ҲАЁТ МАКТАБИ

К.Р.Расулов

Карим Расулович Расулов Ўзбекистон Республикаси Байналмилал Маркази раиси,
Тошкент шаҳар ижроқўми раисининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Тошкентга хорижий ва қардош республикаларнинг турли даражадаги делегациялари ташриф буюриб, бу ташрифга Ш.Р. Рашидов бошчилигида Асатилла Ашрафович Хўжаев, Воҳид Охунович Козимовларнинг бевосита иштирокида пухта тайёргарлик кўрилар эди.
1976 йил куз ойларида собиқ Совет Иттифоқига Филиппин давлати президенти Фердинанд Маркос ва унинг рафиқаси Имельда Маркос келиши, мазкур давлат ташрифи натижасида дипломатик алоқалар ўрнатилиб, халқаро муносабатларнинг муҳим йўналишлари бўйича келишувлар, битимлар тузилиши
кўзда тутилган эди.
Москвадан қайтаётган меҳмон бир кечага Тошкентда дам олиб, эртасига ўз юртига қайтиши режалаштирилганди. Делегацияни кутиб олиш ва кузатиш тадбирларини бошқариш шаҳар партия қўмитасининг агитация ва пропаганда бўлими бошлиғи бўлган менга юклатилди. Филиппин президентини «Тошкент – 2» халқаро аэропортида 20 нафар ёш ўқувчилар ва 300 кишидан иборат шаҳар аҳолиси вакиллари гуллар, Иттифоқ ва республикамиз байроқларини қўлда ушлаганча кутиб олишди. Аэропорт фасадида «Тошкентга хуш келибсиз, жаноб президент Маркос!» деб ёзилган катта транспорант урнатилган эди. Делегацияни Олий Совет раиси Назар Маткаримович Матчонов, Воҳид Охунович Козимовлар аэропортда кутиб олишди.
Эртасига, якшанба куни ҳар сафаргидек ишхонага пиёда шошилмай келиб, душанба куни бўладиган йиғилишга тайёргарлик кўра бошладим. Шу ишлар боис менинг ҳаёлимдан делегацияни кузатиш мутлақо эсдан чиққан эди, хусусан керакли одамларга топшириқ бермаганим, 20 нафар бола, 300 кишини аъэропортга олиб чиқиш вазифасини юкламагандим.
Шу тариқа Марказий Комитетнинг Филиппин президентини кутиш ва кузатиш бўйича Фармойишини қўпол бузгандим…
Буни мен «Саперная» кўчасидаги уйимга келиб, кийимимни алмаштираётиб, «Россия» меҳмонхонаси олдидан аэропорт томонга ғизиллаб ўтаётган автомашиналарнинг сирена товушидан билиб, нима иш қилиб қўйганлигим, юқори мартабали меҳмонни кузатиш маросими чиппакка чиққанини, аэропортда энди уларни ким кузатади, эртасидаги йиғилишда менга қандай интизомий чора кўрилишини ўйлаб, кечаси билан ухлай олмадим.
Душанба куни горкомга соат 7:00 да етиб келиб, сейфдан партбилетимни олиб, горком бюроси номига тушунтириш хатини ёзиб қўйдим. Шу пайт ҳукумат телефони жи­ринг­лаб, Тошкент шаҳар ижроқўми раиси В.О. Козимовнинг: «Карим Расулович, нима сабабдан Филиппин президентини кузатиш тўла-тўкис барбод бўлишига бир бахя колганини тушунтириб беришимни, бу масала горком бюросида куриб чикилишини», – айтдилар. Бир неча сониядан сўнг Олий Советдан Н.М. Матчонов қўнғироқ қилиб, кечаги воқеалар тафсилоти ва айбдорларга горком томонидан кўрилган интизомий чоралар ҳақида баённомани етказишимни айтди.
Мен тушунтириш хатим билан шаҳар партия қўмитасининг идеология бўйича сек­ретари Владимир Владимирович Барабаш ҳузурига чиқдим. У ҳеч нарсадан бехабар мен билан қуюқ сўрашиб, дам олиш кунлари қандай ўтганини сўради. Мен олдиндан узр сўраб, кечаги воқеалар тафсилотини, Воҳид Охунович билан кечган суҳбатни, Назар Маткаримович телефон қўнғироғини айтиб, Марказқўм фармойиши ва ўзимнинг тушунтириш хатимни унга узатдим. У жуда қаттиқ ранжиб, фармойишда қайси горком котибининг визаси турганлигини сўради. Мен ҳеч қайси котибнинг визаси йўқлиги, бу фармойиш менга тўғридан-тўғри тушганлиги, уни умумий бўлим бошлиғидан ўзим қўл қўйиб олганлигимни айтдим.
В. В. Барабаш шу ерда ўтириб туришни уқтириб, ўзи барча ҳужжатлар билан олтинчи қаватга, биринчи котиб ҳузурига чиқиб кетди.
Соат 15:00 да бошланадиган Бюро йиғилишига барвақтроқ келган Воҳид Охуновични кабинетим ойнасидан кўрдим, у биринчи котиб олдига кирганини билдим. «Менинг масалам» муҳокама қилинаётганини сезиб турдим…
Роса соат 15:00 да Бюро йиғилиши бош­ланиб, кадрлар масаласи кўрилди, бошқа масалалар муҳокама қилинди. Охирида парткомиссиянинг шахсий масала бўйича қарори қабул қилиниши, бунда Бюрода қатнашаётган барча бўлим мудирлари хонани тарк этиб чиқиб кетиши, яъни мен ҳам уни бўшатиб қўйишим керак эди.
Мен айни дамда шахсий масалам кўрилишини кутиб, Асатилла Ашрафовичга назар ташладим. У: «Карим Расулович, мен барча бўлим бошлиқларини мажлислар залини тарк этишини айтдим-ку! Бу сизга ҳам тааллуқли», – деди.
Мен дарҳол ўрнимдан туриб чиқиб кетиб, учинчи қаватдаги хонамга тушдим. Хонамнинг дераза ойнасидан барча бюро аъзоларининг, шу жумладан, Воҳид Охунович Козимовнинг ҳам шаҳар партия қўмитаси биносидан чиқиб кетганини кўрдим. Бироз­дан сўнг В.В. Барабаш олдига киришимни илтимос қилди. У шошилмай, биринчи котиб Асатилла Ашрафович ҳузуридаги суҳбатдан мени огоҳ этди.
Ўша маъшум якшанба кечаси Воҳид Охунович Козимов «Тошкент – 2» Халқаро аэропортида на болалар, на меҳнаткашлар вакилларининг кузатувга чиқмаганини кўриб, аэропорт бошлиқларига ходимлардан бирмунчасини тўплаб, қўлларига гул тутқазиб, мен қилишим лозим бўлган ишларни ташкиллаштириб, аэропорт ва ресторан ишчи-ходимларини самолёт учиб-қўниш жойига сафлантириб, омилкорлик билан ҳеч нарса сездирмаган холда, ақл бовар қилмайдиган пухта иш қилганини билдим.

Воҳид Охунович ва Кимёхон аянинг олтин туйлари.
Академик М.Ш. Шарифхўжаев қутлови. Тошкент, 2002 йил.


На Москвадаги Ташқи ишлар вазирлигидаги, на меҳмонлар узи бўлиб ўтган ишларни сезмай, хурсанд ҳолда ўз юртларига учиб кетадилар…
В. В. Барабаш раҳбарлар билан бўлиб ўтган суҳбат асносида бутун айбни ўзига олиб, мени муқаррар жазодан қутқарган эди. Воҳид Охунович Козимовнинг уддабуронлик билан вазиятни тўғри баҳолаб, моҳирона иш кўриши, республикамиз обрўсини чет эллик меҳмонлар кўз ўнгида сақлаб қолди. Бу воқеа менинг ҳаётимни бутунлай ўзгартириб юбориши мумкинлиги, орадан 40 йил ўтса-да, эсимдан чиқмайди. Бу мен учун энг катта ҳаёт сабоғи бўлиб қолди.
Устозим Воҳид Охуновичга бутун умр миннатдор шогирд сифатида улардан кўп нарсани ўргандим, энг асосийси, қаерда, қайси лавозимда ишламайин, энг аввало, оддий инсон бўлиб қолиш нақадар юқори шарафли ном эканлигини уқдим. Лавозим, амал ўткинчи, одамдан фақат яхши ном, яхшилик қолиши, атрофингдаги одамлар қалбида сендан сўнг илиқ хотира қолса, шу катта бахт – шараф экан.
Менинг қалбимда Воҳид Охуновичдек камтарин, юрт эъзозлаган беназир инсон хотираси абадий яшайди.

Жавоб қолдиринг