Мени марказқўмга ишга олишаётганда Шароф ака менга транспорт ва авиация соҳасида муаммолар борлиги, бу муаммоларнинг бири авиацияга тааллуқли бўлиб, бу ердаги ИЛ-62 самолётини таъмирлайдиган 243-заводнинг катта цехларини қуриш кераклиги, шаҳарда янги аэропорт биносини ҳам қуриш зарурлигини айтдилар. Ҳозир Москвада аэропроект институти лойиҳани тайёрлаяпти, ўшаларни бошқарасиз, деб топшириқ бердилар. Ўша йиллари завод ҳам қурилди. Аэропорт масаласида проект бор-у, йўл кўпригига етганда ўнг тарафда тутун чиқиб турадиган эски қозонхона бўларди. Унинг ўртасида ташландиқ ерлар ҳам кўп эди. СССР минтрансстрой вазирлигининг «аэропроект» институтига бир-икки марта бордим. У ерда пандус ҳақида ҳам гап бўлди. Менга негадир пандуснинг тўсиқ суянчиқ панжаралари қўпол бўлиб кўринди. Мен уни енгилроқ қилишларини маслаҳат бердим. Кейин проектлар келди. Буюртмачиси асосан авиасозлар бўлди. Ўзбекистон авиацияси бошлиғи Ғозиназаров эди. Аэропортнинг теварагидаги майдонлар ҳаммаси шаҳар ҳисобидан, бино эса «Аэрофлот» маблағлари ҳисобидан қуриладиган бўлди. Лекин қурилишни битказиш бошидан охиригача бизнинг зиммамизга юклатилди.
Шаҳарга ишга ўтганимдан кейин раҳбарлар Москвага кетишаётган вақтда райкомнинг биринчи котиби Ботир Ғуломович билан Шароф Рашидовични кузатгани чиқдик. Аэропортдаги ҳукумат аъзоларини кузатиш биносига етганда Шароф ака тўхтадида, менга: «Аэропорт қурилиши қачон бошланади, ахир проект тайёр бўлса», – дедилар танқид оҳангида. Уларни кузатиб, ўша жойга Ўрта Осиё бўйича «Средазтрансстрой» қурилиш трести раҳбари М. Жабидзени чақиртирдим. Собир Раҳимович Одилов – шаҳар бош архитектори, райкомнинг биринчи серетари билан тўпландик. Улардан нега қурилиш тўхтаб колганини сўрадим. М. Жабидзе эса: «Булар менга аэропорт биносини қурилишнинг бошланғич нуқтасини бермаяпти», – деди. Собир Раҳимович аксинча, барча керакли ҳужжатларни унга берганига анча вақт бўлганини таъкидлади. Буюртмачидан ҳам бир киши бор эди. Ундан киркани олиб келишини буюрдим. Собир Раҳимовичга нуқтани кўрсатишини сўрадим, ўша ердан кавлашни бошлайсиз, дедим (Чунки иморатларнинг бурчаклари, контурлари бўлиши керак-да!). Бино контурининг ичидан аэропортнинг муҳандислик коммуникациялари ўтган бўлади, уларни кўчириб олиш керак эди. Қурувчилар бузиб қўйишдан қўрқиб, иш бошламай туришган экан. Иккинчи нуқтасини сўрадим. Хуллас, саккизта нуқтани аниқладик. Мен М.Жабидзега проект бўйича нуқталарни кўрсатдим ва тезда экскаваторларни ишга тушириш кераклигини айтдим. Шундан сўнг иш юришиб кетди.
Аэропорт корпуси қурилди. Кейин майдон пандуслари бунёд бўлди. Бинонинг тепасидаги фасадида ҳошияси борлиги учун ҳеч ким уни қилдиролмаётган экан. Авиазавод директори В.Н.Сивецдан ёрдам беришни илтимос қилдик. Чунки у оддий металлдан эмасди. Бу дуралюминийдан алоҳида тилларанг кўринишда ишланган шаклда эди. Улар айтганимиздай ясаб беришди. Самолётда келувчи пастдан чиқиши, кетувчи тепадан юриш керак эди. Аэрофлот раҳбарлари бизга пассажирлар тўғридан-тўғри самолёт ичига кирадиган механизм ажратишганди.
Бир куни биз ҳориждан қайтганимизда, пастга тушиб тепага чиқаётиб улардан ҳалиги механизмни сўрадим. Улар негадир уни ишлатишни уддасидан чиқиша олишмабди
Кейинчалик Фарғонага учиб кетаётганимда пандусларни беркитиб қўйишибди. Машинани бир четга қўйиб, пиёда бориш
керак экан…
«Тошкент-2» – давлат делегацияларини кутиш ва кузатиш учун алоҳида павильон қурилди. Кўпинча Ўзбекистонга келадиган довлат раҳбарлари ва делегациялар вакиллари шу ерда кутиб олинарди ва кетишда шу ердан жунатиларди.