ШАРАФ РАШИДОВИЧ РАШИДОВ ҳақида

Ҳаётимда кўп раҳбарлар билан ишлагандим. Шулардан менда катта таассурот қолдиргани Шароф Рашидович билан ишлаган пайтларим. Мен юқорида ўз таасуротларим ҳақида гапирган эдим. Ҳозир яна баъзи таасуротларга ҳам тўхталмохчиман. Шароф Рашидович нафақат юқори мартабали раҳбар, балки улуғ инсон эдилар. У инсон ҳақида тарихимиз янада кенг ижобий баҳосини беради, албатта. Мен эса у киши билан ишлаган даврим ҳақидаги таассуротларимни айтишим мумкин. Шароф Рашидович билан Фарғона темирйўли бўлимига раҳбар бўлиб тайин­ланаётганимда, мени у кишининг олдига суҳ­батга олиб киришган. Шароф Рашидович билан 5–6 дақиқа гаплашдик. Менинг яшаш манзилим, ўқиган мутахассислигим ҳақида суриштирдилар. Кейин менга ишлайдиган
ташкилотим ҳақида гапирдилар. Бизнинг бўлим Москва тасарруфида эди. У ерга борганда бўладиган гаплар ҳақида тушунтириб, оқ йўл тиладилар. Бориб обком бюросида тасдиқдан ўтиб, ишга тушганман. Биринчи кўришишимиз шу эди…

9- май байрамида.
Ш.Р. Рашидов, Туркистон ҳарбий округи қўмондони В.П.Максимов ва В.О. Козимов.
Тошкент, 1978 йил.

Кучли сел келиши оқибатида поезд йўлини сув ювиб, Чуст билан Поп ўртасидаги колхознинг магазинлари борми, омбор, отхона, молхонаси борми, ҳаммаси бузилганди. Пойтахтдан Шароф ака етиб келдилар ва сел оқибатларини бартараф этишга ёрдам бердилар. Бу Шароф Рашидович билан иккинчи бор учрашувимиз эди.
Кейин Қўқонда шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби Аҳмадали Ризаевични лавозимидан олишгандан кейин Шароф ака менинг Қўқонга биринчи котиб сифатида боришимни айтдилар. Шароф ака билан шу сабаб чуқурроқ танишиб олдим.
Одат бўйича Шароф ака вилоятларга тез-тез бориб турардилар. Иложи бўлса, бир ойда бир марта водий бўйлаб сафарга чиқардилар. Қўқон водийнинг ўртасида бўлгани учун кичкинагина дала ҳовлига ўхшаш (Шароф ака учун махсус тайёрланган) жойда ётиб қолардилар. Тошкентдан ёрдамчилари самолётда ҳужжатларни олиб келарди. Ярим кечагача Шароф Рашидович улар билан ишлардилар. Бир куни кабинетимга кириб, Фарғона вилоятидаги райкомларнинг биринчи секретарларини телефон орқали улаб беришимни сўрадилар. Шу баҳона янада яқиндан танишдик.
Шароф аканинг бир хислатлари бор эдики, ҳеч қачон ачитиб гапирмасдилар. Бир куни юқорида айтиб ўтган жойимда ётиб қолдилар. Бу ер 1-ғишт заводидан 300–400 метр нарида жойлашган эди. Эрталаб олдиларига бордик. Гайк Аветисович Габрилянц деган вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби ҳам ётиб қолганди. Шароф Рашидович менга: «Сизларда радио яхши ишлар экан», – дедилар. Мен эса: «Ҳа, шаҳарда радиофикацияни яхши йўлга қўйганмиз», – дедим. Кечқурун суперфосфат заводига боргандик, қайтишда переездда поездларнинг манёври борлиги учун тўхтаб қолдик. Кейин қайтиб келганимизда Шароф ака менга: «Милиция бошлиғига меҳнат таътили бериб юборган экансизлар-да», – деди. Мен горкомнинг биринчи секретариман, бунақа илмоқли гапларни унча тушунмасдим, «Йўғе, бор», – деб жавоб бердим.
Эртаси куни Шароф акани кузатдик. Кейин Гайк Аветисович билан ўтирганимизда у киши: «Билдингизми, ғишт заводининг олдида радиокарнай бор экан, эрталабгача ашула айтиб чиқибди», – деди. Демак, Шароф ака кечаси билан ухлолмай чиққан бўлса керак… Переездда қоида бўйича милиция бошлиғи иккита ходимини қўйиши керак экан, шуни таъминлаш вазифамга кирар экан. Шароф ака шунақа хушмуомала, нозик инсон эдилар. Бу менга катта сабоқ бўлганди ўшанда.
Бир куни Шароф ака телефон қилиб қолдилар: «Ўртоқ Козимов, хабарингиз борми, Қўқонда қрим-татарларнинг съезди бўлибди!» Мен хабарим йўқлигини айтдим. У киши «КГБдагилар сизга индамадими?» – деди. Мен яна: «Йўқ», – деб жавоб бердим. «Улар билан алоқани яхшироқ қилинг», – дедилар. Бир ўзбек йигити бўларди, у ҳам менга индамаган экан. Ҳақиқатда Қўқоннинг нариги чеккасида – Молотов районида қрим-татарларнинг яширин съезди бўлган экан. Барибир мен билишим керак экан.
Қўқонда горкомнинг биринчи котиби бўлган кезларимда партия съезди қатнашчиси сифатида, съезд қарорларини тасдиқлашда иштироқ этардим. Мен ўша пайтларда биринчи марта марказқўм аъзолигига номзод бўлганман. Шароф Рашидовичга бир моддага ўзгартириш киритиш бўйича таклиф бердим. Лекин улар фикримга эътироз билдирдилар. Унинг ўрнида бошқа одам бўлса қаттиқроқ гапириши мумкин эди. Лекин Шароф ака бағри кенг, кўнгилчан инсон эдилар.

Шараф Рашидов Тошкент савдо марказлари билан танишишмоқда. 1976 йил.

Кейинчалик Тошкентга МҚнинг транспорт ва алоқа бўлим бошлиғи бўлиб ишга ўтганимда биз истаган вақтда у киши билан бемалол гаплаша олардик. Телефонни олиб, Шароф ака, беш дақиқага қабул қилинг, деганимизда қабул қилардилар. Ҳеч қачон вақтим йўқ, эртага ёки индинга келинг, демаганлар.
Шароф ака кенг феълли инсон эдилар, баъзи одамларга ўхшаб майда гап эмасдилар. Бўлим бошлиғи бўлган вақтимда бир куни у киши менга: «Мангелдинни Алоқа министри қилдик, эшитишимга қараганда ТуркВОнинг сиёсий бўлим бошлиғи билан овга чиқиб кетар экан шунча иш турганда…» Мен индамадим. Д. Магелдинни чақириб, шу ишни қилмаслигини, Шароф аканинг ундан хафалигини айтим. Д. Мангелдин бўлса, дарров Шароф акага
телефон қилди ва менга айтган гапни ўзига қайтарди. Шароф ака кечқурун мени чақирдилар ва:
– Мен сизга айтгандим, у марказқўмнинг аъзоси, Олий Совет депутати. Бу гапни сиз учун айтгандим, дилингизга тугиб қўйинг деб, – дедилар.
Шароф ака шунчалик бағри кенг инсон эди. Аслида мен катта хато қилгандим, лекин у киши гина сақламаган. Менга бошқача чора кўришлари ҳам мумкин эди. Бу воқеа ҳам менга навбатдаги дарс бўлганди.
Шароф ака билан ишлаш осон эди.
Ол­дин ўйлаб, сўнгра буйруқ берардилар. Ме­нинг ишларимдан мамнун бўлсалар, қўлларини елкамга ташлаб, «Бу ишингиз яхши бўлибди!», – дердилар. Агар сал ёқмаса, исмимни айтиб мурожаат қиларди, «Воҳиджон», – деб. Мабодо ишим анча ёқмаса, «Ўртоқ Козимов!», – дердилар. Саломлашканда қўл ушлашларидан ҳам билардик кайфиятларини, муносабатларини. Менга энг ортиқча гапирган гаплари: «Энди қулоғингизни кесамиз», – деган ҳазилнамо гаплари бўлган. Аслида анчагина аччиқ гапларга ҳам лойиқ эдик… Шаҳарда миллионта иш бор, ҳаммасига горисполком жавобгар.
Мени горисполком раислигига тайинлаганларида у кишига: «Мен бу иш нималигини биламан. Агар мени қўлласангиз, ишлайман», – дегандим. Бир куни Совминнинг Президиумида: «Горисполком қаерга қараяпти?» – деб, хамма ишда бошқалар мени айбдор қилаверишди. Шунда Шароф ака: «Арзимаган майда-чуйда нарсаларни деб горисполкомни айбдор қилаверманглар! Рес­публика минис­трликларининг ҳар бир йўналишида министр муовинлари бор. Улар Тошкент шаҳар бош бошқармалари бошлиқлари, уларга тааллуқли ишларни конкрет гапириши керак». Ҳақиқатан ҳам шаҳардаги тармоқ бош бош­қармалари бошлиқларининг кўпчилиги министрларнинг муовинлари сифатида ишларди (республика иқтисодиётининг 40 фоизи, Тошкент шаҳрида жойлашганди). Шундай килиб улар менга ёрдам берардилар, керак бўлганда қўллаб-қувватлардилар, олийжаноб хислатлари бор эди.
Шароф Рашидов чет давлатларга борганимизда арзигулик жиҳатларини ўрганиб келишимизни тайинлардилар. Москвага борганда Шароф аканинг ҳурмати юзасидан иттифоқ министрлари билан учрашардик. Албатта, бирор янгилик олиб келардик. Тошкентга автобус бекатлари, кўчалардаги светофорлар… Шароф аканинг номидан доим салом айтиб, ишимизни осон битказардик.
Тошкентнинг ривожланишида Шароф аканинг хизматлари шу қадар кўпки… хусусан, саноат соҳасида «Алгоритм», Трактор заводи, «Зенит», «Фотон» заводларининг қурилиши ва реконструкцияси… У киши техник инженер бўлмаса-да, бу соҳада ҳам ҳаммамизга йўл-йўриқ берардилар, ҳаммамизни ишлатардилар… Ташаббускор ва тадбиркор инсон эдилар. Ўзлари ҳам бирор жойга борсалар, албатта фойдаланиш керак бўлган томонларини олиб келардилар. Тошкентдаги барча катта кўламдаги ишлар Шароф Рашидовичнинг ғояси, ташаббуси ва таклифлари билан амалга оширилган.
Шаҳар реконструкциясига оид ҳар бир катта-кичик қурилишнинг архитектурасини ўзлари синчковлик билан кўриб чиқардилар. Унақа килинглар , бунақа қилинглар демасдилар. Ҳар бир ишда фикримизни сўрардилар, профессионал мутахассисларнинг фикрини эшитардилар. Аниқ, пухта, ишонарли бўлса, албатта инобатга олардилар.

В.О. Козимов улуғ маданият арбоблари орасида: Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси
раиси Комил Яшин, халқ артисти Шукур Бурҳонов, халқ артисти,
Ўзбекистон кинематографистлар уюшмасиннинг раиси Малик Қаюмов билан.

Шароф Рашидович кадрларни тарбиялашда катта тажрибага эга эдилар. Ўзлари умуман чекмасдилар, буни кўрган атрофидагилар бутунлай чекмасликка ҳаракат қиларди. Оила муносабатларини юқори қўярдилар, оилага вафодор, покиза инсон эдилар. Атрофларидаги хотин-халажлар билан гап-сўз чиқмаган. Уларнинг бу фазилатларига ҳавас қилардик. Бундай инсонлар юз йилда бир келади. Ўзбек халқининг манавий юксалишида бу инсоннинг алоҳида ўринлари бор.
Волгоград кўчасида мемориал қабрис­тон бор. Уруш вақтида ҳалок бўлган ва урушдан келиб госпиталларда вафот этган кишиларнинг қабрларини янгилаб, қайта ўрнатдилар. Кираверишда Қаҳрамон шаҳарлар кўриниши акс эттирилди. Шароф ака бориб ишимизни кўриб хурсанд бўлдилар. «Нега ўзбеклар кам, вақти келиб, ўзбеклар урушда қатнашмаган экан-да, дейишмайдими кўрганлар?! Фамилияларни аниқлаштириб, ҳалок бўлган ўзбек ҳарбийларини руйҳатга киритинглар, аралаштиринглар», – дегандилар. Шу гапдан кейин урушда ҳалок бўлган ўзбек аскарларнинг фамилияларини ёздирганмиз.
Бир куни менга қўнғироқ қилиб, укаларининг тўйига таклиф қилдилар. Йўлга чиқаман деганимда шаҳарда катта авария бўлгани учун тўйга кечикиб етти яримларда етиб бордим. МҚ Бюро азоларининг барчаси ўтиришибди. Мени Шароф Рашидовичнинг рўпарасига ўтқазиб қўйишди. Қишлоқ хўжалиги бўйича МҚнинг секретари Қурбонов ўйинга тушаётган экан. Шароф ака менга «Горисполкомнинг иши кўп, кечикиб келганингиз учун шу қўшиққа ўйинга тушасиз!» – деганлар. Биринчидан, Шароф аканинг шахсан ўзи телефон қилиб, тўйга таклиф қилганлиги учун кечикиб боришим ҳижолатли иш эди…
Шаҳар ижроия қўмитасида ишлаганим­да бирор масала бўйича телефон қилсам дарров етиб келинг, дердилар. Бир куни Шароф ака менга: «Бозорда картошка бир сўм бўлибди», – дедилар. Ўша йили картошкалар музлаб қолган пайтлар, янги картошка чиқишига эса 15–20 кун бор эди. Шунда авиазавод ишчилар жамоаси Шароф аканинг келиб, аниқлик киритиб беришини сўрабди. Эртаси куни у киши билан биргаликда авиазаводга бордик. Бир киши картошка қиммат бўлганлиги ҳақида гапирди (аслида давлат нархида картошка 30 тийин турарди). Шароф Рашидович музлаб қолгани ҳисобига бозорда картошканинг нархи бир сўмга кўтарилиб кетганини тушунтирдилар. Ўшанда Қашқадарёданми ё Сурхондарёдан бир-икки вагонда картошка етказиб бергандилар. Шароф ака шу қадар майда ишларга ҳам эътибор берардилар. Авиазаводга ўзлари эмас, бирорта ўринбосарларини жўнатсалар бўларди-ю, аммо шахсан ўзлари боргандилар…
Шароф ака билан боғлиқ ҳаётимда яна бир воқеа бўлган. Мен Москвада бир ойлик ўқишда эдим. Шунда мен ёшлигимиздан таниш бўлган фарғоналик дўстим билан учрашиб қолдик. Кечқурун бир дўстимизни кўргани чиқиб кетаётсак, 5–6 та самарқанд­лик йигитлар меҳмонхонанинг олдида туришган экан. Улар: «Ҳа, икки ўртоқ, бирга айлангани кетаётган экансизлара», – дейишди. «Ҳа, бир айланиб келайлик», – дедик (бошқа нима ҳам дердик). Такси келди, унга чиқдик. Дўстимизникидан кечқурун қайтдик. Шеригим ўз хонасига кириб кетди. Шароф Рашидович баъзи бир кадрларимизга нисбатан негадир совуққонлик билан қарашларини билардик. Ўқишни битириб келсам, менга МҚдан Ўлжа ака Отақулов телефон қилиб, бир келиб кетишимни айтганини билдиришди. Борсам, у киши Шароф ака мендан хафа эканликларини билдирди: «Москвада раҳбаримиз ёмон кўрадиган одамларининг уйларига бориб юрганмишсиз?!» – деди. Мен эса: «Ҳеч қаерга борганим йўқ. Борган бўлсам ҳам КПСС МҚнинг бўлим бошлиғи ўринбосари (транспорт алоқа бўйича) В. И. Давидов деган ўртоғимнинг уйига бордим. Мен МҚ бўлим мудири бўлиб ишлаганимда у Москва шаҳрининг транспорт ва алоқа бўлим мудири бўлиб ишлаган, бошқа жойга борганим йўқ!» – деб жавоб бердим. «Шароф ака нима дедилар?» сўрадим ундан. У эса «Воҳид Охуновичга жуда ҳурматимиз зўру! Лекин…», – дея афсусланганларини айтди. Шароф ака бу вақтда Қорақалпоғистонда экан, эрта-индин қайтишлари керак эди. Мен Оқил Умурзоқович Салимовнинг олдига кирдим. У киши
ҳам Шароф аканинг мендан ҳафа эканликларини билдирдилар.
Эртаси куни Шароф акани кутиб олишга чиқдим. Саломлашганимизда аранг қўлларининг учларини тутдиларда, юзимга қарамадилар. Шунда мен бир гап ўтганини тушундим. Бир-икки кун ҳижолат тортиб, охири тўғридан-тўғри олдиларига боришни лозим топдим (чунки Тошкентдай шаҳри азимда шаҳар ижроия қўмитасини раиси бўлиб, рес­публиканинг биринчи раҳбари ишончидан чиқсангиз, ишлаб бўлмасди, атрофдагилар эзиб ташларди).
Шароф ака эртаси куни қабулига киришимни айтдилар. Эртаси куни соат ўнда олдиларига кирдим. Мен эшитган гапларимни ва бу уйдирма эканлигини айтдим. Шароф ака менга қарамас, ручкалари билан нималарнидир қоғозга қоралардилар гўё. Индамадилар.
– Шароф ака, мен ҳақимда сизда шунақа фикр туғилган бўлса, майли, мен ишдан кетай. Сизнинг ҳурматингизни қилиб, кеча-ю кундуз шу ерда ишлаб юрибман. Ишончингиздан чиққан бўлсам, бу жойда ишлай олмайман, – дедим.
Шароф ака шунда :
– Одамлар жуда ёмон! Сизнинг бошингизни айлантириши мумкин. Мен сизнинг софлигингизни биламан. Баъзи бир одамларнинг гапига парво қилманг! – дедилар.
– Унда мен нима қилай? – сўрадим, ҳайрон бўлиб.
– Бориб ишлайверинг, орқангизга қарамасдан! – дедилар.
Вақт ўтиб мендан Тошкент шаҳар
қўмитаси иккинчи секретари К.П.Дудин бўлиб ўтган гаплар ҳақида сўради. Билишимча, ҳалиги дўстим билан чиқиб кетаётганимизда меҳмонхона зинасида турган одамлар бизни Шароф ака ҳурмат қилмайдиган одамнинг олдига борган деб, ўйлашган экан. Буни КПСС МҚ инструкторига ҳам айтишган,
инструктор Шароф акага етказган экан. Янги ишга ўтаётганимда мен ишлайдиган жой
темирйўл эмаслигини, саройга кетаётганим ва эҳтиёт бўлишим кераклигини огоҳлантиришганди (темирйўлда ҳаммаси очиқдан-очиқ, тўғридан-тўғри гапириларди).
Шароф акадан қўрқиб эмас, ҳурмат юзасидан иш юритардик. Биласизми, қўрқиш деганда одамнинг ишини йўқотиб қўйишидан қўрқиши мумкинлигини тушунаман. Шароф ака ҳақиқатда халқнинг отаси бўлган. Отанинг эътиборидан тушиб қолиш, ишончини йўқотишдан қўрқардик. Биздан қанча хатоликлар ўтса ҳам у киши буни билардилар. Кадрлар танлашда жуда зийрак эдилар. Бир киши енгил саноат бўлими бошлиғи этиб тайинланди. Сал енгилтабиатроқ киши бўлиб чиқди. Шанба куни Шароф Рашидович мажлис ўтказиб, барчамизга топшириқ бердилар-у, у кишига индамадилар. «Бизгаям топшириқ бераверинг», – деди бўлим бошлиғи. Демак, бўлим бошлиғининг иши ёқмагани учун шу усулни қўллагандилар (кейинчалик бошқа ишга ўтказиб юбордилар).
Шароф ака доим: «Мевали дарахтга тош отилади», – дердилар. Мен ҳақимда бир неча марта имзосиз хатлар бўлган. Шундай кезларда мени чақирардилар-да, ёрдамчиларига: «Суҳбат қилинди деб ёзиб қўяверинг», – деб айтардилар.
Очиғи, Шароф акани деб бизда на шахсий машина, на дача бор эди. Менга давлат дачасини беришганида ҳам уйим борлигини айтиб, рад этгандим. Иккита шофёрим бор, лекин хизмат машинасидан ҳатто болаларим ҳам фойдаланишмаган. Чунки бу раҳбарнинг қулоғига етиб, у кишининг эътиборидан қолишдан чўчирдик (чунки бундай хабар дарров етиб борарди…)
Илгари Ульяновск кўчасида турардим. Мен турадиган уйнинг айвони бор эди. Қор ёғса айвонга тушарди. Кимёхон теварагини ойна қилдириб беришимни сўрардилар. Мен эса қачонки ижроқўм раислигидан кетсам, кейин қилдириб беришимни айтдим. Чунки одамлар сизга қараб туради: қаёқдан оляпсиз, нима қиляпсиз… Шунинг учун шаҳар қўмитаси аъзоларига бир амални қўлладим. Ҳар ҳафтада оиламизга керак бўладиган маҳсулотларни котибимга буюртма қилиб ёзиб берардим (муовинларим ҳам). Котиб буюртмани гастроном директорига етказарди, гастроном ходимлари маҳсулотларни ўзининг машинасида ҳар бир уйга олиб бориб берарди. Маҳсулотнинг пули транспорт харажатларини ҳам қўшган ҳолда кўрсатиларди…
Ҳаётда Шароф Рашидовичга ўхшашга ҳаракат қилардик. У киши барча ишларга
аниқлик киритиб, эътибор бериб, ҳаддан ташқари синчиклаб иш юритадиган инсон эдилар. Бир куни у кишининг олдиларига ҳужжатлар тўла папка билан кирдим. Шароф ака папкага қараб хафа бўлгандай қарадилар. Чунки папкани қабулхонада қолдиришим керак эди… Шароф аканинг олдиларига кўпинча бир ўзим кирардим. Чунки шаҳарнинг ҳамма олдида айтиб бўлмайдиган ўзига яраша нозик томонлари бор. Агарда бир ўзим эмас, ёнимда бошқа одам бўлса, папка билан кирса бўларди.
Баъзи қариндошлари у кишининг номини ўртага қўйиб, илтимос билан келишарди олдимга. Шунда Шароф ака менга ўз қариндошларига қаттиқ-қаттиқ гапириб ташлашим лозимлигини айтардилар (чунки қариндошларининг айримлари машина, уй-жой сўраб кираверишарди). Бир куни мен билан МҚнинг иш бошқарув раҳбарларини бирини чақириб: «Сизларнинг мақсадларингиз мени обрўсизлантиришми?!» (компрометация) – дедилар аччиқланиб. Шароф аканинг узоқ қариндошларидан бирига уй ажратилганди, МҚнинг иш бошкаруви орқали. Ҳарқалай, бу ишга алоқам бўлмасада, барибир Тошкентдаги уй-жой бўлгани учун бу масалани назорат қилишим керак эди, деб билдим ўзимча.
Кейинчалик бир-иккита бетамиз кишиларнинг гапирган гаплари (туҳматлари) ўзларига қайтди.
Шароф Рашидович Рашидов шунақа
соф виждон, оқ кўнгил инсон, оқил ва доно раҳбар эдилар.
Биз бунга гувоҳмиз!