ҚЎҚОНДАГИ ФАОЛИЯТ

Қўқон темирйўлидан шаҳар партия қўмитасига биринчи котиб бўлиб ўтишим ҳақида тўхталсам, мени у ерга Шароф Рашидович Рашидов илтимоси билан тайинлашди. Унгача Ўрта Осиё темирйўлининг Фарғона бўлинмасида раҳбар бўлиб ишлаб, бирмунча режаларим ҳам бор эди. Мен Қўқон шаҳри партия қўмитаси бюро аъзоси эдим. Чунки шаҳарда бизнинг ташкилот энг катта ташкилот ҳисоб­ланарди. Илгари партия конференциялари икки кун давом этган. Конференциянинг энг фаол қатнашувчилари асосан темирйўлчилар бўларди. Уларнинг орасида шундай одамлар бор эдики, тилларига келган гапларни юқори овозда гапириб, камчиликларни рўй-рост раҳбарнинг юзига айтишарди. Бир куни конференциядаги қаттиқ гаплардан кейин 1-котиб Қориев кечқурун уйига бориб ўзини отиб юборган. Бунга нима сабаб бўлган, менга қоронғу. У кишидан кейин Бухоро обкомининг 1-котиби бўлган А.Р. Ризаев деган кишини Қўқон партия қўмитасининг 1-котиби этиб сайлашган. 4–5 ойдан кейин бюро мажлисида ўтирсак, тўрт-беш нафар партия ветеранлари, темирйўлчилар эшикни очиб кириб келишди. 1-котиб келинглар, деб уларни таклиф қилди. Уларнинг бири: «Ўртоқ Ризаев, сиз бу ерга ифлос обрў билан келган экансизку! Мана газетада ёзилишича, сизни қаттиқ огоҳлантириш билан Бухоро обкоми 1-секретарлигидан озод қилишган. Пленумда сизни сайлаганда бу тўғрисида айтмаган экансиз, партия аъзоларини алдаб», – деди унинг юзига тик қараб.
Аҳмадали Ризаевга коммунистлар қандайдир гапларни очиқчасига айтганидан кейин Қўқон шаҳар партия қўмитасининг пленуми бўлди. Н. Скоробогатов деган обкомнинг иккинчи котиби пленумни олиб борди. Унда Ризаев масаласи кўтарилди. Ризаевни мақтагандай гаплар ҳам бўлди. Бир темирйўлчи сўзга чиқиб: «Сиз бундан аввал ўртоқ Қориевга ҳам шундай дегандингиз, ўзини отиб юборди. Ризаевни ҳам мақтаган эдингиз, энди мана бундай гаплар бўлди, сиз қачонгача Қўқон коммунистларини алдайсиз?!», – деб аччиқ гапларни гапирди. Шундан кейин пленумга танаффус берилди.
Бу орада мени Тошкентга Шароф Рашидовичнинг олдига суҳбатга чақиртиришди. У киши менга: «Сизга бир илтимосим бор, Қўқонда анча келишмовчиликлар бўляпти, темирйўлчиларингизни ўзингиз тинчитмасангиз бўлмайди. Сизни биринчи котиб қилиб тайинламоқчимиз, шунга нима дейсиз?» – дедилар. Ўша пайт устимдан худди совуқ сув қуйиб юборилгандай бўлди. У маҳалларда Қўқонда вазият жуда оғир эди. Гап шундаки, Хрушёв маҳалида меҳнатсиз даромад деган гап чиқиб, Қўқондаги 17 та саноат корхонаси бошлиқлари қамалиб кетган эди (горком бўлим мудири билан бирга). Шунинг учун бу таклифга аввал бироз иккиландим. Бундан ташқари, янги турган лавозимимда оладиган иш ҳақи ҳозирги ойлик маошимдан деярли икки баравар кам эди. Мен уларга: «Болалигим Қўқонда ўтган, у ерда қариндошларим, танишларим кўп. Булар ҳаммаси ишимга аралашиб безовта қилишади, қолаверса, оилам ҳам шу ерда, бироз ноқулай вазиятдаман» – дедим. Шароф Рашидович бироз ўйланиб, энди иш жараёнида тўғри иш юритингда, деб қўйдилар. Шундай катта одамнинг олдида туриб гап қайтариш ноқулай деб розилик бердим. МҚнинг иккинчи котиби В.Ломоносов, кейин Мирза Маҳмудович Мусохонов суҳбатидан ўтдим, у киши ўшанда МҚ котибларидан бири эдилар.
Сўнгра Ўрта Осиё темирйўллари бош­лиғи Азиз Мавлонович Қодиров олдиларига бордим. У кишига Шароф Рашидовичнинг таклифларини айтганимда: «Ўзингизнинг ҳозирги ишингиз сал тайинлироқ эди-да», – деган жавобни олдим. У киши Шароф Рашидовичнинг гапини икки қилолмас, у кишини жуда ҳурмат қилардилар. Шу сабаб менга руҳсат бериб, бошқа ишга ўтишимга рози бўлдилар. Шунда мендан: «Янги, дурустроқ костюмингиз борми?» – деб сўрадилар. Биз темир­йўлчи формасида юрар эдик. Оддий костюм киймас эдик. Азиз Мавлонович ёрдамчиларини чақириб: «Козимовга 2 ойлик маош ёзиб беринглар. Бу киши бошқа жойга кетяпти, темирйўлда ишлаганларнинг костюмиям йўқ экан, деб айтишмасин», – дея кулиб қўйдилар. Индинига Пленум яна қайта давом эттирилиб, мени биринчи котиб қилиб сайлашди.
Пленумда 80 киши қатнашди. Бошқа номзодлар йўқ, мени Марказқўмда тасдиқлашган эди. Ўзим бюро аъзоси бўлганим учун ҳеч ким қаршилик кўрсатмади.

Қўқон ш. 1963 йил. Шаҳар партия қўмитаси. Уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашув.

Шундай қилиб оиламни Қўқонга олиб келдим ва ишни ҳам бошлаб юбордим. Шаҳардаги аҳвол ниҳоятда оғир, ҳеч ким бир-бирига ишонмайди. Шаҳар совети раиси ва бошқа раҳбарларни ҳам кўпчилик яхши танимайди. Раҳбарларнинг халқ орасида ҳурмати йўқ. Бир куни Фарғонадаги бир мажлисдан қайтиб, ишни нимадан бошласам экан деб ўйланиб қолдим. Қўқонда 40 та маҳалла қўмитаси бор эди. Уларнинг ҳар бири билан кечалари йиғилишлар қилиб, танишиб чиқдим. Мақсадим халқнинг умумий кайфиятини ўрганиб, уни руҳини кўтариш эди.
Маҳалла йиғилишларида сўзга чиқиб, бу шаҳар совети раиси, мана бу шаҳар коммунал хўжалиги бошлиғи, мана бу шаҳар милициясининг раҳбари, суд раиси деб, шаҳарнинг раҳбарларини халққа таништирардим. Сўнг ҳозирги кундаги аҳволни тушунтириб, кейин уларнинг муаммолари, таклифлари билан танишиб чиқаман. Шундан сўнг маҳалладаги одамлар бирин-кетин гапира бошлашди. Кўприк, кўчалардаги ёритиш чироқлари, йўлларни асфальт қилиш масалалари кўтариларди. Икки ой ичида ҳамма маҳаллалар билан танишиб чиқдим. Халқ ҳам ҳокимият органларига ишона бошлади. Қамалганларнинг ишлари қайта кўрилиб чиқилди. Уларнинг эллик фоизи ноҳақ айбдор қилинган деб топилиб, озод этилди. Улар орасида қамалган аёллар ҳам бор эди.

Шаҳар партия қўмитасининг бюро аъзолари меҳнат фахрийлари билан. Қўқон 1965 йил.

Шундан сўнг шаҳардаги масалаларни энг каттасидан бошлаб ўрганиб чиқдим. Темир­йўлга ишга кирган йилларимда Қўқонда канализация умуман йўқ эди. Чунки Қўқонда ер­ости сувлар жуда юқори жойлашган. Бир метр чуқур қазилса сув чиқади. Шунинг учун ерлар нам. Канализация қилиш учун имконият йўқ. Водопроводда сув бор-у, канализация йўқ. Ҳаммомларда ишлатилган сув ариқларда оқиб ётарди. Шу масалаларни қоғозга ёзиб Респуб­лика ҳукумати олдига киритдим. Коммунал хўжалиги вазири Мирза Аҳмедов билан бу масалада мурожаатнома тайёрладик. У киши ишни биладиган яхши одам эди. Ҳужжатларни ҳукуматга аниқ-пухта қилиб топширдик. Министрлар совети раиси Қурбонов бу масалани кўриб чиқди. Шунга биноан, Қўқонда 150 та вертикал дренаж ўрнатилди. Шаҳардаги намлик секин-аста йўқола бошлади. Шу билан бир қаторда кўп маҳаллалардаги токзорлар ҳам қуриб қолди. Шаҳардаги кўпгина дарахтлар ерости сувлари орқали озиқланар экан. Кейин ирригация йўли билан бу масалаларни ҳам ҳал этдик.
Бир қўшнимизнинг ҳовлисидан бир метр чуқурликдан тиниқ сув чиқарди. Ёмон томони шундаки, сал нарироқда ҳожатхона ҳам бор. У сувдан истеъмол ҳам қилинарди. Шунинг учун бу масала анча қийинчилик­лар билан бўлса-да, ҳал қилинди. Бир иш юзасидан кичик бир муаммога дуч келиб қолдик. Давлат томонидан молиялаштириб, иш режасига киритилган лойиҳа бўйич
15 км канализация пахта далаларидан ўтиши керак эди. Аммо пахта далаларидан ўтказишга руҳсат йўқлиги учун ишни амалга оширолмай қолдик. Кейин обком биринчи котиби Фахриддин Шамсиддинович Шамсиддинов билан маслаҳатлашиб, бу ишларни қишда, пахта теримидан сўнг амалга оширишга руҳсат олинди. Шунинг эвазига Фаҳриддин ака шундай илтимос қилдилар: «30 та юк машинани шаҳарга берамиз, шаҳардаги «Большевик» заводида ички имкониятлардан фойдаланиб, уларга цистерна ўрнатиб, ассенизатор машина қилиб берасизлар». Шу орқали шаҳардаги хонадонларнинг ахлат тўкиладиган ўраси чиқиндиларини (фекалини) ассенизатор машинасига юклаб, далаларга олиб чиқиб ташлаш мажбуриятини қўйдилар. Фаҳриддин ака жуда ажойиб инсон эдилар. У кишининг гапида ҳам жон бор эди. Мен у кишига: «Бу «чиқинди» масаласи яхши, шаҳар тоза бўлиб қолади, лекин даладаги сув айланиб яна ариқларга, ҳовузларга тушади, касаллик тарқалиши мумкин», – дедим. «Қачон мен сизга иш буюрсам, аксига оласиз, айтганимни қилаверинг», – дея хафа бўлгандай бўлдилар. Кейин сўраган нарсаларини қилдириб бердик.

Шаҳарда гул байрами. Қўқон, 1967 йил.

Кейинчалик ўша чиқарилган чиқинди сувларидан «Ўзбекистон» тумани этакларида қандайдир касалликлар пайдо бўлибди. Рес­публика соғлиқни сақлаш вазири бошчилигида ўттиз киши келди. Бизнинг одамлар билан мажлис ўтказилди. Мен айтган гап содир бўлганди. Обкомнинг фаолларида ҳам маъруза қилганимда, фекал тушган дала ерларини контролга олиш кераклиги масаласи юзасидан огоҳлантирган эдим. Бундай бўлишини аввалдан уларга огоҳлантирганим сабабли катталар менга қараб-қараб қўйишди. Шундай қилиб Қўқон канализация билан таъминланди. Энди маҳалладаги одамларнинг руҳини кўтарсак, деган таклифни киритдим. Маҳаллаларда тўйлар бўлса, тўйларда Тошкентдан келган артистлар қатнашса, деган таклиф киритдим. Маҳаллаларда тўгараклар тузилди. Тўгарак аъзолари билан турли концертлар ўтказилди. Ҳар бир мактаб раҳбарлари томонидан шу маҳалла болаларига тавсиф берилиб, қизиқишларига қараб тадбирлар уюштириларди. Маҳаллалар жамоалари ўртасида мусобақалар ўтказилиш таклифи киритилди. Шаҳарда ўтказиладиган маросимларни назорат қилиш учун махсус комиссия тузилди. Бундан ташқари, Қўқондаги иккита катта сойнинг қирғоқларини бетон қилиш масаласи ҳам киритилди. Маҳмуд Маллаевич Маллаев – шаҳар ижроия қўмитаси раиси билан бу масалага ҳам ойдинлик киритдик. Бу ишлардан кейин шаҳарда озодалик ҳукм сура бошлади. 40 та маҳалланинг ҳаммаси уч йил ичида гуллаб-яшнади. Саноат ҳам ривожланди. Телевидениеда ҳам бизни намуна қилиб кўрсата бошлашди. Қўқон халқ театри тузилди. 1963–69 йилларда Қўқон янада ривож­ланди. Шаҳар совети раиси ва ёрдамчиларини ҳар куни кечқурун таълим, соғлиқни сақлаш ташкилотларига ҳамда болалар уйларини назорат қилиш мақсадида навбатчи сифатида юборилиш йўлга қўйилди. Қўқондаги катта муаммоларидан бири – бу Қозоғистон билан ҳамкорликда тузилган суперфосфат заводи эди. Ундан чиқадиган заҳарли тутун сабабли теварак-атрофдаги дарахтлар қурий бошлади. Бир куни Шароф Рашидович бориб қолди. Шу заводни Қўқондан ташқарига чиқариш ҳақидаги масалани киритди. Бу масалалар мен кетгандан сўнг ҳал қилинди. Завод Қақир станциясига кўчирилди. Лекин бир томони борки, Қўқонга келадиган барча истеъмол сувлари ана шу завод тагидан ўтадиган бўлди. Завод ҳам айнан ўша ерга қурилибди. Сувдан зарарли моддалар топилиб, завод фаолияти тўхтатилди. Бундан ташқари, Қўқон жанубида аэропорт ҳам қурилди. Ҳозир бу аэропорт ҳам ёпилди. Бундан буён Қўқонга фақат енгил автомобилларда қатнаш афзал деб топилибди. Қўқонга туман тушса узоқ вақт турарди. Шунинг учун ҳам аэропорт жануб томонга, нисбатан шамолли жойга қурилган эди. Қўқонда 60-йилларнинг ўрталарида анча жадал ривожланди. «Қўқонтекстильмаш», «Қўқонқурилишмаш», Ёғ-мой заводларини такомиллаштириш, темир йўл станцияларини кенгайтириш борасидаги ишлар кўрилди. Ёғ-мой комбинатининг ёш директори бўлган Юсуфбек Ёқубовнинг ташаббуси билан комбинат кўп ишларни амалга оширди. Янги цехлар очилди, шу билан бирга янги технологик йўналишлар ривожлана бошлади, янги иш ўринлари яратилди.

Ёзувчи ва шоирлар: Ғафур Ғулом, Шайхзода, Чархий, Миртемир, Воҳид Зоҳидов,
Ҳамид Ғулом, Асқад Мухтор шоира Нодира бегим қабри ёнида. Қўқон , 1965 йил.

Қўқон жуда мураккаб шаҳар. Мураккаблиги шундаки, баъзи бир ҳолатларда маҳаллийчилик, лаганбардорлик каби иллатлар ўша пайтларда оз-моз бўлган. Асосий сабаблари шундаки, Қўқон хон қурган эски савдогарлар шаҳри. У ерда ўта бойлар ҳам, камбағаллар ҳам бўлган. Баъзи кимсалар бойлик ортириш максадида айрим раҳбарларни ўз таъсири остига олиб, тамагирлик ишлари билан шуғуланган. Бу гапда жон бор. Айтганимдек, баъзилари қамалиб кетган ҳам. Ўша кезларда мендан аввалгилар билан қандай ишлар бўлганидан хабарим бор эди. Баъзи бирлари мени ҳам қўлга олишга уриниб кўрмоқчи бўлдилар. Улар мақсадларига етолмаганларидан сўнг «анонимка» хатлар йўли билан, шунингдек, орқаворотдан дўқ-пўписа қилишга уринишди. Шунда юқоридаги раҳбарлар буйруғига асосланиб, менга «ТТ» тўппончаси шахсий қуролини беришди. Мен уни, шубҳасиз, ўзим билан олиб юрган эмасман. Қуролни ётар хонамдаги ёстиғим тагига яшириб қўярдим. Кейинчалик, кўп йиллардан сўнг даҳшат билан тушундимки, бу мен томонимдан енгилтаклик билан қилинган хато экан. 4-синфда ўқиётган ягона ўғлим Эркин ниманидир яшираётганимни кўриб қолиб, уйда эмаслигимда шу қуролни қўлига олиб, уни кўчадаги ўртоқларига мақтаниб кўрсатганини кўп йиллардан сўнг, балоғатга етганида айтиб берди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Ғафур Ғулом, Шайхзода, Чархий, Миртемир,
Воҳид Зоҳидов, Ҳамид Ғулом, Асқад Мухторнинг Қўқон зиёлилари билан учрашуви.

Бир куни аёлим Кимёхон дўконда гўшт олиш учун навбатда турса, бир одам: «Бу горком биринчи котибининг хотини-ку, бериб юбормайсизларми», – деганида аёлим: «Керак эмас, ўзимнинг навбатимда оламан», – деганлар. Чунки вазият шуни тақозо этган. Ишга янги борган бўлсам ҳам кўпчилик мени биларди. Қарасам, ҳали униси, ҳали буниси келиб, бир-бирини ишини ёмонлайверади. Бир куни мажлисда минбарга чиқиб: «Ўртоқлар, кейинги пайтларда менинг олдимга фалончи яхши, фалончи ёмон деган маслаҳатчилар кираяпти. Сизлардан илтимос, бу масалада менинг олдимга кирманг­лар. Мен ўзим иш жараёнида ким қанақа эканини билиб оламан ва шунга қараб иш тутаман», – дедим. Шундан сўнг бу гаплар тинчиди. Мен меҳнат таътилига кетаётганимда ўнтача киши кириб келди. Бирининг костюми орасидан шампан ичимлигининг шишаси кўриниб турарди. Бири чойхонага ошга буюртма берган экан. Кейин билсам, буларнинг ҳаммасини шаҳар раҳбарларидан бири уюштирган экан. Уларга бу ҳолатни бошқа такрорламасликларини қатъий таъкидладим. Шундай қилиб бу ножўя иллатларни ҳам йўқотдик.
Бизда яна бир қусур борки, сизни
олқишлаб мақтайверишса, босар-тусарингизни ўзингиз билмай қоласиз. Мен бундай вазиятларга, кўникиб қолганим учун мақтовларга унчалик аҳамият бермас эдим. Жуда ёмон иллатлардан яна бири – тўй қилган одамнинг уйида қизидан ташқари куёви ҳам уч кунгача бирга қолиши. Уч кунгача уларни кутиб олиш керак, куёвга ҳам бу ерда туриш жуда ноқулай. Бунинг тарихини сўрасам, жуда узун экан (бир пайтлар карвон келиб уч кунгача турган эмиш). Бир куни горком аъзоларини, депутатларни, дастурхончиларни ҳам чақириб, маҳалла комиссияси раисларига бугундан бошлаб бундай бемазагарчиликларга буткул барҳам берилиши кераклигини таъкидладим. Маҳаллаларда юрганимда аёллар олдимга келишиб, эски урф-одатларга барҳам берилганига сабабчи бўлганимдан хурсандликларини билдиришди. Лекин баъзи бир раҳбарлар тўй маросимини эскича ўтказишганди, биз бу масалани шаҳар партия қўмитаси бюросида кўриб чиқиб, бир-икки кишига қаттиқ огоҳлантириш бердик. Шу билан тинчиб қолди бу масала. Кейин ҳам суриштирсам, шу нарса сув сепкандай йўқ бўлди-қолди.
Ҳозир тўйлар бир кунда бўлиб ўтади. Тошкентда ишлаганимда ҳам тўй ва бошқа маросимларни ихчамлаштиришга ҳаракат қилдик. Айниқса, тўйларда пул сочишларни йўқ қилишга уриниб кўрдим, лекин пойтахтда бу қийин масала экан. Шу иллатлар биз Қўқонда қилгандай қаттиққўллик билан бартараф этилмаса бу ишлар чўзилаверади. Телевизорга чиқиб гапиришяпти, лекин бу ярим чора.
Қўқон билан боғлиқ дилни хира қиладиган хотиралар деярли йўқ. Бироқ у ерда имзосиз хатлар жуда кўп бўларди. Ҳар қадамни ўйлаб босишга тўғри келарди. Бир куни 1917 йилдан буён партия аъзоси бўлган Усмонов деган одам вафот этиб қолди. Чиқаришга борамиз дедик-да, бюро аъзоларини тўплаб уйларига бордик. Борсак жаноза ўқилаётган экан. Биз ҳам бир чеккага бориб турдик. Кейин­ги бўладиган маросимларига ҳам қатнашдик. Бир-икки ҳафтадан сўнг «анонимка»лар бошланди. Горком биринчи котиби, бутун шаҳар бошлиқлари шу одамнинг жанозасини ўзлари ўтказишди, деган «юмалоқ хатлар» келди. Шаҳар фаоллари ва фаҳрийлари иштирокида, бизга келган «юмалоқ» хатларни муҳокама қилдик. Йиғилган жамоадан ўлим маросимларини қандай ташкиллаштириш ҳақида маслаҳат сўрадик. Фаҳрийлар нима маслаҳат беришса, кўмиш маросимларини шунақа қилиб ўтказадиган бўлдик. Келгусида шундай вазиятларда ветеранлардан иборат комиссия тузишга келишдик. Аноним хат эгасини тахминан билгандик, уни комиссияга раҳбар қилдик. Комиссия раҳбари маърузаларида ўзини билинтириб қўйганди. Кейин билсам, барча қариялар, партия аъзолари: «Биз ўлганимизда итга ўхшаб кўмишадими», – деб ҳалиги одамнинг таъзирини беришган экан. Шу билан бу масала ўзидан-ўзи ечимини топди.
1964 йил бўлса керак, мамлакатда дон маҳсулотларининг сал камайиб қолганлиги муносабати билан ҳукумат томонидан нонни исроф қилмаслик ҳақида кўрсатма келди. Одамлар магазиндан арзон нон олиб, мол-қўйларини боқишаётган экан, деган гап тарқалди. Бир куни обкомга чақиришиб (Хрушчёв у маҳаллар ҳокимият тепасида эди), барча шаҳарларда қўй, молл, эчки, эшагу отларни йўқ қилиш керак деган кўрсатма берилди. Одамлар сигирларининг сути ўрнига, магазиндан 30 тийиндан сут олиб ичаверишсин, дейишди.
Ўша куни кечқурун шаҳар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказдик. Унда вазиятни тушунтирдим: магазинда бир кило ун 25 тийин. Одамлар тайёр нон маҳсулотини олиб, молларини боқишаркан. Шаҳар ташқарисида турадиган одамлар 15–25 талаб буханка нонни молларига озуқа сифатида ишлатишаркан. Оқибатда нон танқислиги бошланганди. Одамлар турнақатор бўлиб навбатга туришарди. Ноннинг таркиби ўзгартирилиб, сифатсиз ун, кепак қўшилган унлар тайёрланган нонларни ҳам сотиб олишарди. Оқ нон йўқ бўлиб, фақат қора нон қолди. Бирга комиссия туздик. Бизнинг темирйўлда ОРС бошлиғи бўларди. Унинг рус хотини бор эди, уйида 20–25 тача ғоз боқарди. Кенг ҳовли. Унинг ўзбек исми бўлатуриб, ҳамма уни «Михаил Иванович» деб чақирарди.
Бир куни уйга келсам, уйдагилар менга Михаил Иванович бешта ғоз бериб кетганини айтишди. Сабабини сўраганимда, хотини Анна Ивановна сизнинг буйруғингиз оқибатида, ғозларни сўйиб, одамларга улашганини айтди. Шулардан бештасини бизга юборган экан. Михаил Иванович билан темирйўлда бирга ишлаганимда борди-келдимиз бор эди. Ўша пайтларда шаҳарларда мол-ҳол умуман тугатила бошланганди, гўштнинг нархи тушиб кетган. Сабаби одамлар молларини камайтириш учун арзон-гаровга сотишга мажбур бўларди. Вақти келиб бу ҳолга чек қўйилди. Лекин нотўғри сиёсатнинг таъсири анча пайтгача сезилиб
турди. Уй жониворларига келтирилган қирон оқибатида уларнинг ўрнини тиклаш учун анча вақт керак бўлди. Кейинчалик бозорда гўштнинг нархи 4 рубль, давлат магазинларида қўй гўшти 1 рубль 80 тийин, мол гўшти эса 2 рубль бўлди. Одамлар навбатга туришиб, арзон гўштларни сотиб олишарди.
1965 йили мени Олий Советга депутат қилиб сайлашмоқчи бўлишди. Эртасига номзодимни кўрсатишмоқчи эди. Кечқурун обкомдан қўнғироқ бўлиб, тез келинг, гап бор, дейишди. КПСС МКдан эса отангиз Англияда вафот этган экан, у катта антисоветчи экан, дейишди. Ҳақиқатда тарихда Козимбек деган одам ўтган. Обкомнинг 2-секретари Фадеев Александр Фадеевич менинг ҳавотир олмаслигим, бу ҳақда Москвага оғзаки тушунтирганини айтди. Москвадан хат келган бўлса, бу масалани пухта ҳал қилишимиз кераклиги, у кишидан ўзи бир-икки ёрдамчилари билан Горчаковога бориб, ўша ердагилардан отам қаерда ва ким бўлганини суриштиришларини илтимос қилдим. Сўнгра мозорга бориб, дадамнинг қабрини аниқлаб, қабристон рўйҳатидаги баённомани топиб, акт тузишларини сўрадим. Ўша ердаги одамларнинг паспортлари ва тилхатини олиб, ҳалиги текшириш хатини Москвага юбориш лозимлигини айт­дим. Акс ҳолда арзимаган ноаниқлик учун одам жабр кўриши мумкин …
Қўқон тарихан Ўрта Осиёнинг маданият ўчоғи, адабиёт ва санъат масканидир. Қўқондан кўплаб таниқли санъаткорлар, шоирлар, аскиячилар чиққан. Қадимдан Қўқон аҳли шеъриятга, санъатга иштиёқи баланд бўлган. Биринчи иш ойларида кечкурунлари чойхоналарга борардим. Мени ҳеч ким танимасди. Уч-тўрт юпун кийинган қариялар бир-бирига аския қилишар, баъзилари чўнтагидан ғижимланиб кетган блокнотни олиб мушоира қилишарди. Қизиғи шундаки, уларни кўринишидан саводсиз деб ўйлайсиз, лекин кўпчилиги саволингизга шеър билан жавоб қайтарарди. Қўқон халқи кўп китоб ўқийдиган зиёли кишилар. Китоб дўконининг энг кўп харидорлари ҳам Қўқон шаҳри ва шаҳар атрофидаги кишилар бўларди. Муҳаммадюсуф деган шаҳар книготорг бошқармасининг бошлиғи бўларди. У менга: «Воҳид ака, дўконга битта янги китоб келса, одамлар дарров бохабар бўлишади. Пули йўқ камбағал ҳам иложини топиб китобни сотиб олади», – деган эди.
Чарҳий домла ҳали ҳаёт эди, Муқимий турган ҳужрада яшарди. домланинг шеъриятга ихлоси баланд бўлган. Вақти-вақти билан унинг ҳузурига бориб турардик. Бир куни Шароф Рашидович мендан Чарҳий домла ҳақида сўрадилар. Чарҳий домланинг кичкина қозончаси бўлиб, бизни доим меҳмонга чақиришни канда қилмасдилар. Шароф
Рашидович у кишининг ноёб инсон эканлиги, домлани қурилиш объектлари, атрофда бўлаётган ободончилик ишларига олиб бориб туришим лозимлиги, шу баҳонада унинг дунёқараши замон билан ҳамнафас бўлиши кераклигини уқтирдилар. Шаҳарда бўлаётган ўзгаришларни шеърга кўчирсин, дегандилар. Эллик ёшга кирганимда домла менга атаб шеър ёзган эдилар. Афсуски, 1970 йиларда Чархий домла вафот этдилар.
Театрларга тез-тез бориб турардим, бюро аъзоларини ҳам олиб борардим. Қўқонда туғилган Собир Абдулла ҳам шаҳарга
келган вақтларида бирга театрларга тушардик. Паркларда аския кечаларида иштирок эти­шимизнинг ўзи ўша ердаги зиёлилар аския томошаларига боришига сабаб бўларди. Паркларни обод қилдик. Шаҳар марказида янги театр қуриш режаларини туздик (бу ишлар мендан кейин амалга ошди). Ҳамза Ҳакимзодага ҳайкал қурилди.
Қўқонда бухоро яҳудийлари аввалдан бўлишган, лекин россиялик яҳудийлар уруш вақтида келиб қолишган экан. Шунинг­дек, арман дашноқлари ҳам инқилобдан кейин келиб қолишган экан. Қўқон байналмилал ҳудуд бўлган. Арманлар, яҳудийлар ва руслар кўп бўлган. Кейин месхетин турклар келган. Умуман олганда, Қўқонда инқилобдан илгари темирйўл атрофида асосан руслар яшаган. Шаҳарда 40 та маҳалланинг ўз номи бўлган. Масалан, «Дегрезлик» – темирчилар, чўян қуювчилар, «Исфарагузар» – Қўқон хонлиги даврида кўчиб келган исфаралик тожиклар, «Баҳмалбоп» – баҳмал тўкиш билан шуғулланадиганлар маҳалласи дегани эди.
1914 йилдан аввал ва кейин келган арманиларни дашноқифижунлар дейишади. Қўқонда бир арман қабристони бўлиб, бир куни у ерга борсам, бир мақбаранинг ичида бир армани йигит тақир-туқур, қилиб ниманидир ўйиб ёзяпти. Кейин сўрасам, у қайд этаётган маълумотга қараганда, 1800 йилларда ҳам юртимизда арманлар бўлган экан. Йигитнинг айтишича, отаси унга шу мақбара қурилишини давом эттиришини тайинлаган экан. Қачонки, у йигит оламдан ўтгандан кейин, бу ишни унинг фарзандлари давом эттириши керак
бўлган.
Ўша пайтларда Қўқонда яшовчи турли миллат вакиллари ўртасида ҳеч қандай низо ва келишмовчилар бўлмаган. Балки шунинг учун ҳам замонавий шаҳарлар орасида у ўз мавқеига эга бўлган. Шаҳар ўртасида Худоёрхон Ўрдаси бор. Ўрда ҳозирда музейга айлантирилган. Илгари бу ерда ҳарбий казармалар, бир томонида қамоқхона бўлган. Кейинчалик ҳарбий казармани бошқа жойга кўчиришга муваффақ бўлдик. Сарой олдини кенгайтирдик. Паркнинг анча қисмини қўшдик, музей таъмирланди. Музейни руслардан қолган расмлар, ҳар хил ҳайкалчалар билан бойитдик. Яқинда Худоёрхон музейига боргандим. Роса катта ўзгаришларни кўриб, оғзим очилиб қолди.
Қўқонда Амир Умархон, Нодирабегим, Муқимийлар дафн этилган зиёратгоҳлар бор. Қўқон темирйўлига ишга борганимда Ўрта Осиё темирйўлларининг бошлиғи Азиз Мавлонович Қодиров рафиқалари олима Маҳбубахон опа Қодирова Нодира мавзусида докторлик ишини ёқлаган эканлигини айтиб қолдилар. Бир куни Азиз Мавлонович мендан Нодирабегимнинг қабрини кўрсатишимни сўрадилар. Қайси қабр шоираники эканлигини ҳеч ким билмайди. Бу иш билан кейинчалик шаҳар горкомига ишга ўтганимдан кейин шуғулландим.
Нодирабегим хонлар қўйиладиган хонақоҳга эмас, алоҳида ташқари жойга кўмилган экан. Шу ҳудудда яшайдиган тўқсон ёшдан ошган нуронийлар Нодиранинг қаб­рини кўрсатишди. Шоиранинг мисралари ўйиб ёзилган қабр тоши ҳам тупроққа кўмилиб кетганди. Секин-асталик билан қабрни кавладик, Нодирабегимнинг суякларини топдик. Топилма Нодира ва унинг канизагининг боши ҳақиқатда кесилганини исботланди. Бу иш бир ой давом этди.
Шоира учун қабристоннинг кунгай жойидан ўрин ажратдик. Уралдан мармартош олиб келтирдик. Шу ерлик усталар унга чиройли қилиб ишлов беришди. Ўша пайтдаги комсомоллар ва пионерлар ёрдамида алвон рангли мато билан шоирани тантанали қайта дафн этдик. Қабр атрофига гуллар экилди. Мен ҳудуддаги қарияларни йиғдим, улар хурсанд бўлишиб, ҳашар йўли
билан айвон қуриб беришди. Усталарга
тушлик вақтида овқатларини етказиб бериб турдик.
Бир куни Комил Яшин (Ўзбекис­тон
ёзувчилар уюшмасининг раиси) билан кўришдим. Яшин ака қабртошдаги «Бу ерда халқнинг севимли шоираси Нодира кўмилган», деган битигимизга эътироз билдирдилар. Оддийгина қилиб «Нодира», деб ёздирсангиз ҳам халқ тушунадику, дегандилар. Мен у кишига: «Ака, неча ойдан бери ўзимиз шу иш билан машғулмиз. Ёзувчилар уюшмасининг раиси бўлсангиз-да, ақалли бирор киши келиб хабар олгани йўқ, бизга мас­лаҳат бергани йўқ…» – деб жавоб қайтардим. Кейинчалик Шароф Рашидович ҳам шоира зиёратига ташриф буюрдилар ва миннатдорчилик билдирдилар. Яна бир «катта давлат амалдори» ҳам қабристонга келди ва худди адабиётни яхши тушунадиган одамдай: «Энди, ўртоқ Козимов, бу ерга Умар Хайёмнинг ҳам қабрини қўинглар!» – деди. «Ҳа, майли, имконият бўлса, қиламиз», – дедим. «Амалдор» бу гапи билан Амир Умархон билан Умар Хайёмнинг фарқига бормаслигини кўрсатганди…
Ўша пайтлари Қўқонда туғилиб ижод қилган Муқимий, Завқий каби кўплаб шахс­ларнинг қабрини ҳам янгилаб, обод қилган эдик. Ўшанда ҳукм сурган сиёсат туфайли одамлар қабристонга боришга қўрқишарди. Менинг ташаббусим билан одамлар қабрларни зиёрат қиладиган бўлишди. Бу даргоҳ-қутлуғ даргоҳ. Бу манзилда не-не машҳур одамлар ўтган. Қодиржон Ҳайдаров деган ёғоч ўймакор уста бўларди. Ўша уста Ленин, Брежневга ўзи ясаган буюмларидан юборганини биламиз. Ўн бештача болани йиғиб, Ҳайдаровнинг ҳовлиси орқасида унга устахона қилиб берганмиз. Уста яхши инсон эди. Кейинчалик ўша болаларнинг ҳаммаси катта уста бўлиб етишди. Қодиржон Ҳайдаровнинг охирги катта ишларидан бири бу тарих музейининг эшикларини ишлаб берганди. Қўқонда Устадан ташқари қанча-қанча ўймакорлик, ганчкорлик билан танилган инсонлар ўтган. Уларнинг охиратлари обод бўлсин.