1969 йилда мени Марказқўмга–Шароф Рашидович Рашидов ҳузурига боришимни телефон қилиб айтишди. Бирор айб иш қилиб қўйдиммикан, деган хаёлга бордим. Кечки соат бешларда уларнинг олдиларига кирдим. «Қўқонда ишлар қалай?» – Шароф Рашидович бошлаган ишларим ҳақида сўрадилар. «Тошкентда ҳозир жуда катта қурилишлар бошланди. Метро қуришимиз керак. Янги аэропорт қуришимиз керак. Тошкентда яна йўл кўприкларини қуришимиз керак! Сизни Тошкентга – Марказқўмга олиб келсак. Сиз Олий Советга депутатсиз, МҚ аъзолигига номзодсиз. Шу соҳани ривожлантириб берсангиз. Йўл қурилишида Тошкент ҳалқа йўли курилишини бошлашимиз лозим, Самарқанд – Жиззах йўли қурилишини тугатиш керак. Самарқанд – Қарши темирйўлини охирига етказиб, очиш керак, ва бошқа масалалар бор…» – дедилар.
Раҳбарнинг бу гапига жавобан: «Мени шу ишга лозим топган бўлсангиз, ҳалқ хизматига доим тайёрман,» – дея жавоб бердим.
– Сиз Швейцарияга кетаётган экансиз, у ерда бир ҳафта бўларсиз. Қайтишда тўғри КПСС МҚга борасизда, Осетров деган раҳбарнинг олдига кирасиз. У сизни юқори лавозимлардаги раҳбарлар олдига олиб киради, суҳбатга, – дедилар.
Т. Н. Осетров у маҳалда КПСС МҚнинг ташкилий бўлимда Ўрта Осиё республикалари билан шуғулланган раҳбар эди. Бордим, икки нафар КПСС МҚ секретарларининг суҳбатидан ўтдим. Кейин КПСС МҚнинг транспорт ва алоқа бўйича мудири билан
Сусловнинг олдига кирдик, суҳбатдан ўтдим. Қўқонда Фарғона темирйўлининг бўлими бошлиғи бўлиб ишлаб юрган кезларимда КПСС МҚнинг транспорт ва алоқа бўйича бўлим бошлиғи мени яхши танигани учун мени яхши кутиб олишди ва тасдиқдан тез ўтдим.
Қўқонга қайтганимда Тошкентга кўчиб кетишимизни оиламга айтдим. Улар пойтаҳтда туғилиб ўсгани учун бу хабардан жуда хурсанд бўлишди.
Шундай қилиб 1969 йили пойтахтга келдик. МҚнинг меҳмонхонасида уч ой турдим (чунки оилавий тўлиқ кўчиб келишга улгурмаган эдик). Катта қизим Гулчеҳрахоннинг ўқишини пойтаҳтга кўчирдик. Ўғлим Эркин ва Гулнорахонлар Қўқонда ўқир эдилар…
Бизга уйни тайёрлашди, унга январь ойида кўчиб келдик. МКнинг транспорт ва алоқа бўлим мудири лавозимида иш бошладим. У маҳалда ҳали қуриб улгурмаган Орол денгизидаги кемасозлик ҳам бизнинг тассарруфимизда эди.
Тошкентда амалга ошириладиган муҳим ишлардан бири метро қурилиши масаласи эди. Шароф Рашидович метро қурилишини бошлаймиз, лойиҳаларини охирига етказишимиз кераклигини айтдилар. Метро йўли кавланмаган, фақат режада бор эди, холос. Москвага бордик, бизни режа билан таништиришди. Мен билан Республика алоқа вазири Д. Мангельдин ҳам борди. Лойиҳага қарши одамлар кўп эди. Чунки Тошкент чангли жой, қуриб бўлмайди, метронинг автоматикаси чангга тўлиб қолади, дейишди. Тошкентда муҳандис коммуникациялари ҳам талаб даражасида эмасди. Ер остида тахминан 10–12 метрдан сўнг сув чиққани учун метро ўтадиган трассани қуриш мушкул бўлган. Қурилиш Собир Раҳимов бекатидан Марказий ҳиёбонгача режалаштирилди. Лойиҳа институтига бориб, ўн беш кунча ўша ерда турдик, қурилиш режасини оҳирига етказишга ҳаракат қилдик. Энди ишни бошлаш қолганди холос.
Эсимда, телеминоранинг макети менинг иш кабинетимда – Марказқўмда турарди. Ироқнинг биринчи Президенти Карим Қосим Москвага келиб, телеминора қуриб бериш масаласини илтимос қилган экан. Кейин режа макетини тайёрлашган ва кўргазмага қўйишган. Карим Қосим бирдан вафот этиб, бу режа тўхтаб қолган экан.
Бир куни Шароф Рашидович ва
Д. Мангельдин Москвага боришган.
Д. Магельдин макетни Тошкентга олиб кетишни илтимос қилган, бизда – Тошкентда ҳам телеминора қурилиб қолар деган яхши ниятда. Шароф Рашидовнинг марказда ҳурмати катта бўлганлиги боис макет пойтахтимизга берилган эди. Телеминоранинг лойиҳаси ҳам бор эди ўшанда. Олдимизда икки масала: метро қурилиши ва телеминора қурилиши кўндаланг турарди…
Макетни мен ва Д.Мангельдин Москвага олиб бордик. Исаев деган собиқ СССР
Госплан раисининг биринчи муовини бўларди. У тиш-тирноғи билан қарши чиқди. Шароф Рашидовичнинг илтимоси билан бизни Министрлар Советининг раиси А.Н. Косигин қабул қилди. У бизга: «Сизларга метро керакми ёки телеминорами?! Ахир ҳар бирининг қурилишига уч минг тонна «легированный сталь» – металл керак-ку! Майли, кўрамиз», – деди. Биз қайтиб келдик. Шароф Рашидовга вазиятни айтдик. Лойиҳа ҳам тайёр бўлди. Биз руҳсатни кутиб турардик. Тошкентга Л. И. Брежнев келиб қолди. Катта анжуман бўлади ва унинг оҳирида шунга махсус тайёрланган райкомнинг биринчи секретари С. М. Тоировни минбарга чиқаришади. У нутқида Брежнев билан Косигинни Тошкентдаги зилзиладан кейин берган ёрдамлари учун роса мақтайди. Уларнинг шаънига гулдурос қарсаклар чалинади. Сўзининг охирида ўзбекистонликларнинг Тошкентда метро курилиши тўғрисида илтимоси борлигини айтади. Ҳамма яна гулдирос қарсак чалиб юборади. Брежнев: «Майли, ўйлаб кўрамиз ва КПСС МКнинг сиёсий бюросида маслаҳатлашамиз», – дейди.
Шароф Рашидович менга ерни қазийдиган яхши мутахассис топишим кераклигини айтадилар. Ангрен сув қурилмасида қатнашган Канишев деган одам бўларди. Канишевни чақирдик. Мен унга Шароф Рашидовнинг таклифини билдирдим. Шароф Рашидович уни кўндирдилар (унинг ҳурматини жойига қўйиб). У қурилишни бошлашга рози бўлди. Расмий қарор ҳали берилмаган эди. Нима қиламиз, деб сўрасам, Шароф ака ёрдамчи ишларни бошлашимизни айтдилар. Шахталарни аниқладик. Бирор ойдан кейин қарор келди. Беш миллион рублга республика
маблағидан иш бошланди. Метронинг бошланиши жуда оғир бўлган. Сабаби ер ковлаш учун муҳандислик коммуникацияларини
бошқа жойга олиш керак эди. Кўпчиликнинг хонадонида ҳожатхоналари чуқур кавланганлиги боис шунга тегишли муаммо бор эди. Москвадан ёрдамчилар, консультантлар ҳам келишди.
Шароф Рашидович ва Министрлар Совети раиси Нормуҳаммад Жўраевич Худойбердиев (Вазирлар Махкамасининг раиси) қурилиш ишларини ўзлари назорат қилиб боришди. Секин-аста шахта йўли очилиб, вертикал, горизонтал йўллар очилган эди. Ишлар тез борарди. Биринчи галда Собир Раҳимов бекатидан Халқлар Дўстлиги бекатигача аҳоли уй-жойлари бузилмаган эди. Қурилиш 1970 йилдан бошланган бўлсада, оммавий тарзда 1972 йилдагина иш авжига чиққанди. Мўлжал бўйича метронинг бир километри 11 млн рублни (станциялари билан бирга) ташкил қиларди. Метро станцияларидан, автомобиль йўллари тагидан тротуарга чиқадиган йўлаклар, уларнинг сувоқ ишларининг барчасини республика бюджети ҳисобидан амалга оширилиши режалаштирилди.
Барча муаммолар кўриб чиқилиши учун давлат комиссияси тузилганди. Бўзсув билан Пушкин майдонидан метрони қандай ўтказиш муаммоси бор бўлиб, маслаҳатчилар ерни музлатиш усули билан сувнинг ичидан ўтказамиз дейишди. Комиссиянинг раҳбари сифатида мен сувнинг устидан очиқ ҳолатда ўтказишни таклиф қилдим. Улар бунга қарши бўлишди, метро автоматикасига чанг киради деб. Лекин биз қаттиқ туриб метро йўлини сув тепасидан ўтказишларига эришдик. Кўп жойларда очиқ усулдан фойдаланилди.
Телеминоранинг қурилишига рухсат ҳали берилмаган эди. Олдимизда аэропорт қурилиши масаласи ҳам турарди. Проектлар тайёр, Москвадаги аэропроект институтида беш-олти кун бўлиб, проектни қўриб чиқиб тасдиқлатдик. Шу орада проект сал ўзгартирилиб, пандус чиқиб-тушадиган қилиб режалаштирилди.
Кўп иншоотларни Ўзбекистонда собиқ СССР Транспорт қурилиши вазирлигига қарашли «Средазтрансстрой», «Самарқандтрансстрой» трестлари қурган. Уларнинг жуда кучли раҳбарлари бўларди: Джабидзе, Тимур Саидович Азимов. Улар авиация, темирйўл, автойўл қурилишлари ва бошқа ижтимоий иншоотларни қурарди. 243-авиация заводининг қурилиши ҳам улар орқали амалга оширилган. «Муз саройи»ни ҳам «Средазтрансстрой» трести қуриб берди. Улар Тошкентдаги Қўғирчоқ театри қурилишини ҳам амалга оширишди. Орада Самарқанд – Қарши йўналишидаги йўл қурилиши тугатилди. Самарқандга бориб унинг очилишини нишонладик. Илгари Қаршига темирйўл орқали бориш учун Бухорога бориб келинарди. Янги йўлнинг қулайлиги Пастдарғом орқали ўтганлигида эди. Жиззах йўли тугалланди, уни ҳам Транспорт қурилиши вазирлигининг йўлтрест қурувчилари битирганди. Қозоғистон бекор ётган ерларини бермай роса қийнаганди бизни. Тошкент – Жиззах бетон йўли Ўзбекистоннинг лойиҳаси бўлса-да, ўша даврда республикалар ўртасидаги бир қарич ер учун ҳам келишмовчилик ҳоллари борлиги учун Брежневнинг ушбу масалада, озми-кўпми ҳиссаси бўлганди.