Мен Воҳид Охунович Козимовни 1972 йилдан бери танирдим. 1972 йил февралида мени Тошкент шаҳар партия қўмитаси бюро аъзолари, Тошкент шаҳар партия қўмитаси котиби Солиҳ Рашидович Расулов ва шаҳар ижроқўми раиси Воҳид Охунович Козимов билан шаҳар партия қўмитаси қурилиш бўлими мудири бўлиб тайинланишим, шаҳар кенгашига депутат бўлиб сайланишим олдидан суҳбатга чақиришганда илк бор кўришгандим.
Суҳбат чоғида менга Тошкент Темирйўл транспорти муҳандислари институтида қандай ўқиганим, ўқитувчи ва профессорлардан, туман раҳбарилари, шаҳардаги саноат ва қурилиш корхоналари бошлиқларидан кимларни яхши танишим ҳақида сўрашди. Кейинроқ нега мендан институт домлалари ва профессорларини сўрашгани билан қизиққанимда, улар мен ўқиган даргоҳда бирга ўқишганини, ўзаро аҳил муносабатларни сақлаб келаётганларини айтишди.
Шаҳар партия қўмитаси қурилиш бўлими мудири сифатида ишлаш жараёнида Воҳид Охунович билан шаҳар партия қўмитаси бюроси йиғилишларида ва Шаҳар кенгаши сессияларида кўп марта учрашганмиз. Бу йиллар ичида мен у кишининг яхши ишлари ҳақида, одамларга, ёшларга, шаҳар хўжалиги мутахассислари билан мулоқотларидаги юксак маданияти борасида кўп нарсаларни билиб олдим.
1975 йил апрель ойида шаҳар кенгаши сессиясида мен Тошкент шаҳар Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари этиб сайландим. Ўшанда Воҳид Охунович Ижроқўм раиси эдилар. Мен уларнинг раҳбарликларида ишлай бошладим.
У кишининг раҳбарлигида биз, ёш ўринбосарлар устознинг эътиборларини мудом ҳис қилиб, кишининг тафаккурини бойитадиган насиҳатларини тинглардик, бунинг натижасида ишда ўзимизга ишончимиз тобора ортаверарди. Шаҳар хўжалиги муаммоларини, унинг муҳим ташвишларини ҳал этиш борасида Воҳид Охунович бизга имконият яратиб, мустақил қарорлар қабул қилишга ўргатардилар.
Воҳид Охуновичнинг яна бир фазилати шундай эдики, у ўз қўл остида меҳнат қилаётган ходимларни бирлаштириш, уларнинг ўзаро дўстлашувига, ишда бир-бирига ёрдам берадиган аҳил жамоа бўлишига интилиши эди. У киши ходимларнинг бирга тушлик қилишини жорий этган эдилар. Овқатлаштш вақтида ишларимиз ҳақида хабарлашар, раҳбариятнинг топшириқлари қандай бажарилаётганидан воқиф бўлар, хуллас, биз ўринбосарлар шаҳарда нима рўй бераётганини билиб олардик.
У киши суҳбатдошини тинглар экан, асло сўзини бўлмасди. Барча сўзларни диққат билан эшитар, бақириш, қаттиқ сўзлаш, сўкинишдан мутлақо йироқ эдилар. Зиёли, ички ва ташқи маданияти юксак, ҳаракатимизга намуна олгулик, ҳатто отамиздек ғамхўр эдилар.
Воҳид ака биз ёшларга ўз ходимларига қандай раҳбарлик қилиш, одамлар билан самимий суҳбат қуришга эришишни ўргатардилар. Ижроқўм мажлислари, фаоллар йиғилишларида 200–300 кишилик анжуманларни олиб боришни биз каби ўринбосарларига топширар экан, депутатлар, шаҳар фаоллари билан очиқ, уялмай, самимий мулоқот қилишни топширардилар. Бундай анжуманлардан сўнг ўзимизга ишончимиз янада ортиб, шаҳар хўжалиги масалаларини ҳам мустақил ҳал этишга иштиёқимиз кучаярди.
Март ойидаги Воҳид Охунович раҳбарлигида шаҳарни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган бир кенгаш ёдимда. Ўшанда шаҳардаги туман ва ташкилотлар раҳбарлари шаънига танқидий мулоҳазалар билдирилганда, Сергели туман ижроқўми раиси ўрнидан туриб: «Воҳид Охунович, сиз бизни танқид қиляпсиз. Аммо биз қўлимизга белкурак олиб, кеча-ю кундуз ишлаяпмиз», – деди. Ўшанда у киши: «Аввало сиз кундузи иш вақтида самарали меҳнат қилинг, кечаси эса ўз оилангиз бағрида ором олиб ухланг!», – деган жавобни олди. «Иккинчидан эса, сиз белкуракни бошқа учидан ушлаётганга ўхшайсиз, шу боис меҳнатингизнинг самараси йўқ. Сиздан ўтинчим шуки, қўл остингиздаги ходимларга белкуракни тўғри ушлаб, уларни сифатли ишлашга ўргатинг», – дедилар. Мана шу сўзларда у кишининг қиёфаси намоён бўлганди, назаримда.
У киши чуқур маъноли сўзлашни хуш кўрардилар, ақлли, фаросатли инсонларни ёқтирардилар, ўзлари ҳам саводли, юксак таълим тарбияли, ўртоқларга доимо хушмуомала, самимий, ҳалол инсон эдилар.
Тошкентдек йирик мегаполисни бошқариш мураккаб, шу боис у, ҳозирги замон тили билан айтганда, юксак маҳоратли менеджер эдилар, катта шаҳарнинг туғилажак масала ва муаммоларини ҳал этишнинг йўлларини билардилар, берган топшириқларининг ижросини эринмай назорат қила олардилар.
Ўтган асрнинг 70-йилларида метро қурилиши пайти бу ерда кўчаларни ёпиш, муҳандислик тармоқлари, коммуникация йўналишларини бошқа ерга кўчириш каби юзлаб, минглаб муаммолар пайдо бўлар, бу масалаларни зудлик билан ҳал этишга, метро йўналишига тўғри келган бино ва иншоотларни бузиш юзасидан кўплаб корхона ва ташкилотлар раҳбарларини жамлаб, турфа соҳадаги мутахассисларни жалб қилиш лозим бўларди. Шаҳар хизматлари томонидан бу ишлар тезкорлик билан ҳал этилар эди. Эсимда, Анҳор канали остидан тоннел қурилиши амалга оширилаётган пайти каналга сув келиши вақтинча тўхтатилган, бир неча гидростанциялар иши ҳам тўхтаб қолган эди. Қисқа муддатда канал ичининг бир неча километрини тозалаш, ундан ташқари, бетонлаш, айниқса метро тоннели ўтадиган жойга катта аҳамият қаратиш керак эди. Бу ишларга катта миқёсдаги қурилиш, сув хўжалиги ва шаҳар ташкилотлари жалб этилди. Бу вақт ичида гидростанция раҳбарлари ўз объектларида капитал таъмирлаш ишларини бошлаб юборишди.
Воҳид Охунович бир неча кишидан иборат жамоани йиғиб, ҳар икки кунда канал бўйлаб пиёда юриб, ишнинг боришини назорат қилдилар. Канални бетонлаштириш якунланишига бир ой қолганда биз канал соҳилидаги мустаҳкамлаш ва қурилиш ишларини кузатиш учун Анҳорнинг ичидан юриб ўтардик. Қўйилган вазифа оғир ва мураккаблигидан Воҳид Охунович иқтидорли ва саводли муҳандис сифатида ҳукумат топшириқларининг бажарилиш масъулиятини ўз зиммасига олиб, мустақил қарорлар қабул қилишдан чўчимасди.
Воҳид ака ажойиб тарбиячи, устоз, кадрларни тайёрлашда маҳоратли мураббий, Республика ва шаҳар кадрлар сиёсатини яхши англайдиган инсон ҳам эдилар. Биз у кишининг ўринбораслари, кейинчалик вазирлик ва идораларда, ҳукумат аппаратида ва Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасида раҳбар лавозимларида ишладик. Яна бир қанча шаҳар хизматлари бошлиқлари Республика ташкилотлари, идоралари раҳбарлари бўлишди. Уларнинг бари Воҳид Охунович Козимов тарбиясини олган раҳбарлар эди.
Бошқа минглаб инсонлар қатори Воҳид Охунович менинг ҳаётимда ҳам фавқулодда муҳим роль ўйнаган. Шаҳар ижроқўмида бир неча йил ишлаганимдан сўнг, 1977 йил охирларида мени Соғлиқни сақлаш вазирининг капитал қурилиш бўйича ўринбосари лавозимига тайинлашди. Нега бу лавозимга муносиб кўришганини мен кейинроқ билдим. Орадан бир ярим йил ўтгач, буни менга Республика Соғлиқни сақлаш вазири Қаюм Собирович Зоиров айтиб берганди.
Кейинги 10 йилда ер ажратиш, биноларни бузиш, янги шифохоналар, поликлиникалар, лаборатория ва даволаш клиникалар биноларига эга илмий-текшириш институтлари қуриладиган жойлардаги аҳолининг кўчиб чиқиши учун квартира ва ер бериш масалаларида вазирлик тизимида жиддий қийинчиликлар рўй бермоқда эди. 1-туғруқхона биносини қуришда бу ердаги аҳолининг кўчиши боис квартира ва участка ажратилмагани учун олти йилгача котлован қазишнинг иложи бўлмаганди. Ўшанда Соғлиқни сақлаш вазири Қ.С.Зоиров Республика раҳбари Ш. Рашидовдан шаҳар ижроқўми раҳбарларидан бирини ўзига ўринбосар қилиб жўнатишни сўраган экан. Ўшанда Ш. Рашидов В.О. Козимовга ўз ўринбосарларидан бирини Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборишга топшириқ берганда, бу иш менинг чекимга тушган экан.
Шунда мен бир соат ичида Соғлиқни сақлаш вазирининг капитал қурилиш бўйича ўринбосари этиб тайинланганман. Бунда устоз ва мураббий Воҳид аканинг меҳри ва ишончи муҳим ўрин тутган деган фикрдаман. Шу боис иш давомида устозлар юзини ерга қаратмасликка интилдим.