ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЖРОИЯ ҚЎМИТАСИДА

Тошкент ш., 1982 йил. Тошкент шаҳар халқ депутатлари Совети сессиясидаги
В.О. Козимовнинг ҳисобот марузаси. Тошкент, 1982 йил.

1972 йиллар эди. Мен меҳнат таътилида Иссиқкўлда оилам билан дам олаётгандим. Менга одам юборишиб, тезда Тошкентга қайтиб МҚга боришимни айтишди. Ҳали бир ҳафтача дам олишимиз керак эди. Кечқурун етиб келдик. Кейин Шароф Рашидович эртаси куни соат ўнларда метро қурилишларини бирга айланиб чиқишни таклиф қилдилар. Бир-иккита станциялар қурилиши тўхтаб қолган экан. «Комсомол кўли» атрофи аҳоли зич яшайдиган ҳудуд эди.
Метро қурилиши раҳбарлигига П.И. Семёнов тайинлаган эди. Кейин у Олий Совет депутати бўлди. П. И. Семёнов бизга уйларни бузиш ҳақидаги буйруқ йўқлигини айтди. Шу пайт Шароф Рашидов менга: «Бузинг!» – деб буйруқ бердилар. Мен у кишига: «Мен шаҳарнинг раҳбари бўлмасам, исполкомнинг раиси бўлмасам, қандай қилиб буйруқ бераман. Бу менинг ваколатимга кирмайди-ку!», – дедим. Сиз исполкомнинг раиси бўласиз, дедилар. Мен Шароф Рашидовнинг гапини ҳазил деб тушундим. Бу даврда шаҳар советига Хуснутдин Асомович Асомов раислик қилар эди. У кишининг раислик даврлари энг қийин, Тошкентни кайта тиклаш даврига тўғри келганди. Иш жуда кўплигидан кечалари билан ишхонада қолиб кетардилар, шанба-якшанба деган кунлар эсга ҳам келмасди. Бундай ишлаб, шаҳарнинг оғир муаммолаларини ўз вақтида ҳал қилиш Х.Асомовнинг соғлиқларига таъсир килиб, бир неча бор юрак хуружига учрадилар. У киши Республика раҳбарига бошқа ишга ўтказишларини сўраб мурожаат қиладилар.
Фарғона темирйўли бўлими раҳбарлигида, Қўқонда шаҳар партия қўмитаси биринчи котиби бўлганимда, МКда ишлаганимда Шароф Рашидович билан яқиндан мулоқотда бўлганим учун улар билан бемалол гаплашардим. Шароф аканинг характерлари яхшийди, ачитиб гапирмасдилар. У кишининг табиатида гердайишлар ёки шунга ўхшаган қусурлар бўлган эмас, зиёли одам эдилар. МКга келганимизда бюро аъзолари тўпланиб туришарди. Шароф Рашидович мажлисни очиб: «Козимовни шаҳарнинг ижроия қўмитаси раиси қилсак нима дейсизлар?» – деб йиғилганлардан сўрадилар. Норозилик билдирилмаганидан сўнг: «Ломоносовга айтинг, ўртоқ Козимов горисполкомнинг раиси этиб тайинласин…» Мен ҳайрон бўлиб қолдим, ҳазил чинга айланганига энди ишондим.
Зилзиладан кейин шаҳар ағдар-тўнтар бўлган, ҳаммаёқ чанг, қурилишлар тугалланмаган. Одамларда уй йўқ, тўполон-жанжал. Шаҳарнинг кўп жойларида дарахтлар эгилган-синган, уйлар бузилиб ётарди…

Халқлар Дўстлиги майдонидаги темирчи Шомаҳмудов ҳайкали олдида Министрлар Советининг раиси Н.Ж. Худойбердиев, В.А. Козимов ва Х.Ё. Ёқубжонова Македония ҳукуматделегацияси билан.

Уч-тўрт кундан кейин сессия бўлди ва мени раис лавозимига сайлашди. 1972 йилда Тошкентда зилзиладан кейин шаҳарни қайта қуриш масалалари долзарб эди. Бошқа республикадан келган ёрдамчилар ўзларига бириктирилган даҳаларда уйларини қуриб қайтишган. Шаҳар Бош планида қаерда нима қуриш кўрсатилган эди. Кўп уйлар вайрон бўлган. Ҳар ким ўз билганича уйлар кўтарган, шаҳар ҳароб аҳволда эди. Олой бозори, ЦУМ атрофида қурилган уйлар атрофи вақтинча девор билан ўралган эди.
Шаҳар мактабларини таъмирлаш масаласи план бўйича биринчи босқичда эди. Вазиятдан келиб чиқиб, дарслар уч сменада ташкиллаштирилганди. Дарахтларни экиш ўз навбатини кутиб турган долзарб масалалардан эди. Менга шаҳарни кўкаламзорлаштириш масаласи ҳам юклатилди. Беш миллионга яқин кўчат экиш лозим эди. Кўп­лаб соғлиқни сақлаш муассасаларида иситиш қозонхоналари яхши ишламасди. Ҳар юз минг тошкентлик учун бир поликлиника тўғри келсада, бу етарли эмасди. Шунингдек, аэропорт қурилиши оқсаб, режадан ортда қолиб, энди фундамент қуйилган эди. Кўчалар яхши ёритилмас, Софийский прос­пекти, кичик ҳалқа йўли қониқарли даражада эмасди. Транспорт соҳаси қолоқ даражада, шаҳарнинг кўп жойларида канализация йўқ эди.

Шаҳар Бош плани макети олдида.
1973 йил.

Ичимлик суви таъминотида капитал таъмирлаш амалга оширилди. Яъни, Бўзсувни кўтариш мажмуаси орқали Чирчиқнинг юқори оқимидан келадиган сув билан, шаҳар таъминланди. Режа бўйича бир кунда 2,0 млн кубметр сув чиқариш лозим бўлса-да, аммо атиги 1,6 млн кубметр чиқаришга эришилганди. Канализация масаласида, иккита катта – Салор ва Бўзсув тозалаш иншооти қурила бошланганди. Москвадан Брежнев ва Косигин келганларида Шароф Рашидович ташаб­буси билан бу ишлар Марказком қарорларига киритилиб, амалга оширила бошлаган эди. Чунки шаҳарни сув билан таъминламай, канализация иншоотларини қурмай, ободонлаштиришни амалга ошириш қийин эди. Келаётган сувдан Тошкент шаҳрида 20 минг кубометри кўкаламзорлартириш учун ишлатиларди
Ўша кезлари Пушкиннинг янги ҳайкалини ўрнатиш, Халқлар Дўстлиги саройини қуриш ва сарой олдида ҳайкал ўрнатиш масалалари кўриб чиқилди. Қурилиш кўзда тутилган жойларда кўплаб эски маҳаллалар жойлашган эди.

В.О. Козимов шаҳар Ички ишлар бошқармасини иши билан танишув. 1974 йил, Тошкент ш.

Эски шаҳарни реконструкция қилиш, эски чордеворларда яшаётган аҳолини режали кўчириш масалаларини қандай амалга ошириш зарурлигини республика раҳбарлари, Шароф Рашидович бошчилигида менга тушунтиришди.
Шаҳар халқ хўжалигини ривожлантириш, яъни шаҳардаги умумий корхоналарнинг инфраструктураларини яхшилаш масаласи долзарб эди. Авиазаводда 50 000 га яқин ишчи ишларди. Айниқса, Юнусободдан қатнов йўллари яхши эмасди. Шунинг учун трамвай йўлларини қуриш, келгусида ушбу йўналишда метро қуриш муаммоси олдимизда кўндаланг турарди. Марказкомнинг қарори асосида прицеп ишлаб чиқарадиган Ташавтомаш заводини Трактор заводига айлантириш масаласи кўтарилди. Бу иншоотларнинг инфраструктурасини вужудга келтириш, муҳандислик коммуникациялари, савдо-сотиқ, тиббий ёрдам, поликлиника, умумий овқатланиш корхоналари, транспорт йўлларини таъмирлаш ва бошқа масалалар шаҳар ижроия қўмитасининг вазифасига кирарди. Шаҳарни электр билан таъминлаш, газ масаласи, уни шаҳар бўйича тақсимлаш муаммоси турарди олдимизда… Зилзиладан барбод бўлган шаҳарнинг инфратузулмаларини тиклаш лозим эди.
Ўша пайтда бахтимга шаҳардаги ўринбосарларим яхши инсонлар эди. Масалан, ободонлаштириш бўйича Иноят Раҳимович Шоабдураҳимов, ўзи темирйўлчи, Тошкент темирйўли бўлимининг раҳбари бўлган. Қурилиш бўйича Зайцев Борис Андреевич –
Олмалиқда қурилиш бош инженери бўлиб ишлаган. Шаҳардаги уй-жойларни тамирлаш соҳасида масъул, Чилонзор райони партия қўмитасининг биринчи котиби бўлган Соқиев, маданият соҳасида Ҳосият Ёқубовна Ёқубжоновалар билан бирга ҳамжиҳат бўлиб ишларни амалга оширганмиз.

Шаҳарнинг Бош лойиҳаси устида мутахассислар билан баҳс. 1975 йил, Тошкент.

1973 йилда шаҳарни кўкаламзорлаштириш бўйича марказком бюросидан сўнг Шароф Рашидович менга: «Бизда боғдорчилик совхози бор, лекин уларда тайёр кўчат йўқ. Вилоятларга чиқиб, яхши терак, дуб кўчатлари, чинорларни олиб келиб, шаҳарни ободонлаштирмасак, ҳаммаёқ яп-яланг дашт бўлиб турибди», – дедилар. Тезда вилоятларнинг партия қўмитаси биринчи секретарларига телефон қилдим. Кўчат етказиш имкониятлари ҳақида суриштирдим. Сурхондарё, Бухорода ҳеч нарса йўқ. Қорақалпоғистон ва Хоразмда ҳам йўқ. Билганим, Қўқондаги ўрмон хўжалигидан 20 минг чинор олиб келдим. Барча кўкаламзорлаштириш бўйича мутахассисларни чақиртириб, мазкур масала юзасидан келишиб олишимиз лозимлигини билдирдим. Келаси йилдан бош­лаб икки миллион кўчат чиқарадиган режа қилайлик: дуб, чинор, каштан ва чиройли декоратив манзарали дарахтларни етиштиришимиз керак, дедим. Доимий яшил рангда мавжланиб турадиган дарахтларни етиштиришмиз зарурлигини таъкидладим. Хуллас, уч йилнинг ичида бир миллионча дарахт кўчатини экдик. Чорсу – Гангадан тортиб, то Олой бозоригача, Юнусободдан то шаҳар чегарасигача, йўл ёқаларида эни 60–70
метрлик бўлган ўрмончаларни яратдик. Кўчатларнинг қолган қисмини Фарғона, Сурхондарёга сотиб, яхшигина даромад ҳам олдик. Арча дарахтини етиштирмоқчи бўлдигу, уддасидан чиқолмадик. Кейинчалик ўрмон хўжалиги билан гаплашиб, уни тоғ бағирларида экдик. Арчанинг бўйи бир метргача бўлгач, кўчириб олиб келиб, Қизил майдонга экдик. Кўм-кўк бўлиб ўсиб турган дарахтнинг учи июлга бориб сарғая бошлади. Тошкент шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби Асадулла Ашрабович Ходжаевдан бу ҳақда маслаҳат сўрадик. У киши анча ишбилармон, Наманган обкомида биринчи секретар бўлганларида, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган инсон эдилар. У киши бизга ҳар бир дарахтнинг тагига биттадан ингичка труба ўтказиб, ҳаво исиган вақтда суғориш кераклигини маслаҳат бердилар. Улар айтганидай қилгач, дарахтлар яна ўз ҳолига қайтиб, бўй чўзди. Уларнинг уруғидан яна қайта экиб, кўчат олиб кўпайтирдик. Бу арчанинг туридан ўз ҳовлимга ҳам олиб келиб экканман. Бу Қрим арчаси эди. Ҳозирда Тошкентда бу дарахт турининг оммавий тарзда экилганини кўришимиз мумкин. 15–20 йилда улар улкан дарахт бўлиб кетар экан.

Шу каби ишларни Тошкентда биз амалга оширдик. Бу ишларни амалга оширишда райком партия қўмиталарининг котиблари раҳбарлигида, айниқса, Толиб СодиқовичСодиқов Октябрь районида, Чилонзор районида ҳашар йўли билан амалга оширилди. Тошкент кўкаламзорлаштирилиши бўйича дунёда етакчи ўринни эгалларди. Жаҳонда ҳар бир киши бошига камида 16 кв м жойни кўкаламзорлаштириш тўғри келса, Тошкентда бу кўрсаткич 45 кв.м ни ташкил этарди.