ТОШКЕНТНИ БИРГАЛИКДА ҚУРГАНМИЗ

Тошкент зилзиласидан кейин барча манбаларда шаҳарда 350 минг оила хонадонлари бузилди, зарар етказилди дейилган. Тошкентда 30–40 фоиз аҳолининг иморатлари зарар кўрди. 1969–1970 йилларда Тошкентга келган ёрдамчилар ўзларининг мажбуриятларини бажариб, ўз юртларига қайтишди, баъзилари эса Тошкентда қолишди. Шу даврда бир йилда тахминан бир миллион квадрат метр уй-жой қурилди. Бу ўрта ҳисобда 25 мингта квартира дегани. 1970 йилда шундан 50 минг квадрат метр шахсий уйлар, қолгани кўпқаватли давлат иморатлари эди. Зилзиладан шаҳар марказидаги жамоат жойлари: корхоналар, мактаблар, касалхоналар, одамларнинг бир қаватли хомғиштдан бунёд этилган уйлари кўпроқ зарар кўрди. Бош план тузилгандан кейин шаҳарда 3–4 та катта массивлар очилиши кўзда тутилди. Сергелидаги колхоз ерларига уйлар қурилиши мўлжалланди. Бошида ҳарбийлар икки қаватли ёғоч уйлар қуришди. Бу уйлар вақтинча 10–15 йилга яроқли уйлар эди. Бу уйларни қуришдан мақсад, бир қисмини қурувчиларга бериб, у ерда кўп қаватли уйларни ғиштдан, панелдан қуриш режаси бор эди. Бундан ташқари, Чилонзорнинг теварак-атрофидаги колхоз ерларида уйлар қурила бошланди. Эски шаҳарнинг айланма йўлгача бўлган 2–3 та колхоз ерлари аҳолига участка сифатида берилди, шаҳарнинг ғарб томонида бир қаватли уйлар қад ростлади. Ҳозирги Зиё Саид кўчаси охиригача, Кўкчадан айланма йўлгача уйлар қурилди.

Австрия Республикаси Президенти Рудольф Кирхшлегер шаҳар меҳмони. Тошкент, 1982 йил.

Чилонзор районининг ўртасида катта кўприк қурдик. Октябрь ва Чилонзор районларидан бир мунча ҳудудлар бирлаштирилиб, ўртада Акмал Икромов райони бунёд этилди. Юнусобод массивининг ёки Тошкент темирйўлининг орқасидаги иккита колхознинг ерларида узумзор, боғлар, фермалар ўрнида то айланма йўлгача бўлган жойларда янги уйлар барпо этдик.
Аввалги «Ташавтомаш» заводи орқасидаги колхоз ерлари шаҳарга қўшиб олинди. Бундан ташқари, ғарбий томонда, ҳозирги «Роҳат» кўлига чиқишдаги ўнг томондан то Қўйлиққача бўлган ҳудудда катта турар жой массивлари пайдо бўлди. Тошкент атрофига шаҳар ичидаги хонадонлар аҳолиси кўчирила бошланди.
1975 йилларга келиб аста-секин бўш ерлар камая бошлади. Биринчидан, бизга топширилган вазифа – ҳар йили бир миллион квадрат метрга уй-жой қуриш учун 50–60 гектар ер керак эди, йилига. Бу масала ниҳоятда қийин кеча бошлади. Шаҳар йўл ҳалқасидаги ерлар колхозларга бириктирилган, зиммамиздаги вазифа эса уйларни қуриш. Бу масалада биз вилоят партия қўмитаси котиби
М. М. Мусахоновга мурожат қилдик:
– Мирза ака, нима қиламиз, 250–300 минг квадрат метрга уй-жой қурилишига етадиган маблағимиз бор, лекин колхоз раислари бизга ер бермаяпти. Юнусободдаги Ғуломмаҳмуд ака бир сотих ерни бермайди. Бизда қурилиш механизмлари, бинокорлик, одам
ресурслар қурилишга шай бўлиб турибди. Лекин ер йўқ. Нима қиламиз? – дедим.
– Олинглар ерни, лекин Ғуломмаҳмуд аканинг 5–6 гектар ери билан молхонаси бор экан, сизлар янги ерларни жойида ўзлаштириб беринглар, – дедилар.
– Ер ўзлаштириш техникаси бўлмаса, қандай ўзлаштириб оламиз? – дейман. Шунда у киши: «Чирчиқнинг икки томонида бўш ерлар ётибди, ўша ерни асфальт қилиб, молхонанинг пулини тўланглар, у киши бошқа жойга кўчади», – деб жавоб бердилар. Шароф акага қийналиб қолганимизни айтганимизда, Шароф Рашидович, ерни Мирзамаҳмуд акадан олинглар, десалар, Мирзамаҳмуд ака бўлса Шароф аканинг: «Нега ерни бериб юборяпсиз»,– деганларини айтганди. Колхозларнинг ерини олиш ниҳоятда мурракаб масала эди. Чунки колхоз ерлари давлат томонидан қаттиқ назоратга олинарди.
Баъзилар Чилонзорда бўш ерлар бор, нега ўша жойга қурмайсизлар уйларни, дейишарди. Масаланинг бошқа томони бор: Бош план бўйича шаҳарнинг силуэтини ҳосил қилиш учун 4 қаватли, 9, 16 қаватли уйлар қурилишига жойлар мўлжалланганки, келгусида ўша жойларга уйлар қурилса шаҳарда рельеф пайдо бўларди.
Баъзи ўртоқлар бизни марказқўмга чақириб, шунча жойлар турибдики-у, нега яна қуриш учун жой сўрайсиз, дейишди. Ахир план бўлса дуч келган жойга қурилиш қилиб бўлмайди-ку?! Барибир бемўлжал қурилиш­лар ҳам амалга оширилганди. Лекин уйлар қурилиши, уй-жой комбинатларни барпо этиш вақтигача биз 9, 16 қаватли иморатлар ўрнини сақлаб қолишга ҳаракат қилгандик. Биринчи уй қуриш комбинати, кейин иккинчиси, учинчиси, тўртинчиси очилди…

Тантанали йиғилиш қатнашчилари президиуми. Ш.Р. Рашидов, М.М. Мусахонов,
У.У. Умаров, В.О. Козимов, К.П. Дудин. В.О. Козимов маруза қилмоқда. 1980 йил.

1980 йилда Сергелида биринчи бўлиб уй блокларидан терилган уй қурилди. Бу комбинатларнинг жами қуввати 700–800 минг
квадрат метр қурилиш қилиш имкониятига эга эди. Керакли қурилиш материаллари етарли бўлсада, олдинда ер муаммоси кўндаланг турарди.
Қурилишга ажратилган ерлар тамом бўлгандан кейин Шароф ака Тошкентга кираверишда уйлар жуда ҳароб, Москвада эса аксинча бошқача, шаҳарга кириб келсангиз иккала томонида чиройли иморатлар қад ростлаб туради. Шу масалани кўриб чиқиш керак, деган таклифни билдирдилар.

В.О. Козимов ва М.М. Мусахонов Бутун жаҳон тинчлик
кенгаши бош котиби жаноб Ромеш Чандра билан. 1977 йил.

Кунларнинг бирида темирйўлнинг кичкина вагон дрезинасида биз Асадилла Ашрафович Хўжаев (шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби) ва темирйўлнинг бошлиқлари билан шаҳарни айланиб чиқдик. Салар станцияси билан Тошкентнинг ўртасида – чап томонида жуда кўп ерлар, ботқоқликлар бор экан. Бир пайтлар тўқимачилиқ комбинати томонидан берилган кичик-кичик уйлар бир аҳволда турарди. Ўша пайтда бизда бир якдил фикр туғилди ва буни ўртоқ Н. Ж. Худойбердиевга етказдик. Кейин Госпланнинг раиси Қудрат Аҳмедов билан машинада бир куни соат 10 дан 13 гача шу жойларнинг ичини айландик. У ернинг бир ёғи Жанубий вокзалга
чиқса, бошқа томони Богдан Хмельницкий кўчасига чиқадиган катта массив эди. 1980–1981 йиллар эди. Тўрт-беш йил ичида ўша жой янги бир шаҳарга айланиб қолди. «Қизил тўқимачи» ёки халқ орасида «Бошлиқ» деган ном билан машҳур жой… Богдан Хмельницкий кўчасидан бошлаб то Жанубий вокзалгача Тошкент ҳалқа йўли қуриш режаси бор эди, эндиликда шу ишлар амалга ошди.
1972 йили шаҳарга ишга тайинланганимда 1,6 млн аҳоли бор эди. Кейин 1,8 млн бўлди. Сўнгра 2,0 млн бўлди. 1978 йили охирги туғилган болани ҳисобга олиб, шу кўрсаткични белгилагандик. Қорақамиш массиви қурилиши ҳам зилзиладан кейин бошланган эди, кейинчалик 2-, 3-, 4- ва 5- массивлар қурилди. Ундан сўнг «Олимпия» деган жой барпо этилди, Профессорлар шаҳарчаси қурилди.
Янги ТошМИ қурилишини бошладик. Шаҳарнинг ичида эски иморатлардан иборат ТошМИ бинолари бўларди. Ёмон иморатлар эмаску, лекин бугунги давр талабига жавоб бермайдиган аҳволда эди. Марказқўм қарори билан 200 гектарча ерни олиб, ўша ерда янги ТошМи массиви қуриб – медицина мажмуасини бир жойда жамлаш масаласи қўйилди. Тиббиёт институтининг бир қисми кўчирилди. Ишлар бошланиб кетди. Кўпгина медицина соҳасида ишлайдиганлар шаҳар ичида истиқомат қилишарди. Улар учун 20 минг квадрат метрдан ошиқ уйлар қурилди. Талабалар учун 20 та ётоқхона ҳам қурилди. Профессорлар учун эса коттеждлар барпо этдик.

Испания қироли Хуан Карлос ва қиролича София Тошкент шаҳрининг меҳмони. Юқори мартабали сайёҳларни Ўзбекистон Республикасини Олий Совети Президиуми раиси О.У. Салимов ва В.О. Козимов шаҳар метроси билан таништириш вақтида. 1984 йил.

Ундан ташқари, жуда катта ҳажм­да уй-жойлар қурилди. Бир муаммо туғилди. Уй-жойлар берилса ҳам одамлар шаҳар ичидан кўчиб келишмади. Улар янги уйларга кўчиб боришни ҳоҳлашмади. ТошМИнинг ректори янги уйларга одамлар кўчиб бормаётганлигини, бу масалани қандай ҳал қилиш лозимлигини сўради. Транспорт масаласи қийин эди, фақатгина трамвай йўли бор эди холос. У ердаги янги уйлардан шартнома бўйича 10 фоизигача қурувчиларга беришимиз шарт эди. Қурилган уйларни қурувчиларга вақтинча бериб турдик. Чекка жой бўлганлиги учун ҳаттоки профессорлар ҳам кўчиб боришмаётган эди. Кейинчалик у ерда бозор пайдо бўлди, магазинлар, маршрут таксилари, автобус маршрутлари қатнови йўлга қўйилди. Аста-секин бу жойларда ҳаёт жонлана бошлади.
Ҳозирда ТошМИ катта комплекс бўлиб, атрофида тиббиёт марказлари, Республика Урология маркази, Қон-томирлари маркази ва бошқа бинолар қад ростлади. Ҳозирда мазкур жой катта шаҳарчага айланиб кетди.

Тошкентнинг 2000 йиллигига бағишланган конференцияси. Тошкент, 1982 йил.

Шундай қилиб уй-жой қурилиши масаласида Тошкент трактор заводи, авиация заводи юзасидан Министрлар Советиннинг қарори бўйича Трактор заводи атрофида ҳар йили 20 минг квадрат метр, Авиация заводи учун 30 минг квадрат метр уй-жой қуриб беришимиз лозим эди. Кейин бир англашилмовчилик бўлди. Трактор заводининг директори Пўлат Мирзааҳмедов Россияга эълон жўнатиб, заводга слесарлар сваршиклар керак, кимда-ким келса, бир йил ичида квартира билан таъминлаймиз, деб юборибди. Одамлар Россиядан ёпирилиб кела бошлашди. 20–30 киши оиласи билан келибди. П. Мирзааҳмедовни чақириб, бемаслаҳат иш қилганини айтдик. Ишчиларнинг бир қисмини қайтариб юбордик, бир қисмига навбатдан ташқари уй-жой беришга мажбур бўлдик.
Ҳар йили планлаштириш бошланишидан аввал, октябрь ойларида Москвага бориб 10–15 кун юрардик. Авиация министри, Қиш­лоқ хўжалиги машинасозлиги, Кимё саноати министрлари олдига кириб, уларга бир масалани кўндаланг қўярдик: «Сизнинг заводингиз, биз мана 3–4 йилдан бери шаҳардаги аҳолининг ҳисобига квартиралар бераяпмиз, одамларни ишга оляпсизлар. Бундан кейин бизга пул ажратинглар». Ҳаракатимиз яхши натижа берди шекилли, ҳар йили авиация заводи 20 минг кв.м., Трактор заводи 10–15 минг кв.м. уй-жойга маблағ ажратди. «Ташсельмаш», «Ўзбексельмаш»дан маб­лағ олиб, кейин уларни енгил саноат, кимё саноатига тақсим қилиб берардик. Бунда Шароф Рашидовнинг хизматлари катта эди. Шароф ака Москвадаги министрларга телефон килиб, шу ишларга ёрдам беришларини сўрардилар. Собиқ иттифоқ министрлари Шароф Рашидовични жуда ҳурмат қилишарди. Турар жой масаласида аввал СПТУ деган жуда кўриниши хунук 4 қаватли бинолар қурилди. Кейин 4 қаватли ўзимизда тайёрланадиган панел уй қура бошладик. Кейин 8, 9 қаватли уйлар қурилди. Тошкентда «монолитное домостроение» пайдо бўлди. Халқлар Дўстлиги, Космонавтлар проспекти атрофида шундай уйлар қурилди. Энди олдимизда яна бир муаммо кўндаланг бўлди: жами қурилган уйларни ҳар йигирма йилда капитал таъмирлаш масаласи, яъни томини, сантехникасини янгилаш масаласи бор эди. Бундан ташқари, панел иморатларда панеллар ёнма-ён жойлашган жойида уланадиган деталлари 7 мм, бир-бирига пайвандланган бўларди. Металлар агар яхши изоляция қилинган бўлса, узоқ муддат тураверарди. Агар яхши бўлмаса, ўн йилда бир миллиметр занглайди. Капитал таъмирлаш вақтида ўша жойлар текширилади, бўлмаса панел заҳланиб, қулаш эҳтимоли бор эди. Мана шу муаммоларга ҳам эътибор бериш муҳим эди.

Ўзбекистон Олий Совети Президиумида учрашув. Президиум аъзолари чапдан ўнга:
В.О. Козимов, шоира Зулфия, Олий Совет раиси, академик С.Х. Сирожиддинов,
Олий Совети Президиуми раиси Н.М. Матчонов. 1979 йил.

1966 йилда бир миллион квадрат метр уй-жой қурилган бўлса, йигирма беш йилдан кейин бир миллион квадрат метр уй-жой капитал таъмирланиши керак бўларди. Лекин бизда капремонтга кетадиган пулларнинг бир қисми бошқа ишларга сарфланиб кетарди. Агар тахминан 500 минг квадрат метр жой вақтида таъмирланмай қолиб кетаверса, кейинги йили ўша ҳажм ортиқча ҳажм бўлиб тўпланиб қолаверади. Шунинг учун бу масалада масъулиятни сезиб, астойдил ёндашиш керак бўларди.
Йилига 300–400 минг кв.м. уй-жой ремонт қилинарди холос. Норма бўйича ремонт бўлмаса, кейинги йилларда ремонт қилинадиган метрлар қўшилиб қолаверарди. Бу қатъий талабномани, қоидани сўзсиз, шубҳасиз бажаришимиз шарт эди. Бу ҳақда раҳбарларга мен ўз фикримни айтганман. Чунки бу қоида инкор қилинса, ўртадаги тафовут йилдан-йилга ошиб кетаверади ва охирида катта фалокатга олиб келиши эҳтимоли бор эди. Ҳозирги кунда (2003 йил. муҳ.) бу масала қандай ҳал бўляпти, билмайман, чунки ҳозир бундай қурилиш ҳажмлари йўқ. Капремонт жуда катта маблағ ва материал ресурс­лар талаб қилади.
Уйларнинг қурилиши билан инфраструктуралар кўтарилиши керак: газ, йўл қурилиши масалалари… Кейинги йилларда анча ишлар амалга оширилди. Эшитишимча, 2,6 млн куб.м. ичимлик сув Тошкентга олиб кирилаётган экан. Очиғи, дунёда Тошкент каби серсув манзил йўқ. Москвада киши бошига 500 литр, бизда бир киши бошига 1 минг литрдан ортиқ сув тўғри келаркан. Бу биздаги исрофгарчилик оқибатидир. Яна бир муаммо. Мамлакатимизнинг кўп жойларида завод ва фабрикаларнинг сувни қайта ишлаш тизими йўқ. Фавворалар ҳам тўғридан-тўғри канализацияга тушиб кетади… Ҳаттоки баъзи бир ташкилотларнинг ҳожатхоналарида шариллаб сув оқиб ётганининг гувоҳи бўламиз. Шаҳарнинг ичидан оқиб ўтувчи зовурлардаги сувлар ҳажми аслида шаҳарни кўкаламзорлаштиришга мўлжалланган, лекин сувлар оқиб чиқиб кетаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Одамлар водопроводдаги ичимлик сувидан томорқасини суғораётгани ҳам ҳақиқат. Яқинда мен шаҳар водоканали раҳбарлари билан учрашганимда улар менга шаҳарга кириб келаётган сувнинг ҳажмини ошириш тўғрисидаги режалари ҳақида айтишди. Мен уларга, бу нарса яхши-ю, лекин сувни тежаш йўлларини топинглар, дедим. Сувни тежаш чорасини кўрмасдан туриб, фақат унинг ҳажмини ошириш орқали масалани ҳал қилиб бўлмайди. Катта ҳажмда сув сарфланадиган жойларни кўриб чиқиб, кейин санкция, жарима йўли билан сувнинг ортиқча сарфини камайтириш, энг муҳими, аҳолининг истеъмол маданиятини шакллантиришимиз керак. Ва бу йўл билан сувнинг қадрини ошириш мумкин. Суғориш учун сувни кўпайтириш керак, чунки одамлар вақти келса ноиложликдан ичимлик сувидан суғориш ишларида фойдаланишади. Бунга қанча маблағ кетади. Бундан ташқари, сув қувурларининг чидамлилик даражаси бор. Бу сув қувурларининг қандай муҳитда туришига боғлиқ. Эски шаҳардаги Беруний кўчасининг чап томонида тўққиз қаватли олтита уй бор. Ўша ерга қувурларни олиб бордик, сув чиқардик. Тўрт йил ўтар-ўтмас трубалар чириб кетди. Кейин билсак, одамлар электр токини ўғирлар эканлар. Ер остидаги трубаларга электр симларини уласа, реакция натижасида трубалар чирир экан. Агар нормал ҳолатда трубалар яхши изоляция қилинса, 50–60 йилгача тураверади. Газопровод трубалари ҳам битум билан изоляция қилиниб, алоҳида катод станциялар ўрнатилса, ер остидаги токлардан сақланади. Агарда газнинг таркибида олтингугурт бўлса, коннинг ўзидаёқ тозалашади. Аммо нормадаги газ бўлса, ҳеч нима қилмайди.

1-Май тантанасидан кейин дўстлар йиғилиши. Академик С.К. Зиёдуллаев, шаҳар партия қўмитасининг қотиби В.В. Барабаш, В.О. Козимов,
академик П.Қ. Ҳабибуллаев, академик М.М. Хайруллаев. 1978 йил.


Биз уйларни кўпроқ қура бошладик. Аҳолининг хоҳишидан келиб чиқиб, уларни гуруҳ-гуруҳ қилиб, эски қўшничилик анъанасини сақлаб қолишга уриндик. Кейин бир гап пайдо бўлди: «Под котлаван». Одамлар айтадики, менга айнан шу ердан уй берасан, деб. Биз уларга кутиб туришларини айтамиз. Ўша уйнинг конструкциясини тузиб, қўлларига ордерларни берганмиз. Улар бошиданоқ ўз уйларининг қурилишига гувоҳ бўлишар ва қариндош-уруғлариникида кутиб туришарди. Кўп раҳбарлар одамларнинг талабига рози бўлганимиз учун бизни айблашарди, айниқса Эски шаҳарда. Шу масалада Георгий Минасович Саркисов одамларга кўп яхшилик килган эди.
Ҳар ҳолда шаҳар янгиланди. Тошкент шаҳри ҳам катта мегаполисга айланди.
Баъзи ишларимиздан кўнгил тўлмаган пайтлар ҳам бўлган. Кўп жойларда уйнинг қурилиш сифати талабга жавоб бермаган. Пул юқоридан лимит билан келади. Масалан, бизга бир миллион рубл берилса, уни ўзлаштирсак, келаси йили ҳам бир миллион миқдорда пул бериларди. Агар биз ўша пулдан саккиз юз мингини ишлатсак, кейинги сафар Москва икки юз мингга кам берарди. Шунинг ҳисобига йил охирида уйлар етмай қоларди. Шаҳарда 100 мингдан ортиқ оила квартира олишга навбатда туришарди. Ваҳоланки, ҳалиги ўзлаштирилмаган пулга беш минг квартирани одамларга тарқатса бўларди. Шуни эътиборга олиб, имконият бўлса, қурувчиларга ёрдам берардик. Камчилиги бор уйларни топширишда муаммолар келиб
чиқарди. «Главташкентстрой» бош­лиқлари йил охирига келиб қабулхона олдида туришарди: мана шу уйларни топширсак, қабул қилсангиз. Биз кейин январь ойида камчиликларни тўғрилаб берамиз. Шаҳар комиссияси уни қабул қиларди. Мен ҳужжатга қўл қўйсамгина ҳисобот қабул қилинарди. Топширилиш арафасида турган тайёр уйларни кўришга борардик. Уйнинг поллари охиригача тугатилмаган, ободонлаштириш ишлари бошланмаган, қанақа қилиб қабул қиламиз. Уйларнинг ҳали бир-икки ойлик иши бўларди. Қурувчилар кўп маротаба уч сменада ишлаймиз, ўн кунда топширамиз, деб ваъда беришарди. Ўзим ҳам қабул қилишга чўчирдим. Камчилиги бор уйга одамларни киритиш учун ордерлар бериш мумкин эмас.

Ҳамкасабалар билан. Чап томондан: С.М. Потуремский, генерал Қ. Эргашев, В.А. Антонов,
М.М. Мусахонов, К.П. Дудин, В.О. Козимов. 1984 йил.

Республика Халқ контроли раиси Носир Маҳмудовичга қўнғироқ орқали ўн беш кунгача Тошкентга комиссияни юбормаслигини, қурилган уйларнинг камчилигини тўғрилашга улгуришимиз ҳақида илтимос қилардим. Чунки бу қонунга хилоф иш, тайёр бўлмаган уйларни қабул қилиш жиноятнинг ўзгинаси эди. Унинг руҳсати билан ҳужжатларга қўл қўйиб берардим.
Икки-уч кундан кейин ўзим яна қайта айланиб чиқардим. Афсуски, ишлар тўхтаган, Янги йил байрамининг эртаси, 2 январда эса кўпчилик қурувчиларнинг бошлари «оғриган». 10 январга бориб ишлар жонланарди. Бу энди пичоқнинг тиғида юришдек гап эди. Агарда бу ишларга принципиал баҳо берилса, ҳаммамиз жавобгарликка тортиламиз. Шу ишларни қилмасангиз, йилига 5 мингта оила квартирасиз қолиши аниқ. Мартга бориб аввалги режадаги уйларни топширардик. Мана шундай ўзимизга тўғри келмайдиган ишларни қилишга мажбур бўлардик…
Одамлар уйсиз, эски кулбаларда яшаб турган бир пайтда «хрушчёвка уйлар» ҳам одамлар эҳтиёжини қондириб турган. Уй қурилишида бир нарса бор – индустрилизация дейилади. Ғишт яхши нарса. Энг яхшиси ўзимизнинг ғиштдан қилинган уй. Лекин унинг нархи жуда қиммат бўлиб кетарди, иш секин борарди. Панель эса ўттиз фоиз ишни тезлаштиради. Панель уйларнинг уланган жойларидан конденсат киради. Иккинчидан, бу уйлар ҳаво исиганда исийди, ҳаво совиганда совийди. Ғиштли панеллар бор: тевараги ғиштдан, ичлари панелдан. Сантехник кабиналар ҳам панелдан тайёрланган. Ҳаёт учун энг яхшиси ғиштдан қилинган иморатдир. Ноиложликдан, халқни тезроқ уй-жой билан таъминлаш мақсадида панелга мурожаат қилинарди. Уй қурилишларида сифатга эътибор бермай, «давай, давай» пайтида линолиум сифатсиз қўйилиши оқибатида шишиб кетарди. Кейин биз бир йўл топдик. Москвадан бизга айтишди: одамлар билан гаплашинглар, хонадон эгалари уй тайёр бўлганда, хоҳласа, хонадоннинг ички пардоз безакларини қилиш учун пул тўласинда, қурилиш ташкилоти уларнинг истаги бўйича тайёрлаб беришсин. Шу сабаб кўплаб иш жараёнида ўзгартиришлар киритишга муваффақ бўлинганди.
1972 йилдан 1985 йилгача йилига 0,95-1,1 млн. квадрат метргача уй-жой қурилди. Ўн тўрт йилнинг ичида 12–14 миллион квадрат метр уй-жой қурилди. Бир миллион квадрат метрдан 25 мингта уй қуриладиган бўлса, демак, 300 минг оилага уй қуриб берилган экан. Бу ишлар бизнинг даврда бўлди.
Шу улкан, катта, буюк шаҳар қурилишида, бунинг тепасида фидокорона жонбозлик кўрсатиб келган республика раҳбарияти, МҚ ва Вазирлар Маҳкамаси, вазирлар ва муассасалар раҳбарлари ва масъул ходимлари, вилоят ва Тошкент шаҳар партия, хўжалик активлари бир жон-бир тан бўлиб ишлаганлар. Ҳеч ким бу кенг кўламли ишлардан четда колмаган, ҳеч бири қараб тургани йўқ, фаол иштирок этдилар. Буларнинг ҳар бири ғурур билан гапиришга ҳақли: «Биз Тошкент шаҳрини қурганмиз!».
Москвадаги, КПСС МКнинг Академиясида ҳар йили бир-икки ой ўқирдик. Шунда Киев горисполкомининг раиси билан бирга ўқиганмиз. У билан қалин дўст эдик. У бир куни мендан сўраб қолди: «Ты знаешь какой объём работы у городского совета?». «Их много», – деб жавоб бердим. У эса: «Нет, давай конкретно! Вот подсчитай, сколько
потребностей приходится на одного человека: он проснулся, надо умыться, позавтракать, транспортом доехать до работы, целый день работать. Потом прийти и опять ужин, вечером отдохнуть и хорошо выспаться… Вот подсчитай, сколько элементов? Умножай на общее количество людей. Любая из этих операций, если не будет для человека обеспечена, виноват – Городской Совет!» Ўйлаб қарасангиз, унинг гапи тўғри эди… Магазинга нон келмай қолдими, транспорт қатнови йўлдан чиқдими, электр энергия бўлмай қолдими….ҳаммасига горисполком жавоб бериши керак эди.