ЭЛ ДАРДИ БИЛАН ЯШАГАН ИНСОН

М.Ортиқхўжаев

Мурод ака АМуродхўжа Ортиқхўжаев
Маиший хизмат кўрсатиш Вазирининг биринчи муовини
Тошкент шаҳар савдо бошқармаси бошлиғи,
ТАШЗНИЭП институтида директор муовини лавозимларида ишлаган.

Бу дунёда қадр топиш, обрў-эътибор қозониш, ўз ортидан яхши ном қолдириш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Шу нуқтаи назардан мушоҳада қилинса, ҳаёт мезонлари кўпнинг корига яраш, умр синовларидан мардонавор ўтиш, савобли ва хайрли ишларга бош-қош бўлишдек фазилатлар билан ўлчаниши тайин.
Узоқ йиллар Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган Воҳид Козимовнинг босиб ўтган умр йўлидан ибрат олса арзигулик. Бировларнинг оғирини енгил қилишга доимо шай турган, дарвозаси ҳам, дастурхони ҳам мудом бағри мисол очиқ бўлган билимли, табиатан босиқ, камтарин, илғор фикрли Воҳид Охунович иштирок этадиган тадбир ёки бирор давра қизғин мунозара билан ўтар ва бунинг натижасида анча-мунча ҳаётий масалалар ўз ечимини топарди.
Ана шундай фидойи инсонлар ҳақида эшитганда беихтиёр кўнглингда илиқлик пайдо бўлади. Бундай инсонлар ҳаётни тарк этгач ҳам номи, қилган ишлари кишилар хотирасида яшайверади. Воҳид Козимов ҳақида гап кетганда, уни кўрган-билган, ҳаётлигида бир марта бўлса-да, суҳбатида бўлган одамлар уни ҳамиша элнинг ғами билан яшаган, ҳақиқий фидойи инсон сифатида эслашади.
В. Козимов билан пойтахтимиздаги «Телеминора», «Халқлар дўстлиги» саройи ва бошқа осмонўпар бинолар қурилишида қатнашдим. Кейин ҳам у билан доимий алоқада бўлиб турдим.
В.Козимов ҳаётда жуда самимий, очиқкўнгил инсон эди. Доимо халқ билан ҳамнафас яшашга интиларди. Одамлар билан вазмин ва босиқ гаплашар, фикрлари теран, тинг­лаш маданияти юқори эди. Бундан ташқари, ҳеч қачон ҳиссиётга берилмас, хулоса чиқаришга шошилмасди. Низоли тарафларни бирдек тингларди.

Грузия. Гагра шаҳри. 1964 йил.

Мен «Ташплодоовощ» муассасасига раҳбарлик килган кезларимда Воҳид Охунович Москвадан келиб, мева-сабзавот дўконларини Тошкентда ҳам кўпрок очиб, бу ерда ҳам Москвадагидек яшил лотокларда кўм-кўк майса, ўсимликлар билан дўкон олди ойналарининг ёнини безаш кераклигини менга топширдилар. Биз 300 та ёғоч лотоклар ясатиб, уларга яшил майса, гуллар экиб, шаҳар мева-сабзавот дўконларини ҳар бир туманда безатдик.
Бунинг оқибатида аҳоли хурсанд. Дўконлар кўркига-кўрк қўшилиб, савдо-сотиқ ишларига барака кириб, даромад ошди. Шундан кўриниб турибдики, Воҳид Охунович Козимов ҳар бир ишда ҳоҳ катта, ҳоҳ кичик бўлмасин, Тошкент шаҳрини гўзал замонавий пойтахтга айлантиришга бор кучини, умрини сарфлаганлар.
Ҳозир ёшим тўқсондан ошган. Яқин йилларгача давлат ва жамоат ташкилотларида фаолият кўрсатдим. Турли даврларни, суронли кунларни бошдан кечирдим. Турфа одамлар, раҳбарлар билан ишладим. Лекин Воҳид Козимовдак самимий, одамохун раҳбарларни кам учратдим. Ватанимиз мустақиллиги, халқимиз эришаётган улкан ютуқ ва марраларга гувоҳ бўлиб турганим, бугунги фаровон турмуш насиб этгани учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтаман. Воҳид ака билан суҳбатдош бўлган дамларни ҳаётимнинг энг бахтиёр, фараҳбахш кунлари деб биламан.
Яхшилар ёди ҳамиша мангу яшайди. Улар ҳаётдан кетсалар-да, амаллари, фазилатлари тиллардан-тилларга кўчиб, одамлар қалбида яшайверади. В.Козимовнинг ҳам
хайрли ишлари, одамийлиги барчага ўрнак, барча учун қадрли эди.