ТРАНСПОРТ КЎПРИКЛАРИ ҚУРИЛИШИ

Кейинги йилларда шаҳарда транспорт-автомашиналар кўпайгани сари кўчаларимиз торайиб қолди. Машиналар ҳаракати натижасида, светофорлар олдида тирбандлики ҳолати кўпайиб қолди. Шунда олдимизда шаҳарнинг ичида 5–6 та кўприк қуриш масаласи кўндаланг бўлди. Собир Раҳимов, Акмал Икромов ва Октябрь районлари ўртасидан Бўзсув канали ўтарди. Нариги томонига ўтиш учун 10–15 км айланиб ўтиш керак бўларди. У ерда жарлик шу даражада эдики, ўртадаги ариқнинг эни 30 метр бўлиб, икки томондан келаётган жарлик катта эди. Чуқурлиги ҳам 20–30 метр эди. Ишларни бошлаб юбордик. Қурилиш жуда оғир кечди. Чунки катта свайлар қўйиш керак бўлди. 20 та эни 400 ммлик 20 метр узунликдаги свайлар ерга қоқилди.

Тожикистон КП МҚ котиби Д.Расулов, Қирғизистон КП МҚ котиби У.Усубалиев, Туркманистон КП МҚ котиби И.Г Ғапуров Ўзбекистонда. Юқори мартабали меҳмонларни В.О. Козимов ва Т.С.Содиқовлар кузатмоқда. 1981 йил.

Кўприк ҳам битди. Транспорт қатнови йўлга қўйилди. Одамларга бирмунча қулайлик туғилди. Ундан ташқари, Юнусобод билан шаҳар маркази темирйўл орқали кесишган эди. Юнусободга фақат биргина тўғри ўтадиган йўл кўприги бор эди холос. Собир Раҳимов районидан Юнусободга ўтиш учун яна шаҳарнинг ўртасидан кўприк лойиҳаси тайёрланди ва у ерга ҳам йўл кўприги қурилди. Қурилиш жойига тўғри келган хонадонлар бузилиб, уларни бошқа жойга кўчирдик. У пайтлар шаҳарда Шоиноят Раҳимович Шоабдураҳимов ободонлаштириш ишлари бўйича раис муовини бўлиб ишлардилар. Шу масалаларни «Мостотрест» раҳбарлари билан амалга оширдилар. Узунлиги 300-400 метрга етадиган кўприк эндиликда энг гавжум кўчалардан бири бўлиб қолди.
Энг оғир магистраллардан бири ҳозирги Фарғона йўли темирйўл станциясининг шарқий биқинидан ўтарди. Илгари у ерда кўприк бўлмаган. Фақат кичкина кўприкка ўхшаш нарса бор эди. «Тошкент товарний» станцияси тепасидан кенглиги 16 метрни ташкил қиладиган 400 метрлик кўприк қурилди. Энг оғири Хадра майдонидаги ишлар бўлди. Унинг тагидан булоқ отилиб чиққан экан. Халқлар Дўстлиги майдонидан ўша ёққа юрилса ер ости сувлари юзага чиқиб фундамент қуйишга йўл қўймади. Ўшанда, 10 метрдан чуқурликка қувур ўтказиб, сувни буришга эришилди. Кейин ер қурий бошлади ва кўприк қуришимизга имконият пайдо бўлди. Ўша жойдаги қурилишлар бўйича асосий муаммолардан бири ерлари негадир қаттиқ бўлмасдан ботқоқликка ўхшаш жойлар эди. Сув сизиб, пастга тўпланар экан.

Куба раҳбари Фидель Кастро Рус Тошкент шаҳри билан танишмоқда. 1983 йил.

Хадра билан сал нарироқдаги ҳозирги «Чорсу» меҳмонхонаси орасидан ер ости сув оқими ўтаркан. Кейин пастга қараб тушиб кетади, Анҳордан келаётган
сувлар сизиб, ўша томонга ўтиб кетар экан. Шунинг учун у ерда уйлар қурилиши қийин кечди. Мисол учун, ҳозирги «Чорсу» меҳмонхонаси ўрнида 14-асрда қурилган эски ҳаммом бўлган. Уни бузмоқчи бўлганимизда кўпгина қариялар марказқўмга ҳаммомни буз­маслигимизни сўраб келишган. Кейин бизга топшириқ бўлди, ўртоқ Н.М. Матжонов – Олий Советнинг раиси бошчилигида бориб ҳаммомни кўрдик. Ҳаммом ўша тушаётган ерости сувларига мўлжалланган экан. Ҳовузида сувлар қайнатилар экан. Нима қилиш керак? Проект бўйича меҳмонхонани қуришимиз керак. Одамлар ҳаммомнинг бузилишига қарши бўлишди. Уларга еростидан иссиқликни ўтказадиган турк ҳаммомлардан бирини қуриб беришга ваъда қилиб, аранг кўндирдик. Кейин сал тепа томонда гумбазлари бор янги ҳаммом қуриб бердик. Режамиз бўйича ҳаммомга келувчилар бир соат ичида кийимини кимёвий тозалашга бериб, сочиқ-совунини сотиб олиб, истаса саунага ёки ҳаммомга тушиши мумкин эди. Ушбу имкониятларга қўшиб овқатланадиган жойни ҳам режалаштиргандик. Чўмилиб чиққанлар учун дам олиш жойларини ҳам мўжалладик. Ўша ҳаммом ҳақида гапираётганим сабаби шундаки, ҳаммом, кўприк, ҳаммаси оқар сув билан боғланган эди. Кейин биз сувни пастдан труба билан ўтказиб юбордик, у ҳозирги ЖАР спорт комплекс тагидан чиқиб кетди. Кейин меҳмонхонанинг тагига 200 та свай ўрнатдик. Шу билан 22 қаватли мўъжаз меҳмонхона барпо бўлди. Кўприк ҳам ишга тушди.
Яна бир ғоя пайдо бўлди: Бўзсувдан сув канал билан тушиб бориб, «Чорсу» меҳмонхонаси олдидаги труба орқали чиқиб кетарди. Чет давлатга сафар чоғида кўрган хиёбонни ўз шаҳримизда ҳам яратмоқчи бўлдим. Навоий кўчасининг чап томони – очиқ жойда икки томонига катта дўконлар, кафелар қурдик. Икки томони ўртасидан сув ўтиб, кечқурунлари ёруғ бўлиб туришини режалаштирдик. Ғоя охирига етмай қолди…
Халқлар Дўстлиги майдонидаги ер ости бурамаси тўғрисида гапирсак, бизнинг аввалги режамиз бўйича тўғридан ўтиш керак эди. Лекин, бундай қаралса, йўллар кесишиб ўтадиган жойлар кўпаяр экан.
Авваллари Чилонзордан Чорсуга бориш учун жуда кўп чорраҳалардан ўтиларди. Халқлар Дўстлиги санъат саройининг қурилиши асносида атрофида улкан ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Шу орқали ерости йўлини ҳам шу планга қўшиб юбордик. Санъат саройи алоҳида смета билан амалга оширилди. Қолгани шаҳар бюджетидан бўлди: ерости йўли, ҳайкаллар, автобус бекатлари, метронинг чиқиш йўлаклари, умумий ободонлаштириш ишлари…

Г.А. Алиев, Ш.Р.Рашидов, В.А.Головин, В.А.Казимов, Н.И. Рижков Тошкент шаҳри қурилиш майдонларида. 1982 йил.

Яна бир кўприк ҳақида айтиб ўтсам. «Ўзбексельмаш» заводининг олдидан Тош­турмага борадиган йўлда машиналар тирбанд бўлиб кетарди. Ҳар беш дақиқада поезд ўтарди. Бу муаммолар телевидениеда ҳам кўп бор кўтарилганди… Мен шу кўприк ҳақида ўйласам, эсимга бир воқеа келаверади. Кўприк қурилиши бошланиши учун айрим уйлар бузилиши керак эди. Кўприкнинг тепадан ёки пастдан олиб ўтилиши кўп муҳокамага қўйилган. Шаҳардаги ўнта райисполком раиси, шаҳар, райком секретарлари, Асатилла Ашрапович Хўжаев (шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби), мен ва ўринбосарларим билан бориб, трассаларни кўрмоқчи бўлдик. Ўтиб кетаётганимизда автобусимиз темирйўлни кесиб ўтадиган жойда тўхтаб қолди. Шофёр қанча уринмасин, машина мотори ишламасди. Темирйўл ўша жойда бурилиб кетади. Бир пайт келаётган поезднинг товуши эшитилди. Переезддаги ҳолат машинистга кўринмайди, у фақат сигнал бериш билан овора. Худонинг қудрати билан машина бир силкинди-ю, юриб кетди. Поезд переездга етиб келганида машинамиз ўтиб кетишга улгурган эди. Ҳаммамиз шаҳарнинг энг катта раҳбарлари… бўларимиз бўлди. Сал қолса поезд тагида қолардик. Автобусдан чиққанимиздан сўнг бирортамиз бўлиб ўтган ҳодиса ҳақида гапирмадик.
Дардимиз ичимизда. Шу билан пиёда юриб Ботаника боғининг олдидан чиқдик. Бориб вазиятни кўрдик, кўприкни тепадан қуришнинг иложи йўқ экан, чунки жуда баланд бўлиб кетаркан. Пастдан қиладиган бўлиб, кавлаймиз дедик, лойиҳачилар кўришди: иморатлар яқин бўлгани учун агар кавласак фундаменти чўкиб қолмасмикан, деган муаммо бор эди. Йўқ, пухта экан, секин икки томонидан қирқиб кўприк қилинди. Энди одамлар САМПига, Қишлоқ хўжалиги инс­титутига, ТашГРЭСга ўтишда муаммоларга учрамайдиган бўлишганди. Ҳар 5–10 дақиқада поезд ўтиб туради. Шаҳар аҳолиси бу жойда соатлаб қолиб кетиш муаммосидан қутулди.