МЕНИНГ ОТАМ

Эркин Воҳидович Козимов

Оиламизда болалар ва ота-оналар ўр­тасида ўта апоқчапоқлик ҳам, расмият­чилик ҳам бўлмаган. Ҳамма вақт ўртада ҳурмат ва эҳтиром, масофа сақланарди Отам бизга нисбатан сўкиш ва қаттиқ сўзлашни одат қилмагандилар. Бир сўз, ё жумла билан, ҳатто қарашлари орқали камчиликларимизни билдириб, тузатишга чорлаб қўя қолардилар. Тарбия жараёни шу қадар комиллик касб этган эдики, отам: «Ҳа, ўғлим, соч ўсиб кетибдими, ё менга шунақа туюлаяптими? Балки мода шунақа бўлиб кетгандир?» – деганларидаёқ сартарошга борадиган пайтим келганини англардим. Отамнинг насиҳатлари сезилмас, одамга оғир ботмайдиган, аммо ижро қилмаслик­нинг иложи йўқ даржада эди. Биз отамнинг яхши ишларидан, самимийликка йўғрилган ва инсонсеварлик уфуриб турган қисқа, аммо сермаъно сўзларидан ибрат олиб улғайдик.
Отам бизни ёшликдан санъат­севар­ликка даъват қилгандилар. У Қўқон шаҳар кутубхонасидан ғарбий Европа рассомларининг каттакон суратли китобини олиб келиб, ҳар бир суратга тўхталиб, унинг муаллифи, суратда акс этган манзаранинг тавсифини эринмай бизга тушунтиришга интилардилар. Гоҳида, бир сурат тавсифи бутун бир ҳикояларга уланиб кетарди. Навбат Рембранд, Рубенснинг яланғоч тана­лар акс этган жойига келганда, отам, йўталган кўйи, бизнинг қизиқувчан нигохларимизга эъти­бор бермаган холда бу саҳифалардан бошқасига ўтиб кетардилар. Отам бизга Иоганн Себастиан Бахнинг Рига ибо­дат­хонасида ёзилиб олинган орган ижросидаги плас­тинкаларини қўйиб берардилар. Эсимда, Бахнинг «Токата ре минор» ини қўйган­ларида, бувим: «Шу Воҳиджон, қачон қарасанг бутхонанинг мусиқасини қўяди», – дея киноя қилардилар.
Онамнинг оталари бўлган бобомнинг уйларида пианино бор эди, уни отам Тош­кентдан Қўқондаги уйга олиб келгандилар. Биринчи синфда ўқиб юрган кезларим отам миллий чолғуларни, хусусан, найни яхши чалсаларда, пианинони бир қўлда чалишни бизга ўргатишга уринганлари ёдимда, Отам най чолғу асбобида «Чўли ироқ» куйи­ни маромига етқазиб усталик билан чалар­дилар. Кейинчалик биз бу ўзбек мақом хазинаси у кишининг онги ва ўзига хос ўринэгаллаб турганлигини дилларидан чиқаётган мунг орқали ҳис этдик. Отам ўзбек мақомларини, чунончи фарғона водийсида машҳур бўлган «катта ашула», қувнок лапар ва «Ялла»ларни жуда яхши ёддан билардилар. У киши Муқимий, Фурқат, Амирий, Нодирабегим, Ҳазиний ва бошқалар ғазалларига басталанган қўшиқларни ёқтирардилар. Ана шу қўшиқ­лар миллий оҳанги руҳида болалигидан тарбия топган эдилар.

Неваралари Комилахон ва невара куёвлари Назаржон, эваралари Марямхон, Ясминахон ва Надинахон билан.

Отам катта мансабда ишласалар-да, бизга талтайишга имкон бермасдилар. Пойтахтга кўчиб келганимизда ҳовлимизни ҳар баҳорда чопиқ қилишга тўғри келарди. Отам билан у ерга помидор, булғор қалампири, пиёз ва бошқа сабзавотларни экардик, меҳнатимиз натижаларидан мазза қилиб еб-тотинардик. Отам қўлга кетмонни олиб, мен беллаган ерда экинга ариқ олганларида, бу иш у кишига чўт эмаслиги шундоқ билиниб турарди.
Ҳаётда мудом камтар бўлишга ин­тилиш ота-онадан бизга мерос қадрият бўлди. Аммо отам бу ҳақда алоҳида сўз­лаганларини эслолмайман. Назаримда, бу ота-онадан ибрат олинганда, ҳаётда ўз-ўзидан рўй беради. Болаларга ўзини қан­дай тутиш ҳақида гапиришнинг фой­даси йўқ. Улар мудом ўз ота-оналарининг одат­ларини такрорлайдилар. Отам биз учун донишмандлик тимсоли эди. Шу боис мен баъзи масалаларда отам билан бамаслаҳат
иш тутардим. Бир гал ҳар доимгидек у кишидан маслаҳат олмоқчи бўлганимда, отам: «Сиз­ларни кўп нарсаларга ўргатдим. Энди ўзларинг мустақил қарор қабул қи­лишга ўрганинглар», – дедилар. Мен кўтар­ган масалани кўндаланг қўйиб, батафсил таҳлил қилдилар ва оқилона ечимини кўр­сатдилар. «Ана шундай ҳаракат қил», деган­дилар отам ўшанда. 9-синфдалигимдан бош­лаб ана шу каби таҳлил билан қарорлар қабул қилишга киришдим ва бошқа отамга муаммо келтирмаслик йўлидан бордим.

Неваралари Ойбек ва невара келини Янахон.
Воҳид Охунович неваралари Ойбекнинг ва Янахоннинг никоҳ тўйида.
Уларнинг уғиллари Собиржон билан Давронбек.

Мактаб тугаб, институтга кириш таш­вишлари бошланди. Қайси касбни эгаллаш муаммоси кўндаланг бўлди. Мени ижтимоий гуманитар фанлар кўпроқ қизиқтирарди. Отам келажакда оилани боқиш имконини берадиган бирор ҳунар эгаси бўлишимни истардилар. Шунда қурувчи муҳандис бўлишни маслаҳат бердилар. Энди мен отам қанчалар ҳақ бўлганларини тушуниб етаяпман. Ҳаётда сен кўнглинг тусаган ишни қилишинг мумкин. Аммо қурувчи муҳандис касбини эгаллаган инсон сифатида, ҳаёт қандай зарбаларга учратмасин, сен хоҳлаган жойдан бирор қурилиш ишида уста ёхуд прораб бўлиб ишлаб кета оласан.
Институтга кирганимда бутун ўқиш давомида ҳеч ким отам қаерда ишлашини билмасди. Мен мудом бу борада берилган саволларга жавоб беришдан усталик билан қочардим. Ўта қизиқувчилар отам ҳақида сўраб қолганларида: «У киши менинг фамилиядошим холос», – деб қўя қолардим. Ҳеч ким зачет ёки имтиҳон топ­ширишда мен учун келиб илтимос қилгани йўқ. Рости, ўқиш анчайин қийин эди. Айрим катта бошлиқларнинг фарзандлари ўз ота ёки онасининг хизмат машинасида институтнинг бош кириш эшиги олдидаги фаввора атрофидаги майдонга танаффус маҳалида келиб, барчанинг кўз ўнгида тушишни одат қилган эдилар. Бундай қилиш оиламизда мутлақо таъқиқланган эди. Мен кўплаб ҳамкурсларим қатори лиқ тўла автобуснинг зинасига илашиб уйга келардим. Албатта, институтимизда ўша даврнинг чет эл жинсисини кийиб олган, мусиқий магнитофон кўтарган олифталар ҳам бор эди. Улар институтнинг бош кириш эшиги зинасида ғуж бўлиб олишар, мен эса улардан узоқроқ бўлишга интилардим.

Неваралари Асқарбек ва невара келинлари Шаҳнозахон.
Воҳид Охуновичнинг неваралари Асқарбек, невара келинлари Шаҳнозахон ва эваралари Воҳиджон ва Сардорбек билан.

Биз болаликдан ўзимизни кўз-кўз қилмасликка одатланган эдик. Қолаверса, ўша пайтда муҳандиснинг икки ойлик маоши сингари турадиган жинсишим кийишни ўзимга раво кўролмасдим. Ота-онамнинг ойликка яшашини била туриб, улардан буни сотиб олиб беришни талаб қилиш, эрка ёшларнинг тўда туйғусига таслим бўлиш етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Одам сийрак маҳали ярим бўш автобус ёки трамвайда одамларни, ҳаётни кузатиш менга бундан ўн чандон қизиқарлироқ эди. Мана трамвайга қўлларида халта тутган, юзлари қорайиб ажинлар тушган кекса киши кирди. Ўрта ёшли ўйчан қиёфали аёл ўриндиққа михланиб қолгандек сокин. Отахон чўпон таёғига суянгандек, трамвайнинг суянчи­ғига таяниб олд ойнасидан кўчаларга ўйчан боқиб кетмоқда. Ўсмирлик, ёшлик кезларимдаги бу каби хотиралар оддий инсонларнинг ичида ҳаёт моҳиятини англа­шимга ёрдам берган бўлса, ажаб эмас.
Институтни тугатгач, йўлланма бўйича СССР Транспорт қурилиши вазирлигининг 733-қурилиш монтаж поездига, «Средаз­трансстрой» трестига қурилиш устаси бў­либ ишга кирдим. Вақт ўтиб, ишда ўзимни ишончли ҳис эта бошладим. Жамоат ишларида ҳам қатнашиб турардим. Ўша пайтдаги бошқарувда усталарнинг аксарияти катта ёшдагилар бўлгани учун Тошкент шаҳар, туман комсомол фаоллари йиғилишларида қатнашиб турардим. Ўша даврда барча маърузалар аввалдан ёзилар, туман комсомол қўмитасида тасдиқланар, конференцияда фақат ўқиб бериларди. Бир гал мен тайёрланган матнни четга суриб, туман ёшлари муаммолари ҳақида сўзлай бошладим. Туман партия қўмитаси мажлислар залига жимлик чўкди. Йиғилиш президиумида ғала-ғовур бошланди. Мен­га кейинроқ айтишларича, туман партия қўмитаси 1- котиби Ю. А. Асепков секингина туман комсомол қўмитаси 2-котиблигига менинг номзодимни қўйишни муҳокама қилган экан. Зудлик билан анкетамни топтириб, фамилиям ёнига сўроқ белгисини қўйди. Туман ёшлар иттифоқи қўмитаси­нинг 1-котиби масала қаерга тақалганини пай­қаган ҳолда, раҳбарга қараб бошини сил­китиб қўйди. «Ҳа-а…, бу масалани Воҳид Охунович билан маслаҳатлашиш керак», – деди. Маълум вақт ўтгач, отам туман партия раҳбари унинг қабулига келгани ва бу қарорга қарши бўлганини, зеро мен эндигина меҳнат фаолиятимни бошлаганимни, ҳали касб маҳоратини оширишим лозимлигини рўкач қилганларини айтдилар.
«Сени мен туфайли кўтаришмоқчи бўлишяпти», – дедилар отам. «Мен рози бўлсам сенинг ўз кабинетинг, машинанг, қабулхонанг, котибанг бўлади, аммо билиб қўй, буларнинг барчаси вақтинчали… Мен ишдан кетишим билан сендан жойни бў­ша­тиб қўйишни сўрашади. Сен менинг мавқеимдан қатъи назар шахс бўлиб шаклланишинг керак. Бу менинг ҳаётим. Сен ўз умрингни ўзинг қуришинг, яратишинг лозим. Мен ишдан кетганимдан сўнг олдингда қанча тўсиқлар бўлади ҳали, бу табиий жараён. Ўшанда ҳаётингда бир кичик зилзилани ҳис қиласан. Ўшанда дош беролсанг, сенинг келажагингдан ҳавотир қилмайман.
Ҳозир бўлса этигингни ва тело­грей­кангни кийда қурилишда «ер кавлашни» давом эттир, ишчилар қошига бор, у ерда сени ҳаёт мактаби кутмоқда. Катта бошлиқларнинг кабинетларида эмас, ўша жойда сени ҳаёт ҳақиқати кутиб турибди!», – дегандилар отам.
Ўшандан кейин яна бир бор Сергели тумани партия конференциясида қурилиш монтаж поезди бош муҳандиси сифатида сўзлашимга тўғри келган. Унда ҳам шаҳар партия қўмитаси йўриқчиси лавозимига тавсия этилгандим. Отам қаршилик қилиб, розилик билдирмагандилар. Отамга менинг минбарга чиқишларимдан сўнг бу таклиф­лар бўлаётганини айтдим. Аммо у киши қаттиқ туриб олдилар.
Икки фарзандим дунёга келди. Улар орасида бир ёш фарқ бор. Ўшанда биз рафиқам билан ота-она қўйнидан учир­ма бўлдик. Ўша даврлар озиқ-овқат маҳ­сулотлари танқислашиб қолди. Албатта, бозорда гўштни ҳам, колбасани ҳам, пиш­лоқни ҳам сотиб олса бўларди. Аммо бунга бизнинг маошимиз етмасди. Ўшанда мен ёшлик қилиб отамдан бироз хафа ҳам бўлганман.
Уйимиз ёнида бир нечта гастроном бўларди. Мен нега отам уларга оиламни давлат баҳосида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга топшириқ бер­май­ди­лар, деб танг бўлардим. Оила­мизда отам­нинг мавқеи боис базаларга, савдо нуқталарига яқинлашиш тақиқланганди. Энди тушунсам, отам бизни шу тахлит мустақилликка ўргатган эканлар. Вақт ўтиб мен ишчиларни таъминлаш темирйўл бўлими орқали ўз хизмат йўналишим бўйича оиламга лозим маҳсулотларни ола бошладим. Ўз ўғилларим тарбиясида ҳам мен отам каби уларни мустақилликка ўргатишга ҳаракат қила бошладим. Мактаб директори билан гаплашиш керакми, боргин-да ўз фикрингни очиқ баён қил. Маҳалладан маълумотнома керак бўлса, бориб талаб қил. Самолётга билет йўқми, бориб чорасини топ. Чиқиш визасини олиш чўзиляптими, тезлатишга урин. Ўқишни чет элда давом эттирмоқчимисан, марҳамат, буни қандай қилишни ўзинг ўрган. Болалар бирор масалани ҳал этишолмаса: «Нега дадангдан сўрамайсан», – дея сўрашарди дўстлари. «Қўйсангчи, мустақил бўлиш ҳақида маъруза эшитаман», – деб жавоб килишарди болаларим.
Катта ўғлим ўзи ташаббус кўрсатиб, имконият топиб немис тилида имти­ҳонни топшириб, Германиянинг Анцбах шаҳрига магистратурага ўқишга жўнаб кетди. Ҳа­лигача мен ўғлимнинг қандай йўл билан, қайси ташкилотлар орқали чет элга ўқишга йўлланма олганини аниқ билмайман.Кен­жа ўғлим институт йўлланмаси билан Муборакка жўнатилганда, унга бир сўзни насиҳат сифатида айтганман: «Билиб қўй, тоғангни бутун Ўзбекистон танийди.
(Ўғлимнинг тоғаси катта давлат лавозим­ларда ишлар эди). Сенинг вазифанг шуки, ҳалол ишла ва сен у кишининг жияни эканлигингни, иложи бўлса, ҳеч ким бил­масин. Акс ҳолда сенга тўғри муносабатда бўлишмайди. Рост, кейинроқ одамлар сенинг кимлигингни барибир билиб олади. Аммо бу орада сен ўзингни мустақил кўрсата оласан ва одамларнинг ишончи, ҳурматини қозонган бўласан. Улар сенинг қариндошлик ипларингга эмас, ўзингга баҳо беришади. Улар кимлигингни билган­ларида сени камтар инсон сифатида баҳо­лашади, қариндошларидан кериладиган инсон сифатида эмас».
Отам ҳақида мавзуга қайтиб шуни айтишим керакки, у киши нафақага чиққанларида мен ва оилам бирор имтиёздан маҳрум бўлганимизни сезмадик. Ҳар йили отам набираларига Янги йилда арча совға қилардилар. Йўқотганимиз, назаримда, шу имтиёз бўлди холос! Мени эса, аксинча, янада масъулроқ лавозимга кўтаришди.
Отам совға-салом, бозор ўчар қилиб келишлари масаласида жуда ўжар эдилар. Умри давомида отам шунақанги кўп инсонлар билан учрашардиларки, ҳар гал Тошкентга келган меҳмонлар, албатта, совғалар билан келарди. Ёдимда, отам қабулхоналари олди­даги хонада чет эл делегацияларининг совғалари қўйиладиган стеллажлар ўрнат­тирган эдилар. Барча совғалар қайд этилар ва стеллажга жойлаштириларди.
Бир гал отам Шароф Рашидович Раши­дов топшириғига кўра Москвага, собиқ СССР ҳукуматида белгиланган масъул учра­шувига учишлари керак эди. Аксига олиб табиий шароит, об-ҳаво белгиланган вақтда етиб боришга монелик қиларди. Учрашувга тезюрар поезд билан боришга қарор қилинди. Ўшанда 9-синфда ўқирдим. Каникул кун­лари эди. Мен Москвада бўлмагандим. Отам мени ўзлари билан олиб кетадиган бўлдилар. Ёдимда, онам қутига қовурилган товуқ, қайнатилган тухум, колбаса, нон ва қандайдир нарсаларни жойладилар. Поезд вагон-ресторанлари яхши ишласа-да, биз йўлда фақат шу нарсалар билан озиқландик. Ота-онам камтарона яшашар, иқтисод қилишга уринишарди. Бу иттифоқдаги энг
йирик шаҳарлардан бирининг раҳбари бўлган инсоннинг ҳаракати эди.
Ёдимда, тўйим маҳали биз ЗАГСдаги никоҳ маро­симидан сўнг барча меҳмонлар билан уни нишонлашга бордик. Орамизда ёши улу­ғимиз бўлган холамга бу тадбирни кичик кафеда ташкил этиш топширилди. Байрам кайфиятидан масрур ҳолда, яхши кайфиятда келинни уйига кузатиб қайтиб келдик. Отам тадбирнинг қандай ўтгани билан қизиққан киши бўлиб, дастурхоннинг сарф-харажати тўлангани ҳақидаги квитанцияни сўрадилар. Холам ғудраниб, кафе директори ёшларга кафе ходимларидан совға, деб пул олмаганини айтди. Шунда нима содир бўлганини айтишга тилим ожизлик қилади. Отам холамга жуда кескин гапирдилар. Холам зудлик билан кафега бориб, тадбир пулини тўладилар ва отамга тўлов қоғозини кўрсатишга мажбур бўлдилар.
Отам бизнинг онгимизга муҳрланиб қолган ҳақиқатларни тушунтирганлар. Улар бугунги кунгача ҳаракатларимизни белгиловчи омил бўлиб хизмат қилади. Улар ҳар қандай мансабни эгалламанг, инсон бўлиб қолишни сўрардилар. Ердан узилмасликни, бошқалардан ўзини баланд тутмасликни, одамларга беҳурматлик қил­масликни, буринни кўтарилмасликни, ин­сонларни ҳақорат қилмаслик, айниқса сенга иши тушган ёки сендан қарам, муҳтож бўлган кишини камситмасликни уқтирардилар.
Барча юқори мансаблар ўткинчи. Вақти келиб бу гуноҳкор заминга тушасан, ўшанда қилган ишингдан пушай­мон бўлмай, одамлар кўзига тик қарай оласан, дердилар. Ҳатто энг ҳимоясиз кимса ҳам сендан муносиб муносабат кўришга ҳақли. Чунки у ҳам кимнингдир ўғли, кимнингдир отаси, аллакимнинг бобоси. Улар ҳам бу шафқатсиз дунёда ўз яқинлари учун қайғуриб юришибди. Ҳаётда ўзгалар ғамига шерик бўлиш, раҳмдиллик, эзгулик инсоннинг дастуриламали бўлиши керак, дердилар отам.