УСТОЗНИ ЁД ЭТИБ

Ҳ.А.Расулов

Ҳожиакбар Абдирахимович Расулов
1971–2017 йиллар давомида Тошкент шаҳар фуқароларга хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи.
Ўзбекистон Республикаси «Меҳнат Шуҳрати» ордени билан мукофотланган. Япония императорининг «Олтин ва Кумуш нур таратувчи– Чиқаётган Қуёш» ордени соҳиби.

Устозимиз Воҳид Охунович Козимов шаҳар ижроия қўмитасида раис бўлиб ишлаган даврларида, улардан кўплаб нарсаларни ўргандим, турли воқеаларнинг гувоҳи бўлдим. Совет мамлакати тузуми даврида атеизм жуда кучли бўлиб, диний эркинлик тўғрисида гап сўз бўлиши ҳам мумкин эмасди. Лекин Воҳид Охуновичнинг ўша оғир шароитда ҳам имон-этиқодлари мустаҳкамлигига амин бўлганман.
Эски коммунист аёллардан (биринчилардан бўлиб партия сафига кирган) бири вафот этиб қолади. У киши мени чақириб:
– Бу аёл шу лавозим деб турмуш қуриб фарзанд кўрмаган, кейинчалик ўзи ёлғиз яшаган, миллий урф одатлардан беҳабар, шаҳар марказида Марказий Универмаг ёнидаги кўп қаватли уйда яшайди,– деб марҳумнинг яшаш манзилини бир парча қоғозга ёзиб бердилар.
– Шу кеча ҳамма ухлаган пайтда тўрт кишини олиб бориб жанозасини ўқитиб қў­йинг, бежаноза кўмилмасин, лекин ҳеч ким билмасин, – дедилар.
Кечаси соат бирларда уч кишини олиб, улардан бири жаноза ўқийдиган эскича илмдан, урфи одатлардан хабардор, ўзим билан тўрт киши бўлиб жанозасини ўқиганмиз. Шундай оғир дамда ҳам эски комунист ходимини жанозасини ўқитишлик, имони суст раҳбар одамнинг қўлидан асло келмасди.
Кейинги воқеа 1977 йилда бўлиб ўтганди. Воҳид ака мени ва ўша пайтлари Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи, улуғ инсонлардан бири Исломов Шамсиддин Исломовични (ҳудо раҳматига олган бўлсин) эрталаб хоналарига чақирдилар. «Ука, ёшингиз нечида?» – деб сўрадилар. Мен ёшимни айтдим. Бир артистнинг исмини айтиб:
– Бу артист сиз туғилмасингиздан олдин машҳур бўлган, лекин Шамсиддин Исломович, – деб Ш.Исломовга қараб, сўзларини давом этдилар, – бироқ, фарзандлари туриб ҳожат қиладиганлардан, шунга қараб Чиғатойдан жой ажратинглар – дедилар. Хоналаридан чиққанимиздан сўнг мен:
– Тушунмадим, нега у киши артистни мен туғилмасимдан олдин машҳур бўлганлигини айтиб мақтадилару, фарзандларини эслатиб, шунга қараб жой ажратинглар дедилар? – деб Шамсиддин акадан сўрадим. У киши:
– Артистнинг ўзи машҳур, ҳурматга сазовор, лекин кейинчалик фарзандлари отасининг қабридан хабар олмай қўяди, шунга қараб ҳамма кўрадиган йўл ёқасидан эмас, ичкари тарафдан жой қилинглар, деганлари бу.
Вафот этган санъаткорнинг уч ўғил ва бир қизи бор эди, улар ҳам элга танилиб қолган, ота касбини эгаллагандилар. Воҳид Охунович билиб айтганларидай, қабрдан ҳеч ким йил давомида бирон марта ҳам ҳабар олмади, фақат қабристон ходимлари қараб туришди. Уларнинг узоқни кўра билишларига, вазиятни баҳолай олишларига, эътиқодлари мустаҳкамлигига яна бир бор иқрор бўлдим ўшанда.
Бу воқеа эса 1981 йилда Чиғатой қаб­ристонида содир бўлганди. Ўша даврда Ўзбекистон Марказий Комитетининг секретари бўлиб ишлаётган Қурбонов Йўлдош Раҳимович вафот этиб қолдилар. Жой ажратиш учун Воҳид Охунович билан Чиғатой қабристонида учрашдик. Қабристон худудида сада бўлиб шар шаклида ёввойи супурги кўм-кўк бўлиб ўсиб ётарди. Уларни қабристон ишчилари кеч кузда йиғиб олиб ишлатарди. Воҳид Охунович, мендан супургини кўрсатиб: «Бунинг оти нима?», – деб сўрадилар. «Ёввойи сада супурги, пишганида йиғиштириб олиб, супуришга ишлатилади», – деб тушунтирган бўлдим. Улар секин, оҳиста менга: «Буни оти «насда қолган», итлар келиб шу супургига ёзилади, йиғиштириб олиб ташланглар», – дедилар. Мен бу нарсани ҳеч эшитмаган эдим, қабристон ишчиларига: «Секин кузатингларчи, шунақа гап бўлди», дедим. Ҳар кунда улардан сўрайман, улар «қабристонга ит кирмаяпти», дейишади. Орадан бир ҳафталар ўтгандан кейин улардан бири:
– Кеча бир дайди ит кириб қолганди, уни ҳайдамай кузатдик, ростдан ҳам супургига бориб оёғини кўтариб ёзилди, – деди. Ўша кундаёқ, барча қабристонлардан ўсиб чиққан ёввойи садасупургиларни олдириб ташладик. Ажабланарлиси шундаки, умр бўйи раҳбар лавозимида ишлаб келган Воҳид Охунович бу ҳодисани қачон кузатган эканлар, деб ўйимга етмаган эдим ўшанда.

Тошкент шаҳар ҳокими К.Н. Тўлаганов ташаббуси билан ўтказилган В.О. Козимовнинг 70 йиллик юбилей тантаналари. Ҳокимият мажлислар зали, 1997 йил.

Собиқ шўролар даврида ҳар йили 1- май ва 7- ноябрда «Қизил Майдон» деб аталадиган шаҳар марказида намойиш (парад) бўларди. Шаҳарнинг ҳамма ташкилот раҳбарлари майдонни байрамга тайёрлашда иштирок этарди. Асосий иш эса ободонлаштириш бошқармаси зиммасига тушарди. Байрам олдидан майдонни айланиб кўрилаётган пайтда ўзларининг ўринбосари, ободонлаштириш бўйича масъулдан, майдонда қатор қилиб экилган, мажнунтолга ўхшаб пастга шокилда бўлиб ўсадиган манзарали тутни кўрсатиб, «нега бу пастга қараб ўсади», деб сўраб қолдилар. Бу саволни кутмаган, сабабини ҳам аниқ билмайдиган муовин ҳаяжонланиб, довдираб, «бу тутнинг новдаси тескари қилиб экилиб кўкартирилади», деб жавоб берди. Воҳид Охунович жилмайиб қўйдилар, тўғри ё нотўғри демадилар. Ўша дамда муовиннинг аҳволини тасаввур қилаверинг. Жавоби тўғри эмаслигини ўзи ҳам сезиб турарди. Майдонни айланиб бўлгунча ич-этини еб бўлди. Воҳид Охунович эса ўзи билиб олсин, ўзи хулоса қилсин, деб индамадилар, кўпчилик олдида уни ҳижолат этмадилар. Бу инсон қадрини ерга урмасликнинг олийжаноб тимсоли эди.
Бир дам олиш куни, эрталаб Шамсиддин ака Исломов менга телефон қилиб: «Соат тўққизда Чиғатойда туринг, мен ҳам келаман. Воҳид Охунович борар эканлар», – дедилар. Шамсиддин ака билан райижрокўм раиси ва мен айтилган жойда кутиб турдик. Соат тўққиздан ошди, улардан дарак йўқ. Бир пайтда у кишининг машиналари келди, ўзлари йўқ. Ҳайдовчидан: «Қанилар?», – деб сўрадик.
– Ҳозир келадилар, машинанинг орқа юкхонаси тўла коса, чойнак, пиёла, ликопча, йўлдаги ошхоналарга кириб, чети учган идишларни йиғиб машинага солдик, улар йўлда тушиб қолдилар, – деди.
– Бугун шаҳардаги ошхоналарнинг иш фаолияти юзасидан аҳолига хизмат кўрсатиш ҳақида мажлис бўлиши керак деб эшитдим. Шуни намуна сифатида мажлис қатнашчиларига кўрсатмоқчилар, шекилли… Биз эшикнинг олдида уларни кутиб турибмиз, бир пайт улар қабристон ичидан чиқиб келдилар, февраль ойининг охирлари эди. Туфлиларига, шимнинг почасига қараб бўлмайди, лой бўлиб кетган. Бир кун олдин ёмғир ёққан эди. «Кутиб қолдинг­ларми»,– деб ўзларининг оёқларига, сўнгра бизнинг топ-тоза пойабзалларимизга бир қараб қўйиб индамадилар. Бизлар асфальт йўлдан келиб кутиб турибмиз, улар мозорнинг орқа томонидан тушиб, қишда қийшайиб йиқилиб қолган бир деворнинг ўрнидан кириб, лой кечиб келибдилар. Ўша деворни кўрсатгани чақирган эканлар бизларни. «Ағанаган деворни кўриш учун эшикдан эмас, тешикдан кириш керак», – деб, машинага ўтириб кетдилар. Катта шаҳарнинг раиси бўлиб мен кўрган деворни сенлар кўрмадингми, қиладиган ишларинг шу бўлса, деган танани айтмаган бўлсалар ҳам, биз буни ҳис қилиб, хижолатдан лол бўлиб қолавердик.
Воҳид Охунович уришмасдилар, овозларини кўтармасдилар, қилинган хатони шундай уқтирардиларки, буни бир умр унутолмай азият чекиб юрарди киши.

Тошкент шаҳар ҳокими К.Н. Тўлаганов В.О. Козимовни 70 ёш билан қутламоқда. Тошкент, 1997 йил.

Бир куни кечаси соат бирда уйимизнинг эшик қўнғироғи жиринглаб қолди. Чиқиб қарасам, шаҳар Кенгашининг навбатчи машинаси ҳайдовчиси. «Тез бўлинг, сизни шаҳар ижроқўми раиси кутяптилар», – деди. Тезда кийиниб машинада кетар эканман, ишқилиб тинчлик бўлсинда, деган минг бир ўй-хаёлда, қандай етиб келганимни билмай қолдим. Хоналарига кирганимда ичкарида Воҳид Охунович, уларнинг муовинлари ва бизнинг кураторимиз ўтиришган экан. «Нега сизнинг телефон рақамингиз қабулхонада йўқ?», – деб сўраб қолдилар. Мени тополмай асабийлашганлари билиниб турарди. У кишига уйимда телефон йўқлигини айтдим. У пайтларда телефон маълум лавозимдаги одамларнинг уйида бўлар, телефон ўтказиш жиддий муаммо эди. «Бу кишининг уйига телефон ўтказиб беринг, ҳар сафар машина юбориб олиб келгунча кутиб ўтиравермаймиз-ку. Буларнинг қиладиган хизмати халқ билан боғлиқ, бу жиддий масала», – дедилар. «Хўп бўлади, Воҳид Охунович, бу ишни тўғрилаймиз», – деб жавоб берди муовинлари. Топшириқни олдик, хоналаридан чиқиб вазифани бажаришга ишхонага кетдик. Телефон масаласи ҳал бўлмади, муовин индамади, мен ҳам сўрамай юравердим. Орадан бир ойлар ўтди, ярим тунда навбатчи машина келиб яна шаҳар советига олиб кетди. Воҳид Охунович хоналарига кирсам, муовинларидан икки киши ўтиришган экан. Салом аликдан сўнг: «Нега телефон рақамингиз қабулхонада йўқ ?». Мен ийманиб, озгина довдираб, секингина: «Уйимда телефон ўрнатилмаган», – дедим. Воҳид Охунович топшириқ берган муовинларига жиддий қараб: «Муовин бўлиб битта телефонни ҳал қилолмадингизми, наҳотки шу ишга ҳам менинг аралашувим керак бўлса, қўлингиздан келмаса менинг топшириғим эканини айтинг, ҳал қилинг», – деб тайинладилар. Эртаси куни кечқурунгача кабель ҳам, бўш рақам ҳам топила қолди, телефонни уйимизга ўрнатиб кетишди. Бир неча кунгача гап эшитган муовин қўнғироқ қилиб телефон ишлаётган ишламаётганлигини, текшириб турди.
Бу воқеа 1976 йилда бўлган эди. Воҳид Охунович Герман Лопатин (Ҳозирги Юнус Ражабий) кўчасида Юнус Ражабий билан қўшни яшардилар. Буюк санъаткор, академик Юнус Ражабий вафот этиб қоладилар. Воҳид Охунович эрталаб барвақт Юнус Ражабийнинг ўғиллари билан Чиғатой қабристонига қабр учун жой кўргани боришади. Жойни белгилаб қабристон гўрковига: «Мен шаҳар советининг раиси Козимов бўламан, мана шу ердан қабр тайёрлайсиз», – десалар, қабристон гўркови: «Сизни ҳурмат қиламан, лекин менга бошлиғимиз келиб айтиши керак, кейин қазийман», – деб жавоб қилибди. «Бўпти, бошлиғингиз келиб айтади, келганида шу жойни кўрсатинг», – деб тайинладилар. Эрталаб ишхонага келишим билан тезда Воҳид Охуновичга учрашишим кераклигини айтиб қолишди. Яна нима бўлди экан, деб бир зумда етиб келдим. Хоналарига кирсам бир ўзлари экан, сўрашиб, ўтиринг дедилар. Юнус Ражабий вафот этганлигини, дафн маросимини ташкил этиш кераклигини айтдилар. Сўнг жилмайиб қабристон ишчиси билан бўлган воқеани гапириб бердилар. Мен хижолат чекиб узр сўрадим, улар эса: «Сизга раҳмат, ишчиларни интизомли, ўз раҳбарига бўйсунадиган қилиб тарбиялаганингиз учун, ҳар ким келиб мен фалончиман деб буйруқ бериб кетаверса тартиб бўладими? Сиз бориб, мен белгилаган жойга қабр қазишни айтинг, зинҳор хафа қилманг, улар тўғри йўл тутишди», – деб уқтирдилар. Ахир бу чин инсонийлик далолати эмасми?!
1970–1980 йиллар оралиғида ўша даврдаги Собир Раҳимов (ҳозирги Олмазор) туманидаги ҳалқа йўл яқинида янги ТошМИ клиникаси қурилиб, ишга тушиш арафасида эди. Бу клиника Чимирота қаб­ристонига туташ бўлиб, асосан ўша даврдаги Калинин (ҳозирги Зангиота) тумани, қисман Собир Раҳимов тумани аҳолисига хизмат кўрсатарди. Клиника раҳбарлари бу ерда турли хил беморлар даволанади, қабристонда ўтказиладиган дафн маросимлари беморлар руҳиятига ёмон таъсир қилади, уларнинг шифо топиши қийинлашади, шу қабристонни ёпиш керак деб Марказқўмга хат билан мурожаат қилишибди. Марказқўмда қурилиш билан шуғулланувчи котиб клиникада қурилиш ишларини якунлаш тўғрисида клиника раҳбарлари ва қурувчилар билан йиғилиш ўтказиб, мажлис баённомасига қабристон дафн учун ёпилсин, деб қўшиб қўйишади ва шаҳар советига ижро учун юборишади. Юқори идорадан бошқармамизга қаб­ристонни ёпиш тўғрисида топшириқ келди. Бу топшириқни биз маҳаллаларга етказамиз.
Орадан икки ҳафталар ўтди. Олий Совет Президумига 700 нафарга яқин аҳоли қўл қўйган хат келиб тушади. Қабрис­тон очиб берилсин деган мазмундаги бу хатнинг нусхаси бизнинг идорага ҳам берилди. Нима қилишни билмаймиз. Шаҳар Совети раҳбариятидан дам олиш кунига қабристонга алоқадор маҳаллалардан бир нечтадан вакилларни қабристонга йиғиш тўғрисида топшириқ олдик. Нима бўларкин деб ҳайрон қолдик. Ахир бир ёқда қабристонни ёпиш тўғрисидаги Марказқўмнинг хужжати бўлса, иккинчи томондан аҳолининг мурожаати бор. Йиғилишдан икки кун олдин Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси Нормуҳаммад Жўраевич Худойбердиев ва шаҳар совети раиси Воҳид Охунович Козимов кечаси соат бирда келиб, ҳеч кимга билдирмай қабристонни бир соат айланиб чиқишади. Якшанба куни эрталаб соат саккизда қабристон ҳудудида уч юзга яқин одам тўпланди. Маҳалладан вакилликка кимни юборамиз деб маслаҳат қилган маҳалла раисига қулоқ солмай, вакил эмас, ҳаммамиз борамиз, деб қабристон томон ёпирилиб келган оломон нима бўларкин дея асабий ҳолда кутишарди. Шу вақтда қабристонга шаҳар раҳбари Воҳид Охунович Козимов ҳамма муовинлари, шаҳар бошқармаларининг бошлиқлари кириб келишди. Салом-аликдан сўнг Воҳид Охунович сўз бошлаб, янги ТошМИ клиникаси шаҳар аҳолисига, айниқса, шу атрофда яшовчиларнинг соғлиғини тиклаш, беморларни даволаш мақсадида қурилганлигини тушунтириб ўтдилар. «Сизларнинг Республика раҳбариятига ёзган мурожаатномангиз Рес­публика раҳбари билан бирга кўрилиб чиқилди. Жойга келиб ўрганилди. Яқин орада бошқа қабристон йўқлигини инобатга олиб, Республика раҳбарияти қаб­ристонни ёпмаслигига розилик берди». Шу пайт гуррос «Раҳмат», деган овозлар эшитилди. Воҳид Охунович сўзини давом эттириб: «Қабристонни обод қилишда иштирок этасизлар. ТошМИ клиникасидаги беморларга дафн маросимлари кўринмаслиги учун қабристон ҳудудида девор ёқалаб беш қатор терак экиб кўкартирасизлар, кўчатларни биз келтириб берамиз. Бу ерга шаҳарнинг турли соҳа раҳбарлари келишган. Қабристонни баланд девор билан ўраш, чироқ ўрнатиш, йўл қуриш ишларини шу йилнинг ўзида амалга ошириб беришади. Шунга розимисизлар», – деб сўрадилар. Ҳамма бирдан: «Розимиз», – деб юборишди. Уч-тўртта кекса отахонлар сўзга чиқиб, уларнинг истаклари қондирилганлиги, илтимослари инобатга олинганлиги учун Республика раҳбарларини, шаҳар раҳбарларини дуо қилишди. Отахонлардан бири қабристонда ётган марҳумлар ҳақига Қуръон тиловат қилди. Воҳид Охунович мажлис бош­ланишига қадар дарғазаб бўлиб турган оломонни тинчитиб, оддий сўзлар билан улар қалбига йўл топа олди, учрашувни дуойи-фотиҳа билан якунлашга эришдилар. Бу ҳам раҳбарнинг ўта зукколигидан далолатдир.
Воҳид Охуновичнинг эътиборидан халқ учун керакли бирон-бир хизмат четда қолмасди. Ҳар бир соҳа ипидан-игнасигача ўрганилиб чиқиларди, сўнгра савол-жавоб қилиниб, жиддий топшириқлар бериларди. Менга берилган топшириқларнинг натижасини айтгани эрталаб тўққизда олдиларига кириб, керакли маълумотларни бердим. Улар мени диққат билан эшитиб, сўнгра: «Ёзиб олинг», – деб, бир қанча қилиниши лозим бўлган янги қўшимча топшириқлар бердилар. Воҳид Охуновичнинг ҳузурларидан чиққанимдан сўнг, бошқа иш билан ижроқўмнинг режалаштириш бўлимига кирдим. У ердагилар: «Бизда иш соат ўнда бошланади-ку, сиз эрталабдан бу ерда нима қилиб юрибсиз, тинчликми ўзи?», – деб сўрашди.
Мен Воҳид Охунович олдиларига келганимни, ҳозир зарур топшириқлар олганимни айтдим. Улар бир зумда хомуш бўлиб: «Сизга ҳеч нарса демадиларми?», – деб сўрашди. Ходимлардан бири бугун эрталаб соат 11 да йиғилиш бўлишини, Воҳид Охуновичнинг ишдан кетишларини айтади. Мен довдираб, донг қотиб қолдим. Ишонгим келмади. Ҳозиргина берган топшириқларини ипидан-игнасигача суриштириб, яна қанча янги топшириқлар бердилар-ку. Мен заррача бўлса-да уларда ўзгариш сезмадим: ўша-ўша сокинлик, ўша-ўша вазминлик. Бир соатдан кейин ишдан озод қилинаётган одам менга топширилган вазифаларнинг жавобини тинглаб, сўнгра яна янги қилиниши лозим бўлган ишларни менга уқтириш учун қанчалик сабр-бардош, қанчалик матонат, қанчалик куч керак, фақат Худо билади…
Ўша йиллари Республикамизга Мос­квадан келган лигачёвчилар бошчилигидаги десантчилар ҳукмронлик қилиб,
Шароф Рашидов билан ишлаган кадрларнинг ҳаммасини ёппасига ишдан олиш
бошланган эди.
Устозим Воҳид Охунович бошқа ишга ўтганларидан сўнг ҳам телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўраб, мен билан гаплашиб, ишларимни суриштириб турдилар. У инсонга бўлган мендаги меҳр-муҳаббат, ҳурматни қарангки, улар қўнғирок қилиб: «Мен Козимовман», – деганларида, ўрнимдан туриб, қўлимни кўксимга қўйиб гаплашардим, буни беихтиёр бажарардим, ҳатто улар кўрмасалар, сезмасалар ҳам, ўзим ҳам ўрнимдан турганимни билмай қолардим. Бу Воҳид Охуновичга нисбатан менинг қалбимдан чуқур жой эгаллаган ҳурматимдан бўлса керак, деб ўйлайман.
Шаҳар ижроқўми раислигига Воҳид Охуновичнинг кўп йиллар муовинлари бўлиб ишлаган Шоиноят Раҳимович Шоабдураҳимов тайинландилар. Бироз фурсатдан сўнг Воҳид Охунович менга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўраб: «Шоиноят Раҳимивич ўз кураторингиз, бошлиғингиз бўлганлар, қолаверса, ака-укадексизлар, ишларингиз Худо хоҳласа яхши бўлади», – деб, илиқлик билан сўзлашдилар.
Вақт олий ҳакам деганларидек, шу воқеаларга ҳам салкам ўттиз йил бўлибди. Ҳамон уларнинг доно раҳбарлиги, меҳрибонлиги, оддий инсонга бўлган самимий эътибори кўзим олдида гавдаланиб турибди. Юрагим билан соғиниб уларни қўмсаб қўяман.
Сўнгги йиллар давомида шаҳримизнинг кўплаб биринчи раҳбарлари билан ишлашга тўғри келди. Лекин Воҳид Охунович Козимовдек инсон қадрини ҳурмат қиладиган, ҳар қандай оғир шароитда ўзини тута оладиган, овозини кўтармай, бирор-бир кимсанинг дилини оғритмай мулоҳаза билан сўзлайдиган, ўз яхши амаллари билан барчага ибрат бўладиган маданиятли, етук инсонни учратмадим…