Н.А.Аббосхонов
Мен 1935 йилда Қўқон шаҳрида туғилганман. 1957 йил Ўрта Осиё Политехника институти қурилиш факультетини тугатиб, йўлланма билан Қўқондаги 705-қурилиш бошқармасига ишга юборилдим. Лекин Қўқон шаҳар ижроия қўмитаси раиси ўз ҳузурига чақириб, эндигина ўқишни битириб келганимга қарамай, мени шаҳар бош архитектори – шаҳар қурилиши ва архитектура бошлиғи лавозимига тавсия қилди. Шаҳар депутатлар совети тасдиғидан ўтгандан сўнг ишни бошлаб юбордим.
1961 йил Тошкентдан Қўқонга кўчирилган коммунал хўжалиги техникумига директор этиб тайинландим.
1963 йил Қўқон шаҳар партия қўмитаси бюро аъзоси, Қўқон шаҳар ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинландим. Шу даврдан бошлаб мен бевосита Воҳид Охунович Козимов раҳбарлигида ишладим.
Асосий вазифам шаҳарсозлик масалалари бўлиб, бунга қурилиш, ободонлаштириш, барча хўжалик тармоқларининг ишлари билан шуғулланиш кирар эди.
Эсимда, бир куни мени шаҳар партия қўмитасинииг биринчи котиби ўз хизмат хонасида кутиб турганини ва у ерга зудлик билан етиб келишимни айтишди. Кирсам, узун катта кабинет столи атрофида 20 кишидан кўпроқ Қўқон темирйўл ишчилари, уруш қатнашчилари ўтиришибди. Воҳид Охунович ёнидаги бўш стулга ўтиришимни сўрадилар.
Ишчилардан бири, кекса темирйўлчи сўз олиб, кечаги темирйўл бошқармаси бош бухгалтери отасининг дафн маросимида бир қанча коммунистлар қатнашди, ҳаттоки жанозаси ўқилганини айтди. «Биз революцияни шунинг учун қилганмидик, қани бу ерда партиявий ҳалоллик, интизом», – деб давом этди. Ҳатто жанозага қатнашганларни тартибга чақириб, жазолаш масаласини кўндаланг қўйди. Барча қолган вакиллар ҳам шуни қўллаб-қуватладилар. Ишчилар вакилларининг ғала-ғовури, тортишувлари, бақир-чақирлари хонани тутиб кетди. Мен вазият чигаллашиб бораётганлигини, катта портлаш юз бериб, бунинг акс-садоси Тошкентга, Республика ҳукуматига, партия марказий қўмитасига албатта етиб боришини ҳис қилиб турдим. Воҳид Охунович менга назар ташлаганда, мени совуқ тер босган, нима дейишни билмай қолдим. Жимликни Воҳид Охунович буздилар:
– Ўртоқлар, сизлар кекса темирйўлчилар, ўз фидойи меҳнатларингиз туфайли обрў-эътиборга, ҳурматга сазовор инсонсизлар. Майли, сизлар ўзаро суҳбатлашиб, ўйлаб, ягона фикрга келиб, шу дафн маросимларини қай тарзда ўтказиш таклифини беринглар. Биз шунга асосланиб қатъий қарор қабул қиламиз. Сизнинг бу қарорингиз бутун Қўқон темирйўли ишчи-хизматчилари тақдирларини ҳал қилади.
Хонада яна ғала-ғовур бошланди. Ишчиларнинг бири у деди, бири бу деди. Воҳид Охунович босиқлик билан: «Бўлмаса ўйлаб, битта фикрга келиб яна бир келарсизлар»,– дедилар.
Барча кекса ишчи-хизматчилар, турли миллат вакиллари хонадан бирин-кетин чиқа бошлади. Воҳид Охуновичнинг жиддийлиги, шошма-шошар қарор қабул қилмаслиги, мени ҳам, ўзини ҳам сақлаб қолди. Чунки бу тўполон кимгадир керак эди, тепадаги раҳбарлар ҳам бундан хабардор эканлиги шундоқ билиниб турар эди.
Кўчага чиқибоқ кекса ўзбек темирйўлчи ишчилар: «Нима, энди биз кафансиз, тобутда, жанозамиз ҳам ўқилмай кўмилишимиз керакми?» – деб роса ғала-ғовур қилишди.
Натижа шу бўлдики, эртасига ҳам, келгуси кунлар ҳам ҳеч ким келмади. Ўшанда Воҳид Охуновичнинг вазиятни оқилона ҳал қилганига тан бердим.
Воҳид аканинг донишмандлиги, фикрлаш салоҳиятининг кенглиги, узоқни кўра олишини билдим. Биз устоз-шогирд бўлиб, елкама-елка ишлаш жараёнида мен бу инсондан одоб-ахлоқ, муомала маданияти, камтарлик, камсуқумликни, одамлар дардини эшитиш, қалбини тинглашни, уларнинг ўй-фикрлари, истаклари, орзу-армонлари нимадан иборат эканлигини чуқур англашни ўргандим.
Биз Воҳид Охунович билан аҳолини қабул қилиш кунларини бевосита жойларга чиқиб маҳалла, завод-фабрика, қурилиш ташкилоти, мактабларда ўтказишни йўлга қўйдик. Сайёр мажлислар қилиб, бу мажлисларда барча шаҳар мутасадди идоралари бошлиқлари қатнашар, барча мурожаат, таклиф-эътирозлар жойида, шу ернинг ўзида одилона ечимини топар эди.
Аҳоли ҳам бу сайёр йиғилишларга ўз дарду-ҳасратлари, муаммоларининг ҳал этилишига чинакам ишониб келадиган бўлдилар.
Шаҳар ижроя қўмитасида уй-жой, квартира бериш , аҳоли уй-жой қурилиши учун ер ажратишда таъмагирликларнинг олдини олиш мақсадида ишчи-ходимлар ишлайдиган корхона, ташкилотларнинг касаба уюшмаларига, завод-фабрика маъмуриятининг ўзига юклатилди. Бу билан қайси оила қандай кун кечиришини яхши биладиган корхоналар жамоаларининг ўзларига ишонч билдирилди.
Воҳид ака ҳам, мен ҳам театр ишқибози эдик. Оилавий Қўқон драма театрига бориб спектаклларни томоша қилиб турардик. Қўқон театрининг директори касаба уюшмаси бошлиғи билан чақиртирилиб, уларга ҳам иккита уй-жой квартиралар ажратилгани тўғрисида хабар берганимизда, улар: «Бизнинг устимиздан кулманглар, ахир биз неча йиллар ололмаган квартираларни артистларнинг оилаларига ҳам беришингизга ишонмаймиз», – деб қолишди. Шунда мен, Воҳид Охунович рухсати билан шаҳар ижроия қўмитасининг қарорини кўрсатганимда, улар қувончдан йиғлаб юборишди.
Воҳид Охунович жуда ажойиб инсон эдилар. Бир ишни қилишдан олдин пухта ўйлаб, режа тузиб, одамлар билан маслаҳатлашиб иш тутар эдилар. Оддий меҳнаткашни ҳам эшитишни билар эдилар. Уларнинг кўпчилиги кўнглига йўл топиб, муаммоларини имкон даражасида ҳал қилар эдилар.
Воҳид ака билан Тошкентда ҳам ака-
укачилигимиз давом этиб, мен Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари, улар Тошкент шаҳар ижроия қўмитасининг раиси лавозимида ишладик. Тошкент шаҳрини ободонлаштириш, қурилиш ишларида елкама-елка ишладик.
Нафақага чиққанимизда водийлик улфатлар ойда бир марта йиғилиб турар эдик. Жуда аҳил эдик. Оилавий борди-келдимиз бор эди. Оғир-енгил кунларимизда ҳамиша ёнма-ён бўлдик.