ФИДОИЙ РАҲБАР

Ш.Т.Дадашев

Шукурулла Тоирович Дадашев
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, публицист.
Тошкент шаҳар ижроқумида уй-жой тақсимлаш ва уни назорат
қилиш бошқарма бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаган.

Раҳбар сўзининг асл маъноси унинг қўл остида хоҳ икки киши, ёхуд икки минг киши бўлсин, уларга раҳнамолик қила олиш демакдир. Агар ушбу мансабдор ходимларига самимий муносабатда бўлиб, адолат билан иш юритса, уларнинг камчиликларини кўрсатиб, отадек ғамхўрлик қилса, у раҳбар-устоз деган фаҳрли номга сазовор бўлади.
Мен ушбу хотираларимни икки миллионлик катта оилага масъул бўлган, унга меҳр қўрини бериб, унинг тақдири учун кеча-кундуз тинмай меҳнат қилган олижаноб инсон, бетакрор раҳбар, юксак маданият соҳиби Воҳид Охунович Козимовга бағишладим.
Мен бу улуғ инсонни 1972 йилда сиртдан таниганман. Ўша йилларда мен ўрта умумий таълим мактабида ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлардим. Дадам Тошкент шаҳар халқ таълими бўлими мудири эдилар. Бир оқшом кечки овқатдан сўнг падарим «Ўғлим, яқинда пойтахт ижроия қўмитаси раислиги вазифасига Воҳид Козимов сайландилар. У киши мени ҳузурларига чақириб: «Ўртоқ Дадашев, менинг иштирокимда катта бир маҳалла аҳли билан учрашув бўлиб ўтади. У ерда маъруза қилишим керак. Сиз шаҳарнинг энг катта ўқитувчиси, устозлар устози ҳисобланасиз. Шу сабаб, мен бироз қоғоз қоралагандим, шуни бир устидан кўриб, имлоси, жумлаларига эътибор қилиб берсангиз», – дедилар. Шу билан бирга, «Анча йиллардан бери рус тилида ёзиб ва сўзлаб ўз она тилимизни унутаёздик. Шунинг учун сиз матндаги камчиликларни ҳеч иккиланмай, беҳижолат тузатаверинг» – деб таъкидлаб ҳам қўйдилар.
Дадам билан биргаликда матнни кўриб чиқа бошладик. У аниқ, чиройли ҳуснихат билан соф адабий тилда ёзилган бўлиб, ундан биронта жиддий нуқсон топа олмадик. Фақатгина айрим русча атамалар ўрнини ўзбекча сўз билан алмаштириш ҳақида таклиф киритдик холос.
Бу воқеа менинг хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди. Мен у кишини ҳали кўрмаган бўлсам-да тасаввуримда салоҳиятли, саводхон, айни вақтда камтар бир раҳбар гавдаланди. Зеро, бу инсон айрим амалдорлар каби қўл остида лаб­бай деб, буйруғига шай бўлиб турган юзлаб ёрдамчиларнинг бирига маъруза тайёрлатиши ва уни ҳатто очиб кўрмай минбарда туриб қўз узмай ўқиб бериши мумкин эди. Аммо чуқур мулоҳазали раҳбар бу ишни ўзига эп кўрмади, балки масъулиятни ҳис қилган ҳолда ўзининг илмига, тажрибасига, кучига таяниб иш кўрди.
Ўтган асрнинг 1978 йили эди. Мен Тошкент шаҳри ва вилояти маориф, олий таълим ҳамда илмий муассасалар касаба уюшмасида маданият бўлимининг мудири вазифасида фаолият кўрсатар эдим.
Баҳор пайти, ташқарида жала қуярди. Мени йўқлаб келишганини айтишди. Йўлакка чиқ­сам, «Тошкент шаҳар тарихий ёдгорликларини сақлаш жамияти»нинг масъул котиби Абдулазиз Муҳаммадкаримов экан. Салом-аликдан сўнг Абдулазиз ака: «Шукурулла, тез кийининг, бир жойга бориб келамиз», – дедилар. Раҳбариятдан руҳсат олиб машинага ўтирдик. Абдулазиз ака Тошкент шаҳар ижроия қўмитасининг ташкилий бўлимида инструктор ўрни бўшлиги, шу сабаб у жойга мени тавсия этганларини айтдилар.
Манзилга етиб келиб иккинчи қаватга кўтарилдик. Файзли бино, йўлакларга ёзилган оловдек ёниб турган пойандоз – гиламлар салобати мени босди, ҳаяжонлана бошладим. 28-хонага кирдик. Қабулхонада кўзойнак таққан ёшгина котиба (Татьяна Николаевна) чап тарафдаги хонага кириб, бизнинг ташрифимиз ҳақида бўлим мудирига ахборот берди. Киришга ижозат бўлгач, иккаламиз кенг хонага кирдик. Хона тўрида қорачадан келган, ўрта бўйли, қирғиз кўз, ёши элликлардан ошган киши ўрнидан туриб биз билан саломлашди ва ўзини Азиз Азимович Казиев деб таништирди. У киши рус тилида мен билан савол-жавоб қилиб бўлгач, ҳужжатларимни қолдириб кетишимни, иш масаласида ҳозирча ҳеч кимга лом-лим демаслигимни уқтирдилар. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, кечки пайт уй телефони жиринглади, гўшакни кўтардим. Телефонда Азиз Азимович эди. У киши эртага эрталаб соат 10 га етиб келишимни тайинладилар.
Белгиланган вақтдан ўн дақиқа аввал раис қабулхонасига етиб келдим. Котиба ҳали тезкор мажлис тугамаганлиги ва кутиб туришим кераклигини тайинлади. Қўшни хонадан бирин-кетин кўлларида папка ушлаган ходимлар чиқа бошлашди. Уларнинг кетидан Азиз Азимович чиқиб, мени хонага таклиф қилди. Негадир беихтиёр вужудимни титроқ босди. Узун столнинг бошида ниҳоятда салобатли, гавдали, сочлари силлиқ таралган, юзи нурли кишига кўзим тушди. Бу мен сиртдан таниган раис Воҳид Козимов эдилар. Ҳаяжондан қўл-оёғим титрар, овозим чиқмасди. Аранг «Ассалому алайкум», – деёлдим, холос. Воҳид Охунович ўрниларидан кўтарилиб, қўл бериб саломлашдилар ва мени ўтиришга таклиф этдилар. У кишининг қадоқли қўлларидан илк иш фаолиятини темирйўлда усталикдан бошлаб, меҳнатда чиниққан инсон эканлигини фаҳмлаш қийин эмасди. Бу беназир инсоннинг вазмин ва мулойимлик билан сўзлаши унинг ўта маданиятли инсон эканликларидан далолат берарди. Хуллас, қисқа фурсатли самимий суҳбатдан сўнг ўрниларидан туриб, қўлимни сиқиб, мени янги вазифа билан табрикладилар.
Пойтахтнинг юраги, шаҳар аҳлининг нажоткори саналган нуфузли идорада иш бош­ладим. Идора иши жуда аниқ йўлга қўйилган, у ерда ишловчи ходимлардан катта масъулият, тезкор ижро ва қаттиқ интизом талаб этиларди. Бир қанча катта йиғилишларда, ижроқўмнинг ҳайъат мажлисларида қатнаша бошладим. Бу йиғилишлар асосан раиснинг бевосита иштирокида ўтарди. Воҳид ака тайинланган вақтда ишни бошлар, бирор марта ҳам мажлис аҳлини куттириб қўймас эди. Равон ва бир маромда гапириб, кескин ҳолларда ҳам овозларини ба­ланд кўтармас, қўл остидаги мансабдорларнинг шахсиятига асло тегмас, фақатгина кун тартибига қўйилган масала, иш юзасидан сўз юритардилар.
Ҳамон эсимда, минбарда ҳисобот бериб турган бошқарма бошлиғи ўз айбига иқрор бўлиб, мажлис раисидан турли хил таъна, дашном ва ҳақорат сўзларни эшитишга тайёр эди. Аммо у В. О. Козимовдан: «Йўл қўйган хатоларингиз учун биз сизга маъмурий жазо қўллашга мажбурмиз, марҳамат ўтиринг», – деган сўзларни эшитди холос.
Мен бу воқеадан раҳбарнинг баланд овоз билан бақир-чақир қилиб даврани бошқариши унинг ожизлигидан, шахсиятга тегиши эса ўта нодонлик ва маданиятсизлигидан дарак беришини англадим. Ходимларига қўпол муомалада бўлган раҳбарнинг халқ орасида обрўси йўқотилишига, келажакда ном-нишонсиз қолишига ишонч ҳосил қилдим. Бy ёш раҳбарлар учун ўзига хос ибрат мактаби эди. Мен ҳам келажакда мустақил раҳбарлик фаолиятим даврида устознинг ушбу усулларини қўллашга ҳаракат қилдим.
Воҳид ака Олтин водий фарзанди эдилар. У кишининг болалик йиллари шоирлар ва санъаткорлар шаҳри – гўзал Марғилонда, илк раҳбарлик фаолиятлари маданият маркази бўлган Қўқонда ўтган ва у ерда олиб борган ободончилик ишлари шаҳар аҳлининг катта ҳурматига сазовор бўлган. Кўп ҳолларда Қўқоннинг элга танилган машҳур санъаткорлари, қалам аҳли у кишини зиёрат қилиш учун йўқлаб келганларининг бир неча бор гувоҳи бўлганман. Бу ҳолат у кишининг санъатни севишлари ва уни нозик тушунишларининг исботи эди.
Ўша даврларда менинг «Тенгқурларим» ҳамда «Бувимнинг эртаклари» номли шеърий тўпламларим нашр этилган эди.
Бир куни зинадан иккинчи қаватга кўтарилаётган эдим, тепадан пастга тушиб келаётган Воҳид Охуновичга рўпара келиб қолдим. Дарров саломлашиб, ўзимни четга олиб, йўл бўшатдим. Воҳид ака саломимга алик олиб, аста қўл узатиб: «Китобингизни ўқидим, яхши ёзибсиз, ижодингизга барака», – деб йўлда давом этдилар. Жойимда қотиб қолдим. Ахир қанчадан-қанча катта амал эгалари бу инсоннинг қўлини олишга, унинг меҳрини қозонишга сазовор бўлишни орзу қилган бир пайтда, мендек оддий кичик бир ходимга аҳамият беришлари, ижодим билан танишишга фурсат топганлари – бу олий инсонийлик эмасми?
Орадан икки йил ўтди. Республика Олий Кенгашининг топшириғи билан бир ҳафталик хизмат сафарини ўтаб келиб, эрталаб хонада ўтирган эдим. Мени ижроқўмнинг масъул котиби ҳузурига чақираётганини айтишди. Масъул котиб Марья Михайловна Мартьянова табиатан куюнчак, саводхон ва меҳнаткаш аёл эди. Уни идорамизнинг «фильтри» деб аташарди. Чунки ҳар қандай ҳужжат, биринчи навбатда, у кишининг қўлидан ўтар, мабодо матнда бирорта вергул ёки ҳарф тушиб қолса, танбеҳ билан эгасига қайтариларди. Эшикдан киришим би­лан Марья Михайловна: «Шукурулла Тоирович, раисимиз йўғингизда буйруқ чиқариб, сизни «Уй-жойни тақсимлаш ва уни назорат қилиш бошқармаси»га бошлиқ ўринбосари этиб тайинладилар. Ҳозир у кишининг ёнига киришимиз керак», – деб қабулхона томон бошладилар.
Янгиликдан ҳайратга тушдим, хаёл яна ўз оғушига буркади: «Биринчидан, бу бош­қарма асли қурувчиларнинг жойи, иккинчидан, у ерда ишлаш учун талабгорлар сони мингта, учинчидан ўта нозик жой. Ташбиҳли айтсак: «Бўрининг еса ҳам, емаса ҳам оғзи қон», – деган ҳикмат шу бошқарма ходимлари учун тўқилган бўлса ажаб эмас.
Раис ҳузуридамиз. Воҳид Охунович сафаримнинг натижалари ҳақида бироз суриштиргач, асосий мақсадга кўчдилар.
«Ўртоқ Дадашев, айни пайтда бошқарма фаолияти бизни қониқтирмаяпти. Шу сабаб унинг бошлиқ ва ўринбосарларини ўзгартиришга мажбур бўлдик. Рақамларга мурожаат қилсак, бугунги кунда уй-жой шароитини яхшилаш учун шаҳар бўйича навбатда турувчилар сони саксон мингдан ошиб кетган. Шунча турар жой бинолари қурилишига қарамай, бу навбат бир неча йилдан бери силжимай қотиб турибди. Шу сабаб ҳар куни аризачилардан юздан ортиқ норозилик хатлари келиб тушмоқда. Талаб шуки, сизга бириктирилган бўлимлар билан тушган аризаларга жиддий қарашингиз, уларга қонун юзасидан тўғри жавоб бера олишингиз ва такрорий мактубларни камайтириш йўлларини излашингиз керак. Энг муҳими, хатларнинг жавоб бериш муддатига қаттиқ риоя қилишга эришишингиз зарур. Бош­қарма ходимлари истеъфога чиққан ҳарбийлардан ташкил топган. Улар русизабон бўлганликлари учун маҳаллий аҳолининг тилига тушунмай гоҳида ноқулай вазиятларнинг вужудга келишига сабаб бўлишмоқда. Қабулингизга нажот излаб келган ҳар бир фуқаронинг дардини жон қулоғингиз билан тинглаб, унга хушмуомалада бўлинг. Бир қарорга келишдан аввал ўзингизни бир зум унинг ўрнига қўйиб кўринг. Энг оғир, асабий вазиятларда ҳам ўзингизни қўлга ола билинг, атрофингиздагиларга ҳушёр ва эҳтиёт бўлинг».
Тўғрисини айтсам, менга таклиф этилган лавозимни бир амаллаб рад этиш учун бир баҳонани важ қилишни ўйлаб қўйган эдим. Аммо устознинг очиқ ва самимий маслаҳатларидан, менга нисбатан кўрсатаётган ишончларидан оталик меҳрини туйгандек бўлдим. Шунинг учун қандай оғир шароит бўлмасин, билдирилган ишончни ҳалол ва самарали меҳнатим билан оқлаш керак эканлиги беихтиёр дилимдан ўтди ва раҳбарга «Ишончингиз учун раҳмат, уни оқлашга ҳаракат қиламан», – дея ташаккур билдиришдан ўзга чора топмадим.
Етти ухлаб тушимга кирмаган соҳада иш бошладим. Бошқарма бошлиғи Владимир Иванович Смотровнинг ёрдами ва самимий маслаҳатларига таяниб, биргаликда иш тизимини тубдан ўзгартиришга бел боғладик, янги саводхон ва ишчан ходимларни ишга олдик, хоналар сонини кўпайтиришга эришдик, ходимларга шароит яратдик. Образли қилиб айтганда, гўё ҳеч нарсани топиб бўлмайдиган, бетартиб хона бирдагина саришта бўлгандек эди.
Аста-секин зарурият юзасидан шошилинч жавоб хатларига имзо чектириш учун менга раиснинг ҳузурига киришга рухсат берилди. Бошлиғим йўқ пайтларда Воҳид Охуновичнинг фуқароларни қабул қилишларида иштирок эта бошладим. Ҳар бир қабул менда катта таассурот қолдирарди. Мен раиснинг муомала маданияти, инсонлар дардини эшита билиш ҳамда уларга ётиғи билан тушунтира олиш санъатига қойил қолардим. Шундай қабуллардан бири ҳамон ёдимда.
Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) қамалида бўлган Иккинчи жаҳон уруши ногирони бўлган бир аёл Тошкентда яшовчи қизининг уй-жой масаласи бўйича Марказдан қўнғироқ орқали қабулга келди. Анчагина савол-жавобли суҳбат бўлди. Аёлнинг илтимоси қондирилмади. Воҳид ака ўрнидан туриб, аризачи билан самимий хайрлашиб, менга уни кузатиб қўйишни буюрдилар. Эшикка чиққач, ўша аёл менга: «Менинг ишим битмади, аммо мэрингизнинг юксак маданияти, билимдонлиги, муомаласи, камтарлиги мени ҳайратга солди ва у ҳақда дилимда илиқ таассурот қолди», – дея раҳбаримизга холисона, адолатли баҳо берди.
Воҳид Охунович Козимов ўн тўрт йил давомида шаҳар хўжалигига моҳирлик билан раҳбарлик қилдилар. Бу муҳтарам инсон бутун фаолиятини халқ иши, унинг фаровонлиги, пойтахтнинг гуллаб-яшнашига қаратди. Тошкент метрополитени, «Туркистон» саройи, Мус­тақиллик майдони, Халқлар дўстлиги санъат саройи, хиёбонлар, маданият ва истироҳат боғлари, мактаб ҳамда мактабгача муассасалар, шоҳ кўчалар ва кўпгина мажмуаларнинг бунёд бўлиши у кишининг ҳам тинимсиз меҳнатлари натижасидир. Воҳид Охунович Козимовдаги букилмас ирода,
сабр-қаноат, меҳнатсеварлик, камтаринлик, вазминлик, инсонийлик каби фазилатлар уйғунлашиб, у мукаммал инсон даражасига кўтарила олган, деб ўйлайман.
Биз шогирдлар жуда қўп инсонлар қалбидан чуқур жой олган устозни Аллоҳ раҳматига олиб, охиратлари обод бўлсин, дея доим дуога қўл очамиз.

С.А.Хўжаева, А.Н.Нуъмонов, Б.К.Алиев, В.О.Козимов турмуш ўртоқлари билан, А.М.Хўжаев, Ш.Т.Нусратов. Тошкент, 2005