1944 йили 10-синфни битирдим. Мени ҳарбий ҳисобга олишди. Ўша пайтларда математика фанидан яхши ўқиган ўқувчиларни ҳарбий ҳисобга олишарди. Новосибирскдаги ҳарбий инженерлар институтига чақиришлари мумкинлигини айтишди. Июль ойида Тошкентга бордик. У ерда бизга уруш якунига етиб бораётгани учун Новосибирскдаги ҳарбий инженерлар институти – Гражданлар транспорти институтига айлантирилганини айтишди. Шундан сўнг, Тошкент ёки Ленинград институтига ўқишга киришни таклиф қилишди.
Тўрт киши эдик, ҳаммамиз мактабни аъло баҳога тамомлаганимиз учун имтиҳонсиз бизни Тошкент транспорт институтига юборишди. У ерга борганда, бизни самимий кутиб олишди. Ҳаммамиз ўзбек мактабини битиргандик, лекин рус гуруҳига ўқишга кирдик. Ҳар ҳолда унча-мунча русчани билардик. Аввалига бироз қийналдик. У ерда рус тилида тўгараклар бўларди. Ўша ерга қатнаб, бир йил деганда рус тилидаги дарсликларни тўлиқ тушуна бошладик.
Юқорида айтиб ўтганимдек, мактабни аъло баҳога битиргандим. Аввалига бизни Авиация институтига қабул қилишмоқчи бўлишди. Кейин биз ён-атрофдаги таниш-билишлардан, қариндошлардан сўраб-суриштириб, Тошкентда бўлгани учун Транспорт институтини танладик. Ҳатто бир куни биздан: «Қаерга ўқишга кирдиларинг», – деб сўрашганида: «Транспорт институтига», – десак: «О-о-о, булар кондуктор бўлишади», – деб атрофдагилар гўёки космонавтлар ҳақида гап кетаётгандай, бизга қойил қолиб, бош силкитиб қўйишганди ўшанда. Демак, шу кезларда одамларда ана шундай тушунчалар бўлган экан-да…
Транспорт институти ўқитувчилари орасида Москва, Харковь, Ленинграддан келган устозлар ҳам бор эди. Биз имтиҳонларга улар ёзган китобларни ўқиб тайёрланардик. Мисол учун, шулардан бири академик Артемьев эди. Унинг муаллифлигида «Станции и Станционные узлы» деган китоб бўлган. Биз шу кишининг дарсларига қатнаб, китобларини ўрганиб, имтиҳон топширганмиз. Кейинчалик ўқитувчиларнинг айримлари ўзларининг ўрнига шогирдлар тайёрлаб, ўз юртларига қайтишган. Баъзилари умрбод Тошкентда қолиб кетишди.
Қариндошларимиз орасида биронта ҳам темирйўлда ишлаганлар бўлмаган. Лекин уйимиз темирйўл яқинида бўлгани учун кўп ишларимиз у билан боғлиқ эди. Ёшлигимда темирйўлда ишлайман деган қизиқиш бўлмаган. Мен адабиётга қизиқардим, бироқ фалакнинг гардиши билан шу йўлни танладим. Уруш тугаган йили, биринчи курсни тамомладим. Таътил вақтлари уйга ёки Москвага бориш учун бепул чипта бериларди.
Ўқишда кийим-бош ҳам бериларди, аммо унчалик сифатли эмасди. Биринчи курсда ўқиган кезларимда ўқишдан берилган формани киймаганман. Институтни битирар чоғимизда елкасида иккита юлдузчаси бор инженер-лейтенант ҳарбий унвони билан форма берилди. Институтда 5 йил ўқидим. Ўқиш жараёнида амалиётлар бўлди, турли паровозларда машинист ёрдамчиси бўлдим. Амалиётни Андижонда ўтаганман, Қўқонда навбатчи маневрли диспетчер бўлиб ишладим. Бир йили ёзда бизни икки ойлик ҳарбий йиғинга Туркманистонга олиб боришди. Аскарлардан қолган эски кийимни бериб, роса ҳарбий машқлар ўргатишган.
Институтни битирар чоғимизда «Ҳарбий темирйўл алоқаси» деган фандан имтиҳон топшириб, барчамиз инженер-лейтенант унвонини олдик ва ҳарбий классификация бўйича темирйўл қисм коменданти лавозимига эга бўлдик.
Ўша пайтларда Ўрта Осиё тамир йўллари Тошкент темирйўллари деб аталган. Унга Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон темирйўллари, шунингдек, Қозоғистон темир йўлларининг ҳам бир қисми кирган. Чингелди станцияси ва Чимкентдан кейинги станция ҳам Тошкентга қарар эди. 1961 йилда бу тизим Ўрта Осиё темирйўллари деб ном олди.
Умуман олганда, темирйўл тарихини биз институтда ўтган эдик. Темирйўл биз томонларга Красноводск йўналишида бошланиб, Бухоро ва кейин Самарқандга XIX аср давомида етиб келган. Бу биринчи йўналиш эди. 1905 йилда иккинчи йўналиш ташкил этилиб, Оренбургдан Тошкентга ва кейинчалик Ховосгача (Урсатьевск) келган. 1914 йилда темирйўлчилар Наманган, Қўқон ва Андижонгача қурилишни битиришган (Тошкент шаҳрида трамвай пайдо бўлиши ҳам Ўрта Осиёга темирйўл келиши билан боғлиқ). Бизда темирйўл қурилиши тўғрисида шуни таъкидлаш керакки, ўша маҳалда иншоотлар анча сифатли қурилган. Масалан, темирйўл кўприги қуриладиган бўлса, албатта қонун-қоидаларига асосланиб, атрофидаги инфратузилмалари билан бирга бунёд этилган. Темирйўл станцияси бўлса, албатта, темирйўлчиларнинг яшаш шароити ва фаолиятини таъмирловчи иншоотлар билан қурилган.
Институтда ўқиш-ўқитиш шу даражада олиб борилганки, биз инженерлар, ҳаттоки одамлар турган хонадоннинг печкасини қуришгача ўргангандик. Ўқиш жараёнида цемент қоришмаси, лой ва ғишт берилиб, ҳар бир талаба печкани ғишт билан териб чиқиши керак эди. Эртаси куни эса печка қуриганида ҳаво тортиш кучи текшириларди. Олов ёқилганда печканинг тутуни хонага ўтса, печка бузиларди ва талабадан қайта қуриш талаб қилинарди. Бусиз зачёт қўйилмасди. Ҳам темирйўл қурилишида, ҳам темирйўл эксплуатациясида, ҳам темирйўл лойиҳасини тузишида кенг кўламли мутахассис сифатида ўқитилишимизни ҳисобга олиб, бизнинг талабаларга бошқа институтларга қараганда стипендия 100 рублга кўпроқ бериларди. Ўқиш жараёни нафақат пухта, балки қаттиқ интизом билан кечарди. Имтиҳон, зачёт-синовларни топшира олмаган талабалар институтдан четлаштирилган. Институт ётоқхонаси эшиги кеч соат ўндан кейин ёпиларди. Тартибни бузганлардан эртаси куни тушунтириш хати олинарди. Аммо ўқиш оғир бўлган. Электропайванд ва газпайванд бўйича ҳам амалий иш бўларди.
Ўқиш жараёнида пайванд қилинган конструкцияларни синовдан ўтказишарди, чидамлилигини синаб кўриш учун. Агарда пайванд қилинган жой лойиҳа чидамлигини кўрсатмаса, зачёт қўйилмасди. Институтда назарий билим қанчалар чуқур берилса, амалиёт сифати ҳам ундан қолишмасди.
Бизгача (1937 йилда) шу институтни тамомлаганлар орасида бўлғуси давлат арбоблари етишиб чиққан. Азиз Мавлонович Қодиров, Ёдгора Содиқовна Насриддинова кабилар шулар жумласидан.
Ўқиб юрган пайтларимизда институтда ўзбеклар учун алоҳида гуруҳ очилган. Мазкур гуруҳга қизлар ҳам қабул қилинарди. Курсдошларим орасида татар қиз ҳам бўларди. Ҳар йили пахтага чиқардик, темирйўл вагонида бизни далага олиб чиқишар ва бир ярим-икки ой пахта терардик. Қишларда ҳам ғўзадаги қорларни қоқиб пахта терганмиз. Бу ҳамма учун умумий мақсад эди. Сергели томонда институтнинг ёрдамчи хўжалиги бўларди. Иккинчи курсда ўқиганимда бизни ҳам темирйўли вагонида олиб бориб, тупик деган жойда вагонни қолдиришарди. Биз дала шийпонигача пиёда юриб, кечқурун тағин қайтиб келиб, вагонда ухлардик. Бир куни иш кўпайиб, кечаси соат учгача ишлаганмиз. Дала шийпонида қолишга руҳсат бўлган, полига хашак солинган жойда ҳаммамиз ётиб қолдик. Исингандай бўлдик. Бир маҳал қарасак, жойимиз ҳўл бўлиб қолибди. Хашакнинг таги қор, яъни қор устига хашак солинган экан. Беш-
олти киши шамоллаб касал бўлиб қолдик.
Бизни тезда ҳалиги вагонга олиб келишди, докторлар даволашди. Икки-уч кун юролмай қолганмиз. Шунақа ишлар ҳам бўлган.
Ёрдамчи хўжаликда картошка кавлардик, кузда карам теришга чиқардик. Талабалар шароити ёмон эмасди. 450–500 рубл атрофида стипендия олардик. Унчалик катта пул эмасди-ю, лекин давлатдан бериладиган нарсаларнинг барчаси арзон эди. Масалан, 500 грамм нон 1,5 рубль турарди. Бозорга борсангиз ўша нон 50 рубль эди. 1 кило гўшт бозорда 500 рубль, 1литр ёғ 500 рубль бўлган.
Институтга киргунга қадар комсомол ишида кўп қатнашган бўлсам-да, талабалик давримда комсомолда ортиқча жонбозлик кўрсатмаганман. Лекин мажлислар бўлиб турар эди. Ўқишда яхши ўқимаганларни комсомол ташкилоти танқид қилиб, назорат қилиб турар эди. Кейинги маҳалларда комсомолнинг шижоати анча сусайиб қолганди (авваллари Марғилонда комсомолнинг аҳамияти катта эди). Эсимда, колхоз раисини ишдан олишган. Комсомол ташкилоти қарор чиқарган. Уруш бошланганда комсомол аъзолари уч-тўрт ой ойликсиз эвакуацияга келган одамлар билан шуғулланганмиз. Институтни битирганимдан сўнг мени катта бир станциянинг комсомол
қўмитасига котиб қилиб сайлашган. Институтда ҳарбий темир йўли алоқалари, темирйўл эксплуатацияси бўйича давлат имтиҳонларини топширганман. Диплом лойиҳам «Темирйўл ҳаракатлари бошқаруви» бўлган. Маъноси шу эдики, қаерда қандай, қанча вагон келади ва мавжуд юк ҳажми билан таққосланади. Ҳар бир юкнинг ўз тарози ва ҳажми бўлади. Шу юкларни ГОСТ бўйича вагонга юклаш керак. Қабул қилинадиган юк белгиланган ҳажм даражасидан ошмаслиги, шунингдек, юк ташиш бўйича вагонннинг руҳсат берилган нормасидан ошмаслиги керак. Шундай қилиб, ҳар бир вагон бошқа вагонга уланиб, поезд шаклланади. Юклар учун мўлжалланган вагонда юкларнинг тури, хавфсизлиги, мосланувчанлиги ва бошқалар ҳисобга олинади. Шундай қилиб, темирйул составини юбориш керак бўлган. Бунинг учун ўн мингдан ортиқ ҳисоблашлар амалга оширилар ва уларни махсус жадвалга киритиш керак эди. Шунинг эвазига оптимал даражада бутун темирйўл составларининг йўналишларин графиги тайёр бўлади. Биз ойлаб қилган ишни бугунги кунда компьютерда беш дақиқада битирса бўлади. У пайтлари камида бир ой фақат ҳисоб қилинарди. Техниканинг ривожланганини қаранг. Илгари вагонлар бир-бирига қўл билан уланарди. Бугунга келиб, автотутқичлар орқали уланмоқда.
…Талабалик даврим анча қийинчилик билан ўтган. Талабалар ётоқхонасида дўстим Абдумажид Маҳмудов билан бирга турардим, кейинчалик бу ўртоғим Министрлар Советида транспорт ва алоқа бўлим мудири бўлиб хизмат қилган. У билан бирга майда-чуйда харид қилиб, овқат қилардик. Унинг отаси этикдўз эди. Биз ҳам анча қийналиб этикдўзлик билан шуғулланганмиз. Дўстим этикдўзлик учун керакли асбобларни уйидан олиб келди. Иккаламиз бозорга бориб, оёқ кийим учун мўлжалланган чарм ва бошқа керакли нарсаларни олиб келардик. Кечқурунлари дарсдан бўшаб бу иш билан шуғулланардик. Дўстим унча-мунча тушунгани учун ҳалиги чармни қолипга тортиб тикар, мен эса унга ёрдам берардим. Бозордан бориб, яхши-яхши чарм тагликларни олиб келиб, этик тагига елимлардик. Қарабсизки, хушбичим этик ҳам тайёр. Кейин тайёр бўлган этикни олиб, яна бозорга борардик. Уч мингдан сотардик бу этикларни. Битта этик бир ҳафтада тайёр бўларди. Минг сўмга керакли буюмларни захиралаб қўярдик. Қолган пулга овқат, майда-чуйда олардик. Кинога ва танцага ҳам борардик.
Оладиган стипендияю, уйдан олиб келган нарсаларимиз ўғил бола бўлганимиз учунми, етмасди. Ҳамма нарсани ота-оналаримизга ташлаб қўймасдик. Шусиз ҳам уларнинг шароити яхши эмасди. Барибир имкон борича улар ҳам ёрдам беришарди. Катта фарзанд бўлганим учун уларга оғирлигим тушишини ҳоҳламасдим. Бошқа ишлар ҳам қилардик. Баъзан эрталаб 5–6 киши бўлиб вагондан картошка туширардик, иш ҳақига картошка беришарди.
Ҳеч эсимдан чиқмайди, «Фарғона қизи» деган фильмнинг суратга олинишида ётоқхона йигитлари билан бирга бир ҳафтача қатнашганман. Ҳар кеча борардик. Бизга тўнлар кийдиришган, мўйловлар ёпиштиришган… Тасвирга олиш жараёни тунги соат учгача давом этарди. Унда бош ролни Юлдуз Ризаева ўйнаган. Ўқишни битираётган маҳалимизда мени хурсанд қиладиган яна бир нарса шуки, институтимиз бизга башанг уст-бош бериб, катта зиёфат ҳам уюштирган эди. Ўша зиёфат учун бизга бал рақсини ўргатишарди. Ўқитувчилар, йигитлар, қизлар… хуллас, институтни битирибоқ бизга тантанавор равишда дипломлар топширилди ва кечқурун битирув бали уюштирилди.
Нафақалигимда 3–4 йил архитектура институтида Давлат имтиҳон комиссиясига раҳбарлик қилдим. Бу комиссия олий ўқув юртлари битирувчиларининг диплом ишлари ҳимоясини қабул қилиб оларди. Баъзи битирувчилар тайёр дипломини ҳам олишмайди. Ректоратдан махсус одам келиб, дипломингни олиб кет, деб уларнинг кетидан юради. Афсуски, бундай ҳолатлар тез-тез учраб турарди. Бизнинг вақтимизда институтни битириб, ўз иш жойимизга йўлланма орқали борганимизда, муҳандислик унвонимиздан шунақанги ғурурланардикки, бирор бир қоғозга имзо қўйишдан олдин «Фалончи муҳандис» деб ёзар эдик. Ҳозир эса бунақалар йўқ. Бу нарса 1917 йилдаги инқилобдан олдин ҳам бўлган: «муҳандис Иванов», «муҳандис Петров» деб имзо қўйишган. У пайтлари муҳандис мавқеи юқори эди.