ТЕМИРЙЎЛ – ДАВЛАТ ИЧИДАГИ ДАВЛАТ

Шундай қилиб, обкомга ишга ўтмай қолдим. Мени обкомга олишларини бизнинг раҳбарлар билишган экан. «Бу бизга зарур кадр, Тошкентга олиб кетишимиз керак, бўлмаса булар уни ўзларига олиб қўйишади деб, мени чақиртиришди. Менга: «Сизни Тошкентга, политотделга инструктор қилиб ишга оламиз, оилангиз ҳам бор экан», – дейишди. У пайтда, яъни 1952 йили уйланган эдим. Шундай қилиб мен Тошкентда ишлай бошладим.
Бу лавозимнинг масъулияти жуда катта эди. Ўрта Осиё темирйўлининг ўз прокурори, ўзининг суди, милицияси, политотдели бор эди. Мен у ерда 1956 йилгача ишладим.
Тошкент вокзалидаги «Военторг» магазинининг тепасидан 2 хонали квартира беришди. Ўша вақтлари Тошкентнинг энг чиройли қурилган уйларидан бири эди, уни москваликлар қуриб берганди. Ҳозир ҳам вокзал майдонида ўша уй бор. Бир куни политотделнинг раҳбари олдига бир иш билан келганимда, қарасам, бир аёл раҳбар кабинетида «кўчада қолдим», деб, сабабларни кўрсатиб йиғлаб ўтирибди. Менинг шу аёлга раҳмим келди: «Мана ордер, мана калит», – деб унга тутқаздим. Сабаби аёлим ҳали талаба, бизнинг фарзандимиз ҳам йўқ эди, қайнота-қайнонам билан яшардик. Бунинг устига мен ҳали у ерга, ҳали бу ерга сафарга кетардим. Шунинг учун ҳам шундай илтифот кўрсатгандим. Бошлиғимиз ҳайрон бўлиб қолди. Политотдел бошлиғи рус киши эди. Бир дақиқадан кейин ўзига келгач: «Мендан ўзинг учун квартира қайта сўрамайсан», – дея, калитни ҳалиги аёлга берди. Мен кейин бир-икки йил хотинимнинг ота-онаси уйида яшадим, орада қизим туғилди. Шундан сўнг Ўрта Осиё темирйўли раҳбари Азиз Мавлонович Қодировнинг олдига кирдим ва: «Калитни ўз ҳоҳишим билан бергандим» – десам, «Чатоқ қилгансиз», – деган жавобни олдим. Ўша кезда менинг қилган ишим темирйўл раҳбарлари орасида овоза бўлиб кетди. Менинг шу қилган ишим инобатга олиниб, кейин Невский кўчасида, темирйўлчиларга тегишли жойда, оиламиз учун 3 хонали уй қурилди. У ерга кўчиб ўтдик. Орада ўғлим Эркин туғилди. Ишхонадан менга муҳандис-майор унвони берилди. Юқоридагилардан темирйўл технологик жараёнлардан орқада қолган, политотдел эса ҳеч нарса қилмаяпти, деган хабар келди. 1956 йили политотделни тугатиб юборишди. Шундан сўнг мени «Тошкент товарний» станцияси бошлиғи этиб тайинлашди.

Оила йиғилганда. Тошкент, 1961 йил.

Бу катта станция эди: 1200 нафар ишчи, контейнер майдони ҳамда катта юк ҳовлиси бор эди. Кўмир, ўтин, цемент туширадиган машиналар… Бошқа товар станциялар Тошкентда сўнгра пайдо бўлди. Менга ишхонадан «Москвич» русумли машина берилган эди. Унда кечалари ишга бориб, у ерни назорат қилардим. У пайтлар қоида бўйича станция бошлиғи ишчиларни бир ҳафтада бир маротаба кечаси назорат қиларди. Бундан ташқари, ишга ярим соат олдин бориларди. Иш бошлашдан аввал бугунги қилинадиган ишлар юзасидан вазифалар бериларди. Мен ҳали ёшман, оз-моз тажрибам бўлгани билан барибир камчиликларим ҳам бўлиши турган гап. Бир аёл ишга доим кеч келарди. Унинг устидан бошқа ходимлар менга арз қилишди. Бир куни ўша аёлдан нега ишга кеч келаётганини сўрадим. Конституцияда 8 соатдан ортиқ ишлансин дейилмаган, мен қонунларга риоя қиламан, деди. Шу жойда ўзим тажрибасизлик қилдим. Бу аёлни ишдан бўшатинглар, ўзига мос бошқа иш топсин, дедим. Бироз вақт ўтгач билсам у мени суд­га берибди. Судга бордим. Судья нотўғри иш қилибсиз, бундай қилиб ишдан бўшатиш керак эмасди, бу жанжалкаш хотин, деди. Аёл ишига суд қарори билан қайта тикланди. Раҳбариятимиз мени у аёл билан бирга чақиртириб, бўлган ишлар учун менга ҳайфсан, аёлга бир оклад мукофот
беришди. Мен Азиз Мавлоновичдан бироз хафа бўлгандай бўлдим. У аёл чиқиб кетгач, Азиз Мавлонович менга: «Энди б
ёғига ўйлаб иш қилинг, ишларни бунақа йўл билан ҳал қилиб бўлмайди, ундан кўра буни юқорироқ лавозимга ўтказиб юборсангиз, шундагина қутуласиз. Сизга ҳайфсанни берганимнинг сабаби ҳам шу эди», – дедилар. Кейинчалик бу ҳайфсан олиб ташланди, бироқ ушбу воқеа мен учун катта сабоқ бўлди.
Станцияда ишлар жуда оғир кечди. Ботир Ғуломович Ҳалилов механика депосининг бошлиғи (кейинчалик Тошкент шаҳар партия қўмитаси секретари бўлиб ишлаган) эди. Мен эса станция бошлиғиман. Хизмат юзасидан бир-биримизга бўйсунмасдик. У паровозларни, мен эса поездларни назорат қиламан. Мен поездларни вақтида тайёрлаб қўйдим-у, бироқ паровозларни нега ўз вақтида юбормаяпсан, деб унга шикоят қилдим. У ҳам нима қилибди денг: бир куни поездни тайёрлашга улгуролмаган пайтимизни пойлаб, иккита паровозни назорат постига келтирган. Узоқдан кўриниши учун ичига олов ёқиб, тутунини ҳам чиқартиб қўйибди. Паровоз турибди, поезд эса кечикмоқда, деган маънода шу ҳазилни қилган экан. Кейинчалик анча вақтгача
дўстим билан бу воқеаларни эслашиб, кулишиб юрдик. У ерда уч йил ишлаган бўлсам-да, катта тажрибага эга бўлдим.
1954–55 йилларда армиядан катта демобилизация бўлди. Ўрта Осиё темирйўлида ўз ҳарбийлаштирилган қўриқлаш хизмати бор эди. Унинг вазифасига кўприклар, тоннеллар, состав ва махсус юкларни қўриқлаш кирар эди. Марказий Қўмитадан Козимовни Ўрта Осиё бўйича Ҳарбий Қўриқлаш хизмати раҳбарига сиёсий ўринбосар лавозимига ишга олсак, чунки у аввал темирйўл сиёсий бўлимида иш тажрибасига эга. Демобилизация қилинган ҳарбийларни ишга жойлаштира олади, деган мазмунда хабар келди.
А.М. Қодиров мени чақириб: «Бўлди энди, товарний станцияда яхши ишладингиз, ҳарбий ишга ўтасиз», – деб таклиф қилдилар. Мен ўзим жуда чарчаган эдим. Иш оғир, темирйўл хизматида кеча-кундузнинг фарқи йуқ. Невский кўчадаги уйимда ҳам станция­нинг барча ташвишидан бўшамасдим. Иккита телефон, рация, кеча-кундуз тинимсиз тинчлик бермасди. «Агар партияга шу лозим экан, мен тайёрман», – деб розилик бердим.
Майор ҳарбий унвони беришди. Ҳарбийларнинг ойлиги каттароқ, уст-бош кийим ҳам бериларди. Келиб ишлар билан танишдим. Объектларга бориб келдим. Сирдарёнинг кўпригини ҳам биз қўриқлар эдик. 50% фоиз таркиб, армияда хизмат қилаётган аскарлар, автомат билан таъминланган. Ашхобод йўлида бўлган кўприклар, Тожикистондаги тонеллар, Попдаги кўприк, Чоржўйдаги иншоотлар… шуларнинг ҳаммасини бориб кўриб келдим. Мақсадим — келаётган офицерлар билан ўша объектларни қўриқлашни бошқаришни қай тариқа амалга оширишни чамалаб олиш эди. Объектлардаги ҳарбийлар ёш, таж­рибасиз лейтенантлар эди. Мен улар билан суҳбат ўтказиб, турли темирйўл объектларига ишга жўнатдим, шу тариқа тажрибали офицерлар учун жой ўринлари очилди. Бизда энди взводлар, янги бўлимлар ҳам ташкил этилган эди. Полковникларга взвод командири бўлиб борасиз, сизга уй-жой берамиз, десам, бечораларнинг кўзларидан ёш чиқиб кетарди. Чунки улар катта ҳарбий қисмларда ишлаган инсонлар. Бу ерда эса улар взводга раҳбар бўлиши керак, яна иш жойлари, турар жойлари ҳам ўзига яраша бечораҳол…
Шундай қилиб, жамланма қилдик. Мен ўша ерда икки ярим йил ишладим. Ҳар йили бежирим офицерлар этиги бериларди (ҳозир ҳам ўша этиклардан бири менда бор). Костюм, плашч, ички кийимлар, шапкалар, қишки фуражкалар, шинеллар берилар эди. Армиянинг обрўси баланд эди ўша кезларда.
Бир куни мени Азиз Мавлонович чақириб қолдилар. Кабинетларига кирсам, муовинлари билан бирга ўтирибдилар.
– Сизга масъулиятли иш бор, ҳозиргача жуда осон жойларда ишладингиз. Энди Ўрта Осиё темирйўли Фарғона бўлинмасига раҳбар бўлиб ишга борасиз! – дедилар.
Ўрта Осиё темирйўли 1960 йилда тўрт йўналишдаги: Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон йўналишларини бир жойга бирлаштирганди. 50 дан ортиқ станция, 2 та депо, 125 минг нафар ишчидан ташкил топган катта жамоага эга бўлди. Қўқонда шаҳар партия қўмитасига бюро аъзоси бўлдим.
Қўқонга ишга келган пайтларим турмуш ўртоғим Кимёхон Тошкент медицина институтида ишлардилар. Мен у кишига вазиятни тушунтирдим. Маслаҳатлашиб, аввал Қўқонга бориб, у ерда 5–6 ой ишлаб, кейин уларни кўчириб олиб келишимга, аёлим фарзандлар билан оталариникида, укалари эса бола-чақаси билан бизникида вақтинча яшаб туришига келишдик. Қўқон темирйўли жамоаси мени танигани учун яхши кутиб олди.

Ўрта Осиё темирйўли Фарғона бўлими раҳбарлигининг йиғилиши. Қўқон 1962 йил.

Темирйўлдаги иш шундан иборат эдики, бир кунда 24 соат бўлса, шунча вақт ҳаракатда бўласан. Бир кунда 30 та поезд бу томонга кетса, 30 та поезд у томонга кетади. Шундай қилиб, иш фаолиятимни бошладим. Темир­йўлда катта қурилишлар бошланди, яъни иккинчи йўллар қурилди. Бу жараён 1960 йилларда бошланди. Тўғри, ҳамма станцияларда ҳам бирданига қўшимча йўллар қурилмади. Аввало энг тор йўлларга ёрдамчи йўллар қурилди. Бундан ташқари, ўша пайтлари темирйўлни электрлаштириш деган гаплар бошланди. Темирйўлда асосан паровозлар бўларди. Бу паровозларни электрлаштириш учун аста-секин электр манбаларини кўпайтириш керак эди. Бу олдимизда турган жиддий масалалардан бўлган.
Янги тепловозлар келганди. Паровозлар ҳам бор, аммо улар асосан чекка-чекка ҳудудларда юрарди. Бироз вақтдан сўнг мени
Москвага тасдиққа юборишди. Кетишдан аввал менга бирмунча кўрсатмалар ҳам беришди.
Йўл бўлими раҳбарларини Москва тасдиқларди. Улар КПСС МҚнинг транспорт бўлинмасида рўйҳатда турарди. У ерда министр Бешчев биз билан суҳбат ўтказди. КПСС МҚнинг транспорт бўлинмасига кирдим. Марказий Қўмита котиби Сусловнинг олдига кириб унинг суҳбатидан ўтдим. Шундан кейингина Иттифоқ темирйўллари вазирлиги тасдиғидан ўтдим. У маҳалда кийим-бош жуда чиройли эди. Менга генерал-директор унвони берилди, шинелимнинг погонида битта катта юлдуз бор эди. Тошкентга қайтиб келиб, ишга киришиб кетдим.

Ўрта Осиё темирйўли Фарғона бўлими
раҳбари, генерал-директор Воҳид
Охунович Козимов. Қўқон, 1962 йил.

Баҳор пайтлари эди. Фарғона водийсининг Ленинобод ва Бекобод йўли ўртасида икки-уч нозик жойлар бор эди. Ленинобод ҳудуди тепасидан тушаётган сувлар темир йўлларни ювиб ташларди.
Биттаси Қайроққумдаги, иккинчиси Исфарадаги «Нефтобод» станцияси эди. Ўша
ерга ҳам тоғдан сув келиб темирйўлни ювиб
кетарди. Қанчалик мустаҳкам бўлмасин, ҳар йили аҳвол шу эди. Айниқса, бу баҳор фаслида сел келадиган вақтларга тўғри келарди. Поп ва Чуст ўртасидаги йўлларни ҳам худди шундай сел ювиб кетарди.
Андижондаги Қантарободда ҳам шу воқеа. Бундай жойлар кўпку-я, аммо асосан ҳар йили такрорланувчи ташвишлар ана шулар эди. Бир куни Фарғона вилояти партия қўмитасининг биринчи котиби Г.А. Габриельянц тунгги бирларда менга қўнғироқ қилиб, Поп билан Чуст ўртасидаги темирйўлни сув олиб кетибди, деди. Сув тепадаги қишлоқ аҳоли пунктини ҳам ювиб кетибди. У ерга борадиган йўл ҳам йўқ эди. Қўқондан паровоз билан ўша ерга етиб бордик. Попдан ўтгач, аста-секин сув аралаш лой бўлиб кетган темирйўл орқали манзилга етиб келдик.
Сел кечаси келган. Биз борган пайтда айни тонг ёришиб қолган маҳал эди. Қарасак, ҳамма ер остин-устун бўлган, атрофда қўй-қўзиларнинг қонга беланган танаси, ўша атрофнинг қишлоқ аҳолиси ҳам шу ерда
тўпланган. Кейин бизга, Шароф Рашидович
Рашидов келар экан, деган хабар келди. Бироз вақт ўтиб, биз уларни кутиб олдик.
Ш. Рашидов воқеа жойига келиб, у ердаги аҳвол билан танишдилар, халқни тинчлантириб, уларга ёрдам беришни уқтирдилар. Унгача армиядан ҳарбийлар, темирйўлдаги
ёрдамчи поездда қутқарувчилар келиб, йўлчиларга ёрдам кўрсатишди. Шундай қилиб уч кун деганда темирйўлни қайта тузатдик. Кейин мен орқага қайтдим.
Бу воқеани айтишимдан мақсад шуки, бундай ҳодисалар фақат у ерда эмас, бошқа жойларда ҳам бўлиб турарди. Табиий офатлар қачон, қаерда бўлади, буни ҳеч ким билмас эди. Бир куни, сув оқими темирйўлни оқизиб кетди деб, Бекободдан шошилинч
хабар келди (Бекобод ва Нов ўртасидаги йўлда). Тошкент – Фарғона ўртасидаги телефон алоқаси ёмонлашиб, узилиб қолган. Биз 4–5 кун ишлаб, алоқани тиклаб, темирйўлни қайта тузатдик. Ўша ерда, нариги қирғоқдаги чодирдалигимда, ўн дақиқадан сўнг катта сел келишини маълум қилишди. Дарров, ишлаётган одамларга эҳтиёт чораларини кўришлиги ҳақида радиокарнай орқали хабар бердик. Ҳалиги чодир ёнидан 6 метр баландликда сув шиддат билан келди-да, тўрт кун давомида қилган меҳнатимизни ювиб кетди. Ўшанда умримда биринчи марта бундай катта фалокатни кўришим эди. Қўрқиб кетдим, моллар, отлар, дарахтлар, ёнимиздан ўша сел ичида ағдар-тўнтар бўлиб ўтиб кетди. Шундай қилиб, йўлни яна қайтадан таъмирлаб қуришга тўғри келди…

1-май байрам тадбирлари. Колонна бошида генерал-директор В.О. Козимов, Қўқон, 1962 йил.

Бизнинг бўлинма ўз ичига уч респуб­ликани қамраб олганди. Тегишли маҳаллий вакиллар билан муомала қилиш, улар билан яхши муносабатда бўлиш, албатта, муҳим. Маҳаллий вакилларнинг ўзига яраша алоҳида хусусияти бор эди. Мисол учун, Қорасувдан Жалолободгача Қирғизистон ҳудуди. Ўша ердаги меҳнат қаҳрамонлари – колхоз раислари Қирғизистон ҳукуматига юкларни туширишга ёрдам берсангиз, деб илтимос қилишибди. Бизнинг қоида бўйича вагонлар катта-катта станцияларга бориб тушади. Юк эгалари молларини кичик машиналар орқали олиб кетиши керак бўлган. Бир куни мени Қирғизистон ҳукумати бошлиғи, маслаҳатли иш бор, келинг, деб чақиртирди. Шундай имконият бор эдики, ишхонам олдидаги тупикда турадиган алоҳида паровоз билан провод­никлар, навбатчилар ёрдамида қачон қаерга чакиртирилсам, ўша ерга дарҳол етиб борардим. Шундай қилиб мен Ўшга етиб келдим. Борсам колхоз раиси шу ерга олиб келинган бор юкларни разъездга туширишга руҳсат берсангиз, деб илтимос қиляпти. Мен уларга руҳсат беравераман, лекин ўзлари қийналишини тушунтирдим. Чунки барибир вагонларни тушириш учун механизация керак эди. Уларга ҳар қанча тушунтирмай, барибир қайсарлиқ қилиб руҳсат беришимни илтимос қилишди. Мен рози бўлдим. Улар ёши мендан анча катта оқсоқоллар эди, мен эса ҳали 33 ёшда эдим. Шунинг учун ҳам уларга йўқ деёлмадим. Шу билан бирга переездларни очиб берсангиз, деган илтимос ҳам бўлди. Агар шаҳарлар переезд навбатчилигини таъминласа, қарши эмасман дедим. Ўйлаб кўришса, бу ишларга анча ҳаражат кетади. Шундан кейин улар илтимосларининг ноўринлигини тушунишди.
Фарғона темирйўли бўлимида уч йил ишладим. Бу вақт орасида янги йўллар кўп қурилмаган бўлса-да, темирўл қурилишидаги Қўқон-3 станцияси жуда катта аҳамиятга эга бўлган. Асосийдан ташқари 7–8 та қўшимча йўл, тупиклар қурилди. Чунки Қўқонда саноат корхоналари жуда ҳам ривож­ланаётган давр эди ўша пайт.
Биз илгари марказлаштирилган тизим ичида бўлганимиз учун ҳар йили темир йўл сарф-ҳаражатлар бюджети тасдиқланар эди. Бюджет ҳамма темирйўлларга тақсимланган, харажатлар олдиндан қатъий режалаштирилган бўларди. Ривожлантириш учун қанча темирйўл, янги вагон, тепловоз, қанча симёғоч, қанча шағал, яна қандай зарур материаллар кераклиги йилнинг бошида ҳал қилинарди. Буларнинг ҳаммаси темирйўл
бўлинмаларининг талабига қараб имкон борича таъминланган. Бирон марта кўрсатган таклифларимиз, талабларимиз эътиборсиз қол­дирилганини эслолмайман. Аксинча, фонд­даги пуллар ортиб ҳам қоларди. Буларнинг ҳаммаси темирйўлни ривожлантириш учун эди. Бунга муҳим масала сифатида қараларди ва унинг бажарилиши жуда қаттиқ назорат қилинарди. Режадаги ҳар бир бажарилган ёки бажарилмай қолган иш учун жавоб берил­ган.
Ҳар бир саноат корхонаси ўз ҳудудидаги йўллар қурилиши учун ўзлари рельс сотиб олиб, уни темирйўл ташкилотлари орқали ўрнатарди. Темирйўл ҳам маълум белгиланган масофаларга қуриладиган йўлларни ўз ҳисобидан молиялаштирган, режадан, ортиқ харажатларни эса ташкилотларнинг ўзи тўлаган. Масалан, Ангренда маълум бир жойни темирйўлчилар қурса, ундан ичкарисини корхона–хўжаликнинг ўзи қуриб битказарди.
Рақобат, албатта, ҳамма ерда бўлган. Илгари Ашхобод темирйўл бўлинмаси бўларди. Тожикистонда Душанбе темирйўл бўлинмаси бор эди. Қирғизистонда эса бундай бўлинма бўлмаган. Умумий ўтказиладиган мажлисларда кўпинча: «Бизда мана шунақа ёки бундай нарсалар режалаштирилмаяпти, шу нарса бўлса, яхши бўларди», – деган гаплар бўларди. Азиз Мавлонович ўз ишининг мутахассиси бўлгани учун мана шундай муаммоларни жойида ҳал қиларди. Шунинг учун орада ҳеч қандай низолар бўлмасди. Фарғона бўлинмаси қирғизистонликлар билан бирга ишларди. Аввало райисполком, райком котиблари билан алоқалар яхши бўлгани учун ҳар сафар борганимда мени алоҳида ҳурмат билан кутиб олишарди. Исфара, Конибодом, Ленинобод билан ҳам алоқалар жуда яхши ўрнатилган эди.
Улар менга вазиятни тушунтириб, маслаҳатлашардилар. (Уларга ҳам темир­йўлнинг ривожланиши керак эди-да!). Шундай гап бор-ки, темирйўлдаги ҳамма соҳа бараварига ривожланмаса, керакли натижага эришилмайди. Дейлик, Ашхобод темирйўли ривожлантирилмаса, бу ҳолат қолган йўналишларга ҳам у ўз таъсирини ўтказган. Чунки йўллар бир-бирига боғлиқ. Темирйўл ривожланиши комплекс тарзда олиб борилган. Шунинг учун унча катта кўринишдаги рақобат бўлмасди. Мажлисларда темирйўл боғчалари, мактабларидаги муаммолар, ижтимоий масалалар ҳам кўтариларди.
Тарихни инкор этиб бўлмайди. Маълумки, коммунистик партия бошқарувни ўз қўлига олган эди. Темирйўлдаги ишчилар ва уларнинг раҳбарлари орасида партия аъзолари анчагина бўлган. Темирйўл тизимида худди давлат ичидаги давлатдек ўзининг сиёсий бўлимлари, суди, прокурори, милицияси бор эди. 1956 йилга келиб бу тизим бекор бўлди. Бутун партия раҳбарлиги маҳаллий партия ташкилотларига топширилди. Темир­йўл соҳаси бошқарувида ҳам партиянинг аралашуви қисқара борди. Уларда фақат темирйўлни кесиб ўтадиган йўлларни очиб
бериш, темирйўлда билетлар сотиш масалалари муҳокама қилинарди. Муаммоларни станция бўлимлари орқали ҳал қилишарди. Бизни режаларнинг бажарилиши, юкларни тушириш масалалари бўйича обком бюросига вақти-вақтида чақиртиришар эди.
Ўзбек халқимиз шу ғала-ғовур даврларда ҳам фидокорона меҳнат қилди. Биз шу давр одамларимиз, шу даврда яшадик, меҳнат қилдик. Оддий коммунистларнинг кўпчилиги соф, тоза, виждонли, партиянинг қатъий интизом-қоидаларига амал қилиб, жамиятда ўз ўрнини топган одамлар эди. Москвадаги партия арбобларининг айби шуки, партия низомларини ўзлари бузишди. Шунинг оқибатида коммунистик партия йўқ бўлиб кетди. Мен ҳозир ҳам баъзи пайтларда телевизорни кўриб, ачинаман, парокандаликка ҳудди коммунистлар айбдорлардек қаралмокда. Мен неча йил партия сафида бўсам, унинг оддий аъзоси сифатида қоидаларига риоя қилганман. Унинг низомида умуман ёмон бўлгин деган жойи йўқ эди. Виждонли, ҳаққоний бўл, халққа хизмат қилгин, ҳақиқат учун кураш, деган ғоялар бор эди.
Маълумки, Ўзбекистон коммунистик партиясига 650 минг киши аъзо эди. Буларнинг орасида ҳам юлғичлар бўлгандир. Лекин аксарият қисми бўҳронларда ҳам ўз халки манфаатларини ҳимоя қилиб, фидокорона хизмат қилганлар эди. Биз буларни ёмон дейишга ҳаққимиз йўқ. Кўпчилиги партияга ишониб, биз халқ учун хизмат қиляпмиз, деган инсонлар бўлишган. Улар эл ҳалқ дарди, халқ учун яшашган. Уларнинг руҳи-покини оёқ ости қилмаслигимиз керак.