ЧОРСУ БОЗОРИ РЕКОНСТРУКЦИЯСИ

Қайсидир йили Қозоғистонда катта майдон очилди, Олмаотадаги катта байрамга бизнинг раҳбарларимиз ҳам борадилар. Шароф Рашидович қайтиб келганларидан сўнг раҳбарларни йиғиб, Олмаотадаги майдонлар, обод бозорларини мақтаб гапирдилар. Йиғилганлар орасида Мадамин Ҳасанович Ҳасанов (Ўзбекистон савдо министри) ва бошка вазирлар бор эди. Ўша маҳалларда Халқлар Дўстлиги саройи қуриб битказилганди. Шароф ака: «Мадамин Ҳасанович, бир катта иншоот қурсангиз. Делегатлар санъат саройига, съездга келишганда, овқатланадиган катта ресторан бўлсин. Шу сизга топшириқ. Буюртмачи сиз бўласиз». Кейин менга қараб: «Чорсу бозорида яхши проект қилинади, гумбазли бўлади. Ҳар бир гумбазнинг тагида ҳар бир одамнинг бир ярим тонналик маҳсулотини қўядиган омборхоналари бўлсин. Рўпарада меҳмонхона бўлсин. Колхозчилар маҳсулот олиб келишганида, меҳмонхонада дам олишсин», – дедилар. Биз учун энг қийини қурилиш эмас, одамларни кўчириш масаласи эди. Биласиз, Шароф ака айтган жойдан тепада маҳалла бўлиб, бозор пастда эди. Жуда улкан лойиҳа тузилди. Кейин уйларни бузиш бошланди. Аввал бозорнинг энг катта гумбази, кейин майда гумбазлар, сўнг теваракдаги павильонлар қурилди.
Ҳозирда ўша атрофларда бир-биридан чиройли кўчалар пайдо бўлган. Ўша вақтларда мўлжалланган йўллар энди очилди. Сағбон кўчаси бузилиб, янгитдан қурилди. Бу ишлар аслида зилзиладан кейинги шаҳарнинг Бош плани бўйича тасдиқланган лойиҳада бор эди. Қисман амалга ошган бўлса-да, ўша пайтдаги лойиҳа эндиликда тўла амалга оширилмоқда. Мисол учун, «Ассакинский» кўчасидаги кўприк. Ўша пайтда қурилган, ҳозирда йўлнинг бошқа қисмлари улангандан кейин кичик ҳалқа йўлининг қисми бўлиб қолди.

В.О. Козимов шаҳар ахоли қабули вақтида. 1979 йил.

Йўлларнинг бир қисми қурилиб, ўртаси қолиб кетарди ўша пайтлар… Чунки план бўйича бузилиши лозим бўлган баъзи бир иморатлар пишиқлиги учун бузилмай қолиб, йўллар тўғри эмас, бурилишлар билан давом этарди. Эндиликда ўша даврда бузилмай қолган иморатлар бузилиб, йўллар бир-бири билан тўғри туташди.
«Ўзбекистон 50 йиллиги» деган катта кўча (ҳозирги Абдулла Қодирий кўчаси) бўларди. Ана шу кўчаларадан юрсангиз ўртаси мўъжаз ўрмон. Илгари шу жойлар ўрнида зич уйлар бўлган. Уйлар кўчирилиб, дарахтлар экилди. Айниқса Юнусободнинг охиригача катта кўчаларнинг зилзиладан кейинги ободонлаштириш ишларида комсомоллар, пионерлар катта ҳисса қўшишди.