УМРБОҚИЙ УСТОЗ

А.А.Тожиев

Абдурасул Абдуразоқович Тожиев Тошкент шаҳар Ҳамза тумани бош архитектори
лавозимида ишлаган.

Мен у киши билан биринчи учрашган кезларимни ёрқин хотиралар билан эслайман. Шаҳар Бош архитектура бош­қармасига 1974 йил кузда институт йўлланмаси билан ишга келгандим, 1978 йили «Шаҳар фасадлар инспекцияси» ташкил қилиниб, бу йўналишни бошқариш менга топширилгач, биринчи маротаба у киши билан учрашдим. Фасадлар бўйи­ча шаҳар ҳокимияти қошидаги комиссия аъзолари ичида мен энг ёш ходим эдим. Бундан ташқари, бу комиссиядагиларнинг ёши катта ва лавозимлари ҳам юқори эди. Бу кишилар мени унчалик жиддий қабул қилишмас эди. Лекин Воҳид Охунович Козимов умуман бошқа дунё эдилар. Воҳид Охунович биринчи ўринда касбий лаёқатни, профессионалликни қадрлар эдилар. Ўзлари чуқур саводли, ички маданияти теран, ниҳоят даражада ақли ўткир, нозик фаросатли, тил маданияти чуқур инсон эдилар. У кишининг ички маданияти шундай нарсаларни тақозо қилардики, эгаллаб турган лавозимларининг юқорилигига ва атрофдаги баъзи бир кишиларнинг лаганбардорлигига қарамасдан, ўзлари билмайдиган соҳаларда профессоналлар билан маслаҳатлашиб, уларнинг фикр ва мулоҳазаларини ўрганиб қарор чиқарар эдилар. Кўрилаётган масалалар бўйича тўғри, профессонал хулоса ва ечимлар топишда ўша касб мутахассисларининг ёши ва эгаллаб турган лавозимларига эмас, касбий маҳоратларига таяниб иш кўрардилар. Топилган ечим-хулосалар ўзларининг эмас, мана шу соҳа соҳибининг фикри эканини хотиржам тан олиб таъкидлар эдилар.
Мен ўз ишимга жиддий ёндошиб, уни сифатли бажарар ва ишим юзасидан пайдо бўлиб қолиши мумкин бўлган саволларга тайёр туришга интилар эдим. Воҳид ака буни дарров пайқардилар ва мен билан бирга бу ишга жуда аҳамият билан киришиб кетардилар. Мақсадимиз – шаҳримизни гўзал, ораста бўлишини кўриш эди.
Мен ҳар ҳафтанинг пайшанба кунларида шаҳар фасадлар комиссияси аъзолари билан шаҳар ижроқўмига борар эдим. Комиссия у киши бошчилигида менинг ҳисоботимни тинглашарди. Мен ёш, шижоатли бўлганлигим учун ҳисоботларни борича, ҳеч қандай безакларсиз тайёрлардим. Иш услубим шундай эдики, шу ҳафта ҳисоботида кўрсатилган камчиликлар юзасидан уларни тўғрилаш учун Воҳид Охунович белгилаб берган фурсат якунида бу ишлар қай даражада эканини яна бир бор текшириб, расмлар билан ҳужжатлаштириб, келаси ҳисоботда айтиб ўтардим.
Бир туман ижроқўми раиси ҳужжатларга қарши ўлароқ, ўзи тайёрлаб келган фото суратларни Воҳид Охуновичга кўрсатиб, мени мулзам қилмоқчи бўлди. Воҳид ака бу суратларни кўрар экан, жуда жиддий ва хотиржам оҳангда: «Ҳа, ўртоқ раис, сизга давлат мукофотини берса бўлар экан. Сизга камчиликларни тузатиш учун берилган бир ой фурсат ичида 4 йўлакли уйни 6 йўлакликка айлантириб, чиройли таъмирлаб ҳам қўйибсиз», – дедилар. Ҳалиги раҳбар ҳеч нарсани тушунмай туриб қолди (Чунки унга бу ҳисоботни югурдаклари тайёрлаб берган эди-да), ўзи эса объектни бориб кўрмаган ҳам экан, камчиликлари кўрсатилган уй 4 йўлакли 4 қаватли уй эди-да.
Шундай пайтларда Воҳид ака барчани аста, нафсониятларига тегмай жуда сипо ва сокин ҳолда сўзлаб, ўз ўрнига ўтқизиб қўярди. Шу аснода ҳаммага ўз ўрнида қилган ишини талаб даражасида саводли ва камчиликсиз, хатолардан ҳоли равишда бажариш лозимлигини уқтириб қўярдилар.
У кишининг мен шуғулланаётган уй фасадларидан ташқари қанчадан-қанча ишлари бўлишига қарамай, бу ишни ҳам ниҳоятда диққат билан ўрганиб, мендан изоҳлар олиб, шижоат билан шуғулланиб-ўрганиб, кези келса, тайёрланган ҳисоботлар юзасидан эринмай жойларга чиқиб кўриб ҳам келар эдилар.
Воҳид аканинг ниҳоятда камтар ва адолатли инсон эканликларини билдириб турувчи воқеалар эсимда.
Бир сафар пайшанба ҳисоботимга планшет ва доскаларим билан етиб келсам, ҳамма бору, у киши йўқ эканлар. Мажлисимиз кеч соат саккизда бошланар эди. Баъзида у узоқ давом этар, мажлисдан сўнг планшет доскаларимни кўтариб яна ишхонамга қайтиб, уларни ўша ерда қолдириб, сўнгра
уйимга қайтар эдим. Шу сабабли ёшлигимга бориб 15 дақиқа пойлаб ўтирдимда, сўнг сабрсизликдан нарсаларимни кўтариб йўлакка чиқиб кета бош­лаган пайтимда Воҳид ака келиб қолдилар ва менга пешвоз чиқиб: «Узр-узр, хўжам (у киши мен билан шундай ҳазиллашар эдилар)», – деб, менинг доскаларимдан бирини кўтариб, елкамдан ачомлаб орқамга қайтарган эдилар.
Яна бир сафар Сергели туманига ҳисоботим бўйича чиқиб, жойида масалаларни ўргангач, ижроқўмга мажлисга чақирилдик. У ерга йиғилганларнинг барчаси ўз хизмат машиналарида кетишди. Мен шаҳар транспортида кетдим. Турган гапки, кеч қолдим. Воҳид аканинг жаҳли чиққанини сездим, лекин у киши сиполик билан кеч қолганим сабабини сўрадилар. Мен яна ёшлигимга бориб тўғри ва кескин жавоб бердим: «Воҳид Охунович, Сергелига йиғилганларнинг барчаси ўз машиналарида келишди. Мен эса шаҳар транспортида келдим. Агар планшет-доскаларим бўлмаганда велосипедимда келардиму, барибир кеч қолишим аниқ эди-да», – дедим. У киши кулиб юбордилар ва менга хизмат машинасини ажрата олмасликларини, лекин сотиб олишим учун битта «Жигули» машинасини бера олишларини айтдилар. Мен хурсанд бўлиб кетдим, аммо хурсандлигим узоққа чўзилмади. Машининг овозаси иш жойимга келиши билан унинг эгалари чиқиб қолди. Шу пайтда Воҳид аканинг мен каби оддий бир киши учун бу масалани ҳам ҳал қилиб қўйганини гувоҳи бўлдим. Машинанинг ҳужжатлари менинг номимга аллақачон расмийлаштирилиб бўлинган экан.
Мен Воҳид Охунович билан 1982 йилгача Ҳамза туманининг бош архитектори лавозимига тайинлангунимгача ишладим. У давр­дан сўнг мен бошқа бир неча ҳокимлар ва бошлиқлар билан ишладим. Ўзим ҳам баъзи бир юқори лавозимларда ишладим, аммо у кишининг тарбияси, одоби, саводхонлик даражаси, оддий кишиларга бўлган ҳурмат-эътиборини бошқа ҳеч кимда учратмадим. Мен Воҳид Охунович билан инсоний алоқаларимни умрларининг охиригача узмадим. Улар мен учун доимо устоз ва маслаҳатгўй эдилар.
Охиратлари обод бўлсин!

Кўдалар: Турсуной Саримсоқова, Кимиёхон Козимова ва Рахимахон Ҳодиевна Аминова.

Жавоб қолдиринг