ТЕЛЕМИНОРА

Халқлар Дўстлиги саройи билан «Пахтакор» стадиони орасидаги майдон шаҳар ҳудудининг энг муаммоли жойларидан бири эди. Метронинг ёнидаги уйлар қурилиши борасидаги муаммолар кўп эди, улар метродан 300 метр узоқликда қурилиши шарт бўлган. Анча жанжаллар бўлди. Кейингилари узоқроқда қурила бошланди. Метро қурилиши юришиб кетгандан кейин телеминорани қуриш масаласига янада жиддий киришилди. КПСС МҚ бунга руҳсат берди. 1972–1973 йилларда телеминорани ҳозирги ўрнига ўрнатиш ҳақида Бош планга киргизилиб, маблағ ажратилди. Ленинграддаги «Стальмонтаж» деган ташкилот давлат рухсати билан бунинг проектларини тузди. Унинг жойи танланишида шаҳарнинг сал чеккаси танланди, лекин келажакда ҳам узоқларгача кўриниб туриши назарда тутилган эди…
Телеминоранинг қурилиши учун 3 000–4 000 тонна металл зарур эди. У пайтларда металл масаласи муаммо эди. Лекин Шароф Рашидовичга ҳурмат юзасидан руҳсат берилди ва қайси бир йиллари бу қарор собиқ Иттифоқ планига ҳам киритилди, бунга умумий пул масаласи ҳам СССРнинг Алоқа министрлиги орқали амалга оширилди. Лекин бу иншоотни монтаж қилиб берадиган ташкилот топилмади. Зарур металлни олиб ундан металлоконструкция тайёрлаб, ўрнатиб берадиган ташкилот топилмади. Ленинграддаги катта бир ташкилот оламан, деди-ю, ҳозир иш билан таъминланганлигини баҳона қилиб юрди анчагача.
Шу орада Москвага Академияга ўқишга бордим (одатдагидай исполком раислари, хуллас, раҳбарлар ўқиши). Ўша ерда Челябинск шаҳрининг исполкоми раиси билан танишиб, қадрдонлашиб кетдим. Унга телеминоранинг плани борлиги, металлконструкциясини қилиб берадиган ташкилот йўқлиги сабаб иш тўхтаб турганини айтдим. Ўша вақтлар май – июнь ойлари эди. У ўқиш тугаши билан менга Челябинскка келишимни айтди, у ерда металлоконструкция бўйича катта завод борлиги, иложини топиб, гаплашиб бериш­лигини билдирди. Унинг маслаҳатини
Ўзбекистонга қайтганимда раҳбариятга билдирдим. Ўша вақтларда Алоқа министри Т. М. Тўхтаев эди. Шароф ака уни чақириб, мен билан Челябинскга бирга бориб келишни айтди. Уч-тўрт киши бўлиб, менинг бошчилигимда сафарга жўнадик. Борганимизда раис яхши кутиб олди ва меҳмонхонага жойлади. Кейин обкомнинг биринчи секретари Н.В. Сухариков билан олдиндан гаплашиб қўйганини айтди. Бордик, раҳбарларнинг саломини етказдим. Бизнинг раҳбарларни яхши танир экан, анча гаплашиб ўтирдик, мен эса уни индамай тинглаб ўтирдим. У колхозларда ишлайдиган одам йўқлиги, завод, фабрикалар ўзлари экиб, ўзлари ҳосилни йиғиштириб давлатга топширишлари ҳақида нолиб гапирарди. Биз ҳам унга дардимизни билдирдик. Агар иложи бўлса, металлоконс­трукция заводи бизнинг телеминора қурилишига ёрдам берса, қурилишнинг бир қисмини бу йил, қолганини келаси йили қилсак, дедим. У шу вақтнинг ўзида завод директорига телефон қилиб, имкониятини сўради. Директор буюртма кўплиги, вақт етишмаслигини айтди. Кейин обкомнинг секретари бизга заводни бориб кўришимизни ва завод директорига қабул қилишини тайинлади.

Телеминора курилиш штабининг мажлиси, ўнгдан биринчиси У.Я.Ибрагимов- Ўзбекистон телерадиокомпаниясини райиси.

Заводга бордик, катта завод, майдони тахминан 30 гектарни ташкил этаркан. Завод директорига ёқиб қолдик шекилли,
бизга бир маслаҳат берди: цех бошлиғига учрашиб, унга тайинлаб қўйганини, Тошкент тўғрисида, зилзила тўғрисида тушлик маҳали бафуржа гапириб беринглар ва ёрдам беришини илтимос қилинглар, деди. Бордик, цехга кирдик, у ерда ҳам 400–500 ишчи ишлар экан. Тушлик маҳали эди. Йиғилган ишчиларга келишдан мақсадимизни билдирдик, телеминорани монтаж қилиб беришларини сўрадим. Бир ёшгина йигит Тошкентликларга ёрдам берайлик, 3 000 тонна экан-ку, деди. Хурсандлигимдан жилмайиб, уларга Ўзбекистондан қовун-тарвуз жўнатиб туришлигимни айтдим (кейинчалик қовун-тарвуз, узумларни заводга поезд орқали жўнатиб турдик).
Шундай қилиб ишни бошлаб юборишди. Улардан тез-тез хабар олиб турдим.
Т. М. Тўхтаев ўзининг министр ёрдамчиси орқали самолётда завод раҳбарларига ҳар хил мевалардан жўнатиб турди. Улар телеминора конструкциясини йилнинг охиригача тайёрлаб, блокларни тера бошлашди. Аста-секин телеминоранинг монтаж ишлари бошланиб кетди. Ленинграддан спецмонтаж усталари келиб, телеминоранинг бир қисмини, қолган қисмини ўзимизнинг монтажчилар, яна бир қисмини Челябинскнинг бош монтажчилари тердилар, аввал юз метрини, кейин ундан юқорироққа кўтарилишди.
Телеминора учун нега айнан ўша жойнинг танланиши масаласига келсак, биринчидан, Тошкентдан сал юқорида жойлашган. Иккинчидан, ўша ерда парк бор. Асосан географик муҳит ҳисобга олинди. Бир томони Юнусобод массиви, буёғи марказ, ўнг томони Собир Раҳимов тумани… Ўша жой қулай деб топилганди. Хуллас, ўша ерга Телемарказнинг кўчиб бориши мўлжалланган эди. Аммо кейин бу фикр амалга ошмай қолди. Ниҳоят, 372 метрлик қурилиш ўз ниҳоясига етди.
Телеминора тепасига давлат байроғини ўрнатдик – 6 метрга 3 метр қилиб. Афсус, қурилиш жараёнида фожиалар ҳам бўлди: бир нечта одам ва вертолёт қулаб тушди…
Телеминора уч йил деганда битди. Очилиш маросимида меҳмонларга зиёфат уюштирилди. Лифт ўрнатилиб, Тошкентдаги барча метереологик аниқлагичлар ўрнатилди, телефон антенналари қўйилди.
Очилишга Ленинградлик, Челябинсклик ёрдам берган ўртоқларни чақирдик. Уларнинг барчасини мукофотладик.
Шу баҳонада Тошкент осмонида самолётлар учиб ўтишини ҳам тўхтатдик. Чунки Авиациямиз шаҳар ўртасидан ўтаверарди, Авиазаводнинг катта самолётлари осмонда айланиб учиб юраверарди. Биз ҳарбийлар
билан келишиб, Тошкентнинг устидан улар учишини тўхтатдик. Улар бизга ўз таклифларини беришди. Москвадан келадиган самолётларнинг Тошкентнинг чекка томонидан учиб-қўниши таъминланди. Тошкентда шу орқали шовқин ҳам анча камайди.