ДЎСТИМ ВА ҲАМКАСБИМ

Ш.Р.Шоабдурахимов

Шоиноят Рахимович Шоабдурахимов Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси, Тошкент Метрополитени
раҳбари бўлиб ишлаган.

Дўстим, устозим Воҳид Охунович Козимов билан 1949 йилда танишганмиз. Воҳид ака институтда биздан уч курс олдинда ўқирдилар. Ўзбекистон Марказкўми Транспорт ва алоқа бўлими бошлиғи лавозимидан, 1972 йили Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимига ишга ўтдилар. Мен эса ижроқўмда 1971 йилдан раис ўринбосари бўлиб ишлар эдим. Келибоқ , мени чақириб: «Сизга ишониб, сизга суяниб ишга ўтишга рози бўлдим, бир тан бўлиб ишлаймиз», – дедилар. Биз В.О. Козимов билан 1986 йилгача ижроқўмда ишладик. Мен бир пайтнинг ўзида «Тошметрополитен» бош­лиғи лавозимида ишладим.
Тошкентда метро қурилиш режаси 60 йиллар бошидан бошланган эди. 1966 йил Тошкент зилзиласи олдидан шаҳар аҳолиси 1,2 млн. кишидан иборат эди. Метро қурилиши учун аҳоли сони 1,0 млн. дан ошиши шарт эди. 1966 йил бошида Тошкентда Ҳиндистон Бош вазири Лал Баҳодур Шастри ва Покистон Президенти Аюбхон ўртасида тинчлик битими тузиш арафасида учрашувлар бўлиб ўтаётган эди. Шароф Рашидович Рашидов Л. Б. Шастрига Тошкентни кўрсатиш мақсадида пойтаҳтимиз бўйлаб сайирга чорладилар. Меҳмонга пойтахтимиз аҳолиси бир миллион кишидан ошганлигини айтиб, метро қуриш ниятимиз борлигин билдирадилар. Москвадан музокараларда қатнашаётган собиқ СССР Минис­трлар Советининг раиси А.Н.Косигинга
Л. Б. Шастри Тошкентнинг гўзал шаҳарлигини айтгач, метро ҳам қурилар экан-да, бу жуда яхши иш бўлади, деб хурсандчилигини билдиради. А.Н. Косигин ҳайратомуз назарда ёнидаги Ш.Р.Рашидовга ўгирилиб: «Ну я посоветуюсь с Леонидом Ильичём Брежневым, наверное этот вопрос решится положительно», – деб жавоб беради.
Тошкент метроси 1977 йил 7 ноябрь куни очилади…
Воҳид Охунович билан Қўқон, Марғилон, водийлик улфатлар кўп йил, ҳар ойда «гап» еб учрашиб турдик.
Воҳид Охуновичнинг энг катта хислати, унинг оғзидан ҳеч қачон ёмон сўзлар чиқмас, инсоннинг нафсониятига тегадиган гапларни айтмас эдилар. Хато иш қилиб қўйган ёшроқ ходимга: «Йигитча, ёмон иш қилиб қўйибсиз», – деб танбеҳ берардилар. Унга шу гапнинг ўзи етарли бўлар эди…
Синглим, фан доктори бўлган куёвим тўрт боласи билан, ижарада қийналиб яшаб юрарди. Буни эшитиб қолган Воҳид Охунович навбатда турган уй-жойга муҳтож илмий ходимлар рўйхатига куёвимнинг оиласини киритиб, уларга уч хонали квартира ажратиб бердилар. Ҳали-ҳамон синглим ва куёвим у кишининг бу яхшиликларини эслаб юришади.
Самимий, қадрдон дўстимнинг охиратлари обод бўлсин, яхшиликлари ўзларига жаннат боғларида соябон бўлсин!

Тошкент метроси билан танишиш. Чап томондан : В.О.Козимов, Болгария Компартияси котиби Тодор Живков, метро бошқармаси бошлиғи Ш.Р.Шоабдурахимов.