ЮКСАК МАДАНИЯТ СОҲИБИ

А.Қ.Толибжонов

Анвар Қосимович Толибжонов Тошкент шаҳар Умумий овқатланиш бошқармаси бошлиғи
муовини лавозимида ишлаган.

Мен Воҳид Охунович Козимов Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси бўлган кезларда бу буюк инсон билан елкама-елка шаҳар умумий овқатланиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Ўз хизмат вазифам боис Республика пойтахтида уюштириладиган турли тадбирларда бу юксак маънавият, қобилият соҳибининг тиниб-тинчимаслиги, беҳаловатлиги, оддий меҳнаткаш халқ дарди, ўйи, уларнинг кундалик турмушини яхшилаш, ёрдам бериш дарди билан кун кечирган улуғ раҳбар деб биламан. У ўзига ҳам, қўл остида ишлаётган турли лавозимдаги раҳбарларга ҳам бирдек топширилган ишларга масъулият билан ёндашишни талаб қилардилар.
Тошкент зилзиласидан сўнг вайрон бўлган шаҳарни ободонлаштириш, уни нафақат Республика пойтахти сифатида, балки Осиё гавҳарига айлантириш мақсадида катта бун­ёдкорлик ишларини амалга ошириш керак бўлди. Катта-катта аҳоли турар жой мавзеларини бузиб, уларнинг ўрнига замонавий турар жой объектларини қуриш, азият чеккан шаҳар халқини шу уйларга кўчириш лозим эди.
Тезкорлик билан Марказий Осиёда ягона бўлган метро, катта «Халқлар дўстлиги» номидаги киноконцерт саройи, телеминора, хиёбонлар бунёд этилди. «Халқлар дўстлиги» саройининг қурилишида кунига минглаб қурувчи ишчилар тер тўкиб меҳнат қилишган, шаҳарнинг турли бурчакларида штаблар тузилиб, қурувчиларни боқиш, еб-ичишини таъминлаш бизнинг умумий овқатланиш
бошқармамиз зиммасига юклатилган эди.
Тошкент метрополитени, киноконцерт саройи, Навоий кўчасидаги савдо расталарининг ички таъмири, безаги бўйича Воҳид Охуновичнинг ҳақли эътирозлари бўйича ишлар пухта, омилкорлик билан бажарилар, йиғилишларда ҳар бир раҳбарга аниқ вазифа юклатилиб, уни аниқ муддатда бажарилишини талаб қилардилар. Савдо расталарини миллий кўринишда қуришни тавсия этганларида, мен расталарни метросозлар қургандек гумбазли шаклда қуриш таклифини ўртага ташладим. Бу Воҳид Охуновичга маъқул бўлиб, мендан гумбазли метро бекати қурилишини кўрсатишни илтимос қилдилар. Метросозлар гумбазли шаклда бунёд этаётган «Алишер Навоий» метро бекати қурилиш майдонига борганимизда майдон икки метрдан зиёд тўсиқлар билан ўралганини кўрдик. Воҳид ака усталик билан тўсиқнинг устига чиқиб, бир неча дақиқа қурилиш объектида қандай қилиб гумбазлар қурилаётганини томоша қилдилар, ўргандилар. Шунинг натижасида биз миллий орнаментга эга бўлган Навоий кўчасидвги савдо расталарининг устига гумбазлар ўрнатдик, бу шоҳ кўча кўркига кўрк қўшди, шаҳарнинг чиройини очди.
Тошкент аэропортини реконструкция қилиб, қайта қуришга бағишланган йиғилишда архитектор бир неча чизмалар эскизини кўрсатиб, пойтахтга келган меҳмонлар кўзига Москва шаҳрининг кўриниши акс этган манзараларни намойиш қилди. Воҳид Охунович архитекторни диққат билан тинглаб, сўнг ундан сўрадилар: «Сиз шу заминда туғилганмисиз? Нега биз Москва шаҳри кўринишини қайтаришимиз керак, ахир миллий ўзлигимизни кўрсатганимиз маъқул эмасми!». Шу билан хомаки тайёрланган бу масаланинг ечимини қайта пухта ўрганиб, бир неча кунга орқага қолдирдилар.
Эски шаҳар ёпиқ бозорининг қурили­ши ишлари чоғида маҳаллий аҳоли
ичимлик сув таминотидан бир ҳафтага маҳ­рум бўлиб қолганлиги, қурилиш ташкилоти раҳбарларига қилинган эътирозли талабларини улар инкор этиб, бажармаётганини Воҳид Охунович Козимов ташрифлари чоғида арз қилиб айтишади. Воҳид Охунович қурувчиларни, уларнинг бошлиқларини маҳалла аҳли олдида эътиборсизликлари ва одамларни қийнаб қўйганликда айблаб: «Ўзларингизда ҳам оилангиз – хотин, бола-чақангиз бор. Уларни бир кун сувсиз қолдириб кўринг-чи, нима бўлади? Ўзларингизни шу сувсиз қийналган одамлар ўрнига қўйиб кўринглар, улар яшаётган муҳитда яшаб кўрингларчи. Бизнинг барчамиз, катта-кичик раҳбарлар ахир шу меҳнатсевар халқдан чиққанлигимизни унутмаслигимиз, ердан оёғимиз узилмаслиги, халқ дарди билан яшашимиз керак. Одамлар учун қилаётган эзгу ишларингизни арзимаган эътиборсизлик оқибатида чиппакка чиқариб, ўз обрўингизни тушириш сизга нимага керак? Сувни бугуноқ улаб беринглар!» – деб, катта сув котловани қазилган жойга шахдам юриб келиб, қўлига белкурак олиб, сув сизиб чиқаётган жойни кавлаб кетдилар. Буни кўрган қурилиш раҳбарлари юзлари шувит бўлиб, шаҳар ижроқўми раисининг хатти-ҳаракатидан ор-номуслари устун келиб шу заҳоти ишга киришиб, носозлик бартараф этилиб, аҳоли сув билан таъминланади…
У киши буйруқ бериб, ваъданинг бажарилишини талаб қилиши мумкин эди. Лекин Воҳид Охунович раҳбарларга бу воқеа бир умрга эсда қоладиган сабоқ бўлиш учун ва ҳар бир амалдор қайси мансабда бўлишига қарамасдан оддий халқ ташвишлари биринчи ўринда ҳал бўлиши шарт деб, шу маънода иш юритардилар. Шаҳар ободонлаштириш ишлари билан алоҳида тузилган бошқарма шуғулланар эди. Ёз чилласида шаҳар шундай қизир эдики, нафас олиб бўлмас даражага келиб қоларди. Шаҳарнинг катта асфальт йўл ёқаларига дарахт ўтказиш керак эди. Энг тез ўсадиган дарахт – бу терак эди. Лекин терак ўзидан оқ пар чиқариши сабабли уларнинг ёнига қайрағоч, каштан ва бошқа дарахтлар ўтқазилса, кейинчалик улар катта бўлиб терак ўрнини босишини айтадилар. Воҳид Охунович ўн-ўн беш йилдан сўнг Тошкент аҳолиси фаввора – фонтанлар ёнида, шу дарахтлар соя­сида мазза қилиб бола-чақаси билан ҳордиқ чиқариб, кечаси сайр қилишини кўз олдига келтирган эдилар. Халқ мақолида айтилганидек: «Яхшидан боғ қолади, ёмондан доғ». Ҳозирги шаҳримиз кўрки Воҳид Охунович эктирган манзарали дарахтлар, қурдирган
хиёбонлар билан гўзалдир…
Шаҳар ижроқўми ички ҳовлисида кўп йилдан бери ўсаётган оқ қайин жуда чиройли манзарани кашф этиб турарди. Қишда ёққан қалин қор унинг шохларини эгиб, баъзиларини синдириб ҳам юборган экан. Ўша қиш кунларининг бирида шаҳар ижроқўмининг йиғилиш залида барча мажлис бошланишини кутаётганди. Воҳид Охунович мажлис залига кириб келадилар ва ички ҳовлига қараган ойна олдида тўхтаб, ўйчан, маҳзун нигоҳ билан мажлис аҳлига ўгирилиб, паст овозда: «Қандай бераҳмлик…» У ҳеч нарса демай залдан чиқиб кетади. Кўпчилигимиз нима бўлганини англай олмадик. Дераза ойнасига югуриб борганлар ташқарида совуқда Воҳид Охуновичнинг оқ қайиндаги қорни силкитиб, эгилган шохларни жойига келтираётганини кўриб, ҳанг-манг бўлиб қолдилар. Биз барчамиз эрталаб шу дарахтнинг олдидан ўтган эдик-ку. Нега бизнинг ақл-фаросатимиз шу оддий иш – қийналаётган дарахтга ёрдам бериб, шохларини ўз ҳолига келтириб қўйишни билмадик. Нега?! Юзлаб катта-кичик ҳокимият ишчи-хизматчилари назари тушса-да, ақли етмаган оддий ҳолнинг ечимида, бу буюк, оддий, самимий, ички дунёси соф-тоза, турли хил кир-чирлардан ҳоли бўлган устоз­нинг кундалик турмуш тарзи ҳаммамизни ҳайратга солди, ўйга толдирди, биз мажлис аҳли учун ҳаёт мактаби бўлди…
Биз ҳозирда юрган Тошкент метроси, шаҳримиз хиёбонлари, боғлари, гўзал каштан-дарахтли кўчаларида Воҳид Охунович ва у киши билан бирга ишлашган сафдошларининг руҳи кезиб юрибди, ушбу дарахтлар устозга саловатлар айтиб тургандек гўё. Шогирдлари, сафдошлари хотирасида эл севган, эъзозлаган инсон ҳамиша барҳаёт, у ўлмайди, умрбод яшайди!

Жавоб қолдиринг