МЕНИНГ БОБОМ

Тимур Равшанович Саримсоков

Бобом менинг тарбиямда муҳим ўрин тутган. Гўдаклигимданоқ менга кўп вақтини сарфлаб, отам ўрнини босган. Онам иккаламиз бобом ва бувим билан ёнма-ён коттежда яшаганмиз, шу сабабли бобом билан тез-тез мулоқотда бўлганман.
Болалигимда бобом менга ва бошқа набираларига кўп эътибор қаратган. Мен набираларининг энг каттаси бўлганим ва
яқин яшаганим учун бобом билан кўп вақ­тимни ўтказиш бахтига муяссар бўлганман. Дам олиш кунлари парк, қўғирчоқ театри,
цирк, турли байрам тадбирларига бор­ганмиз. Дала ҳовли, дам олиш зонаси, Иссиқкўл, Фарғона водийсидаги қариндош­ларимизникига, у ердан эса Шоҳимардонга дам олишга борганмиз.
Бобом шаҳар ҳокими лавозимида ишлаётганда бўш вақти жуда кам бўларди, аммо шаҳар бўйлаб айланиб чиқишга мени ҳам олиб борганларини эслайман. У кишининг ходимлари, набирангиз билан юрганингизда бизга жуда яхши муноса­батда бўласиз, деб ҳазиллашишарди.

Воҳид Охуновичнинг катта қизлари Гулчеҳрахон, ўғиллари Тимуржон ва келинлари
Умидахон билан, неваралари Усмонжон ва Мунисахонлар.


У киши ишдан чарчаб келгач, набиралар уйда бўлса, севимли бобога айланиб, болалар билан бирга ўйнардилар, сурнай, гармошка чалардилар, фокус кўрсатардилар. Шаҳар ҳокими бўлатуриб, ишдан сўнг биз набираларини от каби орқаларига мингаш­тириб, хоналар бўйлаб кезардилар. Набира­лар учун ўзларини фидо қилардилар.
Бобом меҳнат таълимига кўп вақт ажратардилар: мен кўпинча ҳовлидаги боғни, экинларни, гулларни парвариш қилишга ёрдамлашардим. Бизга меҳнатнинг қадрига етишни ўргатардилар. Шу билан бирга, у киши менга табиат, илм-фанга оид ва, умуман, турли мавзуларда қизиқарли ҳикоя ва воқеа ҳодисаларни гапириб берардилар. Бобом бирон ишни тўғри бажариш йўлларини биз набираларига кўрсатардилар ва биргалашиб бажарардилар. Бирор ишни охиригача, ай­ниқса, пухта ва сифатли, ҳар эҳтимолга қарши барча тарафини ўйлаб бажаришни ўргатардилар. Улар билан ишлаш бизга ҳузур бағишларди. У киши ҳеч қачон маж­бурламасди, шунчаки қизиқтирарди.

Воҳид Охунович қизлари Гулнорахон, умр йўлдоши Дамиржон, уларнинг қизлари Ойшахон, Юлдузхон, куёвлари Ойбекжон ва неваралари Софияхон, Иброҳимбек, Ойбегим.

Бобом бизнинг мактабда нима ўрга­наётганимизга, қандай ўқиётганимизга қизи­қардилар, агар бирон нарсани тушунмасак, батафсил тушунтириб берардилар. У киши ўзининг мактаб йилларини жуда яхши хотирлардилар, ҳаттоки катта синф дас­тур­ларини ҳам осон тушунтириб бера олар­дилар.
Мабодо мен ёмон баҳо олиб қолсам, ҳеч қачон койимасдилар, узоқ тарбиявий суҳбат олиб борардилар. Ҳеч қачон танқид қилмасдилар, бизнинг оилада ҳамма аъло баҳоларга ўқиганига, ўқишга қандай муно­сабатда бўлиш кераклигига алоҳида урғу берардилар. У кишининг бундай муносабати аъло баҳоларга ўқишимга сабаб бўларди ва бобом мен билан фахрланишини истардим.
Бобом жисмоний машқлар қилишга эътибор қаратарди, биринчи синфлигимда­ноқ ҳар куни саҳарда у киши билан бадантарбия машқларини бажарардим. Болалигимдаги бу одатни ҳалигача давом эттираман. У кишига кун давомида тетик ва фаол бўлиш жуда ёқарди. У киши мени спорт машғулотларига тез-тез олиб борар, мусобақаларда мени олқишлаш учун келар­дилар.
Мен иш фаолиятимни бошлаганимда нима билан машғуллигимга қизи­қардилар, ўз тажрибалари билан ўртоқлашардилар. Қийин вазиятлардан қандай чиқиш йўл­ларини ўргатардилар. Мабодо иш фаолия­тимда бирон ютуққа эришсам, доимо олқишлардилар.

Воҳид Охуновичнинг неваралари Ойшахон ва невара куёвлари Отабек фарзандлари билан.

Баракалла, азамат ўғлим!», – дердилар.
У киши мен билан катта одамлардек гаплашардилар. Талабалик давримда ёки иш бошлаганимда мен қабул қилган қарорларни ҳурмат қилардилар. Нима учун бундай фикрлашим билан қизиқардилар. Бирон қароримни нотўғри деб ўйласа, тўғридан-тўғри рад этмасдилар, турли вариантлар так­лиф қилар ва обдон ўйлаб кейин қарор чиқаришни маслаҳат берардилар.
Бобомнинг мен эшитган жуда кўп ўгит­лари, ҳаётий қарашлари ва мулоҳазалари бор эди ва уларни доимо ёдда тутаман. Қуйида у кишининг ўзига хос қизиқарли фикрларидан намуналар келтираман:
– ишни доимо охиригача ва пухта бажариш керак;
– ишни тугатгач, дам олиш мумкин (улар доимо мувозанат сақлашни ёқтирардилар: кўп дам олиш ҳам, беҳуда зўриқиш ҳам керакмас);
– бошқалар иш қилаётганда бир четда қараб турмасдан ёрдам бериш ва ёрдам керакми деб сўраш керак.
– эркак киши доимо барвақт туриши лозим, ҳаттоки таътилда бўлса ҳам (у доимо ички тартиб бўлиши, ўз-ўзини бошқара олиш ва дангаса бўлмаслик керак деб ҳисобларди);
– тўйиб овқатланмаслик, дас­турхондан озгина очлик ҳиссини туйиб туриш керак;
– ҳар доим меъёрни билиш лозим. Масалан, меҳмонга борганда 4 соатдан ортиқ ўтириш керак эмас;
– раҳбарга ўзини ҳорлатиб қўймас­лик лозим, агар бошлиқ муносабатларда чегарадан чиқса, ким бўлишидан қатъи назар, муносиб жавоб бериш керак. (Улар ёшлигида темирйўл станциясида иш олиб бориш жараёнида тарбиясиз бошлиғининг поездлар жадвалини текширишни юклаб, ишлашга халақит қилганида қандай жавоб берганини мисол келтирганлар);
– мансаб ёки иш учун жон-жаҳди билан уриниш керак эмас. Ҳар нарсанинг ўз меъёри бор, ўзини ҳурмат қилиш, дам олиш, кўпроқ вақтини оила даврасида ўтказиш лозим, чунки умр оқар дарё, тез ўтиб кетади (у киши уйда иш тўғрисида эсламасликка уринарди, аниқ чегарани сақлай оларди);
– одоб-ахлоқ қоидаларидан чет­лашмаслик керак, масалан, хотинини ҳақоратламас­лик, сўкинмаслик, ўзини тута билиш лозим (мен ҳеч қачон унинг бувимни ҳақорат­лаганини, уришганини эшитмаганман);
– бошқа иш топмасдан туриб, иш­дан бўшамаслик керак (иродани сустлаш­тирмаслик лозим);
– ундан бирон тарихий шахслар ёки ҳодисаларга оид фикри сўраганларида, ҳеч қачон бир томонлама ижобий ёки салбий жавоб бермаганлар, доимо ижобий ва салбий томонларини муфассал таҳлил қилардилар;
– китобни қандай ўқиш кераклигини ўргатардилар. Вақтни тежаш учун асосий фикр ёки воқеаларни ўқиб билиб олиш керак. Шунингдек, ишда ҳам катта ҳажмдаги маълумотларнинг барча тафсилотларини би­лиш шарт эмас, энг муҳимини топиш лозим. (Бу муваффақиятга эришган раҳбарнинг энг муҳим сифати ва бобом буни жуда яхши биларди).
Бобомда камдан-кам инсонларда учрай­диган ноёб хислатлар мужассам эди. У бир томондан катта жамоани бошқарадиган, муҳим қарорлар қабул қиладиган, қалтис вазиятларда ва қисқа муддатларда жиддий муаммоларни ҳал қилишда ўз характерини, иродасини кўрсата оладиган кучли раҳбар эдилар. Шунингдек, муаммоларни ҳал қи­лишда ташаббускорлик, ишбилармонлик, сама­радорлик кўрсата олардилар, шу билан бир вақтда бўлиши мумкин хавф-хатарни атрофлича ўйлаб кўрардилар. Бошқа томон­дан, иқтидорли мутахассис, кенг академик билимларга эга, ҳар қандай савияда ту­шунтира оладиган (оддий ёки мураккаб сўзлар билан) улкан матонатли, ажойиб ўқитувчи ва мураббий, жуда яхши хотирага эга инсон эдилар. Хуллас, унда қатъий иродали раҳбар ва меҳрибон, сабрли устоз хислатлари қоришиб кетганди. Менимча, бу камдан-кам учрайдиган ҳолат. Бунга сабаб муваффақиятли иш, мансаб ва собиқ ҳамкасбларига ҳурмат, оилага улкан муҳаб­бат бўлиши мумкин.
Биз катта мумнуният билан бобом тўғрисида ёзилган сафдошлар хотираларини ўқиганда, улар ичида Ҳожиакбар Расулов­-
нинг, ёзувчи Шукурулла Дадашев ва сиёсат­шунос, публицист Носир Каримов бобом ҳақида ёзган эсдаликлари учун уларга самимий миннатдорчилик билдирамиз.
Агарда сиз китоб ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларингиз ёки Воҳид Охунович билан учрашувдан қолган таассуротларингиз билан ўртоқлашиш ниятида бўлсангиз, уни бизнинг қуйидаги электрон почта манзилимизга юборишингиз мумкин: erkin-v-kazimov@mail.ru
Бўлажак ота сифатида бобомнинг ноёб хислатли эканликларини ва бизларни кўп нарсаларга ўргатганларини тушуниб етяп­-
ман. Ҳозир шунчаки, қандай инсонликлари, қандай намуна кўрсатганлари, турли ва­зиятларда ўзларини қандай тутганликларини ва гапирганларини хотирлаб, у кишининг ҳаётимда сарбон бўлганларини ҳис этмоқ­даман.