КИРИШ СЎЗИ.

Воҳид Охунович Козимов

Шу улкан, катта, буюк шаҳар қурилишида, бунинг тепасида фидокорона жонбозлик кўрсатиб келган Республика раҳбарияти, партия ва вазирлар махкамаси ходимлари, вазирлар ва муассасалар раҳбарлари, масъул ходимлари, вилоят ва Тошкент шаҳар партия, ҳўжалик активлари, бир жон-бир тан бўлиб ишлаганлар. Ҳеч ким бу кенг кўламли ишлардан четда колмаган, аксинча,ушбу жараёнларда фаол иштирок этдилар. Буларнинг ҳар бири ғурур билан гапиришга ҳақли:

«Биз Тошкент шаҳрини қурганмиз!».

Воҳид Оҳунович Козимов хотираларидан

Вақт нақадар шафқатсиз. У ўтган ҳаётимизни фаромуш қилдиради, хотирани ўчиради, қалбимизни гоҳ ҳалим, гоҳ қаттиқ қилади. Аммо баъзан ўзимизга дастлаб оддий туюлган қадриятларнинг қанчалар аҳамиятли эканини ўзгача намоён этади. Ҳар гал отам дафн этилган Чиғатой қабристо­нига келганимда падарим ҳайкали қошида тобора кўпроқ қолиб кетяпман. Отам бизни ташлаб кетган ўша лаҳзадан бошлаб ҳар
куни унинг ёнимда эканини, ёдимда, қалбимда, руҳимда яшаётганини ҳис қиламан. Вақт ўтгани сайин отамнинг буюк инсон эканини тобора теранроқ англаётгандекман. Отамни шахсан билган, бирга ишлаган, тақдир у билан учраштирган кишилар билан кўришиб қолсам, отам ҳақида фақат яхши гапларни эшитаман.
Ўтган асрнинг 90-йилларида менга ўз хизмат соҳамни бироз ўзгартиришга тўғри келди. Шу кезлари вазирликларда, идораларда, институтларда турфа инсон­ларни учратдим. Бу жойларда қайси раҳбарнинг қабулига кирмайин, ташриф қоғозимни кўришлари билан улардан: «Мабодо Сиз Воҳид Охуновичга қариндош бўлмайсизми?», – деган саволни эшитардим. «Мен ўғиллари бўламан», – дейишим билан, уларнинг юзларига табассум югурарди. Шундай кезларда мен айтмоқчи бўлган масала четда қолиб, улар отам ҳақида биз учун мутлақо ноаён нарсаларни мароқ билан сўзлаб беришарди. Тўй ёки маъракаларга отам билан бирга бориб қолганимда, кўплаб одамлар отамнинг ёнига келишиб сўраши­шар, самимий муносабатлар ва ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирардилар. Ўшанда отам уларнинг барчаларини эслай олмай танимаганларини мендан сўрардилар. Мен: «Мана бу одам туман ҳокими, мана бу киши вазир ўринбосари, булар эса институт раҳбари», – дея аниқлик киритардим. «Мен ишлаган пайтлар улар ёш бўлишган бўлса керак. Мана энди раҳбарларнинг янги авлоди улғайибди», – дердилар отам. Бир гал шундай пайт бир киши отамга бағрини очиб, пешвоз чиқди ва самимий меҳр билан кўришди. Танимаганидан бироз каловланган отам, у узоқлашгач, ўйчан ҳолда: «Қачондир унга бирор ишида ёрдам берган бўлсам керак, эсимда йўқ», – деб қўйдилар.
Шу каби хотиралар мени келажак авлодларим: фарзандларим, набираларим, эвараларим, жиянларим ва қариндошларим учун падари бузрукворим Воҳид Охунович Козимов ҳақида хотира китобини ёзишга ундади. Бундан мақсад – атрофдагилар меҳрини қозониш, обрў эътиборга эга бўлиш учун улар ўз ҳаётларини қандай қуриш, қандай ишлаш ва қандай яшаш борасида боболаридан ибрат олса, ўргансалар деган истиҳола эди…
Шу ўринда дўстим ва акам, таниқли тележурналист, ёзувчи ва публицист, кўп­чиликка Россиянинг «Время» дастури мух­­бири сифатида танилган, Воҳид Охуно­вич­дан интервью олишдек мураккаб ва­зи­­фани уддалаган Мухтор Ғаниевич Ғаниевга ўзим­­нинг алоҳида эҳтиромимни изҳор қил­моқчиман. Оиламиз аъзолари, айниқса онам, Кимёхон Носировна отам­нинг ҳаёти, фаолияти, турли инсонлар билан уч­рашувлари, ўтган давр воқеалари ҳақида ҳеч бўлмаса фарзандлар ва набира­­лар учун китоб ёзишни сўрашган. Отам бунинг заруриятини ҳис қилар, аммо нега­дир
ёзишга киришмаётган эдилар. Балки бу уларнинг ўта камтарликларидан бўлса керак.
Ёдимда, отам 77 ёшни қаршила­ганларида улар ёш ўтиши билан айрим хотиралар, муҳим воқеалар, йил ва кун­лар, одамларнинг исми фамилиялари хотираларидан ўчиб кетаётганлигини ҳис этдилар. Бу бизни отамдан яна бир карра ўз ҳаёт йўллари ҳақида ҳикоя қилиб беришни ўтиниб сўрашга мажбур этганди. Ўшанда отам: «Мен билан суҳбатлашиб ўтирадиган бир дилкаш одам бўлсайди, менга савол берса-ю, уларга жавоб қайтариб турсам менга осонроқ бўларди», – дедилар.
Ростини айтганда, отам Мухтор
Ғаниевичга сўзлаб берган нарсаларнинг талай қисмини биз падари бузрук­воримиздан аввал ҳам эшитган эдик. Зеро, отам ажойиб қиссагўй эдилар. Қандай даврада ўтирмасинлар, ўтган давр ҳақидаги воқеалар, муаммолар ҳақида, шаҳар меъморий мажмуалари қурилиши, шаҳар ҳаётини таъминлаш ташвишлари
ва коммунал хизматлар фаолиятининг икир-чикирлари ҳақидаги ажойиб суҳ­батлар билан даврага жон бағишлай олардилар. Илмоқли саволларни бериб, отамдан ўтган даврнинг салмоқли воқеалари ҳақидаги фактларни мисқоллаб суғуриб олган Мухтор Ғаниевга тан бермай илож йўқ. Бир ярим соатлик интервьюдан сўнг отамнинг ёшларини инобатга олган ҳолда, икки кун дам беришни лозим топиб, сўнг қайта-қайта камераларини кўтариб, ўз ташаббуслари, қалб амри билан отам олдига келиб суҳбатлашардилар, шу таҳлит Воҳид Охунович ҳаётининг биз учун ноаён жиҳатларини кашф қилар эдилар.
Шу ўринда барчамиз учун ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга Ватанига садоқатли, ҳалол инсонлар ҳаёти ҳақида ибрат сифатида сўзлаш мумкин бўлган очиқ жамиятни яратганлари учун алоҳида миннатдорлик изҳор қиламан. Шу қисқа муддат ичида Президентимиз жамиятимизнинг туб моҳия­тини ўзгартирди, топталган ахлоқий қадриятларни, шаънларни тиклади. Мар­казий Осиёдаги ён қўшнилар билан биродарона муносабатларни ўрнатдилар. Сиёсий фаолиятларининг марказига жа­миятни ривожлантиришнинг олий қадрияти сифатида оддий инсон манфаатларини қўйдилар.
Шавкат Миромонович нафақадаги 80 ёшли отамни, баъзи раҳбарларнинг уйдирма даъволарига қарамай, бир неча бор асраб қолганлар. 2009 йилда оиламиз отамдан жудоликка йўлиққан кунлари мамлакат Бош вазири сифатида қанчалик банд бўлмасинлар, у киши оиламизга ҳамдардлик билдирдилар. Отам 1987 йилдан нафақада бўлишларига қарамай, ўша оғир кунларда қўллаб-қувватлаб турдиларки, бу олийжанобликни асло унутмаймиз.
Шу ўринда Шавкат Миромоновичнинг кекса авлодга меҳр ва ғамхўрлик билан муносабатда бўлаётганларини алоҳида таъкидлагим келади. Нокамтарлик бўлса ҳам, авф этгайсиз, Шавкат Миромонович билан бўлган камдан-кам учрашувларимиз чоғида у киши Шароф Рашидович Рашидов, Мирза Маҳмудович Мусахонов ва отам ҳақида чуқур эҳтиром билан сўзлагандилар. Устозимиз Оқил Умрзоқович Салимовга ҳам улар катта ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келмоқдалар.
Таассуфки, яқин-яқингача ўтган бутун бир давр ҳақида сўзланмасди. Отам билан қилинган интервьюнинг баъзи бўлакларини мустақиллик йил­ларида туғилган фарзандларимга, жиян­ларимга кўрсатганимда, Воҳид Охуновичнинг сўзларидан ниҳоятда болалар ҳайратга тушишди. Ҳар гал улар менга: «Мустақилликкача ҳеч нарса бўлмаган, деган фикрда эдик. Метронинг бош­ланиши, биринчи йўналишининг ишга тушурилиши, телеминора, санъат саройлари Мустақилликкача ҳам мавжуд экан-да», – дейишди. Назаримда тўкис жамиятнинг ўзи бўлмайди. Ҳар қандай жамият ҳам ўзининг ижобий ва салбий жиҳатларига эга бўлади. Аммо буларнинг барчаси бизнинг, халқимизнинг тарихи бўлиб, уни унутмаслигимиз лозим, деган фикрдаман.
Воҳид Охуновичнинг ҳаёти ва фаолия­ти ҳақидаги хотиралари, кузатишлари, қизиқарли маълумотларни сўзлаб, ушбу китобнинг тўкисроқ бўлишига кўмаклашган барча дўстларга, отамнинг ҳамкасбларига бизнинг оиламиз катта миннатдорлик бил­диради.
Айниқса, отамнинг сафдошлари бўлган Козим Носирович Тўлагановга, Ҳожиакбар ака Расуловга, дўстим ва акам Шавкат Тўраевич Тўлагановга мени китоб ёзишга ундаганлари, маслаҳат берганлари, қўллаб-
қувватлаганлари учун алоҳида миннатдорлик билдираман.
Мабодо воқеаларни баён қилаётиб бирор кишини эсдан чиқарган бўлсак, ёхуд йилу санада бироз адашган бўлсак, айбга буюрмайсизлар. Чунки видеоёзув 2003 йилда амалга оширилган, бугун эса 2018 йил ҳукм сурмоқда.


Китобхонларга миннатдорлик ва катта эҳтиром билан,
Эркин Воҳидович Козимов
2018 йил 31 август Тошкент шаҳри.

Воҳид Охунович Козимов ва Мухтор Ғаниев интервью ваҳтида. 2003 йил.
Видеоинтевьюдан лавҳалар

Китоб давоми мундарижа орқали.