МОВИЙ ГУМБАЗ

Б.С.Акбаров

Ботир Саидович Акбаров
Тошкент шаҳар умумий овқатланиш Бошқармасида
турли лавозимларда, шунингдек Яккасарой туманидаги
«Юлдуз» кафесида директор бўлиб ишлаган.

Мен шаҳар марказидаги «Мовий гумбаз» («Голубые Купола») кафесига мудирлик қилган кезларим эди. Умумий овқатланиш бошқармаси бошлиғи Қўшаков Маъмуржон ака мени чақириб, Тошкент шаҳар ижроқўми раиси Воҳид Охунович Козимов «Мовий гумбаз»ни чет эллик сайёҳлар келиб овкатланадиган, ўзбек миллатига хос тарзда безаб, кўзни қувонтирадиган, ҳам замонавий, ҳам минг йиллик тарихимиз, ўтмишимизни эслатиб турувчи кўринишга келтириб таъмирлашни тавсия этганликларини айтди.
«Малика» фабрикасига қарашли кичик цехга борсам, базадан матолар келишини бир-икки ой кутиш керак экан. Шунда мен Янгийул шаҳар маиший хизмат комбинати директори бўлган дўстимга ўзидаги Самарқанд миллий орнаментлар туширилган духобасидан ёстиқ, кўрпача тиктириб беришини илтимос қилдим. Кейин тарихий музейларга бориб, ўйма ганчкорлик усулида ясалган стол-стулларни ахтара бошладим. Маъқул келганларини ясаттириш учун катта маблағ керак, бундай маблағ эса трестимизда йўқ эди. Мен Бешёғочдаги бадиий билим юрти директори бўлган ўртоғимга учраб мақсадимни тушунтирганимда, у билим юрти битирувчилари ясаган стол-стуллар, ҳар хил безак кашталар, панно, қўлда чизилган портрет расмлар таҳланиб ётган омборхонасини очиб: «Истаган буюмларингни ошхонангга танлаб, бепул олиб кетишинг мумкин», – деди. Дўстим Эркинжонга беғараз ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, сўзана, гиламча, сўнгра бошқа анжомлар қатори – дутор, танбур, ғижжак, чилдирма, найларни топиб, ошхона деворларига осиб ўрнатиб қўйдик.
Ошхонамизнинг кираверишига ўймакорлик усулида ясалган катта столга Қўкчадаги керамика заводида сиёҳдонни ўзимнинг чизмам асосида ясаттириб, сопол печларда қиздириб тайёрлатиб, унга товус патлари билан безатилган хаттотлик қаламларини солиб қўйдик. Барча ишлар кўнгилдагидек бўлганидан хурсанд трест бошқарувчимиз озода, шинам безатилиб, қайта таъмирланган чойхонамизга Воҳид Охуновични таклиф қилдилар. Воҳид Охуновични бошларида Марғилон дўппи кийган, оқ яктак, белида водий чорсиси, оёқларида хром махсилик йигитлар қўлларида ош солинган риштон сополли лаганларда кутиб олганларида, беихтиёр ижроқўм раисининг кўзларида қувонч ёшларини кўриб, меҳнатимиз зое кетмаганини билдик…
Беназир, талабчан Воҳид ака Козимов ҳақидаги хотираларимдан яна бир- иккитасини эсга тушади. Улар ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари шаҳарнинг исталган озиқ-овқат дўконлари, умумий овқатланиш корхоналарига «рейд­лар» ўтказиб, қўққисдан шахсан ўзлари келиб, у ердаги тозалик-санитария
қоидаларига амал қилиш тартиби, ҳаттоки, музлатгич ичини очиб, қайси озиқ-овқат маҳсулотлари ўзаро мутаносиб тахланганлигини, яроқлилик муддатини, ҳидланмаганлигигача текширар эдилар. Мен аввалги Фрунзе (ҳозирги Яккасарой) тумани умумий овқатланиш трестига қарашли «Юлдуз» ошхонасида раҳбарлик қилган кезларим район партия қўмитаси биринчи котиби Санобар Аҳраловна Хўжаева, райижроқўм раиси Булутбек Бекмирзаев, трест бошлиғимиз Қўшоқов Маъмур акалар Воҳид Охунович топшириғига биноан ошхонамизга ташриф буюришлари хабарини олдик. Тезда эртанги ташрифга тайёргарлик кўриб, жойларни сарамжон-саришта қилдик. Биз барча ишчи-ходимлар билан кираверишнинг олди қисмларини тозалаб, йўлларга сувлар сепиб, икки қаватли кафенинг иккинчи қаватидаги бир хонага меҳмонлар учун тушлик ҳозирлаб қўйдик. Тушлик пайтида етиб келган Санобар опа ва ҳамроҳларни зинадан иккинчи қаватга кузатаётганимда у йўлаклар олдига арча дарахтини экишни тавсия қилди. Чунки Тошкент шаҳар ижроқўми раиси Воҳид Охунович Козимов шаҳарда ёппасига ободанлаштириш – кўкаламзорлаштириш тадбирларини ўтказиб, манзарали дарахтлар: арча, каштан буталари, гуллар эктираётган, замонавий фавворалар қуриб, хиёбонлар барпо эттираётган кезлар эди.
Меҳмонларни тушликка таклиф қилиб жойлаштирдиму, катта кўчадан ўтаётган бир ерковлагични тўхтатиб, йўл четида олти жойда чуқур қаздиртирдим. Арчани «Ботаника» боғидан хат- ҳужжат қилиб олиб келишга бир ҳафта кетади, нима қилиш керак? Ўйлаб-ўйлаб, аэропортга кетаверишдаги «Самарқанд» чойхонаси олдида қурилиш бўлаётган жойдаги арчалар ёдимга тушиб қолди. Тезда ўша ерга бориб, олтита катта арча дарахтларни таг-томири билан кавлатиб олиб юк машинасида ошхона олдига келтирдим. Тайёрлаб қўйилган чуқурларга уларни ўтқазиб, ён-атрофини текислаб, сувлар сепиб қўйдиртирдим.
Бир соатдан сўнг пастга тушган Санобар опа бошчилигидаги туман раҳбарлари, худди эртакдагидек, катта-катта арчалар ям-яшил бўлиб савлат тўкиб турганига ишонқирамай, ҳайратланиб қолишди. «Ўртоқ ижроқўм раиси, ишни, буйруқни бажаришни мана шу Ботир Саидовичдан ўрганишимиз керак», – деб мени елкамга уриб, мақтаб қўйдилар…

Академик С.А. Азимов ва В.О. Козимов фарзандларининг тўй маросимидаги
табрик сўзлари. Тошкент, 1980 йил.

Яна ўзим эшитган, билган воқеалардан бири. Чилонзор туманидаги Ҳасан Охун аканинг катта ошхонасига Козимов келиб қолиши мумкинлиги хабарини эшитадилар. Катта жамоа шанба куни ошхонани ёпиб, «санитарный день» эълон қилишиб, барча ерни чиннидек тозалаб, сарамжон-саришта қилиб, ювиб-артириб қўядилар.
Якшанба куни кутилганидек, узун-қулоқ хабарлар тўғри чиқиб, шаҳар ижроқўми раиси ошхонага кириб келадилар. Барча ишчи-ходимлар дазмолланган оппоқ халат, оқ қалпоқда. Барчанинг «медосмотр» китобчаларини бирма-бир текширган Воҳид Охунович ошхонанинг катта музлаткичини очадилар. У ердаги гўшт-ёғ маҳсулотларининг қай тартибда жойланганлигини текширадилар. Озиқ-овқат маҳсулотларини музлатгичда ёнма-ён туриш қоидасини текширадилар. Сут ва хом гўшт маҳсулотларни бирга ёнма-ён сақлаш мумкин эмаслигини кўрсатадилар. Хом маҳсулотларни ва олов тегмаган «қовурилмаган» егуликларни истеъмол қилишга тайёр маҳсулотлар билан бирга сақлаш мумкин эмаслигини эслаб ўтадилар. Ошхона ходимлари ижроқўм раиси озиқ-овқат маҳсулотларининг ёнма-ён туриш қоидаси ва уларни музлатгич ичида қай қай тарзда жойланиши лозимлигини нақадар яхши билишини кўриб, ҳайрон бўлишади. Сўнгра, мева-сабзавот омборини кўздан кечирадилар. Барча ер кўнгилдагидек тоза. Ҳеч қандай эътирозга ўрин йўқдек. Улар текширувга ўта пухта тайёргарлик кўришганини билиб қолиб, Воҳид Охунович ўз ташрифларини ошхона мудирига кимдир етказганини сезиб қоладилар. Лекин бу ҳақда уларга лом-лим демадилар.
Бир пайт улар: «Қани, битта стул олиб келингларчи, анави шифтга ўрнатилган «вентилятор»нинг паррагидаги чангни текширинг­ларчи», – деб қолдилар. Ошхона мудири стул қўйиб, паррак устида бармокларини юргазиб, қўлини кўрсатган эди, бармоқларида бир энлик чанг кўринади. Воҳид Охунович туман раҳбарлари ва ошхона директори Ҳасан Охунга қараб: «Агар вентилятор парраги ишлаб туриб айланганида, хўрандаларнинг еб турган овқатига тушадиган чангнинг ичидаги микроблардан нечта одам заҳарланади, ҳеч ўйлаб кўрганмисизлар?!» – деб, биз билан ҳайрлашиб, ўз хизмат автомашинасига ўтириб кетиб қолдилар. Раҳматнома эшитамиз деб бир кун мижжа қоқмай ишлаган туман раҳбарлари ва Ҳасан Охун бир муддат карахт ҳолда оғизларини очганча туриб қолишади…
Ҳудди шундай раиснинг «рейди» энди Чилонзордаги Анваржон аканинг гастроном дўконига уюштирилади. Якшанба куни бамайлихотир тушлик қилиб, чарчоқни босиш учун бир-икки пиёла ароқ ичиб ўтирган Анвар аканинг хонасидаги телефон қўққисдан жиринглаб, ҳозир дўконига Воҳид Охунович Козимов кетганлиги хабари уни эсанкиратиб қўяди. У сапчиб ўрнидан турадию, оғзига бир кафт қуруқ қора чойни солади, зора ароқнингароқнинг ҳиди йўқолса ва шу ҳолида дўкон залига чиқсаки, Воҳид Охунович пештахталар олдида айланиб юрган эканлар. Улар «Ароқ-вино» бўлимида тўхтаб, рўпарадаги пештахтани ёпиб турган кир-чир матога кўзи тушиб қолади. Ўша даврда ароқ-вино қатъий фақат соат 11:00 дан сўнг сотилиши шарт эди. Шу сабабли спиртли ичимликларни харидорлардан беркитиб турувчи очилиб – ёпиладиган парда бўлар эди. Ҳудди шу йиртиқ-чиртиқ парда , қорайиб, ташлаб юбориладиган аҳволда экан.
Воҳид Охунович дўкон мудирига уни ечиб, ўзига ўраб беришни буюрадилар. Анвар ака: «Хўп бўлади», – деб, ранги ўчиб пардани ечади ва «Ҳозир қоғозга ўраб олиб чиқаман», – дея, ўз хизмат хонасидаги хотинининг буйруғига асосан олинган катта янги оқ чет эл дастурхонини қоғозга ўраб олиб чиқадида, ижроқўм раисининг ҳайдовчисига: «Воҳид Охунович сўрасалар берасиз, агар мабодо эсларидан чиқиб сўрамасалар, бу мато сизга, машинангизнинг лой-пойини артиб юрарсиз, мен розиман», – деб тутқазиб юборади.
Эртасига ҳар галгидек душанба куни шаҳарнинг «разборка»га чақирилган умумий овқатланиш корхоналари раҳбарлари, савдо-сотиқ дўконлари мудирлари, ижроқўм раиси ўринбосарларидан иборат катта йиғилишда кечаги шанба- якшанба куни қўлга киритилган «трофей»лар: учи синган чойнак- пиёла, ликопча, қийшайган қошиқ-вилкалар Президиумдаги катта столда жойлашган эди. Раҳбарлар кетма-кет турғизилиб, ўзларига тегишли анжонларни олган ҳолда танбеҳ эшитиб, сўнгги бор огоҳлантирилдилар.
Навбат Анвар акага келади. У ўрнидан туриб, ўз тақдири-азалини кутиб, нигоҳини кеча шофёрга тутқазган ўроқлик қоғоз ўрамига қаратади. Юраги сесканиб кетади, вужудини қалтироқ босади. Воҳид Охунович савдо қоидалари бузилаётганлигини, ҳаридорлар дилини оғритадиган ишлар бўлаётгани, камчиликлар камаймаётганини таъкидлаб, бунинг яққол далили сифатида шаҳримизнинг энг йирик «Гастрономи»даги аҳвол, «ароқ-вино» пештахтасини беркитиш учун мўлжалланган парданинг кирлигини кўриб қўйинглар дея, ўрамни очиб, тик турган ҳолда уни ёйган мажлис раиси не кўз билан қарасинки, қора, кир-чир мато яп-янги дастурхонга айланиб қолибди. Мажлисдаги икки юздан ортиқ одамлар гап нимадагилигини англамай турганида, Воҳид Охунович: «Анваржон, сиздай уддабуронни ҳали-ҳануз кўрмагандим, мажлисдан чиқиб кетинг, кўзимга энди кўринманг», – деб, қолган «гуноҳкорлар» ишини муҳокама этиб, мажлисни давом эттирган эканлар…
Тошкент шаҳар Киров (ҳозирда Юнусобод) тумани ошхоналар трестининг бошлиғи Ҳамид Каримович менга бир пайтлар айтиб берган воқеа бундай бўлган эди. Воҳид Охунович иштирокидаги навбатдаги «рейд» бизнинг туманда бўлиб ўтади. Ошхона ва кафеларнинг элга хизмат кўрсатиш маданияти, озодалиги билан танишиш учун у киши тўсатдан келадилар. Бир кафеда ёш официантни ёнларига чақириб, йигитдан «бифштекс» билан «рамштекс»нинг фарқи нимадалигини сўрайдилар. Бу савол ёш официантни эсанкиратиб қўяди. У саволга жавоб тополмади ва уялиб, ўзини йўқотиб қўяди. Воҳид Охунович вазиятни тушуниб, меҳрибон ота сифатида ўртага илиқлик киритиб, шундай дейдилар: «Сиз ҳаётингизни шу касбга боғлар экансиз, юқори профессионалликка интилишингиз керак. Пазандаликни, таомлар технологиясини, мазали овқатлар сирларини ўрганиб олинг. Мана шу менюдаги таомларни тайёрлашни ипидан-игнасигача батафсил ўргана бошланг. Келажак ҳаётингизда қайси касб эгаси бўлишингиздан қатъи назар, иш сирларини жуда яхши ўқиб-ўрганиб, унинг нозик томонларидан хабардор бўлишингиз шарт».
Бу воқеани эшитиб мен Воҳид Охуновичнинг кенг қамровли илми, фаросати, маданияти, меҳрибонлигидан ҳайратга тушдим. Бизнинг туманда ишлайдиган қариндошлари Раънохондан Воҳид Охуновичнинг касблари ҳақида сўрадим. Эшитган жавоб мени ҳайратда қолдирди: во ажаб, Воҳид Охунович темир йўл транспорти институтини битириб, касблари темирйўл транспорти муҳандиси экану, пазандаликдаги «рамштекс» билан «бифштекс»ни фарқини ҳам билар эканларда, қойил.

Жавоб қолдиринг