчилик­ларнинг бартараф этилганини яна текшириб турардилар. Албатта, биз ўз шаънимизга номақбул сўз эшитмасликка интилардик. Аммо иш бор жойда камчилик ҳам бўларди.
Ўша пайтларда шаҳарни кўкаламзорлаштиришда бунга жалб этилган ишчилар унчалик кўп эмасди.

Тошкент метроси билан танишиш. Чап томондан: В.О.Козимов, Болгария Компартияси
котиби Тодор Живков, метро бошқармаси бошлиғи Ш.Р. Шоабдурахимов.

Воҳид Охунович ажойиб боғлар, гулзорлар, гуллар ўсиб турган кўкламзорлар яратишни ўз ишининг асосий вазифаларидан деб ҳисоблар эди. Шаҳар дарахтларга, декоратив буталарга бой, сояли ва яшил ҳудудлар бўлишига интилар, томорқада ўсадиган дала гуллари эмас, муаттар ҳидли атиргуллар, лолалар, гўзал чиннигуллар экилишини истардилар. Биз дам олишни ёқтирадиган ҳозирги Сайилгоҳ ва «Мовий гумбазлар» (Голубые Купола) ансамбли каби ажойиб масканлар барпо этилиб, улар олдида фавворалар қурилди.
У ҳар бир туманда аҳоли дам оладиган жойлар бўлишини талаб қиларди. Боғлар ҳатто ҳашар йўли билан ташкил қилинарди. Ёдимда, ҳозиги Учтепа туманидаги боғ ҳам ана шу йўл билан яратилган, биз унинг очилишида қатнашган эдик. Шаҳарда, шунингдек, чиройли автобус, троллейбус тўхташ жойлари қурилди.
Воҳид Охунович қанчалик банд бўлишига қарамай, ҳамма вақт озода, ораста ва фаол кўринарди. Биз уни чарчаган, мажлисларда ҳорғин ҳолда кўрмаганмиз. Аксинча барчага спорт билан шуғулланиб, танни чиниқтиришни маслаҳат берар, ўзи ҳам шунга амал қиларди.
Хулоса қилиб шуни айтаманки, Воҳид Охунович каби инсонлар орамизни тарк этса, беихтиёр у ўз умрини муносиб, ҳалол яшади, ортидан яхши из, хотиралар қолдирди, деймиз.
У киши билан фарзандлари, қариндош­лари фаҳрланса арзийди. Тошкент шаҳри, унинг аҳолиси учун қилинган ҳар бир савоб иш аслида Воҳид Охуновичга қўйилган ҳайкалдир. Зеро, у каби инсонларни унутиб бўлмайди. Бундай улуғ инсонларни хотирлаш, эҳтиромини жойига қўйишимиз фарз. Айтилганидек: «Ҳеч ким унутилмаслиги, ҳеч нарса хотирадан кўтарилмаслиги керак».
Ушбу Воҳид Охунович ҳаёти ҳақидаги китоб ўз ҳалқига жону-дил билан, ҳолис хизмат килиш намунаси бўлади.