Институтни тамомлаганимдан сўнг, талабаларнинг тақсимоти бошланди. Баъзилар Олмаотага, баъзилар Душанбега, яна бирлари Ашхободга кетди. Мени «Горчаково» станциясига юборишларини илтимос қилдим. Бизда институтни битиргач, стажировкага юборишарди. Ишни аста-секинлик билан пастдан юқорига қараб бошладим. Айтганимдай, мени ўша станцияга юборишди. У ерга борсам, станция раҳбари инженер-лейтенант экан, мен ҳам инженер-лейтенант. Шундай қилиб ишни бошлаб юбордим. Иш вақти 12 соатни ташкил этарди. Эрталабки 9:00 дан кечқурунги 21:00 гача эди.
Бир кун кундузги сменада, бир кун кечки сменада ишланарди, икки кун дам. Ишнинг дастлабки кунлари жуда оғир ўтди. Бу ерда жавобгарлик бор. Мен биринчи марта поездни қабул қилганимда жуда ҳаяжонланганман. Қиш кунлари эди. Темирйўлда шундайки, ҳатто телефондаги гаплар ҳам инструкциядан ташқари бўлиши мумкин эмасди. Ортиқча гап гапирилмайди. Масалан, бошқа станциядан поездни қабул қилиш учун жезл олишингиз керак (жезл конусга ўхшаш: айланаси
3 см, узунлиги эса 30 см). Файзобод станциясидан бизга поезд келиши керак. Файзободнинг станция бўйича навбатчиси мендан телефонда: «Составни жўнатсам бўладими?» – деб сўрайди, мен тайёр бўлсам, розилик бериб махсус аппаратнинг дастасини айлантираман. Шунда Файзобод станциясида жезл турган жойида бўшатилади ва шу жезлни олишга имконият бўлади. Ҳар бир перегонда, масалан, Файзобод билан Марғилоннинг ўртасида бир жезл бор. Жезл келаётган поезд билан келади. Мен бу жезлни олиб, станциямиздаги аппаратга тиқиб қўяман. Бу демак, перегон бўш бўлди дегани. Бундан ташқари, ҳар бир станцияда «стрелочный переводлар» бўлади. Йўл станцияга келганда темирйўл 5 ва 8 та йўлларга бўлиниб кетади. Шунда ҳар бир стрелканинг ўз позицияси бўлади, калити билан. Стрелкани ўзгартириш учун калитни диспетчерскийдан олиб келаётган поезднинг бошқа поездлар билан тўқнашиб кетмаслиги учун стрелка бўш йўлга тўғриланади. Шунда ҳар бир стрелка назоратда бўлади. Чунки йўл ҳаракати хавфсизлиги шунга боғлиқ. Агарда калитлар турган қутида калит бир-бирига нисбатан тўғри жойни эгалламаса, семафор ранги қизил бўлиб ёнади. Акс ҳолда тўқнашув бўлиши мумкин.
Ҳаётимда биринчи маротаба поезд составини қабул қилаётган эдим. Шу маҳал қор ёғиб, темирйўл кўринмайдиган даражада тус олди. Узоқдан Темир йўл стрелкаси ҳам кўринмай қолди. Келаётган состав худди станцияда турган состав томонига кетяпти. Мен ҳаяжонланиб ҳалиги жойда бақириб юбордим. Охирги дақиқаларда темирйўл стрелкаси бўш йўл томонига бурилиб кетди. Аслида ҳамма нарса тўғри қилинган, ёққан қор менга ҳақиқий кўринишни ўзгартирганди. Бу воқеани ҳеч эсимдан чиқармайман. Шундан кейин ўрганиб кетдим. Шундай қилиб, мен олти ой ишладим. Эсимдан чиқмайди, кечалари ишлаш осон эмас, уйга борсам, дадамнинг раҳми келарди: «Бу, ўғлим, қанақа институтни битиргансиз ўзи?! Кечаси ҳам тинчлик йўқ, қоп-қора бўлиб келасиз». Уларга: «Менинг ишим шунақа», – деб жавоб қайтарардим.
Шундай ҳолатда ишлаб юрдик. Темирйўл аслида ҳавфли. Состав шундай қилинганки, тўхтаб турганида ундан «пиш…пиш…пиш…» деган овоз чиқиб туради. Бу насос ишлаб, магистрал трубасига босим билан ҳаво бериб тургани сабабдан юз берди. Поезднинг у бошидан бу бошигача магистралда ҳаво бўлса тормоз қиладиган колодкалар очилиб туради, бу эса поезд юришига имконият бўлади дегани. Агарда магистралдан ҳаво чиқиб кетса ҳамма колодкалар ишлаб кетади ва поезд ғилдираклари ўша заҳоти тўхтайди. Авария бўлса ҳаво чиқиб кетиб состав тўхтайди. Шунинг учун поездда ҳамма вақт насос тормоз тизимига босим билан ҳаво бериб туради. Бир куни цистернали состав келди. Назоратчи олдимга келиб, олтинчи цистернанинг букси (поезд ғилдираги билан вагон рамаси уланиб турган жойи) қизариб учқун бераётганини билдирди. Қоидаси бўйича шу цистернани составдан олиш керак. Бунинг учун манёврли паровозни ишга солиш керак. Станциядаги бундай паровозларининг ҳаммаси банд эди (улар бу вақтда вагонларни поезд составига теришарди). Мен бу муаммони ўзим ҳал қилишга қарор қилдим. Ўзим эпчиллик билан автотутқич (вагонларни ва локомотивни автоматик равишда улайдиган механизм)ни бўшатдим. Шошилинчда бўшалаётган цистернанинг бир томонидаги компрессор кранини беркитишни эсимдан чиқарибман. Паровоз келиб цистернани олиб кетаётган маҳалда бир нарса «па-ах…» этиб отилиб, магистралдан ҳаво чиқиб кетди. Ҳалиги «пах» деган овоз чиқарган, темирдан ясалган нарса бошимнинг ёнидан ўтиб кетди. Лекин ўша нарса бошимга тегса, ўша жойда ўлдириши мумкин эди. Магистралидан ҳаво чиқиб кетиб состав тўхтади. Ишчилардан биттаси югуриб келдида, «ёлки-палки, нима бўлди», – деб сўради. Шунда ярим соатга ҳаракат тўхтаб қолиб, перегон ёпилди. Ҳаммаёқ поезд, графиклар бор, поездлар орқама-орқа юради. Кейин бир темирйўлчи келиб: «Ие, домла, сиз шу жойини ўқимаган экансиз-да?!» – деди. Мен эса шошиб қолганимни айтиб, узр сўрадим. Бошқа энди нима ҳам дейман. Очиғи, ўшанда бироз довдираб қолгандим. Кейин цистернани манёврли паровоз олиб кетди, қолган цистерналарни улаш керак. Қолган цистерналар қайтиб, манёврли паровоз уларни олиб келди. Мен тағин эпчиллик қилиб ҳаво магистралини улайман деб, энгашиб турсам, тасодифан кўриб қолдимки, бошқа томондан ҳалиги уланишга келаётган цистернанинг автотутқичи бошимнинг рўпарасига келиб қолибди. Билмадим, қандай қилиб улгурдим, лекин шу заҳоти ўзимни ерга ташладим. Автотутқич автоматик равишда «шара-ах…» этиб уланди. Бир сония кеч қолсам ўша жойда менинг бошим иккала автотутқич орасида эзилиб кетарди. Ҳалиги жойдан чиқдим-да, нафасимни ростлаб, бўлганча бўлиб, ҳаво магистралини уладим. Сигнал бердим, магистралга ҳаво кела бошлади, майда-чуйдаларини тўғрилаб, составни жўнатиб юбордим. Икки ўлимдан қолгандим ўшанда…
Юқоридаги воқеа сабаб анча тушкунликка тушиб қолдим. Иш кўп, маош оз. Кунларнинг бирида қўлимга хат келтиришди. «Инженер Козимовга – Горчаково станциясига» дейилганди хатда. Мактубда аҳволим, ишларимда муаммо бор-йўқлиги, нималардан мамнун ёки норози эканлигим ҳақида хабардор этилиши сўралганди. Ҳайрон қолдим. Ким ёзган десангиз, Ўрта Осиё темир йўлидан округ бошлиғи экан. Шунчалик хурсанд бўлдимки, демак, мени назорат қилиб туришар экан-да! Бу хат менинг руҳимни кўтариб, ишга янада кўпроқ қизиқиш уйғотган эди.
Олти ойдан сўнг Серово станциясига
бошлиқ қилиб юборишди (ўшанда 1949 йили 22 ёшда эдим). Серово станциясининг олдинги бошлиғи Тетухин деган бир рус одам эди. Ишлаганларнинг ҳар бирини ҳовлисида 50–60 тадан товуқ ҳам бор экан. Чунки ҳар куни буғдой келиб турибди. Улар моддий томондан яхши ҳаёт кечирарди. Барча станция бошлиқларининг ўз уйи бор. Бошлиқнинг уйига кирсам, тепада қуритилган чўчқа гўшти, колбасалар. У вазифасини менга топшириш асносида икки ҳафтача мени квартирамда турган. 690 сўм ойлик оладиган станция бошлиғининг яшаш шароитига ҳайрон қолганман. Вақти келиб билдимки, улар бу ердан яхшигина фойдаланишар экан.
Бир кунда 20–30 та вагон келади. У маҳалларда буғдой Россиядан келтириларди. Мисол учун, битта вагонда 21–22 тонна буғдой бўлса, уни вагон нормаси бўйича 20 тонна деб ёзиларкан. Камдан-кам ҳолларда 20 тоннадан кам келади. Кейин ҳалиги буғдойни ҳар қайси колхоз машиналарида, араваларда олиб кетади. Ҳар бир ортиқ килограмм учун акт тузилиши керак. Булар нима қиларкан денг, акт тузмасдан қолган буғдойни нақд пулга сотаркан. Тайин схема асосида мўмайгина пул ишлашаркан. Буни билгач, уларни назорат қила бошладим ва бу ишларга чек қўйдим. Олдинги станция бошлиғи ҳатто билет ҳам сотган экан. Чунки Андижондан кундузи иккита, кечаси иккита келадиган поезд учун кассир йўқ эди. Мендан илгариги ишлаган станция бошлиғининг хотини шу иш билан шуғулланаркан.
Ўша ерда иккита юк туширувчи бор эди, бир куни улар менинг олдимга келиб: «Ўртоқ бошлиқ, биз ишдан кетмоқчимиз», – дедилар. Мен улардан нега кетмоқчиликларини сўрасам, иш оғирлашиб қолганини, илгариги бошлиқ уларга камида 2 тадан чипта бериб турганини айтишди. «Биз ўша билетларни сотардик, ҳозир сизга айтишга ҳам ноқулай» – дейишди. Майли, дедим-да, уларга 2 тадан билет бера бошладим. Тахминан 15 кундан кейин ҳалиги иккови яна келишди. «Ўртоқ бошлиқ, бу ҳам бўлмаяпти, билетларни одамлар унча олишмаяпти», – дейишди. «Нима қилишим керак», – десам: «Сиз Горчаководан поезд чиқиши билан кассани очиб, билет сотаяпсиз, йўловчиларнинг ҳаммаси билетни кассадан оляпти», –
дея норози бўлишди. Илгариги начальник нима қиларди десам, поезд келмагунича кассани очмасдан турарди. Поезд келганидан кейин кассанинг олдида одамлар йиғилиб тўполон бўлганида, кассани очарди, унгача булар билетларни сотиб бўлишиб, начальникка ҳам унча-мунча пул қолар экан. Кейин мен уларга: «Бунақаси кетмайди», – дедим. Вақт ўтиб мени Наманганга, станция бошлиғи қилиб, ишга юборишди.
Горчаково станцияси 3-класс станцияга, Наманган станцияси эса 2-класс станцияга кирарди. Наманганга ишга юборилишимнинг асосий сабаби, олдинги раҳбарни қайсидир сабаб билан қамаб қўйишган экан. У ерда
ётадиган жой йўқ, хонада ётиб бўлмайди, совуқ. Проводникларнинг залида 20 тача ётоқ бор. У ердаги аёлдан битта жой сўраганимда, кимлигимни сўради. Сизларга раҳбар бўлиб ишга келдим, десам: «Қанча вақтга келдинг?», – дея, ўзича ҳа, бу яна навбатдаги вақтинчалик раҳбар келди деб ўйлади.
Хонага кирсам, муҳр ҳам иш столи устида турган экан. Билдимки, у хонага бошқа ҳеч ким кирмаган. Мен билан бирга ўқиган йигит станция бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаётган эди. Ишни бошлашимдан олдин у менга ким қанақалиги ҳақида ахборот бериб, йўл-йўриқ кўрсатди. У ерда бир йил ишладим. Кейин мени Қўқон станциясига бош муҳандис қилиб ишга олишди. У ер катта станция ҳисобланар, узловой дейиларди.
Қўқонда ишлаб юрган кезларимда иккинчи, учинчи Қўқон йўли қурила бошланди. Рельслар, шпаллар, Россиядан келтириларди. У пайтларда поездлар кўмир ёқилиб юргизиларди. Кўмир, асосан, Украинадан, Қозоғистоннинг Қарағанда деган жойидан келтириларди. Бу кўмирларнинг бошқаларига нисбатан қуввати кўпроқ эди. Ўзимизнинг тош кўмир поезд учун ярамасди.
Фарғона водийси одамлари ўша пайтлар поездларнинг ўтишидан соатнинг вақтини билса бўларди, дейишарди. Ҳозир ҳам шундай. Ҳозир поездлар анча камайиб қолди. Илгари 15–16 та поезд Андижонга ўтарди. Шунча поезд яна ортга қайтарди.
Ҳа, бугун машиналар бор, самолётлар қатнови кўп. Лекин темирйўлнинг харажати ўзгармайди. Хоҳ битта ўтсин, хоҳ мингта ўтсин, бир хил тураверади. Чунки темирйўлнинг эксплуатацияси бор, кўплаб ишчиси бор. Шунинг учун темирйўлнинг юки қанча кўп бўлса, шунча яхши кўринишга эга бўлади (билмадим, улар бугунги кунга келиб буни қандай қилиб эплашяпти, аммо рельслар бўш туради).
Қўқондаги асосий ишим технологик жараён, техника хавфсизлиги эди. Қўқондаги станция 1-класс деб ҳисобланарди. Катта иш майдони. Иш кечаси ўн бир-ўн иккигача чўзиларди. Тошкент темирйўли Фарғона бўлимининг раҳбари ҳар вақтда қўнғироқ қилиб қолиши мумкин эди. Унинг ишхонаси чироғи кечаси бирларга бориб ўчарди. Сўнгра биз ҳам уйга кетардик. Кейин билсам, Сталин ҳаётлигида чироқ аввал Москвада, кейин Тошкентда, сўнг эса Қўқонда ўчар экан.
Интизом кучли бўлган. Бир нарсага қойил қолиш керакки, ўша пайтда Каганович СССР Темирйўллар Халқ Коммисари эди. Кечки сменада ишлайдиганларга 200 гр нон, 150–200 гр колбаса, пишлоқ берилган. Кечқурун иш бошланишидан аввал улар рўйхат билан тарқатиларди.
Иш жараёнида авария, бахтсиз ҳодисалар ҳам бўлиб турарди. Шундай воқеаларга гувоҳ бўлганманки, бир поезд билан иккинчи поезд қарама-қарши келиб тўқнашиб кетган. Тошкентда 1960 йилларда авария бўлган. Бунинг тарихи узун…
Файзобод станциясида бир поезд издан чиқиб, катта фалокат бўлган. Йўл эни 1 524 мм. Аслида 4 мм дан ортиқ ичкарига кирмаслиги, 6 мм дан ортиқ ташқарига чиқмаслиги керак. Бу вақтда катта куч билан келаётган поезд издан чиқиши ҳеч гап эмас. Бундай ҳодисалар камдан-кам содир бўлсада, оқибати жуда оғир бўларди.
Бир куни генерал чақирдида, мени Горчаково станциясига бошлиқ қилиб юборишини ва капитан-лейтенант унвони берилишини айтади. Албатта, ота-онам учун хурсанд бўлдим. Бу 1951 йилнинг июнь ойи эди, мен 24 ёшга кирган эдим. Бунгача станциялар бошлиғи лавозимларида ишлаганим учун ўз кучимга ишонч пайдо бўла бошлади. Энди ўзимни тажрибали бошлиқдай ҳис қила бошладим. Ёшликдан бироз узоқлашгандай бўлдим. Ўша пайтлар станция бошлиғи шундай ҳуқуққа эга эдики, ҳаттоки ўз ходимларини уч кунгача қамаши ҳам мумкин эди.
Станция қамоқхонаси ҳам бор эди. У ерда фақат сув ва нон бериларди. Дадамнинг тоблари бироз йўқроқ бўлса-да, ўғли станцияда бошлиқ бўлгани учун керилиб юрибди, дейишмаслиги учун станцияга ҳеч ҳам чиқмасдилар. Мен: «Дада, нега ҳеч кўринмайсиз?»,– деб сўрасам, менга шундай жавоб берган эдилар. Иш жараёнида станция ишига бирмунча янгиликлар киритдим. Илгари навбатчилар қайси вагон қаерга кетди, қайси поезд қаерда, ҳаммасини қоғозга ёзишарди. График йўқ эди. Мен қўл остимдагиларни график тузишга ўргатиб, уларни ўқитдим. Кейинчалик барча маълумотлар графикларда белгиланадиган бўлди.
Бу ерда уч йил ишладим. 1953 йили мени обкомга чақиришди. Сизни обкомга ишга оламиз, саноат транспорти бўлими бор, транспорт бўлимида поездлар масаласи бўйича ишлайсиз, кичик ҳажмли станцияларни бошқарасиз, дейишди. Мен, Тошкентда қайлиғим бор, у ерга кетишим керак, илтимос, мени обкомга ишга олманглар, дедим. У ердагиларнинг ҳаммаси ҳайрон бўлди. Сотиболди Тоштемиров деган дўстим бўларди. У Воҳиджонни чақираверинглар, обком бюросидаги 2-котибга йўқ демайди, дебди. Кейин мени бюрога чақиришди. Уларга ишлашни хоҳламаслигимни айтдим. Сотиболди дўстим шароитимни тушунтириб менга ёрдам берди.
Аввалроқ бир воқеа бўлганди (бу воқеани эсламаслигимнинг иложи йўқ). Наманганда ишлаб юрганимда вилоят мактабларини иситиш учун 50 та вагонда мазут келди. Юкни ўз вақтида тушириб олишмади. Бўшатилмаган вагонлар учун катта жарима ёздим. Шу сабабли мени обком бюросига чақиришди. Уставни олиб, обкомга бордим. У ерда мени «бюрократ» дея турли ҳақоратлар билан сўкишди. Уларга қўлимдаги ҳужжатларни кўрсатиб, тушунтирдим. Обком котиби Қодиров мажлисда: «Козимов бўшатилсин!» – деб буйруқ берди. «Чиқиб кетсам майлими ?» – дедим. Эшикнинг олдига боргач: «Мен партия аъзосиямман», – дедим. Кейин ўринбосарим мендан: «Бюрократ нима дегани?», – деб сўради. «Қоғозга ёпишиб қолган одамларни бюрократ дейишади», – дедим. Бошимдан шундай ишлар ҳам ўтган эди ўша пайтлар…
О. Отабоев Олтиариқ тумани партия қўмитаси котиби эди. Ҳозирги Фарғона вилояти ҳокими Алишер Отабоев (2003 йил, муҳ.) ўша одамнинг ўғли. Фахриддин Шамсуддинович Шамсутдинов шу кезлари туман ижроия қўмитасининг раиси эди. Уларнинг барчаси мени билишарди. Шунинг учун мени партияга қийинчиликсиз қабул қилишган. Мен бир йилча партия аъзолигига номзод, кейин эса ҳақиқий аъзо бўлиб, партия билетини олдим.
Носир Маҳмудов Боғдод тумани партия қўмитасининг биринчи котиби эди. Ўрмон Аҳмедов Боғдод туманида райижроқўм раиси эди, кейинчалик туман партия қўмитасининг биринчи котиби бўлдилар. Бутун водий у кишини танир эди ва «Ўрмон тоға» деб атарди. Мен уларнинг уйларида бир неча маротаба бўлган эдим. Ҳозирги Ўзбекистон Республикасининг Мудофа вазири Рустамжон Аҳмедов Ўрмон тоғанинг ўғиллари бўлади. Мен Рустамжонни илк бор кўрганимда 5–6 яшар бола эди. Серово станциясини ҳамма биларди. Сталин даврида кўпинча кечалари соат бир-иккиларда пахта йиғим-терими бўйича мажлислар тугаганидан сўнг мен станция ётоқхонасида овқат тайёрлардим. Шу дўстларим келиб бир-икки соат таъмадди қилиб, дам олиб, яна саҳарда туриб ишларига кетишарди. Бўйдоқлигим сабабли менинг уйим тинчрок эди-да.