Л.А.Костин
1984 йилнинг март ойи эди. Мени «Тошиссиқлик қуввати» ИБ Бош директори этиб тайинлашди. Шаҳар ижроқўми раиси В.О. Козимов менга шаҳар қозонхоналари ва квартиралар ичи тармоқларини 1984–1985 йил куз-қиш мавсумига тайёрлаш вазифасини юклади. Илгари бу иш билан Республика Энергетика вазирлиги тизимлари шуғулланарди. 1984 йилдан бошлаб Энергетика вазирлиги кичик исссиқлик манбалари билан шуғулланмай қўйди. Бу вазифа маҳаллий кенгашларга берилди. Аммо «Тошиссиқлик қуввати» фақат директор тимсолидагина мавжуд эди, холос.
Мана шундай оғир вазиятда, Воҳид Охуновичнинг бевосита раҳбарлиги остида бирлашма ўз биноларига, тизимларининг жойлашиши, техникасига ва ижроқўмдан молиявий манбаларига эга бўлди. Икки уч-ҳафта ишлаганимдан сўнг ижроқўмдаги мажлисдан бирида Воҳид Охунович ишлар қандай кетаётгани билан қизиқдилар. Хусусан, иситиш мавсуми бошлангунча 41,5 км ишдан чиққан тармоқларни алмаштириш лозимлигини айтдилар. Аслида йилига 12–15 км қувур алмаштирилар эди. Мен Энергетика вазирлигининг моддий воситалар, ҳужжатлар ва техникани беришни пайсалга солаётгани ҳақида ахборот бердим. Воҳид Охунович ҳеч нарса демай кичик залдан чиқиб кетдилар ва 7–10 дақиқа ўтгач қайтиб кирдиларда, эртага эрталаб соат 11 да Вазирлар Маҳкамаси раиси Нурмуҳаммад Жўраевич Худойбердиев бизни ва Энергетика вазирини қабул қилишини, маърузага тайёр бўлишим кераклигини айтдилар.
Эртасига мен Нурмуҳаммад Жўраевичга қишга тайёргарликнинг бориши ҳақида ахборот берар эканман, Энергетика вазирлиги воситалар ва захираларни тезроқ берса иш мароми анча зиёда бўлиши мумкинлигини таъкидладим. Вазир менинг сўзимни бўлишга, қаттиқ сўз билан босим ўтказишга уринганида Воҳид Охунович ўринларидан туриб, сокин ва вазмин оҳангда ўзининг қўл остидаги одамга овозини кўтариб гапиришига йўл қўёлмаслигини, у ўз номидан эмас, икки миллионли шаҳар халқи номидан сўзлаётганини Вазирлар Маҳкамаси раисига билдирдилар. Орага шундай сокинлик чўкдики, ҳаво алмашиш тизимларидан кислород кираётганигача эшитиларди. Мажлис қатнашчилари шаҳар раҳбарининг сўзи тўғрилигини англар эдилар, лекин ҳаммада ҳам ўз қўл остида ишлаётган одамни очиқдан-очиқ ҳимоя қилишга журъат етмасди. Бир дақиқа оғир сукунатдан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг раиси уч кун ичида барча масалаларни ҳал этиш лозимлигини айтди. Эртасигаёқ барча ишлар юришиб кетди.
Менга Воҳид Охунович Козимов ҳақидаги хотираларимни ёзиб беришни сўраганларида, бу зиёли, тарбияли ва донишманд одам ҳақида ёши улуғ ўртоқ сифатида ўйлаб, унга нисбатан ҳурматим беқиёс бўлган инсонни ёдга олиш имкони туғилганидан ғоятда хурсанд бўлдим. Аммо мендек бир кичик одам бу катта ва буюк инсон ҳақида ёза оламанми, деган масъулият босиб турарди.
Воҳид Охунович билан танишувимиз спортда, тўғрироғи, велоспортга бориб тақалади.
Ўзбекистонда велосипед пойгалари ўтказиш узоқ тарихга эга. Назаримда, биринчи велопойгалар 19 асрнинг 30 йилларида ўтказилган. Бу мусобақаларда ҳалоллик ва маҳорат билан ҳакамлик қилишнинг довруғи чиққан эди.
1968–1969 йиллар оралиғида, баҳорда, Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши соврини учун кўп кунлик велопойгаларни ташкил этиш гуруҳи билан мамлакатимизнинг гўзал гўшаларидан бири бўлган Қўқонга бориб қолдим. Йўл чарчоқларини чиқариб, ўзимизни тартибга келтиргач, собиқ СССР велоспортида катта обрўга эга бўлган ҳакам Лев Петрович Ришаль билан бирга Республика ҳукуматининг қароридан воқиф қилиш учун шаҳар партия қўмитасига келдик.
Бизни баланд бўйли, барваста, нимаси биландир Де Голга ўхшаб кетадиган хушсуҳбат ва эътиборли инсон кутиб олди. Кейин билсак, бу Ўзбекистон Компартияси Қўқон шаҳар қўмитаси биринчи котиби Воҳид Охунович Козимов эканлар.
120 нафар велопойгачилар, яна тренерлар, врачлар, спорт ҳакамлари, ИИБ, темирйўл ходимлари ва бошқалардан иборат делегациямизни ҳамда масаланинг моҳиятини тушунтиришга киришдим. Аслида 250–270 киши ва 60–70 та автомототехника бугун бир шаҳарда бўлиб, эртасига бошқа туманга ўтиб кетишарди. Ҳар бир манзилда бу гоҳида ўжар жамоани ҳаммомда ювинтириш, озиқ-овқат билан таъминлаш, меҳмонхонага жойлаш, тиббий хизмат кўрсатиш, қўриқлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказишга кўмаклашиш, одамлар орасида ғолибларни муносиб тақдирлаш лозим эди. Қўқонда тақдирлашга шаҳарнинг кўплаб ташкилотлари жалб қилинадиган бўлди. Вазиятни воқиф этгач Фарғонанинг бошқа шаҳар ва туманлари сари жўнаб кетдик.
Воҳид Охунович билан иккинчи учрашувимиз 1975 йил сентябр ойида рўй берди. Бу гал ҳам КП МКнинг «Социалистическая Индустрия» газетаси соврини учун велоспорт бўйича СССР биринчилигини ўтказиш ташвишлари билан кўришдик.
Бутуниттифоқ даражасидаги ҳакам сифатида мен ушбу мусобақаларнинг бош ҳаками этиб белгилангандим. Вячеслав Попов бошлиқ газета масъул вакиллари, чемионат бош котиби Лев Ришаль билан бирга биз Тошкент шаҳар ижроия қўмитасига ташрифимиз чоғи бизни шаҳар ижроқўми раиси Воҳид Охунович Козимов кутиб олди. Воҳид акада Ўзбекистон КП МҚ транспорт ва алоқа бўлимида бошлиқлик ва икки йил шаҳар ижроқўмида раҳбарлик тажрибаси бор эди.
Вячевлав Попов бошқа нарсалар қатори кўп кунлик велопойганинг моҳиятини тушунтиришга киришганида, вақтни бой бермаслик учун Воҳид Охунович менга ва Ришальга ишора қилиб: «Мана бу йигитлар Қўқонда ишлаб юрган кезларим етти йил аввал велопойганинг моҳиятини тушунтириб беришган. Бу жойда барча шаҳар хизмат раҳбарлари жам бўлишган. Уларнинг қўлларида кимнинг нима қилиши лозимлиги ҳақида эслатмалар бор. Ўйлайманки, барча ўз вазифасини виждонан адо этади. Кимда саволлар бор? Саволлар бўлмаса меҳмонларни шаҳримизнинг хушманзара жойлари билан танишишга имкон берайлик. Раҳмат!», – деб қолдилар. 10 дақиқада Кенгаш ўтиб бўлди. Аввалдан айтиб қўяй, бу тадбир ўшанда Ўзбекистон КП МКнинг ва Республика ҳукуматининг юксак эътиборига сазовор бўлганди ва «Правда», «Социалистическая Индустрия» газеталарида кенг ёритилганди.
Лев Петрович Ришаль билан биз Воҳид Охунович Козимовнинг хотираси қанчалик ўткирлигига ва иш услубига қойил қолиб, ҳайратланиб гапириб юрдик.
Кейинроқ Сергели туман ижроия қўмитаси раиси ўринбосари, «Тошиссиқлик қуввати» ИБ бош директори сифатида бевосита унинг қўл остида ишлаган пайтларим ҳам у кишининг хотираси қанчалик кучли эканини ҳис қилганман.
1977 йилинг февраль ойида мени Сергели туман ижроқўми раиси ўринбосарлигига тавсия этишди. Шу боис шаҳар ижроқўмининг бир неча ходимлари ва шаҳар ижроқўми раисининг ўзи билан алоҳида суҳбатдан ўтиш лозим эди.
Воҳид Охунович билан бўлган суҳбатда у киши менга спорт яхши, аммо туман ижроқўмидаги фаолият ўн минглаб инсонларнинг фаровон ҳаёти, иссиқ-совуғи, озодалигини ва бошқа нарсаларни таъминлаш нечоғлик масъулиятили эканини менга тушунтириб қўйдилар. Етти йил раис ўринбосарлиги пайтимда мен ўнлаб марта Воҳид Охуновичнинг насиҳатлари тўғрилигига амин бўлганман. Айниқса у кишининг қўл остидаги ходимларга эътибори, самимияти мени лол этганди.
Бошқа ишлар қатори менинг зиммамга уй-жой ва ижтимоий-маданий объектлар капитал қурилиши билан боғлиқ масалалар ҳам кирарди. Бўш ер жойлари кўп бўлган Сергели йўлдош шаҳарча сифатида қурилишлар марказига айланган эди. Тошкент Сергели ҳисобига кенгаймоқда эди. Бу жараёнга Ўзбекистон КП МКнинг «Сергели тумани ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш ҳақида»ги қарори катта туртки берди. Бу қарор ижросини бевосита Воҳид Охунович Козимовнинг шахсан ўзлари амалга оширардилар.
Тумандаги қурилишларга ажойиб инсонлар жалб этилганди: 3-трест бошқарувчиси Л.Я. Пикман, 31-ҚБ бошлиғи М.М. Авруцкий, уй қурилиш комбинати директорлари Э. Р. Рустамов, В. Э. Сташес ва бошқалар беназир инсонлар эди. Уларнинг фаолиятини Воҳид Охуновичнинг сафдоши ва ўртоғи, узоқ йиллар «Главташкентстрой» раҳбари бўлиб ишлаган ажойиб ташкилотчи Георгий Минасович Саркисов назорат қиларди. У шаҳар ижроқўми раисининг биринчи ўринбосари ҳам бўлиб ишлаган. Бу икки инсоннинг ҳамкорлиги Ўзбекистон пойтахти Тошкентнинг юксалишига катта омил бўлди. Бу инсонлар билан мулоқот ва улар ибрати менга кейинроқ Тошкент шаҳар «Тошиссиқлик қуввати» раҳбари, Тошкент шаҳар ижроқўми раиси ўринбосари бўлиб ишлаганимда кўп асқотган.
Бир куни шаҳарда навбатдаги мажлисда мен қишга тайёргарлик бўйича ахборот бераётиб, хусусан, ётқизилган иссиқлик тизимлари, мавжуд техника ва механизмлар тайёргарлигиҳақида батафсил сшз юритар эканман, 41,5 километрлик марра ўз вақтида бажарилишини таъкидладим. Ўшанда Ижроқўм раиси дабдурустдан савол бериб қолди: «Леонид Андреевич, бу объектларга нимада борасиз?». Бироз ҳижолат тортиб менда «Жигули» автомобили борлиги ва ишга ҳам шунда келишимни айтдим. Шу пайт Воҳид ака шаҳар режалаштириш бошқармаси раҳбаридан янги машиналар қачон келишини суриштирдилар. Учинчи чоракда «Газ-24» русумли машина келиши қайд этилди. Шунда Воҳид Охунович бу машинани Г.М. Саркисовга беришни, унинг машинасини эса «Тошиссиқлик қуввати» тизимига беришни топширдилар.
Мажлисда кимдир анча вақтдан буён ишлаётгани, ҳамда хизмат автомашинаси эскириб кетганини айтди. «Мен бир масала бўйича икки маротаба топшириқ бермайман. Ёш раҳбардан талаб қилишдан аввал унга шароит яратишимиз керак!», – дедилар. Мана шу қисқа сўзларда Воҳид Охуновичнинг қатъийлиги, ғамхўрлиги ва устозлиги намоён бўлган эди. Кейинги раҳбарлик фаолиятимда ўз қўл остимда иш юритаётган кишиларга Воҳид Охуновичдек ғамхўр бўлишга интилганман. Бу ўринда ҳар доим ҳам у кишидек бўлолмаганимни тан оламан. Аммо устозга ўхшашга интилардим.
Бизнинг муносабатларимиз уларнинг 1985 йилда истифога чиққанларидан сўнг ҳам давом этди. 1987 йил 16 июлда мени Тошкент шаҳар ижроқўми раиси ўринбосарлигига тавсия этишди. У ёки бу масалада фикрларини билишим муҳим бўлган кезлар мен Воҳид Охуновичнинг уйига келиб, хабар олиб турдим. Айтиш лозимки, Воҳид ака нафақат аниқ ва равшан сўзлаши билан, балки суҳбатдошининг сўзини бўлмасдан сабр билан тинглашни ҳам қойиллатарди. Тинглашни билиш керак. Чунки тинглаш сўзлашдан анча оғирроқ. Ўзимга нисбатан нафақат Воҳид Охуновичнинг,
уларнинг рафиқалари Кимёхон опанинг ҳам менга меҳр билан муносабатда бўлганларидан мудом таъзимдаман. Воҳид Охуновичдан хабар олган кезларимда, унинг кабинетига кириб олиб, узоқ вақт ўзаро суҳбатлар қурганмиз. Унгача, албатта, Воҳид ака Кимёхон опага чой-пой, егулик буюриб қўйган бўлардилар.
Калинингараддан Г.М. Саркисовнинг ўғлидан отасининг 80 йиллигини бирга нишонлаш ҳақидаги таклифни олган кунимиз
ҳам бирга эдик. Мен ўшанда шаҳар раҳбарлари биридан Воҳид Охуновичнинг сафдоши бўлган Георгий Минасовичнинг юбилейига бориб табриклаб келишга бир неча кунга руҳсат беришларини илтимос қилдим. Аммо раҳбарият сени тушунмайди, деган шаклда рад жавобини олдим. Ўшанда мен ўз устозимни табрикламасам виждоним қийналади, деган эдим. Воҳид Охунович мени тинчлантириб, таскин бериб, ўз ҳисобимдан ойлик маош тўланмаслиги шарти билан таътил олишимни маслаҳат бердилар. Шундай ҳам бўлди. Мен Георгий Минасовични 80 ёши билан қутлаш шарафига муяссар бўлдим. Бир йил ўтмасдан Георгий Минасовичнинг вафот этганини эшитдик. Кеч бўлган эди. Аммо биз Санобар Аҳроловна Хўжаева билан бирга Георгий Минасовичнинг қадрдон бўлган инсонларини жамладик. 170–200 киши бўлдик. Шунда яна Воҳид Охуновичнинг олдига маслаҳатга келдим. Сўзларимни диққат билан эшитган Воҳид ака хотира дастурхони қаерда ёзилишини суриштирдилар. Мен тадбир бир хусусий арман ресторанида бўлишини айтдим. Воҳид Охунович рўйҳатни кўздан кечирар эканлар, уни 50 кишига қисқартиришни таклиф этдилар. Чунки, бу сир эмас, Георгий Минасович ўша даврдаги давлат раҳбарига ёмон кўриниб колган эди. Шу боис ўзи туғилган макони ва бир умр амалий фаолияти кечган жойдан кетишга мажбур бўлган. Рўйхатга кирмаганларнинг ҳам кўнглини олиб, одоб билан тўғри тушунтириш керак, чунки уларнинг хизмат жойларида эгаллаб турган лавозимларига путур етиши мумкин эди… Тадбирга Воҳид Охуновичнинг ўзлари ҳам келиб, ўринбосарларига эҳтиромларини билдирдилар. Мен ўшанда бу беназир инсоннинг ўзига хос ақлу донишмандлигига, инсонларга ғамхўрлигига яна бир карра тан берган эдим. Таклиф этилган ва вазиятни тушуниб ёки чўчиб келмаган инсонларни ўйлаганимда, яна бир бор Воҳид акага қойил қолдим.
Ҳаёт менга Воҳид Охунович, Георгий Минасович каби улуғ устозларни йўлиқтирганига тақдирдан беҳад миннатдорман. Уларнинг меҳридан баҳраманд бўлиш, ғамхўрликларидан завқланиш насиб этганидан ғоят мамнунман…