Ота-боболаримизнинг барчаси қўқонлик бўлишган. Мен ҳам 1927 йилнинг июнь ойида Қўқон шаҳрида туғилганман. Баъзилар бизни марғилонлик дейишади. Тахминан 3–4 ёшимда отам Марғилонга ишга кетганидан сўнг ўша ерга кўчиб борганмиз. У маҳалда Марғилон темирйўл станцияси «Горчаково станцияси» деб аталган. Биз шу станциянинг яқинидаги ҳовлида турганмиз. Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномамни ҳам ўша ерда беришган. Шунинг учун ҳам бизни кўпчилик марғилонлик дейишади.
Авваллари келиб чиқишимиз ҳақида унча билмасдик. Отамнинг тўрт нафар ака-укалари, икки сингиллари бўлган. Отам учинчи фарзанд эдилар. Очиғи, мен бу ҳақда талабалик йилларимда билганман. Талабалик маҳалимда таътилда, Марғилонга бордим. Уйга кирсам сўрида икки эркак ва уч бегона аёл дадам билан суҳбатлашиб ўтиришибди. Дадамнинг айтишича, улар Андижоннинг Қорасувидан келишганди. Улар аввал Душанбега боришган, одамлардан суриштиришган. Қўқонда қариндошлари борлиги дарагини эшитишгач, Қўқондан бизни шу ерга излаб келишган экан. Кейин билсам, улар дадамнинг қариндошлари экан. Аввалига бунга унча эътибор бермадим…
Ўзи аслида тўлиқ исм-шарифим – Козимов Воҳид Козимович. У пайтлар отасининг исми сўралмас эди. Бир куни 6–7-синфда ўқиб юрган кезларимда «Отангнинг исми нима?» деб сўрашганида, шошиб «Охунович» деб юборибман. Чунки ўшанда Воҳид Козимович Козимов дейилиши менга ғалати туюлган. Шу-шу Охунович бўлиб қолдим, мендан кейингилар ҳам.
Оиламизда бир қиз, беш нафар ўғил фарзанд бўлган. Каттаси мен. Мендан кейинги укам Валихон. Марғилонда мактаб директори бўлиб ишлаган. Укам Мелиқўзи ҳам мактаб директори бўлган. Кейинчалик, Фарғона вилояти ўқитувчилар малакасини ошириш институтига раҳбарлик қилган. Баҳодир транспорт институтини битириб, темирйўл деполарида ишлаб, Фарғона партия қўмитасида бўлим мудири, кейин Олтиариқ тумани партия қўмитасининг 2-котиби лавозимида хизмат қилган, «Облавтодор» деган идорада вилоят бўйича раҳбар бўлиб ишлаган. Алихон эса Тошкент Политехника институти қурилиш факультетини битириб, кўплаб қурилишларда ишлаб келган ва Фарғона вилоятининг Охунбобоев туманида ижроия қўмита раиси муовини бўлиб ишлаган. Синглим Зулфияхон Қўқон шаҳрида мактаб директори бўлиб ишлаган.
Фарзандларимизга келсак: ўзимда уч нафар, Валихонда тўрт, Мелиқўзида беш, Зулфияхонда уч, Алихонда тўрт фарзанд вояга етган. Келиб чиқишимиз ҳақида гапирадиган бўлсам, Қашғар ўша замонларда Қўқон хонлигига қарашли бўлган. Албатта, бу табиий, ўша замонларда Қўқон хони вакиллари доимий яшаш учун Қашғарга юборилган. Улар орасида бувамнинг оталари ҳам бўлган. У киши бадавлат инсон бўлиб, савдо билан шуғулланган. Ўзининг қўриқлаш аскарлари билан хусусий туя карвони бўлган. Туя карвони Қашғардан Қорасув (Андижон)га, Қорасувдан Қўқонга, кейин Душанбега қатнар экан. Карвонга юкланган моллар нафақат уники, балки бошқа савдогарларга ҳам тегишли бўлган. Савдогарлар кўрсатилган хизматлар учун катта бобомга ҳақ тўлашаркан. Қашғардан Душанбегача қатнов олти-саккиз ойдан ошиб кетар экан. Шунинг учун борадиган ҳар бир шаҳарларда бувамнинг оталарининг оилалари бўлган. Менинг бувам оиладаги олти фарзанднинг учинчиси бўлишган (Қўқон шаҳрида). Қашғарда Охун деган исм ниҳоятда донгдор бўлган (айниқса, уйғурлар орасида). Шунинг учун бувамнинг отини Охун деб қўйишган экан. Бу исм «хўжайин» деган маънони билдиради. Баъзан уйғурлар ва хитой мусулмонлари имомларини шу исм билан аташган. Бувамнинг отаси – катта бобом Қўқонда дўкон қурганлар ва оила аъзолари Қашғардан келтириладиган газмолларни сотиб кун кечиришаркан. Ўша замонларда Қўқон савдогарлари кўп ҳолларда ўзлари турган уйларининг бир хонасини кўча томонидан ойна ёки эшик очиб савдо қилишга ажратишарди. Шаҳарнинг марказида алоҳида жойлашган савдо дўконида Хитойдан олиб келинган газмоллар билан савдо-сотиқ қилиш орқасидан оиламиз фаровон ҳаёт кечирарди. Бундан ташқари, оиламизнинг тоғ этагида жойлашган дала ҳовлиси ҳам бўлган. Тоғ яйловларида қўй сурувларимиз боқиларди.
Охунжон бувам олти нафар фарзанд кўриб, уларнинг орасида отамнинг исмларини Козим деб қўйишади. Дадамга Қўқондаги дўкон мерос бўлиб қолган. Хотирамда, дадам қулоқларига қалам қистириб, газлама-читлар билан савдо қилардилар. Чоршанба ва пайшанба кунлари аравага моллардан ортиб, Данғаранинг катта бозорига олиб бориб савдо қилардилар. У ерда ҳам мўъжазгина дўконимиз бўлган. Кейинчалик ҳукумат савдогарларни сиқувга олади. Кўз олдимда дўконимиз мусодара қилиниб, уйимизни тинтув қилишиб, бор нарсамизни олиб чиқиб кетишган (уйимизни ҳам олиб қўйишган). Бу орада дала ҳовлимиз ҳам мусодара бўлиб, ҳукумат ҳисобига ўтиб кетди. Кўп савдогарлар қамалди, дадам эса бу касбини ташлашга мажбур бўлдилар…
Қолган-қутган нарсаларимизни аравага солиб, Қўқондан Марғилонга йўл олганмиз. Дадам ўша пайтларда Марғилондаги темирйўл станциясида ишлаб турган бир бухоро жуҳудига шу ёшларида шогирд тушиб, сартарошликни ўргангандилар. Шундай қилиб отам узоқ йил сартарошхонада, онам колхозда ишладилар. У пайтлар ҳали бизда электр токи йўқ эди. Ҳар бир хонадонда бўлганидек, уйимизда ҳам сандал бўлган. Ҳовлимиз ҳам мўъжазгина, олди айвон, кираверишнинг чап ва ўнг томонида биттадан уй бўлган. Оёқ тагига кигиз тўшалган… Ана шундай шароитда оддий ўзбек оилалари қатори яшаганмиз. Оғилхонамизда ҳар доим икки қўй ва бир новвос боқилган. Ҳар тонг ўт ўриш учун далага чиқиб, сўнгра мактабга кетардик. Қишга яқин қўйларимиз сўйиларди. Уйда ҳар биримизнинг ўз вазифамиз, қиладиган ишимиз бўлган. Отам одатда, ҳар кун ишга кетишларидан аввал барчамизга муайян вазифа юклардилар.
Масалан, бир кун чилим тозалаш менинг чекимга тушарди (кунига икки марта чилим чекардилар). Биримиз мол тагини тозаласак, бошқамиз ерни чопиб қўярдик. Иш қолмаган куни укам Валихонга ғиштларни у томонга олиб қўйишини, бошқа куни ўша ғиштларни аввалги жойига ташиб қўйишини буюрардилар. У қанчалик хафа бўлса ҳам, иложсиз бу ишни бажарарди. Валихон бизга қараганда анча шўх бола бўлгани учун дадам уни бўш қолдирмасдилар. Кечқурун келиб, албатта, бажарган ишларимизни текширишни канда қилмасдилар. Умрларининг охирида дадам оғриб, тўшакка михланиб қолдилар. Кейин бизга: «Сизларни анча қийнаб қўйганман» – дедилар. Кейин билсак, бизни бекор қолмасин деган эканлар. Шунинг учун ҳам биз фарзандлар меҳнатсевар, масъулиятли бўлиб улғайдик, умуман олганда, ёмон одам бўлмадик, деб ўйлайман.
Нон ёпиш аямнинг зиммасида эди. Уйда доим соғин сигир бўлган, онам ҳар куни тонгда иссиқ нон ёпиб, ширчой тайёрлардилар. Ҳар кунги нонуштамиз ана шундай ёқимли бўларди. Тушликда овқат эмас, нон-чой, туршак ейиларди. Кечқурун катта қозонда таом тайёрланарди. Бизда бир одат бўлган: кечки таом сузилган вақтда ҳамма дастурхон атрофига йиғилиши шарт эди. Мен таом танламасдим. Нима бўлса ҳам еяверганман, ҳозир ҳам шу. Баъзан чевараларим «уни емайман, буни емайман», деб харҳаша қилса, уларга овқат танламаслик кераклигини уқтираман.
1933 йиллари очарчилик бўлган. У маҳал очарчилик нима эканига ақлимиз етмаган. Темирйўл дўконида нон сотиларди. Уйимиз темирйўлга яқин бўлса-да, зўрға ўша ердан нон олардик. Овқат ўрнига маккажўхори унидан ёпилган зоғора нон, энг паст навли ундан тайёрланган, кепак аралаштирилган нон ҳам ердик. Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир куни дадам менга уйга олиб кетиш учун нон олиб бердилар. Йўлда кетаётиб узоқдан ит ортимдан югуриб келаётганига кўзим тушди. Қўрққанимдан нонни ташлаб юборган эканманми, ҳалиги ит ўша нонга ташланиб, олиб қочди. Демак, ўша пайтда ҳатто итлар ҳам оч бўлган. Қишлоқ жойларидаги маҳаллаларда унча-мунча егулик бўларди. Халқмиз ажойибда, ўшанда ўзбеклар рус болаларига ул-бул улашиб ёрдам берарди.
Мактаб йилларим Марғилоннинг Горчаково станциясидаги Сталин номли 1-ўрта мактабда ўтган. 1933 йили боғчага борганимда мени ҳисобга олишди ва янаги йили мактабга борасан дейишди. Мактабга боришга қўрқардик, сабаби эмлайди деб ўйлардик. 1934 йили мактабнинг 1-синфига қабул қилишди. 3-синфда синфбоши бўлдим. Шу-шу мактабни битиргунга қадар синфбоши бўлганман. Синфимизда 20–25 нафар атрофида йигит-қиз ўқиган. Кўплари вафот этиб кетишди. Имконият борича ҳар йили Марғилонга бориб, уларни тўплайман, чойхонада ош қилиб еймиз, сувнинг бўйида дам олиб келамиз.
Устозларимиз ҳақида тўхталадиган бўлсам, ўқитувчиларни биз фаришта билан қиёслардик. Ўқитувчиларнинг айтган гапи биз учун қонун эди. Уларнинг фикр-мулоҳазаси ҳеч қачон шубҳага, гумонга олинмасди. Дўқ-пўписа қилишмасди, қўрқмасдик, фақатгина ҳурмат қилардик. Уларнинг уст-боши, кийинишларига ҳавас қилардик. Ёш ўқитувчиларимиз ҳам кўп эди. Билсангиз, илгари «ланка» ўйини роса урф бўлган. Мен ҳам ланкани яхши ўйнардим. Эндигина институтни битириб келган Юсуфий исмли ёш ўқитувчимиз билан катта танаффусда ланка ўйнардик. Ўша ўқитувчимиз: «Воҳид, юр, ланка ташлайлик»,- дерди. Юсуфийнинг ҳурмати яхши эди, математикадан дарс берарди. Лекин жуда шўх бўлган. Дадабоев деган ўқитувчимиз адабиётдан дарс берарди. Ташқи кўриниши ҳам, кийимлари ҳам жуда башанг бўлган. Мирзаев деган туркистонлик ўқитувчимиз ҳам бўлган. Фарғоналик Абдураҳимов ва Абдураҳмонов домлалар бўларди. 1937–38 йиллар қийинчилик йиллари бўлиб, дарс ва тарбияга жуда қаттиқ турилган. Катта танаффусда мактабда чой дамланарди, 200 граммдан нон бериларди ва ҳамма уйидан қанд-қурсми, ўрикми олиб келиб ерди.
Бир куни дарсдан қайтаётсам рус тили ўқитувчимиз девор суваб турганини кўрдим. Ғалати бўлиб кетдим. Ўқитувчиларимизнинг ҳурмати шу даражада юқори бўлганки, ҳатто ҳозир буни тассавур қилиш қийин. Ўқитувчилар ҳам шундай ишлар қилар экан-да, деб ўйлаганман. Кейин ўйлаб қарасам, ўқитувчиларимиз қийинчиликдан бу ишларни бажаришга мажбур бўлишган экан рўзғор тебратиш учун. Мактабда немис тилидан яхши ўқиганман. Рус тили алоҳида ўтиларди, география, астрономия, умуман, ҳозирги фанларнинг деярли барчаси ўқитилган. Лекин битта жиҳатга ҳозир ҳам қойил қоламан: ўша маҳалда физика лабораториясида шундай асбоблар бор эди-ки, шулар ҳозирги қишлоқ мактабларининг кўпида топилмаса керак. Электр машиналар айлантирилса ток чиқарди. Ўқишдан кейин мактабда қолиб, ўқитувчиларимиз бошчилигида қизиқарли тажрибаларни ўтказардик.
1937-йилларда мактабларда Арча байрамини нишонлаш урф бўла бошлади. Эсимда бор, биринчи маротаба қаердандир арча кесиб келиб мактаб залига ўрнатишди. У вақтда ўйинчоқлар йўқ эди, фақат кичкина ўйинчоқ Қорбобо бўларди. Арча ўйинчоқ Қорбобо ширинлик ва пахта билан безатилган. Тепасида «Улуғ Октябрь революциясининг 20 йиллиги» деган ёзув. Чилдирмалар чалиниб, ўйин авжига чиққанда болалар секин-аста арчага яқинлашиб бирданига ўзларини арчадаги ширинликларга ташлашган. Шеърлар ўқиларди. Ўзбек мактабларида Арча байрамлари, асосан, рус мактабларидан кўриб қилинарди. Фарғонада рус мактаблари кўп эди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланганида 55-мактаб директори мактабимизга келиб, директоримизга: «Болаларга ўзбек тилини оз-моз ўргата оладиган, яхши ўқийдиган ўқувчи керак», – деган. Шунда директоримиз мени тавсия қилган экан. Гарчи мактабнинг 6–7-синфида ўқисам-да, мен ҳам рус мактабида дарс берганман.
Ёшликдаги энг яхши таассуротларим, албатта, болалик, мактаб йиллари билан боғлиқ. Ўқиш мобайнидаги тўгараклар, кечқурунлари болалар билан майдонда йиғилишларимиз, алламаҳалгача суҳбатлашиб ўтиришларимиз, ота-оналаримиз билан боғлиқ ширин-ширин хотираларнинг барчаси эсдалик бўлиб қолди. Уйимизга қариндошларимиз тез-тез келиб туришарди. Кечаси чироқ ёқиб, китобхонлик кечаларини ўтказардик. Дадам чойхонага чиқишни унча хуш кўрмаганлар. У ерда ғалва кўп деб, ёнимизда қолардилар.
Тошкент вилоятининг, ҳозирги Бўстонлиқ туманида пионер лагери бўларди. Шу оромгоҳ билан боғлиқ қизиқ бир воқеа содир бўлган. Аъло баҳога ўқиганим учун лагерда дам олишга йўлланма беришди. Исм-шарифим Козимов Воҳид эмасми, бошқа мактабда ҳам Козимов бор экан. Исми Солижон эди. Йўлланмани бизга адаштириб беришган. Мен у бориши керак бўлган, у эса мен боришим керак бўлган жойга юборилгандик…
Улғайгандан кейин ҳам бу воқеани эслашиб кулишиб юрдик. Худди шунга ўхшаш воқеа уйланишимизда ҳам юз берди. Тўйимиз ҳам бир кунда бўлган. Таклифномамни олиб унинг тўйига, унинг таклифномасини олиб менинг тўйимга келган меҳмон ҳам кўп бўлган. Ҳали ҳам эслаб кулишиб юрамиз…