ҲАЙКАЛЛАР ҚУРИЛИШИ ТАРИХИ

Мен Тошкент шаҳар ижроя қўмитасига 1972 йилда ишга ўтганимда шаҳар партия қўмитаси биринчи котиби Солиҳ Рашидович Расулов эди. Бир қанча муддат ўтганидан сўнг шаҳардаги биринчи навбатда бажариладиган ишлар режасини жой-жойига қўйганимизда иккимизни Шароф Рашидович Марказқўмга чақирдилар. Москва билан сўзлашиб, Пушкиннинг ҳайкалини янгиланглар, иккинчидан, Халқлар дўстлиги саройи олдига Шомаҳмудовлар оиласига бағишланган ҳайкал ўрнатишни ўйлаб кўринглар. Бундан ташқари, Тошкент зилзиласига бағишланган ҳайкал қурилиши бўйича ҳозир бир ҳайкалтарош иш олиб боряпти, лекин ҳеч натижаси кўринмаяпти, – дедилар. Шаҳардаги катта-кичик ишлар олдида бу кичик масалаларни ҳам эсдан чиқаришни унутмасликни маслаҳат бердилар.
Солиҳ Рашидович Расулов билан Фар­ғонада бирга ишлагандик, бир-биримизни яхши билиб, муносабатимиз самимий, дўстона бўлган Раҳбарият юқоридаги масалаларни ҳал этиш учун иккимизни Москва ва Ленинградга бир ҳафтага хизмат сафарига жўнатди. Аввал Москвага бориб, СССР халқ рассоми, ҳайкалтарош Е.В. Вутетич билан учрашдик. У ўша кезлари ўз иқтидори билан халқ оғзига тушганди. Вутетич бизни яхши кутиб олди. Ўз таклифимизни баён этганимизда ҳайкалтарош: «Аввал сизларга бир нарсани кўрсатай», – деб, устахонасидаги «Курская Дуга» монументининг макетини кўрсатди (кейинчалик, бу монумент Москвада ўрнатилди). Овқатланиш чоғида хизматкор татар аёли бизни чак-чак билан сийлади. Е.В. Вутечич бизга: «То тирик эканман, Тошкентингизга, албатта, сиз айтган жойга истаган ҳайкалингизни ясаб бераман», – деб ваъда берди. Минг афсус, Е.В. Вутетич тез орада вафот этиб, режаларимиз амалга ошмай қолди. Кейин биз Ленинградга Михаил Константинович Аникушиннинг ҳузурига жўнадик. У Ленин ва Пушкин ҳайкалларини яратган инсон эди. Ўзининг бадиий устахонасида қабул қилгач, Пушкиннинг янги ҳайкалини тайёрлаб беришга рози бўлди. Ленинград горкомининг биринчи секретари ва горисполкомнинг раиси ўз турмуш ўртоқлари билан келишди. Биз улар учун зиёфат дастурхонини уюштирдик. Солиҳ Рашидович бир ярим соат ичида устахонада ош дамлади. У дастурхонга паловни олиб келганда горком секретари бизга қараб: «Стоило ли столько напрягать усилий для этого гарнира», – деб ажабланди. Роса кулги кўтарилади. Ошни татиб кўришганларидан сўнг фикрлари ноўринлиги аён бўлди…
Хуллас, М.К. Аникушин макетни тайёрлаб, Тошкентга олиб келадиган бўлди.
Шоирнинг 175 йиллиги муносабати билан Аникушин яратган ҳайкал 1974 йили тантанали равишда Пушкин кўчасида очилди. Пушкиннинг маҳорат билан ишланган ҳайкали собиқ СССР шаҳарларидан фақатгина Москва ва Ленинградда бор эди, холос. Тошкентдаги ҳайкалнинг очилиш маросимига Москвадан кўплаб меҳмонлар ташриф буюришди.

Ўзбекистон Министрар Советининг раиси Н.Д. Худойбердиев шаҳар раҳбарлари билан қурилиш майдонларида. 1982 йил.

Москвадаги ҳайкалтарош Д.Б. Рябичев эса уста Шомаҳмудовлар оиласи ҳайкалини яратди. У 14 комиссарлар ҳайкали, Карл Маркс бюсти ижодкори эди. Кейинчалик Ленин ҳайкалини яратиш лозим бўлиб қолди. Собиқ СССР Маданият министри билан учрашиб, Москвадаги катта бир заводнинг, министрликка тегишли 50 тонна бронзасини ишлатишга руҳсат олдик. Шу баҳона ишлар бошланиб кетди. Тошкентдан унга мева-чева, совға-салом жўнатиб турдим. Ленин ҳайкалини Москвадаги Максим Горький кўчасида яшайдиган ҳайкалтарош Томский тайёрлай бошлади. Кейин ҳайкалтарош Л.Е. Керблнинг ҳузурига бордик (у Москвадаги Карл Маркснинг ҳайкалини тайёрлаган уста эди). Томский бетоблиги боис, Л.Е. Керблга мурожаат қилишга тўғри келганди, Л.Е. Керблни Тошкентга олиб келиб: «Ҳайкални сиз тайёрласангизу, Томский бу ишда маслаҳатчи бўлса», – дедик. Л.Е. Кербл биз билан савдолашиб, хизматига қанча ҳақ тўлашимизни сўради. Хуллас, ундан ҳафсаламиз пир бўлади ва уни яхши гап-сўз билан ортига кузатиб қўйишга мажбур бўлдик.Томский ҳайкални ясашни охирига етказди. Иншоотнинг таг қисмида катта мажлислар зали ҳам бунёд этилди. Намойишлар тугаганидан сўнг Шароф Рашидович ўша жойда трибунадаги раҳбар ва меҳмонларни қабул қилардилар.
1975 йил 22 апрелда Ленин юбилейига бағишланиб ҳайкал очилгани эс-эсимда… Бир масалада адашганимиз аён бўлди, икки йил ўтгандан кейин Ленин ҳайкали негадир хира тортиб қолди. Энди уни тозалаш муаммоси пайдо бўлади. Нима қиламиз, ҳайкалнинг тепасига нарвон билан чиқиб тозалаш учун мослама йўқ эди. Аслида қоида бўйича ҳайкалнинг ичидан тепасига қадар зина бўлиши керак бўлиб ва у орқали тепа қисмига чиқиб тозалаш даркор эди (афсуски, ҳайкалтарош бунга аҳамият бермаган экан). Энди мен барча
мутахассисларни мазкур масалада маслаҳатга чорладим.
Бир киши вертолётга тросс боғлаб, шу орқали ҳайкалнинг бош томонини тозалаш мумкинлигини айтди. Яна бири 50 кубметр махсус зина учун ёғоч топиб беришимиз, ҳайкалнинг атрофини ёғоч зиналар билан ўраб тепа қисмини тозалаш мумкинлигини билдирди. Қурилиш вазирлигининг «Оргтехстрой» институти директори ушбу таклифларга ўз фикрини билдирди: 50 кубметр ёғоч катта маблағ талаб этади, вертолётда чиқиб тозалаш эса бўлмаган фикр, чунки вертолётнинг ҳар томонга лапанглаб ташлаш амплитудаси 5 метргача боради, тозаловчи ҳайкалга урилиб ўлиши аниқ. У биздан чамбарак ясаб беришимизни сўради. Чамбаракнинг ҳар томонида арқон зиналар бўлади. Ҳайкалнинг бошига чамбаракни илиб, зиналар орқали унинг тепа қисмни тозалаш мумкинлигини тушунтирди. Буни амалга ошириш харажати 8 минг рублга тушар экан.
Эртасига мен Турквонинг бошлиғи билан гаплашиб, вертолёт орқали чамбаракни ўрнатиб, уч кунда ҳайкалнинг бош қисмини тозалашга эришгандик.
Тошкент зилзиласининг 10 йиллигига яна бир ҳайкал-мажмуа очилди. Москвадан Рябичев деган машҳур ҳайкалтарош келиб, МҚ бюро аъзоларига ҳайкал моделини кўрсатди. Тўрт-беш киши макетни кўтариб олиб киришди. Аммо макет Шароф Рашидовичга ёқмайди, у Оқил Умурзоқович Салимовга макет маъқул келмаганини айтдилар. Шароф ака Рябичевга: «Cиз икки-уч марта уриниб кўрдингиз, ҳайкал
моделини тайёрладингиз, лекин у бизга маъқул бўлмади, шунинг учун бу ишни бошқа одамга топширамиз», – дедилар. Ҳайкалтарош хафа бўлиб, Тошкентга бошқа келмаслигини айтади. Ҳайкалтарошни тушликка таклиф қилиб, секин гапга солдим. «Сиз ҳечам хафа бўлманг, Тошкентда кўзга кўринадиган кўп ишларни амалга оширдингиз. Яхшиси, янги ғоя ўйлаб топинг ва унинг макетини раҳбар олдига қўйинг», – деб, маслаҳат бердим. У рози бўлди. Лекин у бир илтимоси борлигини, яъни: «Сизлар менга битта «ГАЗ-24» автомашинасини ажратиб берасизлар», – деди. Шароф
Рашидовдан унинг учун автомашина сўрадим, шунингдек ҳайкалтарош янги макет устида ишлаётганини тушунтирдим. Раҳбар рози бўлдилар. Рябичёв янги ғоя асосида ҳайкал моделини яратади. У менга қўнғироқ қилиб, моделни кўриб кетишим мумкинлигини айтади. Москвага учиб бордим. Менга янги модел ёқди. Эртасига Рябичевни ўз модели билан самолётда Тошкентга олиб келдим. Раҳбарларга ҳам модел маъқул бўлди. Шу аснода зилзиланинг ўн йиллигига аталган ҳайкал дунё юзига келди…
Темирчи Шомаҳмудовнинг ҳайкалини ҳам Рябичёв яратди. Очилиш маросимида уни одамлар кўзларида ёш билан қабул қилишди. Уруш давридаги бир оила ҳаёти акс этган мажмуа ҳаммани ҳайратлантирганди. Майдон одамлар билан тўлиб кетди. Шомаҳмудовлар оила аъзоларининг барчасини очилишга таклиф қилгандик. Улар собиқ Иттифоқнинг ҳар жойидан етиб келишди. Бир неча меҳрибонлик уйларидаги болаларни ҳам таклиф қилдик. Очилиш маросими
Москвада телевидение орқали намойиш этилди. Собир Раҳимович Одилов бошчилигида мажмуа атрофига стеллалар – барча қардош рес­публикаларнинг герблари тайёрланди.

Жавоб қолдиринг