ЧЕТ ДАВЛАТЛАР БИЛАН АЛОҚАЛАР

Тошкент шаҳрининг чет давлатлар билан алоқалари шаҳар ижроқўми ишининг йўналишларидан бири ҳисобланарди. Тошкент кейинги йилларда кўп мамлакатлар шаҳарлари билан биродарлашган, дўстлашган эди. Югославиянинг Скопле шаҳри билан ҳам биродарлашди. Сабаби, у ерда ҳам зилзила бўлиб, ҳудуди ҳам Тошкент шаҳри билан тенг келарди. Урушдан кейинги даврда Скопле – Македониядан келган коммунистларнинг, грекларнинг жамоалари Тошкентда бўлган. Шу орқали борди-келди бўлиб Тошкент шаҳри Скопле билан алоқа боғлаши ҳақида фикрлар туғилган. Бу гап 1965–1966 йилларда бўлган эди. Лекин ҳеч ким бориб бу алоқаларни расмийлаштирмаган. 1973 йилда менинг бошчилигимда Тошкент делегацияси Фрунзе райкоми биринчи секретари ва яна бир қурувчи учаламиз Скопле шаҳрида бўлган зилзиланинг ўн йиллигига таклиф қилингандик. Москва орқали Югославиянинг маркази Белградга бордик ва у ерда бир кун турдик. Скопледа зилзила чоғида 10 мингга яқин одам ҳалок бўлган экан. Бир адирнинг тепасига кўм-кўк майсалар экилган жойда ҳар бир марҳумнинг шарафига оқ тошлар қўйилган экан. Борганимизнинг биринчи кунида катта мажлис бўлди. Шаҳар мэри, ҳукуматнинг бошлиғи иштирок этишди ва бизни қабристонга олиб боришди. Қабрлар ёнида коньяк ва рюмка тураркан (Хотирлашга борганлар уларнинг одатига кўра ичишар экан).

Сиэтл шаҳри билан Тошкентнинг ўртасида дўстлик
алоқасининг бошланиши. Тошкент, 1974 й.

У ерда 2–3 кун турдикда, шаҳар мэри билан шаҳарлар ўртасида борди-келди қилишга шартномалар туздик. Албатта, бу ишлар Москва ва Белграднинг қарорига кўра амалга оширилди. Эсда қолгани шуки, ҳар биримизга спорт комплекснинг ётоқхоналаридан жой ажратилди. Бир куни кўчада 20–30 киши спорт комплекси ёнида тўпланиб, биз билан учрашмоқчи эканлигини айтишди. Улар аслида ташрифимиз ҳақида газетадан билишган ва қўлларида вино ва бош­қа егуликлар кўтариб келишганди. Уларни хонага таклиф қилдик. Билсак, улар Тошкентда, Чирчиқда ишлаган македонияликлар экан. Бизнинг тошкентликлар эканимизни эшитиб келишган. Улар бизнинг халқни соғинишгани, баъзиларининг оталари ўша жойларда вафот этишганини айтишди. Тошкентда одамлар оқибатли эканлигини таъкидлаб, қўшнилар билан йиғилишиб, ош тайёрлардик, бизни ҳам тўйларга таклиф қилишарди, дейишди. Бу ерда ҳамма ўзича, оқибат ҳам шунга яраша эканлигини айтиб, бизни соғинишганини қайта-қайта таъкидлашди.

АҚШ, Сиэтл ш., 1975 йил. Тошкент делегациясининг ҳинду қабиласи сардори
Чингачкук билан учрашуви. 1975 йил. Сиэтл.

1974 йилда Югославиядан энди бизга делегация келди. Яна янги шартномалар туздик. Қурувчилар, маданият арбоблари ҳам бориб келишди. Хуллас алоқа яхши йўлга қўйилди. Кейинчалик шаҳар мэри ҳукуматнинг
бошлиғи бўлиб тайинланди. Кейин улар бизда бир магазин очмоқчи эканликларини таклиф қилишди. «Ганга» магазинининг ёнида
«Скопле» номи билан магазин очилди. Кейинчалик биз яна бир делегация юбордик. Скопледа Тошкент ҳақида китоблар нашрдан чиқди. Бизда Скопле ҳақида журналларда мақолалар чоп этилди.1974 йили АҚШнинг Сиэтл шаҳридан делегация келди. Уларни Тошкент билан таништирдик. Шартномалар туздик. Шартнома бўйича орадан икки-уч ой ўтгандан кейин биздан мен бошчилигимда уч киши делегация бўлиб, Америкага бордик. Тарих институти директори, тарих фанлари доктори Мелихон опа Охунова ҳамда менга ёрдамчи сифатида бошқа органлардан вакиллар ҳам борганди. Қизиғи шундаки, орамизда рус миллатига мансуб (махсус органдан) вакил менинг ёрдамчим сифатида Москвага борганда уни қўйиб юборишмади. Сабабини сўрасам, у ёрдамчи бўлса, нега сиз чамадонни кўтариб тушдингиз, у бўлса ҳеч нимасиз тушди, деб Москвадаги раҳбарлар рухсат беришмади. Ўша ердан туриб Тошкентга телефон қилдик. Кейин ўзбек йигитини ёшлар иши бўйича менга ёрдамчи қилиб жўнатишди. Ёрдамчига раҳбарнинг чамадонини кўтариб юриш лозимлигини тушунтиришган экан…

АҚШ Сиэтл ш., 1975 йил. Шаҳар мэриясида В.О. Козимовнинг марузаси.

Сиэтлга бордик. Шаҳар ниҳоятда гўзал экан. Сиэтл шаҳри Пьюджет қўлтиғи ва Вашингтон кўли орасида жойлашган (Тинч океани қирғоғи яқинида). Аввал Сан-Францискога бордик. Кейин Сиэтлга учдик. У ерда бизни яхши кутиб олишди. Яхши жойга жойлаштиришди. Биз жойлашган меҳмонхонада АҚШнинг собиқ Президенти Никсон турганини билдиришди. У ерда жамоат ташкилотлари раҳбарлари билан учрашдик. Мулоқот вақтида фаолиятимиз тўғрисида маълумот бердик. Фалон кўчаларни асфальт қилдик, шунча магазинлар қурдик, йўлларни асфальт қилиш учун асфальт заводи қурдик ва ҳоказо. «Ие, сизлар шу масалалар билан ҳам шуғулланасизларми?», – деб ҳайрон бўлишди. Биз у ерда шаҳар мэрининг асосий иши полицияни назорат қилиш, солиқни йиғиб олиш эканлигини билдик. Мэр эшиги тагида қурувчилар навбат кутиб туришар экан, негаки қай бири сифатли иш кўрсата олса, уларга иш берилишини билдик. Бизда эса қурилишдан тортиб, қурилган уйларнинг сантехникасигача жавобгарлигимиз борлигини эшитган Сиэтл шаҳрининг мэри аҳволимизга ажаб­ланди. Бизга яхши муносабатда бўлишди. Кейин бизни, Споккан деган шаҳарга оли
боришди. Шаҳарда ЭКСПО – 74 бўлаётган экан. Сизга «сюрприз» деб бир ўзбек йигити бизга палов кўтариб келиб қолди. Билсак, ЭКСПОда СССРга ажратилган павильонда тошкентлик ўзбек йигити ошпазлик қилаётган экан. Ошпаз бизнинг келганимизни билиб, бизга андижонча ош тайёрлаб сюрприз уюштирибди. Кейин совет павильонида бўлдик, катта шаҳарга ўхшаган жой экан. Самолётдан тушиб боришимиз билан олдимиздан бир гуруҳ болалар чиқишди. Уларнинг майкаси орқасида «Яҳудийларга озодлик берилсин!» деб ёзилган. Таржимондан сўрасам, у ёзув мазмунини айтди. Ташкилот бу ҳолатни атай уюштирган. Кейин мен мэрдан нега бундай қилганини, улар Тошкентга боришганда биз бундай қилмаганимизни айтдим. Мэр бўлса, уларда озодлик, ҳамма эркин эканини, уларни тақиқлай олмаслигини тушунтирди.

Сиэтл Мэри Вес Ульман ва қардош шаҳар делегацияларининг ташрифи. Тошкент, 1977 йил.

Меҳмонхонага келсак, эшик олдида 50–60 та яҳудийлар туришганини, уларни қабул қилишимни илтимос қилишаётганини айтишди. Мен билан собиқ СССРнинг консули ҳам бор эди. Консул қабул қилаверинг, деди. Мен яҳудийлардан қай бирлари советлар мамлакатида бўлганини сўрадим. Улардан ҳеч бири бизнинг ерда бўлмаганини айтишди. Тошкентда яҳудийларга тазйиқлар борлигини айтишди. Мен уларга «нимага асосланиб бундай айб қўяяпсиз? Менинг ёрдамчим ҳам Л. Кришталл деган яҳудий. Тошкентда 30 фоиз раҳбарлар яҳудийлар. СССР бўйича олий маълумотлиларнинг энг кўпи ҳам яҳудийлар», – дедим. Улардан бири Тошкентда Маллаев деган одам қамоқда ётганини айтди. Мен эса унга жавобан ҳар бир давлатнинг ўз қонуни борлиги, кимда-ким қонунни бузса, айбига яраша жазоланиши муқаррарлигини уқтирдим. Аслида мен бундай учрашув бўлишига тайёрланган эдим. Чунки мени Москвада марказқўмдагилар огоҳлантиришганди. Хуллас, яҳудийларнинг бир-иккитаси ҳазиллашиб, гаплашиб чиқиб кетишди.
Сиэтл билан алоқамиз яхшиланиб, у ерда «Тошкент парки» деган хиёбон очдик. Казак­лар миллий кийимларда концерт беришди (улар инқилобдан кейин кетиб қолган казак­ларнинг авлоди экан).
Америкада «Интурист»га ўхшаш тижорат ташкилоти бор экан. Унинг бошлиғи юртимизга келганида яхши муносабатда бўлгандик. Шу сабаб у бизга ўзининг ҳисобидан Лос-Анжелес, Чикаго штатларини айлантириб кузатиб қўйишини айтди. Биз Нью-Йоркда тунадик.
Тошкентга қайтиб келдик. Шундан кейин алоқамиз яхшиланиб, Ҳосият Яқубовна Ёкубжонова бошчилигидаги делегация Америкага бориб келишди. Кейин улардан ҳам Тошкентга делегациялари келди.
Тошкентнинг ўзида «Сиэтл парки»ни барпо этдик. Сиэтл шаҳри шарафига магазин ҳам очдик. Бу халқ дипломатияси. Бунинг аҳамияти катта. Юқоридаги раҳбарият ўз йўлига, лекин уларнинг асл мақсади халқ билан яқинлашиш бўлган. Бир америкалик қиз келганида, Қизлархон Дўстмуҳамедова машҳур раққосамиз унга ўзбекча рақсни ўргатди. Унга раққосалар миллий кийими тўп­ламини совға қилгандик. Кейинчалик у юртида ўзбекча либосларда, чилдирма чалиб концерт ҳам берган экан. Очиғи, Америкада бўлган пайтимда менга: «Совет ҳукумати сизга нима берди?» деб савол беришганди. Мен уларга, «Оддий хизматчининг боласи бўлсам, Ҳукумат менга бепул таълим берди. Мана ўқидим, иш беришди. Яна нима бериши мумкин», – деб жавоб бердим. Биз шу тариқа ўша пайтда «ёввойи» деб таърифланган – Ғарб билан танишгандик.

Японияда Янги Токио шаҳрининг губернатори жаноб Исамури билан учрашув.

1975 йида Японияга иш билан борганимда мени Токио губернатори жаноб Исамури қабул қилди. Суҳбатимиз давомида у мендан Тошкент шаҳридаги Сарикўл кўчаси, Алишер Навоий номидаги опера ва балет академик катта театри ҳақида сўради. Уни қуришда японлар иштирок этган. У кишидан Тошкентда қайси йиллари бўлганини сўрадим. Жаноб Исамури Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йилларда, асирлик маҳалида Тошкентда яшаганини сўзлаб берди. Улар ўзбек халқидан миннатдорлигини билдирди. Жаноб Исамури: «Ўша пайтларда
ўзбеклар бизга нон ёки бирон егуликни девор орқали ошириб илинишарди. Биз шуларни ҳам еб кунимизни ўтказардик. Сибирга кетган япон асирларининг биронтаси ҳам қайтиб келмаган. Ўзбекистонда қолганларнинг кўпчилиги тирик қолди. Биз ўзбек халқидан ниҳоятда мамнунмиз», – деб айтган эди. Суҳбат давомида Исамури яна Ўзбекистонга бормоқчи экани, у ердаги япон қабристонига бориб, вафот этган дўстларини зиёрат қилиш истагини билдирди.
У ердан келиб япон қабристонига бордим. Афсуски, у ер ҳароб аҳволда экан. Биз дарров, у ерни ободонлаштириб, чиройли қилиб қўйдик. Шундан сўнг ўша жаноб Ўзбекистонга ташриф буюрдими, йўқми, буни билмадим, аммо делегациялар келганидан хабарим бор.
Биз биродарлашган шаҳарлардан яна бири Марокашдир. Марокашга биринчи марта борганимизда алоқамиз Москва орқали бўлган. Ўшанда Марокашнинг мэри бизни кутиб олганди. Мен билан бирга райком сек­ретари Ботир Ғуломович Халилов, «Малика» фабрикасидан сотувчи қиз, хуллас, уч киши боргандик. Бизни ҳукумат бошлиғи қабул қилган. Марокашда делегация билан алоқалар бўлди. Эсимдан чиқмайди, ўшанда бизга жума куни митинг бўлишини айтишди. Самолётдан тушишимиз билан бизни аввал меҳмонхонага, сўнгра митингга олиб кетишганди. Жума куни жоме масжидида мингдан ортиқ мусулмонлар жума намозини адо этишаётган экан. Бизни тўғри имом олдига ўтқазишди. Имом бизни жамоатга имом Ал-Бухорий, Ал-Форобий, Ибн Сино юртидан эканлигимизни айтиб таништирди. Кейин улар билан бирга намоз ўқидик. Хаёлимда «ишқилиб, бизни расмга олмасайди…» дердим. Лекин бизни «чирқ» этиб расмга олишга улгуришди. Қайтар вақтимизда фотоальбом тақдим этишди. Ҳалиги альбомнинг бошида бизнинг энгашиб намоз ўқиётганимизни кўрсатиб қўйишганди. Самолётга чиққандан кейин маслаҳатлашиб, ўша жойини олиб ташладик. Келиб Шароф Рашидовичга вазиятни тушунтирдик. Шароф ака тўғри қилганимизни айтдилар.
Марокаш билан алоқаларимиз яхшиланди. У ердан ҳам делегациялар келишди. Уларнинг мэри ҳам келган. Уларда мэрдан ташқари шаҳар подшоси бўларкан. Шаҳар подшоси қиролнинг ўз қариндош-уруғларидан тайинланар экан. Ўзи пойтахтда – Работда турар, лекин шаҳарнинг подшоси ҳисобланар экан.
Тунис президенти Боргиба билан учрашганмиз. Тунис шаҳри ҳам катта экан. У ерга икки марта ўзим борганман. Улар келарди, биз борардик. «Баҳор» ансамбли билан ҳам борганмиз. Биз горисполком қабулхонасининг олдидаги залда кўргазма ташкиллаштириб, сафардан олиб келган нарсаларни қўйдик. Бу халқ дипломатияси бўлиб, шу мамлакатлар билан алоқамизни яхшилашга ҳисса қўшган. Тунис билан Марокаш ҳақида «Звезда Востока» журнали ва бошқа журнал, газеталарда яхши материал берганмиз. Тунисга 7–8 киши борганмиз, санъаткорлар ҳам боришган. Санъаткорларимиз концертлар беришган. Қизиғи, Диний ишлар бўйича министри бор экан. У Тошкентга келган, Ўрта Осиё ва Қозоғис­тон диний назоратининг пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг 1400 йиллигига бағишланган катта анжуманида қатнаш­ган. Министр бизни Тунисда уч кун айлантирди. Раққоса қизларимизнинг концерт уюштиришида яқиндан ёрдам берган.
Ҳиндистон давлати билан алоқамиз яхшилиги самараси ўлароқ Тошкентда «Ганга» магазини очилди.