Бош план бу қандайдир хаёлий нарса эмас. Унга шаҳарнинг барча муаммолари атрофлича ўрганилгандан кейин, ҳал этилиши зарур бўлган энг муҳим масалалар киритилади. Бош планга иш жараёнида, айрим ўринларда зарур ўзгартиришлар киритиларди. Юнусободга
кираверишдаги кўприк ёнида Хотира майдони планда йўқ эди, лекин қурилди. Демак, раҳбарлар келиб, ҳозирги замонга тўғри келадиган иншоотларни лойиҳага киритишган экан. Ўша план кабинетимда
турарди. Шаҳар йўлларининг контурлари асос бўлиб, ҳаммаси мазкур планда ўз аксини топганди. Планда бир нарса пухта ўйланган: 4 қаватли зона, 9 қаватли зона ва ундан юқори қаватли зона. Бу планга ҳозир ҳам амал қилинади. Негаки, 20 қаватли зонага 5 қаватли уй қуриб бўлмайди, акс ҳолда шаҳарнинг кўриниши бузилади.
Ҳозирги даврга келиб, кўп қаватли банк уйлари, Интерконтинентал меҳмонхонаси, Бизнесмарказ қурилди. Истироҳат боғларининг бунёд бўлиши бош планда бўлмасада, у бугунги куннинг ижодий янгилиги бўлади. Ўша ўзгаришлар тўғри қилинган, чунки ҳар бир даврнинг ўз талаби бор. Ўша пайтларда бош планга киритиш имконияти бўлмаган, кейинчалик замон талаби билан янги лойиҳалар киритилган. Ҳаммасига бош план асос бўлади. Масалан, Юнусободга кираверишда давр талаби, раҳбарлар ташаббуси билан Хотира боғи қурилди. Теннис кортларининг ўрни планда контурлари кўк массив қилиб кўрсатилганди. Масалан, Тошкент трактор заводи бош план бўйича генерал Петров кўчасининг охирида ўнг қўлдаги Мотор заводининг ўрни миллий паркка ўхшаган – қўриқхона зона қилинганди планда. Кейин бош планга ўзгартириш киритилиб, у ерга Мотор заводи қурилди ва бу ер шаҳарчага айланиб кетди.
Бектемир туманининг пайдо бўлишига ҳам сабаб бор. Негаки, шаҳарда қуриладиган ерлар қисқариб кетди. У ер шаҳар ҳудудига ўтгандан кейин уйлар қурила бошланди.
Бош план Чирчиққача тузилган эди. Генерал Петров кўчаси бошидан Авиасозлар заводининг у ёғи дала эди. Кейинчалик у ерлар шаҳар аҳоли сонининг кўплигини ҳисобга олиниб, ўзлаштирилди.
1984 йили Ш.Р. Рашидовнинг вафотидан кейин Тошкентга собиқ СССР Бош прокуратурасининг гдлян-ивановлар гуруҳи келиб, «пахта иши» бошланган вақтлар эди. Москвадан Егор Лигачёв келди (КПСС МҚ секретари). Лигачёв эски шаҳарни айлантиришимизни сўради. Машинага И.Б. Усмонхўжаев (марказқўмда биринчи секретарь), У.У. Умаров (шаҳар партия қўмитасини биринчи котиби) ва мен «Чайка»га ўтирдик. Пленумга тайёргарлик кетарди (пленум Шароф Рашидовни қоралаш ҳақида эди). Эски шаҳарга бордик. Мен трассаларни тайёрлатиб қўйгандим, қаердан олиб юришни билардик. Лекин Лигачёв бошқа йўлдан юришни буюрди. Орқамиздан 4–5 та машиналарда қўриқчи милициялар ҳам бор. Бир жойга етганда тўхтадик. Ўзбек маҳаллалари, кўчалар тор. Бирпасда одамлар тўпланди. Лигачёв уларга шундай мурожаат қилди: «Ўртоқлар, мана қаранг, қандай аҳволда яшаяпсиз. Сизнинг бошлиғингиз катта-катта саройлар қурдириб, сизнинг аҳволингиз билан иши йўқ». Бир отахон (Иккинчи жаҳон уруши фахрийси) туриб: «Нима бўпти, бизда ўзи шундоғам саройлар йўқ. Олмаотада бўлганмисиз? Қаранг, қанақа саройлари бор. Қурса қурибди-да!» – деди.
Лигачёв сал ҳовуридан тушди. У оломон кўтарилиб, норозиликлар бошланади деб ўйлаганди. Аммо бундай бўлмади…
Лигачёв ветерандан қаерда туришини сўради. Чол бизни уйига бошлаб кирди. Июнь ойи эди. Уйлари топ-тоза, кичкинагина ҳовли. Лигачёв «Сиз уйга ариза берганмисиз?» – деди. Отахон уй керакмаслиги, бир қизи ва невараси борлигини гапирди.
Хуллас, аҳоли унинг саволларига бамайлихотир жавоб беришар, у кутган иш бўлмади. Лигачёвнинг ёнида мухбирлар ҳам бор. Одамларнинг норозиликларини кўрмоқчи ва халқнинг шикоятини пленум эътиборига олиб чиқмоқчи бўлган…
Эски шаҳар секин-асталик билан бузиб-қурилаётган пайтлар эди. Кичик ҳовлиларда ҳожатхона канализацияси йўқ, иссиқ сув ҳақидаку айтмаса ҳам бўлади. Бироқ одамлар шундай шароитларга кўникиб қолган эди. Моддий имконияти яхши кишилар ер-участка олиб чиқиб кетишарди. Ноқулай шароитларда яшаётган одамлар жон-дили билан ҳамма шароити бор квартираларга рози бўлишган. Қурган уйларимиз барчага бирдек манзур бўлмади. Кимлардир жойини сотиб, бошқа жойлардан ўзларига қулай шароитлар қилиб олишди. Қариялар эса бизнинг уйлардан рози бўлишганди. Чунки шароитлари муҳайё, квартиралар ёши улуғ кишилар учун яхши эди.