ҲАМНАФАСЛИК

Кимёхон Носировна Козимова
хотиралари
(В.О. Козимовнинг турмуш ўртоғи)

1953 йилда Воҳид Охунович 25 ёш тўлганди. У кишини яқиндагина Марғилондаги «Горчаково» темирйўл станцияси бошлиғи лавозимидан Тошкентга Ўрта Осиё темир йўлининг сиёсий бошқармасига инструктор этиб тайинлашади (бу бўлим 1956 йилгача фаолият кўрсатган).
Бизнинг оиламизга Тошкент Темирйўл вокзали рўпарасидаги «Военторг» магазини жойлашган бинонинг 2-қаватидан икки хонали уй ажратиб беришади. Бу бино ўзининг гўзал архитектура лойиҳаси билан ҳозир ҳам кўзни қувонтириб турибди. Бунгача биз вақтинча торроқ бўлсада, менинг ота-
онам уйида яшаб турдик. Кунлардан бир куни Воҳид Охунович темирйўл сиёсий бўлим бошлиғи хонасига кирганида, бўсағада бир ночор аёл уч норасида болалари билан кўчада уй-жойсиз қолганини кўз ёш қилиб ўтирган экан. Аёлнинг кўз ёшлари Воҳид акамни қаттиқ ҳаяжонлантиргани боис, чўнтакларидан бизга ажратилган икки хоналик уй калитини ҳалиги аёлга берадилар. Сиёсий бўлим бошлиғи темирйўл бошлиғидан катта қийинчилик билан Воҳид Охуновичнинг оиласига уй ажратилишига эришганди, унинг бу олийжаноб хатти-ҳаракатини тушунмай, ҳанг-манг бўлиб, донг қотиб қолади. Бир оз фурсатдан сўнг ўзига келгач, у Воҳид акадан бундан кейин уй-жой сўраб, уни безовта қилмаслигини уқтиради…
1980 йил оиламиз ўғлимиз Эркинжоннинг тўйи тараддудида бўлган пайт. Тўйни қандай ўтказиш масаласи кўндаланг турарди. Ўзбекчилик, эрталабки ош маросимига қўни-қўшни, қариндошлар, таниш-билишларни айтиш шарт эди. Қолган таниш­лар, ишхонадагиларни тўйга айтсакмикин, айт масакмикин? Воҳид Охуновичнинг турли давлат идоралари, вазирликларида, жамоат ташкилотларида танишлари кўплиги сабабли барча одамларни ошга таклиф этиш иложи йўқ эди. Шунда Воҳид акам фақат Тошкент шаҳаридаги ўнта туман ижрокўми раисларини якшанба кунги уйдаги ошга таклиф этишни лозим деб топдилар. Шуларнинг ўзи билан маросимни ўтказдик. Урф-одатга кўра, меҳмонлар совға-салом, тўёна билан келишади. Бу ҳамма пайт, ҳар бир ўзбекнинг тўйида бўладиган урф.
Аммо Воҳид Охунович ўз хизмат вазифасидан келиб чиқиб, таклиф этилганлар қўл остида ишлайдиган одамлар бўлгани учун, уларга ҳеч қандай совға-салом, тўёнасиз келишни таъкидлаб буюрдилар.
Бугунги кунда ўша пайт Воҳид акамнинг нақадар тўғри иш тутганларини билдим. Тўй куни мен ишлайдиган туман ижроия қўмитаси раиси қўнғироқ қилиб, бошқа ижроқўм раислари ҳам ҳайрон бўлишаётганини, тўй «тўёна»сиз ўтадими, деб сўради. Ошга таклиф қилинган раислар мен орқали ўз совға-саломларини беришга уринмоқчи бўлишаётганини сездим. Улар жамоа бўлиб, яхлит совғани бериб, бизнинг оиламизга ўз ҳурматларини кўрсатишга келмоқчи эканлар. Мен ўшанда Воҳид Охунович характерларини, чўрткесарликларини, бу масалада қатъиятлиликларини айтиб, қолганларга ҳам вазиятни тўғри тушунтиришни, бизнинг талабимизни, илтимосимизни ерда қолдирмасликларини айтдим. Шундай бўлди ҳам.
Бунинг тўғрилиги гдлян-ивановлар гуруҳи тергови пайтида исботланди. Терговчилар тўйга ким қанча тўёна, совға олиб келганлигини ипидан-нинасигача суриштириб, ҳеч қандай айб топа олмай, уринишлари зое кетади.

Қариндошлар даврасида.

Ҳар бир инсон ўз ҳаёти давомида турли қийинчиликларга дуч келади, уларни ҳал этиш йўлларини излайди. Оиламиз аъзоларининг ҳар бирида танишларимиз, дўстларимиз, ҳамкасбларимиз бўлган. Болаларимизда эса ўртоқлари, уларнинг ота-оналари, ўқитувчилари, қўни-қўшнилар бўлган. Баъзида биз ҳам Воҳид Охуновичдан уларнинг илтимосларини ҳал қилиб беришда ёрдам сўраганимизда, улар қўлдан келганча кўмаклашганлар.
Лекин кундан-кун Воҳиджон акамдан бундай илтимослар кўпая боргани сабабли сўрашдан хижолат бўла бошладим. Бир куни, олдимга ишхонадаги врач-терапевт аёл Т.П. Польянц (у айни дамда Тошкент медицина институтида ўқитувчилик ҳам қиларди) бир илтимос билан келди. Унинг акаси уч боланинг отаси, Тошкент шаҳар ижроқўми раиси қабулхонасига бузилаётган ҳовлисининг ўрнига уй-жой ажратиш бўйича мурожаат этганини айтиб, шу ишда Воҳид Охуновичнинг кўмагидан умид­ворлигини билдирди. Мен бу масала бир оз чигалли эканини ҳис этган ҳолда, шаҳар ижро­қўми раисигача етиб келганини ақлим билан сезиб турганлигим боис, хизматдошимга раис қабулига қўрқмай бораверишини ва Воҳид акам албатта масалага холис ёндошиб, ёрдам беришини тушунтирдим. Касбдошим эса ўжарлик қилиб, йиғламоқдан бери бўлиб, Воҳид акага бир оғиз айтиб қўйишимни илтимос қилаверди. Мен уни тинчлантириб, илтимосини албатта етказишга ваъда бердим. Ўз-ўзидан мен Воҳид акамга ҳеч нарсани айтмадим, илтимос ҳам қилмадим. Бир оз вақт ўтгач, бу нарсалар ҳаёлимдан чиқа бошлаган ҳам эдики, врач – дугонам мени қучоқлаб, Воҳид Охунович унинг акасини илиқ кутиб олганини айтди. Муаммони ҳал этиш йўлларини охиригача қидириб, масалани ижобий ҳал этиб, акасига уй-жой ажратиб берибдилар. Хизматдошим турмуш ўртоғимга ҳеч нарса демаганимни пайқамади ҳам. Воҳид акамда шундай фазилат бор эдики, илтимосчи-аризачининг ўрнига ўзини қўйиб кўрар, унинг муаммосини ўз муаммоси деб тушунар эди. Унга ёрдам беришга ҳаракат қилар, мавқеига қарамас эдилар, аввало уни инсон деб тан олардилар.
Мана шундай одам эдилар Воҳид Охунович.