ТАЛАБЧАН РАҲБАР

М.З.Зуфаров

Маҳаммаджон Зоирович Зуфаров Тошкент шаҳар Собир Раҳимов тумани ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.
Ҳозирда Ўзбекистон Олий Кенгаши сенати аъзоси.

Воҳид Охунович Козимов Тошкент шаҳар ижроқўм раиси лавозимига 1972 йили тайинландилар. Мени 1978 йил С.Раҳимов (ҳозирги Олмазор) туманига ижроқўм раиси этиб тайинлашди. У кишининг суҳбатидан ўтгандан сўнг бу лавозимда 1983 йилгача ишладим.
Воҳид Охунович хўжалик ишларида, қурилиш, ишлаб чиқариш, транспорт соҳасида ва бошқа ишларда чуқур билимга эга эдилар.
Тошкент шаҳрида ҳар йили 800-950 минг квадрат метр уй-жой қурилиши амалга оширилар эди.
Ижроқўм томонидан шаҳарни ободлаштириш ва тозалаш, меҳнаткашларни қишлоқ хўжалик, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш каби бошқа кўп масалалар қўйилган эди.
Бу масалаларнинг бажарилишини назорат қилиш учун Воҳид Охунович ҳар шанба соат 14 да шаҳар штабини бошқарардилар, якшанба куни эса эрталаб соат 10 да автобусга шаҳардаги масъул ходимларни ўтказиб, туманларни бирма-бир айланиб, қилинган ишлар ва бажарилиши лозим бўлган вазифаларни таҳлил қилиб, кўриб хулоса чиқарилар эди.
Воҳид Охунович том маънода етук, ўта талабчан, катта қобилиятли раҳбар эдилар.
Ўша пайтда Ижроқўмда ҳар чорак якуни ўтказилар эди. Унда ижроқўм раисининг 9 та асосий муовини, туман раҳбарлари ва Бош бошқарма бошлиқлари, шаҳар прокурори, ИИББ бошлиғи ва таклиф этилган раҳбарлар қатнашар эди.
Асосий эътибор ишлаб чиқаришдаги қилинган ишлар аҳволи, қурилиш, транспорт, маиший хизмат, савдо-сотиқ хизматлари ва хўжалик ишларида муҳим масалалар кўриб чиқилар эди. Халқнинг гўшт, сут, тухум ва мева-сабзавотлар билан таъминланишига катта аҳамият бериларди.
Шаҳарни ободонлаштириш ва тозалик кунлари ўтказиларди. Дарахт, гул кўчатларини экиш, сув билан таъминлаш алоҳида назоратда бўларди.
Шунингдек, кўп қаватли биноларнинг аҳволи, хонадон эгалари балконга ғишт териб, ромлар ўрнатиб ҳар хил турдаги ювилган кирларни балконга сим тортиб осиб қўйилиши танқид қилинарди. Натижада балконларни тозалаб, илиб қўйилган кирларни олиб ташлаш вазифаси юклатилди. Биз, туман раҳбарлари, кўриб чиқилган талабни бажаришга ҳаракат қилар эдик. Кейинчалик, янги қурилган бинолар балконига бир кўринишга эга ромларни ўрнатиш ҳақида Тошкент шаҳар ижроқўмининг қарори чиқди.

В.О.Козимовнинг ўғиллари Эркинжон, оталарини улфатлари билан : биринчи қатор, чапдан: В.С.Содиков, У.Н. Аъзамов, Ғ.А. Абдурахмонов, М.Р.Расулов, С.Ю.Йўлдошев. Иккинчи қатор: Т.Б. Ғофурбеков, Н.А.Аббосхонов, Х.Қ.Даудбоев, А.А.Бурибеков, С.Н. Неъматов, Б.Г.Қодиров, Ҳ.Ю.Ражабий.

Ижроқўм йиғилишида ҳамма туман раислари қилинган ишлар бўйича ҳисобот берар эди: Воҳид Охунович туманда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишни ҳам талаб қилиб, ўзлари зарур йўл-йўриқ, кўрсатмалар берардилар.
Воҳид Охунович жуда юқори савияли инсон эдилар. Шаҳар ижроқўмига қарашли 67 та бўлинма билан, 11 та туман раҳбарлари иштирокида ҳар хафта йиғилиш ўтказиб, уларга вазифалар юклатарди. Ҳар қайси соҳа бўйича раис мовинларига, бизга эринмасдан барча масалаларни батафсил тушунтирар эдилар.
Менинг ҳеч эсимдан чиқмайди, 1978 йили октябрь ойида меҳнат таътили олиб турмуш ўртоғим билан Кисловодскга дам олишга бормоқчи эдик. Бу лавозимда ишлаётганимнинг биринчи йили эди. Жўнашимга 3 кун қолганида бизнинг туманни айланиб, Юнусобод кўчасидаги ахлат уюмига қараб: «Ўртоқ раис, бу қанақаси?!», – дедилар. Ёрдамчиларига: «Бу кишига берилган меҳнат таътилини бекор қилинг!», – деб буйруқ бердилар.
Кисловодскга ўрнимга укамни жўнатдим. Ўзим эса бир ҳафта ичида тумандаги ҳамма йиғилиб қолган чиқиндиларни тозалаб, йўқотиб, сўнгра олдиларига кириб ахборот бердим. Шундан сўнггина менга меҳнат таътилига чиқишга руҳсат бердилар.
Воҳид Охунович ижроқўмда 14 йилга яқин раислик қилган бўлсаларда, Тошкент шаҳрида асрларга тенг бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Мен у кишини жуда ҳурмат қилардим, илоҳим жойлари жаннатда бўлсин, омин!