БУЮК ИНСОН

Х.Қ.Даудбоев

Хайрулла Қўшақович Даудбоев
Ўзбекистон Республикаси Пахта тозалаш вазирининг
биринчи муовини, Пахта тозалаш илмий-текшириш
институти директори лавозимларида ишлаган.

Мен бир неча йил Ўзбекистон Республикаси Пахта тозалаш министрининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб турган кезларим Шароф Рашидович Рашидов чақириб, мени пахта тозалаш илмий-текшириш институтига директор этиб тайинламоқчилигини айтадилар. «Сиз бу институтнинг мавқеини ошириб, фан-техника ютуқларини қишлоқ хўжалигига, пахтачиликка тадбиқ этишингизга ишонаман», – дедилар. Институтимиз «Россия» меҳмонхонаси ёнгинасида жойлашган эди.
Бир куни зарур масала бўйича Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси Воҳид Охунович Козимов билан учрашишим зарур эди. У киши билан телефонда қўнғироқлашиб, эртасига соат 9 да ижроқўм биносида кўришадиган бўлдик. Мен барвақтроқ бориб қабулхонада уларни кутиб ўтирган эдим. Роса соат 9 да қабулхонадаги телефон жиринглаб, уни котиба олганида, гўшакдан: «Хайрулла Қўшоқович Даудбоев келишлари керак эди, улар келдиларми?» – деган Воҳид Охунович Козимовнинг овози эшитилди. Котиба: «Ҳа, Хайрулла Қўшоқович шу ерда, Сизни кутиб ўтирибдилар», – деди. Воҳид Охунович котибага: «Уларга узримни айтинг, мен бироз, 15 дақиқага ушланиб қоламан», – дедилар.
Қаранг, шаҳарда ўнлаб илмий-текшириш институтлари бўлса, мен ҳам улардан бирининг раҳбариман, шу боис зарур бўлса 15 дақиқа тугул, бир соат ҳам кутиб ўтиришим мумкинлигини раис биларди. Лекин бу самимий, кўнгли очиқ шаҳар раҳбари котибага қўнғироқ қилиб, ушланиб қолишини менга билдирганлигида унинг юксак ички маданияти, инсонга бўлган ҳурмати кўзга яққол ташланиб турган эди…
Худди шундай воқеа яна бир олийжаноб инсон, Тошкент вилояти партия қўмитаси биринчи котиби Мирза Маҳмудович Мусахонов ва менинг ўртамда бўлган эди. М.М. Мусахонов билан самолётда Москвадан Тошкентга йиғилишдан қайтаётган чоғимизда қўлимдаги рангли муқовали журнални бир кўздан кечириб, қайтариб беришларини айтадилар. Мен бажонидил журнални уларнинг қўлларига тутқаздим. Тошкентга келгач, хайрлашиб қолдик.
Бир ҳафтадан сўнг ишхонамга ўз хизмат машинаси шофёридан бир энлик: «Раҳмат Сизга, Хайрулла Қўшоқович, журнал учун, танишиб керакли маълумотларни олдим», – деган хат билан қайтарганида, мен Мирза аканинг эсимдан чиқаёзган оддий бир журнални эгасига қайтаришида Воҳид Охунович Козимовдаги каби ҳалолликни кўрдим. Улар ўзганинг кичик бир нинасига ҳам ҳиёнат қилмай, эгасига қайтарадиган пок виждонли инсон эдилар.
Бу инсонлар хотираси олдида бош эгиб қоламан.

Жавоб қолдиринг