МОСКВАЛИКЛАР ҚУРГАН УЙЛАР…

Шаҳарнинг ўртасига Москвадан келган қурувчилар 20 қаватли уйлар қуриб беришди. Унинг ҳам алоҳида тарихи бор. Пушкин кўчасининг чап томонида майда-пастқам уйлар бўларди. Бир куни Шароф ака Москвадан келдилар-да, айтдиларки, Москва партия қўмитаси биринчи котиби, КПСС МКнинг сиёсий бюро аъзоси В.В. Гришин билан гаплашдим. Унга Москвадаги уйлар ёқиб қолганини айтганимда, у кулиб: «Майли, қуриб берамиз! Лекин сизлар бизга нима қилиб берасизлар?» – деб сўради. «Биз шириндан-шакар мевалардан жўнатамиз. Апрел – май ойлари ҳозир, бизда янги картошка чиққан, сизларга тақдим этамиз» – деб ваъда берибдилар. «Энди келиб ўзлари қуриб беришади», – дедилар Шароф Рашидович.
Москвадан қурувчилар келишди. Яхши кутиб олдик. Ҳозирги Олой бозори орқасидаги Ҳамид Олимжон проспектида тўртта баланд бино қурилди. Москвага вагон-вагон картошка, карамлар жўнатдик. Бу иморатлар дўстлик муносабатлари рамзи эди. Ўша иморатлар қуриб битказилгандан кейин ўзимиз ҳам худди шундай иморат қуришимиз мумкин-ку, деб эски Консерватория томонида шу каби тўрт иморат қурилишини бошлаб юбордик. «Главташкентстрой»га П. Г. Саркисов бошлиқ «Висотстрой» трестини бириктириб, иморатларни қурдик. Москваликлар ва биз қурган бинолар кўринишидан, сифат жиҳатидан бир-биридан фарқ қилмасди. Москваликлар ҳамма асбоб-анжомларини, ҳатто қурувчиларигача, ўзлари билан олиб келишганди, шунга қарамай ўз кучимиз билан уйларни қуришга эришдик.