Насим Носирович Усмонов
хотиралари
(Воҳид Охунович Козимовнинг турмуш ўртоғи Кимё Носировнанинг укаси)
Оддий якшанба кунларидан бири. Ўша даврда мен Тошкент темирйўл станцияси бошлиғи лавозимида ишлар эдим. Темирйўлчиларда ҳар куни иш куни ҳисобланарди. Якшанба куни тушдан сўнг соат учларда Воҳид Охунович қўнғироқ қилиб, менга ишдан сўнг чарчоқни ёзиш учун бироз табиат қўйнида сайр этишни таклиф қилиб қолдилар. Мен бажонидил рози бўлдим. У киши мени хизмат автомашинасида ишхонамдан олиб кетдилар. Биз Чимён томон йўл олдик. Кетаяпмизу, мана, энди ҳар бир бурилишда бизни тўкин дастурхон кутиб турибди-ю, биз мазза қилиб улфатчилик қилиб, дам оламиз деган хаёлларга берилдим. Қорним ўлгудек оч эди. Тушлик ҳам қилмагандим. Тоғ ён бағрига яқинлашганимизда Воҳид Охунович ҳайдовчидан машинани тўхтатишни сўради. Ундан тушиб, менга адирликларни айланишни таклиф қилдилар. Адирлик баҳордаги майсалар билан қопланган, кўм-кўк, гўзал эди.
Норози кайфиятда, бемалол ўзлари айланиб келаверишларини, мен машинада ўтириб туришимни айтдим.
Йўл-йўлакай орқамиздан қайсидир автолавка бизни кузатиб келаяпти-ю, ичидан хизматчилар тушиб, майсалар устида дастурхон солиб, ноз-неъматларни қалаштириб ташлашидан ҳали ҳам умидвор эдим. Лекин тўхтаган жойимизда ноз-неъматлар солинган дастурхондан асар ҳам йўқ, қуруқ табиат қўйнига саёҳатга чиққанимиздан афсусландим. Ҳайдовчи Михаил Иванович билан ёлғиз қолганимизда, Воҳид Охунович қир-адирларни айланиб келгунча, бизни нималар кутаётганини сўрадим. Режа нимадан иборат эканлиги билан қизиқдим.
«Олдинда нима кутмоқда бизни», – деб сўрадим ундан. Бу саволимга Миша тоға, елкасини қисиб: «Билмасам», – деди. Роппа-
роса қирқ дақиқа ўтгач, Воҳид ака адирликлардан пастга тушиб келдилар. Менга шундай гўзал манзарадан бебаҳра қолганимни айтиб, уялтирмоқчи бўлдилар. Манзарани кўриб, тўйиб-тўйиб очиқ ҳавода нафас олиб, эркин қушдек ёзилганларини билдириб,
мийиғиларда кулдилар. Мен эса бу табиат қўйнида сайрга рози бўлишим сабаби, аввало қорин тўйғизиш эканлигини, ҳатто тушлик қилмаганлигимни айтдим. Воҳид Охунович кулиб, мендан тушликда неча грамм гўшт ейишим мумкинлигини сўрадилар. Мен 300 грамм атрофида бўлса керак, дедим. У биз учун исталган шаҳар овқатланиш трести ходимларига илтимос қилиб, табиат қўйнида базм-жамшид уюштиришимиз мумкин эди. Улар буни жон-жон деб бажаришарди. Лекин эртасига ўз ҳисоботларида иккита қўй сўйиб, 10 шиша зўр ароқни Воҳид Охуновичнинг меҳмондорчилигига «чиқим» қилиб кўрсатишлари аниқ эди. У киши ўз ҳайдовчиларига ўгирилиб, машина багажидан уйида тайёрланган икки дона бутербродни олишни буюрдилар. Биз оч қоринга уни бўлишиб, мазза қилиб еб олдик. Шу билан табиат қўйнидаги базм-жамшидимиз тугади. Воҳид Охунович менга тасалли бериб, уйда опангиз тайёрлаб қўйган ошга ярим соатда етиб борамиз, дедилар. «Паловхонтўрани уйда ейишга нима етсин, Насимжон», – деб елкамга қўлларини чўздилар.
Шундай қилиб оч қоринга тоғ ҳавосидан тўйиб нафас олиб, уйга опам тайёрлаган ошни ейишга шошиб, ортимизга қайтдик.
Ана саёҳату, мана, дастурхон, базми жамшид. Мана шундай инсон эдилар, Воҳид Охунович.