ШАҲАР ҲАЁТИ

С.Х.Имонов

Собитхон Худойназарович Имонов Тошкент шаҳар маиший хизмат кўрсатиш уюшмаси раиси,
Тошкент шаҳар бош савдо бошқармаси бошлиғининг муовини
лавозимларида ишлаган. Ҳозирда «Кўкча Оқтепа» МФЙ раиси.

Мен 1978 йилдан Тошкент шаҳар савдо бош бошқармасида иқтисодчи лавозимида иш бошлаганман. Иш давомида жуда кўп ижроқўм йиғилишларида иштирок этганман. Воҳид Охунович Козимовнинг инсонийлик ва раҳбарлик салоҳиятидан тўлиқ хабарим бор эди, бу борада мен ўзим устозимга доимо тақлид қилиб келганман. 1982 йилдан бошлаб улар раислик қилаётган ижроқўм аппарат йиғилишларида янги ташкил этилган «Савдо ва маиший хизмат» бўлимида аввал иқтисодчи, кейин бўлим бошлиғи бўлиб ишладим. Уларнинг тўғридан-тўғри раҳбарликларида тўрт йил ишлашга муяссар бўлдим. Воҳид Охунович ўта маданиятли инсон эдилар. Қўл остидагиларга талабчан, айниқса, бизга ўхшаган ёшларга меҳрибон устоз бўлиб келганлар. Йиғинларда доимо хизматчилар билан бўлган мулоқотларида «сиз» сўзлари «сан»га бормаган.
Жойларда вазиятни ўрганиш учун ҳафтанинг ҳар шанба куни барча туман ва шаҳар миқёсидаги раҳбарларни автобусга ўтқизиб, барча соҳа раҳбарлари билан биргаликда аҳоли яшайдиган жойларга бориб, вазиятни тўлиқ ўрганиб чиқар эдилар. Шу куннинг иккинчи ярмида аниқланган камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўриларди.
Воҳид Охуновичнинг яна бир хислатлари, улар деҳқон бозорларидан маҳсулотларнинг нарх-наволари бўйича кундалик назорат таҳлилини олишни йўлга қўйганликларида эди. Ҳар куни эрталаб ишга келганларида биринчи навбатда шаҳар бўйича кечаси юз берган воқеа ва ҳодисалар бўйича ички ишлар ходимларининг маълумоти билан танишгач, бу борада керакли топшириқлар бериб, чора-тадбирлар белгилардилар. Кейинги ишлари эса, юқорида айтганимдек, шу кунги аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган маҳсулотлар нарх-навоси билан танишиб, бизларга топшириқ ва ўз тавсияларини берардилар.
Шуни алоҳида такидламоқчиманки, улар ҳар бир соҳада ишловчи раҳбар ходимларни танлаш ва жой-жойига қўйишга жуда катта эътибор бериб келардилар. Ўша даврда шаҳар партия қўмитасида кадрлар тайёрлаш тизими яратилган бўлиб, Воҳид Охунович бу ишга жиддий ёндашар эди. Бунинг натижасида мунтазам равишда кадрларнинг поғонама-поғона ўсиши таъминланарди, яъни улар шаҳар миқёсидан Республика даражасига кўтарилиш имкониятиларига эга бўлардилар.
Устозимиз ўз қўл остидаги ходимлар билан оталарча муносабатда бўлиб, улар ўзаро суҳбат чоғида оилавий шароитлари билан қизиқиб, ёрдам қилардилар, бизга
керакли йўл-йўриқ ва насиҳатлар берардилар.
Воҳид Охуновичнинг ўз оилаларидаги таълим-тарбия ишлари ҳам биз учун намуна бўлиб келган десам, тўғри бўлади. Кўпчилик ходимлар улардан таълим-тарбия борасида ҳам ибрат олганлар.
Мен «Кўкча Оқтепа» маҳалласида, 2003 йилдан буён маҳалла фуқаролар йиғинига раислик фаолиятим жараёнида ҳам Воҳид Оҳуновичнинг ўгитларидан амалда фойдаланиб келмоқдаман.
Мен устозимдан олган тажриба ва билимлар бугунги ҳаётимда жуда ҳам катта фойда бераётир. Шундай ажойиб инсон билан ёнма-ён ишлаганим учун ўз тақдиримдан миннатдорман ва бу билан фаҳрланаман.
Устозимнинг порлоқ хотиралари олдида бош эгиб таъзим киламан.

Дўстлар даврасида: В.О.Козимов, М.И.Ирматов, С.М.Жумабоев, С.Н.Комилов

Жавоб қолдиринг