ОИЛАМ ҲАҚИДА

Кимёхон Козимова. Тошкент 1954 йил.

Умр йўлдошим Кимёхон тоғамнинг қизи бўлган. Биз Марғилонда, улар Қўқонда яшашарди. Кимёхон 1930 йилда туғилганди. У ўрта мактабни олтин медаль билан битирган. Носирхон тоғам олий маълумотли ҳисобчи эдилар. Аёллари уй бекаси бўлган. Фарзандларининг каттаси Кимёхон, кейингилари Насимхон, Раънохон, Гўзалхон. Кимёхон 1947 йилда Тошкентда олий ўқув юртига киргандан сўнг ота-онаси қизим қийналиб юрмасин деб, Қўқондаги уйларини сотиб, Тошкентга кўчиб келишади. Носирхон тоғамнинг Қўқонда катта ҳовлиси бўлган. Биз у ерни опоқдаданинг ҳовлиси деймиз. Уларнинг дадаси Усмонбойни «Вагончи бой» дейишарди. Носирхон аканинг уйлари Мамажон Ўрозбоев (кейинчалик Ўзбекистон ФА академиги) билан бир девор бўлган. Улар бирга катта бўлишиб, бирга рус-тузем мактабида ўқишган. Қайси йил эканини билмадиму, лекин ўзларининг айтишича бирга Россияга ўқишга кетишаётганда Носир аканинг дадаси қандайдир сабаб билан Мамажон акани кузатиб, ўғилларини поезддан олиб қолган.
Қатағон йилларида аям томонидан бўлган оппоқдадамиз 1930 йилларда Афғонистонга кетиб қолган. Мен унда 2-3 ёшар эдим. Елкаларида опичлаб юрганларини эслайман. Улар ўзлари билан бир ўғилларини ҳам олиб кетган. Шу билан орқага бошқа қайтмаганлар. Бир қанча вақт ўтгандан сўнг бизни олиб кетиш учун одам юбордилар. Лекин аямнинг оналари боришга рози бўлмаганлар. Чунки йўл узоқ, ҳавфли эди, эваралар эса ҳали ёш бўлган.

Кимёхон Носировна сингиллари Раънохон ва Гўзалхон билан.

Кейинчалик бизга улар Америкада эканликлари хабар келди. Ўша оппоқдада олиб кетган ўғиллари Ғуломжон бизга ҳам тоға бўладида. Қизлари Руқияхон Маматхон деган йигитга турмушга чиққан. У ҳам ўзбек. Афғонистонда учрашишган. Шу Маматхон келгусида афғон давлатининг савдо вазири бўлиб хизмат қилган. Амин, Тараки, Дауд ва бошқалар даврида савдо вазири бўлган. Лекин улар билан ўртамизда алоқа бўлмаган (у маҳалда давр шуни тақозо этарди). Мус­тақилликка эришгач, улар билан учрашганмиз. Ҳозирги вақтда улар Американинг Нью-Йорк шаҳрида истиқомат қилишади.
Шундай қилиб Кимёхон мактабни битиргач, институтга ўқишга кирди. Гапимиз бир-биримизга тўғри келиб, мен у кишини ёқтириб қолганим сабабли уларнинг уйига совчиларни юбордим. Биз 1952 йили турмуш қурдик. У пайтда мен Марғилондаги «Горчаково» станцияси бошлиғи бўлиб ишлардим.
Тўй ҳам Марғилонда, ҳам Тошкентда бўлди. Аввал Марғилонда ош бердик, у ерга келин боргани йўқ. Кейин куёвнавкарлар билан Тошкентга келдик. Келаётганимизда, адашиб,
бошқа тўй бўлаётган ҳовлига кириб кетибмиз денг. Улар ҳам куёв кутаётган экан…
Тўй ўтгач, бир йилдан сўнг мени темирйўл сиёсий бўлимига ишга олишди. Эркин ўғлим 1956 йилда туғилган. Эсимда, у икки ойлигида ўша қурилган уч хонали уйга кўчиб боргандик.
Қўқонга темирйўлга ишга кетганимдан кейин аввалига 6 ой уйга қатнаб турдим. Ким­ёхон фарзандлар билан отасиникида қолиб, укаси Насимхон бизникига кўчиб келди. 6 ойдан кейин оиламни Тошкентдан кўчириб олиб келдим. Фарзандларим ўша ердаги мактабларда ўқий бошлашди.

Козимовлар оиласи
Ўшдаги дам олиш уйида, 1958 йил.

Кимёхон медицина институтини 1954 йилда тугатди. Гулчеҳрахон қизим Кимёхон давлат имтиҳонлари топшираётган пайтида туғилган. Имтиҳонни ўқитувчилар туғруқхонада олишган. Кимёхоннинг мутахассислиги шифокор-терапевт эди. У киши профессор Зулфия Умидованинг қўл остида ординатурада ишлади. Қўқонга боргач, шаҳар шифохонасининг бош врач ўринбосари бўлиб ишлади. Аспирантурада ҳам ўқиди. Лекин айни у кишининг ҳимояси вақтида биз Қўқонга қайта кўчиб кетдик. Шу билан кандидатлик диссертацияларини ҳам ҳимоя қила олмади. Кимёхоннинг илмий раҳбари тўсатдан вафот этгани боис бошқа ишларга чалғиб, орада ҳимоя ҳам қолиб кетди. Ишлаш жараёнида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган врач бўлди. Учта фарзандга чиройли тарбия бериш ҳам жуда катта илмий иш-да!
Фарзандлар тарбиясида оилада иккимизнинг ўрнимиз ҳам тенг бўлган. Меники ўз йўлига, Кимёхонники ҳам ўз йўлига. Ишдан ташқари вақтларимда албатта фарзанд­ларимга эътибор қаратганман. Ҳар ҳафта уларнинг кундалигини кўрардим. Агар 3 баҳо олган бўлса, индамасдим, 5 олган бўлса, қучоқлаб эркалардим. Бир куни қарасам, Эркин ўғлим 3 баҳо олиб, уни 5 қилиб ўзгартириб қўйибди. Мен ўзимни билмаганга олиб, уни қучоқлаб қўйдим. Кейин ўзи айбини тан олиб, бошқа бундай қилмасликка ваъда берди. Мен уларни ҳеч қачон назоратсиз қўймаганман.

Саломатхон Муҳамаджонова жиянлари
Кимёхон билан. 1955 йил.

Фарзандларимни сўкиб уришмаганман. Уриш бу тарбиядаги энг нотўғри йўл деб биламан. Тарбияда сўз билан уриш керак. Отам биз фарзандларни умуман уришмаганлар. Ҳаттоки бизга сизлаб мурожаат қилардилар. Агар бирон ноўрин иш қилсак: «Баракалла, болам, жуда яхши қилибсиз. Мен сизга жуда ишониб юборибман-да», ёки: «Ўғлим, мен сизни катта бўлиб қолгансиз деб ўйлабман», – дердилар. Баъзи одамлар фарзандлариг дўқ-пуписа қилиб, ҳатто қўтаради. Булар аксинча, тарбияни бузади. Шароф Рашидовни ҳурмат қилганимнинг сабаби шуки, бу инсон одамлар билан муомалада мулойимлик билан иш тутардилар. Шунинг учун айтаманки, фарзандларни ёшлигидан меҳнатга ўргатиш керак. Ундан кейин, қандай вазият бўлишидан қатъи назар, фақат рост гапиришни, ўз хатосини тан олишни ўргатиш керак. Шундагина ҳалол ва соф муҳит пайдо бўлади. Баъзилар менга «шунча лавозимларда ишлайсиз, бироқ яшашингиз жуда оддий-ку» дейишарди. Фарзандларимни ҳам шунга ўргатдим.
Ўғлим ҳам, масалан Эркин, идорамнинг машинасида борар жойига бориб кел, десам, ҳеч унамас эди. Йўқ, сизнинг машинангизда бормайман деб, автобус-трамвайда юрарди. Болалар шунақа тарбия олди, шунақа камтар бўлиб ўсди. Манманликка берилмади.

Жавоб қолдиринг